муаллиф Каримберди Тўрамурод
1.
Аҳмад билан қўшнимиз. Шундай ён қўшни. Бир вақтда уйланиб, бир вақтда ҳовли-жой қилиб чиққанмиз. Иморатларимиз қурила бошлагандаёқ унга меҳрим тушган. Сабаби, мен ўқитувчимлигим боис иморатимни бир қаватли ва камтарона қурдираётганимни кўриб, усталарининг қўлидаги лойиҳани олиб, ундаги иккинчи қаватни ўчириб ташлаган, усталарга томни ҳам менинг томимдан баланд қилмай ёпишларини тайинлаганди.
Мана, чорак аср бўлибди, шу гапларгаям. Чорак аср Аҳмад билан, унинг оиласи билан қадрдонлардай бўлиб, аҳил-иноқликда яшадик. Аҳмаднинг хотини Муаззамхон ҳам оқила аёл. Сариштали, фариштали. Менинг аёлим билан опа-сингил бўлиб кетишган. Қизлари Чаросхон ҳам жуда ақлли қиз. Бу йил университетни тугатди. Бирам сулув бўлганки, кўрган одамнинг ҳаваси келади. Узун-узун киприкли чарос кўзлари ҳуркак оҳуларнинг кўзларига ўхшайди. Қадду-қомати шунчалар расоки, бу қиз нима кийсаям ярашади. Зулукдек қаро сочларини орқаси билан битта қилиб, майда ўриб юрган кунлари унга қараб, «Кумуш ҳам бўлса шунча бўлгандир-да», деб қўярдим.
«Кўзингиз тегмасин, «Туф-туф» деб қўйинг, қўшни!» дерди Аҳмад. Ҳар гал уйларидан чиқиб кетаётганимда ярим ҳазил-ярим чин қилиб, қизига «Амакингдан исириқ олиб қол!» дерди. Мен ҳам кийимларимдан бирор ипча бериб кетардим.
Аҳмад қизини еру-кўкка ишонмасди. Кичкиналигида боғчага, кейинроқ мактабга, ундан кейин университетга ҳам ўзи олиб бориб, ўзи олиб келарди. Чарос қўшимча дарс оладими, кутубхонага борадими, пардозхонага кирадими, Аҳмад эшикнинг тагида қизи чиққунча пойлаб ўтираверарди. Худо кўрсатмасин, Чарос бетоб бўлиб қолгудек бўлса, Аҳмад ҳар қандай ишини ташлаб, қизи билан бирга дард чекади. Қизи соғаймагунча оддий ҳамширадан тортиб, соғлиқни сақлаш вазиригача тинчлик бермайди.
2.
Чаросни Муаззамхон ўлим билан олиша-олиша туққан экан. Шифокорлар унинг ва чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир кеча-кундуз курашган эдилар. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди. Аммо Муаззамхон бошқа фарзанд кўролмайдиган бўлиб қолди. Чарос саккиз-ўн ёшга етгунча Муаззамхон бир неча марта Аҳмадга «Дадаси, эркак одам ўғлим бўлсин, ўғил-қизларим кўп бўлсин, дейди. Мен бошқа фарзанд кўролмайман, устига ягона болам ҳам қиз бўлди. Жон дадаси, мен розиман, бошқага уйланинг, у сизга ўғил-қизлар туғиб берсин!» деб кўрди. Аҳмад доим «Жиннимисан, бошқа хотинга сенинг тирноғингниям алишмайман», дерди. Муаззамхон бир жувонга ўзи совчи бўлиб бориб, эрини иккинчи марта уйлантирмоқчи бўлганида бу гаплар барҳам еди. «Яна шу масалада оғиз очсанг, уй-жойларга ўт қўяман!» деди Аҳмад. Шу-шу бошқага уйланиш масаласи қайтиб тилга олинмади. Қайтанга Аҳмад билан Муаззамхон бир-бирига олдингидан ҳам меҳрибон бўлиб кетдилар. Уччовлари яшашга кўникиб ҳам кетдилар. Бошқа бола асраб ҳам олмадилар. Бор меҳрларини Чаросга бердилар Бор вақтлариниям шу Чаросга сарфладилар. Чаросхон ҳам шу боисдир жуда ақлли, одобли бўлиб вояга етди.
Чарос мактабидан ортиб, мусиқа мактабида қатнашга ҳам, турли тўгаракларда шуғулланишга ҳам вақт топарди. Аҳмад қизини ўзи машинасига миндириб, ҳафтада уч марта карате машғулотларига ҳам олиб борарди. Хуллас, Чарос бир неча билимларни, турли ҳунарларни эгаллаб, жисмонан ҳам баркамол бўлиб университетни тугатди.
3.
Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди. Аҳмаднинг уйидан совчилар аримайдиган бўлиб қолди. Олдинлари ҳам келарди улар, аммо Чароснинг ўқиши битгандан сўнг худди шуни кутиб туришган шекилли, совчи келмайдиган кун бўлмай қолди. Аҳмад эса совчиларни худди душманларидай қувиб солишдан чарчамасди.
− Нега ундай қиласиз, қўшни? − дедим бир куни. − Ҳамма ишнинг ҳам ўз вақтида бўлгани тузук. Чарос қиз йигирма бирга киряпти. Турмуш қурадиган пайти. Совчиларни қувиб ҳайдаманг! Яхшироқ жойдан чиқса, вақтида узатиб юборган маъқул.
− Қизим ҳали гўдак-ку? − деди ажабланиб Аҳмад. − Қолаверса, ҳали магистратурада ўқиши керак.
− Магистратура, аспирантура десангиз, кейин илмий иш қилсин дейсиз, кейин манави келиб турган совчиларнинг бирортаси келмай қўяди.
− Ахир уни қандай эрга бераман? Уйим ҳувиллаб қолади-ку? Кейин қандай яшайман? Ўлай агар, жинни бўлиб қоламан!
Аҳмад жинни бўлмади. Ўлиб ҳам қолмади. Акмал деган йигитда Чароснинг ҳам кўнгли бор экан. Унинг совчиларига қандай қилиб хўп деб қўйганини Аҳмаднинг ўзи ҳам билмай қолди.
Тўй шаҳарнинг энг нуфузли ресторанида бўлиб ўтди. Санъаткорларни пойтахтдан таклиф қилишди. Келинни олиб кетишар чоғи Аҳмад худди ёш боладек изиллаб йиғлаб, ҳаммани ҳайрон қилди.
Эртаси куни ҳол сўраб, Аҳмадникига кирдим. Аҳмад бир кечада ўн-ўн беш ёшга қариб қолганди. Бир гапириб, ўн куладиган Аҳмад энди йўқ эди. У хомуш бўлиб, ҳовлидаги сўрида ўй суриб ўтирарди.
«Яхши ўтирибсизми?» дейишим билан ўпкаси тўлиб турган эканми, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
− Ие, ие, Аҳмаджон, ёш боламисиз, сизга нима бўлди? Тинчликми ўзи? − сўрадим у ёқ-бу ёққа қараб.
− Қизим йўқ, − бурнини тортди Аҳмад. − Эрталаб қўлларимга сочиқ тутадиган, бўйнимга осилиб, юзимдан ўпадиган қизим қани?
− Вой-бўй, бирор гап бўлибдими, дебман, − дедим мен. − Энди кўнинг-да! Кўникинг-да энди! Чарос бошқа давлатга ўтиб кетгани йўқ. Мана, ўн кундан кейин чарлар кунини белгиладик. Ўн кундан сўнг келади. Бағрингизга босасиз. Ундан кейин хоҳласа, ҳар куни келади. Хоҳласангиз, сиз ўзингиз ҳар куни бориб кўриб келаверасиз. Ўн кунгина сабр қилсангиз бўлди.
− Ўлиб қоламан ўн кунда. Юринг, бориб келамиз! − деди Аҳмад.
− Уят бўлади, − дедим мен. − Қиз боланинг отаси тўй ўтгандан саҳарлаб етиб бормайди. Мен қизимни юбораман, бориб, опасидан хабар олиб келади.
Аввал қизим, кейин Чароснинг холалари ундан хабар олиб келишди.
− Чой ичибдими, эрталабки машқларини бажарибдими? − саволларни қалаштириб ташлади Аҳмад.
− Энди машқ қилмас экан, − холалар кула-кула ичкарига кириб кетишди.
− Нимага машқ қилмайди? Уларни тўхтатиб қўйиб бўлмайди, ахир, − деди ҳайрон бўлган содда Аҳмад.
4.
Эртаси куни тонг қоронғусида дарвозам таққиллади. Очсам, Аҳмад турибди.
− Кечаси билан ухлай олмадим, жон қўшни, илтимос, машинангизни юргизиб чиқинг, Чаросдан хабар олиб келайлик, юрагим ғаш! Ўзимнинг машинамни юргизсам, Муаззамхонни уйғотиб юбормай, дедим. У ухласин, анча чарчади, тўй билан бўлиб. Қолаверса, менинг машинамни танишса, гап қилишмасин!
Машинамни юргизиб чиқдим. Чарос келин бўлиб тушган маҳаллага йўл олдик.
Яхши удумларимиз бор-да. Янги келинлар ўз дарвозалари олдини, қўшниларнинг дарвозалари олдини, кўчаларни супуриб-сидириб қўйишади. Куёвтўралар ҳам ширин уйқусини бузиб, қоп-қоронғуда келинчаклар супураётган кўчаларга челаклаб сув олиб келиб, сепиб беришади.
Аввал дарвозадан икки челак сув кўтариб чиққан Акмал кўринди. Нарироқда Чарос қўлида супурги билан уни кутиб турган экан.
− Шу ерда тўхтатинг, кўп яқин борманг, бизни кўриб қолишмасин! − деди Аҳмад.
Машинани икки-уч дарвоза берида тўхтатдим. Келин-куёв кўча-кўйни супуриб бўлишгунча Аҳмад уч-тўрт марта машина эшигини очиб-ёпди. Аммо тушмади. Келин-куёв кўчани супуриб бўлишиб, «қиқир-қиқир» қилиб, дарвозадан кириб кетишгач, машинани ортга бурдим.
5.
− Азонлаб қаерга бориб келдингиз, дадаси? − деб кутиб олди хотиним.
Мен бўлган воқеани айтиб бердим. У аввалига ишонмади. Кейин роса кулди. Бир ўзига кўплик қилди шекилли, Муаззамхоннинг олдига чиқиб кетди.
Бу ҳол яна икки кун такрорлангач, учинчи куни ўзим машинани юргизиб чиқиб, Аҳмаднинг дарвозаси остида кутиб турдим. Аҳмад ҳам чиқиб, индамай машинага ўтирди. Мен индамай машинани Чаросларнинг кўчасига ҳайдадим. Шу сафар анча яқин бориб қолибмиз, шекилли, Чарос машинамни таниб қолиб, ёнимизга чопиб келди. Аҳмад шошиб машинадан тушиб, қизини бағрига босди.
Қизи отасини овутолмай, анча қийналди.
− Биров кўрса, баримиз шарманда бўламиз, − деб машинани ортга қайтардим.
Аҳмад уйга келгунча овунмади. Бир ҳафта деганда Аҳмад касал бўлиб, ётиб қолди. Чароснинг тўйига тўққиз кун бўлди деганда Аҳмад менга бир варақ тутқазди.
− Уйингизда ўқинг, бу ерда ўқисангиз чидай олмайман! − деди у ва яна кўзларида ёш халқаланди.
Ҳалиги қоғоздаги шеър экан:
Бизга ҳам пирлик етди,
Қизим ёт уйга кетди.
Тўйингдан ўн кун ўтди-
Сен ҳам ҳеч соғиндингму?
Ўн кунмас, гўё ўн йил,
Ҳасратга тўлди кўнгил.
Қизим, бир хабар бергил-
Сен ҳам ҳеч соғиндингму?
Аянг йиғламанг дейди,
Ўзи ич-этин ейди.
Соғиниб ичим куйди-
Сен ҳам ҳеч соғиндингму?
Ҳеч кимга ишонмасдим,
Кўрмасам туролмасдим.
Сен кулмай кулолмасдим-
Сен ҳам ҳеч соғиндингму?
Наҳотки соғинмасанг,
Бир кўрайин демасанг.
Ҳолим ёмон келмасанг-
Сен ҳам ҳеч соғиндингму?
6.
Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун келди.
Ниҳоят, Аҳмаднинг ҳисобича, ўн йил деганда бизнинг ҳисобдаги ўн кун ўтди. Чарлар бўладиган кун келди.
Аҳмаднинг ҳовлиси одам билан тўлиб-тошди. Аҳмад ўтиролмас эди. Оёғи куйган товуқдек безовта бўлар, ичкарига кирар, бир дақиқа ўтар-ўтмас яна дарвозадан ташқарига чиқарди.
− Келишди!
Энг биринчи Аҳмад ташқарига отилди.
У қизини қучоқлаб олиб, овозини баралла қўйиб, йиғлаб юборди.
7.
Ўн кун йиғлаган Аҳмаднинг нолиши Аллоҳга етиб борди.
− Хабарингиз бўлдими, йўқми, биз келинни олиб боргач, ёшларга ҳовлини бўшатиб бериб, ўзимиз бериги ҳовлимизга кўчиб ўтувдик, − деб қолди Акмалнинг отаси Рашид ака.
− Қайси ҳовлига, қаерда эди у ҳовли? − ҳадиксираб сўради Аҳмад.
− Сиз ҳар тонгда қўшнингизнинг машинасида бориб тўхтайдиган, кўча супураётган қизингизни кузатиб-кузатиб келаётган жойдаги, муюлишдаги ҳовлида турибмиз, − деди Рашид ака кулиб.
Аҳмад шолғомдай қип-қизил бўлди.
− Ҳаммасини биламиз, тушунамиз. Бу ҳол давом этаверса, сиз йиқилиб қоласиз, − давом этди Рашид ака. − Битта қизни қандай вояга етказганингизниям биламиз. Ўйлаб-ўйлаб, қуда момонгиз билан бир қарорга келдик. Маломат тошлари остида қолсак-да, бизга ҳам бу қадамни қўйиш осон бўлмаса-да, биз келин-куёвни сизнинг ихтиёрингизга юборишга қарор қилдик!
Рашид ака менга ишора қилиб, сўзида давом этди:
− Кеча қўшнингиз бориб, аҳволни батафсил тушунтирдилар. Бетоб бўлиб қолганингизни ҳам, эру-хотин биздан Акмалжонни ичкуёвликка беришимизни сўрай олмай, қийналаётганингизни ҳам айтдилар. Ёлғиз қизингизсиз яшай олмаслигингизни тушуниб, ўзимиз сизга шу таклифни айтишга аҳд қилдик. Худога шукр, беш ўғлимиз бор, бири бўлмаса бошқаси биз билан қолиб, қариганимизда қарар. Яна бир ой чидайсиз энди, қуда! Чилласи чиққандан қизингиз ўғлингиз Акмалжон билан келиб, бағрингизни тўлдирадилар.
− Қуллуқ, минг қуллуқ! − яна кўзи ёшланди Аҳмаднинг. − Сиздай доно, меҳрибон қудага рўбарў қилган Аллоҳимга шукр! Бор бўлинг!
Чарлардан кейин Аҳмад қизи билан кулиб хайрлашди. Унинг ўн кун ичида илк бор табассум қилиши эди:
− Яхши бор, қизим! Сиқилма, бир ой ўтади-кетади! Мана кўрасан, ўттиз кун жуда тез ўтиб кетади.
(кўзимда ёш билан ўқиб, сизга илиндим..Оталаримиз соғ омон бўлсинлар)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев