6-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
1942 йил 18 октябрь.
- Эртага Дарья Хатиндаги фашистлар қўналғасида жойлашган газандаларнинг овқатига захар солади. Сенинг вазифанг йигитлар билан фрицлар оммавий захарланиб тўпалон бошланган вақтда қизчани у ердан олиб чиқиб кетиш. Бунинг учун...
Абдужаббор отрядь бошлиғи Евдоким Петровичнинг кўрсатмаларини сўзсиз қабул қилиб олгач, навбатдаги операцияга тайёргарлик кўра бошлади.
Евдоким Петрович тилга олган Дарья Новикова ўн тўрт ёшдаги кичик жуссали қизалоқ бўлиб фашистлар қишлоқни ишғол қилган вақтдан бошлаб уларнинг қўлида вермахт аскарларига овқат тайёрловчи ошпазларга ёрдамчилик қиларди. Дарья бир неча ойлардан буён партизан отрядига душман томон режалари, уларнинг жойлашув нуқталари, борингки эътиборга молик барча ҳатти- ҳаракатлари ҳақда хабаркашлик қилар эди. Захарлаш операцияси Дарья олган биринчи мустақил ва ўта хатарли топшириқ эди. Дарья икки кун олдин ўзи каби кичик ёшдаги кўнгилли партизан қиз Полинадан маҳсус шиша идишчада кучли заҳар бўлмиш синиль кислотасини қабул қилиб олганди. Заҳарлаш операцияси эса бугун тушлик вақтига белгиланган эди. Тушга яқин Абдужаббор ва унинг шериги шу қишлоқлик ўспирин йигит Фимика ўрмон четидаги маҳсус иҳоталанган жойда Дарьяни кута бошлашди. Бироқ орадан тушлик вақти ўтиб кетди ҳамки, Дарьядан ҳеч қандай хабар бўлмади. Қишлоқ тарафдан ҳам бирон бир шовқин эшитилмагач, Абдужаббор ва Фимика "Дарья операцияни бажаришни уддасилан чиқа олмаган" дея таҳмин қилдилар ва вазиятдан келиб чиқиб кечга қадар кутишга келишиб олдилар.
Кўп ўтмай ўрмон четида пайдо бўлган Полина йигитларга ҳоли ҳолда Дарьяни қозон бошига йўлай олмаганини хабарини бериб улардан узоқлашди.
Абдужаббор ва Фимика юрак ютиб кутишда давом этдилар. Кечга томон душман аскарлари овқатланадиган кенг барак атрофида тўс-тўпалон бошланди. Афтидан Дарья ўзига берилган топшириқнинг уддасидан чиққан кўринарди. Йигитлар ортиқ кута олмасликларини фаҳмлаб қаддиларини эгиб югурганча барак тарафга отилдилар. Улар баракга етай деб қолганларида асосий йўлни "Zundapp KS 750" русумдаги йигирма чоғли кажавали мотоцикллар устидаги душман аскарлари билан босиб кетди.
Немис аскарлари зудлик билан ичкарига кириб жон талвасасида ётган фашистларни олиб чиқа бошладилар.
- Фойдаси йўқ!- деди немис офицерларидан бири немисчалаб,- буларнинг бари ўлади! Бу кимнинг иши бўлса экан?! Ошпазларни олиб чиқинг! Тезда! Ёрдамчилари билан! Барини!
Немис аскарлари зум ўтмай ичкаридан бир неча нафар кишини уриб-туртиб олиб чиқиб барак деворига суянтириб қўйдилар. Абдужаббор уларнинг тўрт нафари аёл- қизлар , икки нафари қария эркак эканлигини кўриб ғижиниб сўкинди. Асирлар орасида Дарья ҳам битта юпқа кўйлакда дилдираб турар эди. Қизга кўзи тушган Фимика қаддини ростламоқчи бўлганда Абдужаббор уни қўли билан босди: "Аҳмоқлик қилма!"
Асирларни бир жамоа қилиб тизган офицер бинога жаҳл билан "Bring heraus!" (олиб чиқ!) дея бақирганди, кўп ўтмай ичкаридан бир аскар қўлида каттагина товоқ билан чиқиб келди. Офицер асирларни товоқдаги овқатдан навбатма-навбат ейишга мажбур қила бошлади.
Таомдан еган асирлар бирин-сирин тўлғониб ерга йиқила бошладилар.
-Ифлослар! - қўллари мушт бўлиб тугилди Фимиканинг,- падарингга минг лаънат сен ҳайвонларнинг!
Шу пайт Абдужаббор ва Фимика ўзлари томонга фонар тутганча келаётган фрицларни кўриб "Ғира-ширада балки кўрмай ўтиб кетишар" деган хаёлда ерга янада қапишиб ётиб олдилар. Бироқ кўп ўтмай улар ўзлари томонга туширилган фонар ёруғини ҳис қилдилар. Фашистларнинг "Sten auf ! Heb deine hand!" ( Тур ўрнингдан! Қўлингни кўтар!) деган ёқимсиз овозини эшитган Абдужаббор сўнгги лаҳзаларда уларнинг қўлига тирик тушмаслик учун шарт ўрнидан туриб фашистларга ташланди. Бироқ милтиқ қўндоғи билан бошига берилган кучли зарбадан ҳушидан кетди...
Абдужаббор хушига келганда ўзини бир тўда одамлар ичида кўрди. Кейинчалик у ташқаридан тушаётган нур ёрдамида одамларни қариялар, аёллар, ўспиринлар ва болалардан иборат эканини фарқлай бошлади.
-Кўзингни очдингми?
Абдужаббор бошига эгилган ўзи тенгги аёлдан қуруқшаган лаблари ёрдамида аранг сўради:
- Мен қаердаман? Қай вақт бўлди?
- Газандалар бизни асирга олишган,- паст овозда шивирлади аёл,- тонг ёришиб келмоқда.
Абдужаббор қаддини ростламоқчи бўлганди бошига турган қаттиқ оғриқ ўрнидан қўзғалишга йўл қўймади:
- Имм...
- Қимирлама!- Абдужабборнинг елкасидан аста босди аёл,- бошингдан қаттиқ зарба олгансан шекилли ёрилган кўринади. Кечқурун маҳкам танғиб қўйгандим.
- Кўнглим айниб кетяпти,- ўқчиқ келди Абдужабборга,- нарироқ сурил. У аёлни итариб, одам йўқ тарафга қайт қилмоқчи бўлди, бироқ бу ишнинг уддасидан чиқа олмади.
- Миянг чайқалган сени,- деди аёл Абдужабборга,- ортиқ уринма, барибир қайт қилмайсан.
Абдужаббор аранг қаддини ростлаб деворга суянди:
- Нималар бўляпти ўзи бу ерда?
- Ростдан нималар бўлганини эсингда йўқми? -аёлнинг овозида ажабланиш зоҳир эди,- ҳаа айтганча, сени миянг чайқалган дедим-а? -ҳўрсинди у,- хуллас кеча қишлоғимиздаги фашистлар қўлида ошпазлик қилаётган бир гуруҳ одамларимиз газандаларнинг овқатига заҳар солиб беришибди. Натижада овқатдан еган барча фашистлар тутдек қирилибди. Аммо ошпазлар битта нарсани ҳисобга олишмаган экан.Тўғрироғи хабарлари бўлмаган шекилли. Улар кечга яқин газандаларнинг яна бир "Zud"- олмиш кишилик бўлинмаси бу ерга келишидан бехабар экан. Ана шу бўлинма қишлоқдаги кўзига шубҳали кўринган барча одамни шу ерга тиқди.
- Шундай дегин... - кўзларини бемажол юмди Абдужаббор,- айт-чи ошпазлар...
- Уларнинг бари манави ифлослар томонидан ўлдирилди,- аёлнинг сўзларида нафрат мужассам эди. Кутилмаганда у Абдужаббор томонга эгилди,- менга қара, сени илгари бу ерда кўрмаганман? Қаердан пайдо бўлиб қолдинг? Ё...?
- Энди бунинг аҳамияти йўқ...- Абдужаббор ҳафсаласиз қўл силтади,- етиб келган оҳир манзилим шу ергача экан.
- Ундай дема. Яхшилаб эслаб қол. Мени исмим Алена. Ёшим йигирма бешда. Урушга қадар аёллар дояси касбини эгаллаганман.
-Мен ҳам тиббиёт олийгоҳида ўқиётгандим,- жонланди Абдужаббор.
- Исминг нима? Қаердансан?
- Исмим Абдужаббор. Ўзбекистонданман.
- Абду... Исмингни айтилиши қийин экан. Кел яхшиси сени Андрей деб қўя қоламан.
- Билганингни қил...
Абдужабборнинг бошига янада қаттиқ оғриқ турганди.
Аста-секин тонг бўзариб кела бошлади.
🔳 🔳 🔳
-Ҳой ким бор?- Шермат раис Эътиборхонларнинг эшигини жаҳл билан тепди ,- бу уйдагилар қаерда қолдийкан? Ёки "Ҳадемай очиб қолади" деб тухум босиб ётибдимикан? Ёғин-сочинли кунлар бошланиб қолса картошкани катта холангни эрлари терадими?
Дарвоза тақиллаганига шу тарафга яқинлашган Эътиборхон раиснинг охирги сўзларини эшитиб асаби қуюшқонидан чиқиб кетди. Аёл дарвоза эшигини раиснинг юзига жаҳл билан очиб унга нафрат билан тикилди:
- Бу нима муомала? -деди у титраб-қақшаб,-кеча болаларимни отасидан қорахат келиб, ҳали мусибатимиз аримай шу гапларингизни эшитишимиз керакми? Мусулмончиликда аза уч кун. Ҳеч бўлмаса бугун болаларимни ўз ҳолига қўйиб турсангиз одамгарчиликдан бўлар.
Шермат раис "чирт" этиб оёқ остига тупурди.
- Ҳозир "Азадорман" деб обидийда қилиб ўтирадиган замонмас. Ҳозир фронтдаги йигитларимизни ўйлашимиз лозим. Не ҳасратда етиштирган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш керак. Бугун бир дона картошкаям душманни йўлини тўса оладиган замон. Сенлар бўлсаларинг "Бугун болаларимнинг отасидан қорахат келди" деб баҳона қил. Эртага "Бўлажак куёвим ватанга хоинлик қилди" деб ёқангни йирт. Хуллас, ўсроқ кетга арпа уни баҳона бўлган каби кунда битта важ-корсонларинг тайёр турсин.
- Нималар деясиз? - Эътиборхоннинг хаёли дарровда чувалашди,- кимни айтаяпсиз? Ким экан у ватан хоини?
- Ҳой хотин, мен сенинг қулоғингга халитдан бери танбур чертяпманми? - ранги гезарганча дона-дона таъкидлади Шермат раис,- ким бўларди хоин!? Сенларнинг севикли куёвларинг Абдужаббор-да!? Бугун эрталаб уйига "Абдуқодиров Абдужаббор бедарак йўқолди" деган хат келди. Эшитяпсанми?! "Бедарак йўўўқооолди!" деган! Бундан келиб чиқади-ки, Абдужаббор деганинг пашистларга сотилган. Ҳеч замонда шундоқ жанг қилиб турган одам бедарак йўқолармишми ?! Нима одам дегани игнамиди-ки, сомоннинг ичига тушиб бедарак йўқолса!
- Урушда ҳар нарса бўлиши мумкин. Сиз у ерда бўлмаганингиздан кейин билмайсиз-да,- Эътиборхон раиснинг тезроқ даф бўлишини истар эди, - бўпти кетаверинг болалар ҳозир далага етиб боришади.
- Бу нарсаларни билиш учун урушга бориш шарт эмас, -афтидан Эътиборхоннинг сўзлари мўъжалга текканди, раиснинг юзи кесак мисол гезариб кетганди - бунинг учун кишида етарлича фаҳм-фаросат бўлса бўлди.
- Тўғри айтасиз,- деди совуқ ҳотиржамлик билан Эътиборхон раис сўзини тугатар тугатмас,- менга руҳсат. Ишга боришим керак.
Шермат раис юзига тарс ёпилган эшик олдида довдираб қолди. Кўп ўтмай "Шошмай турларинг сенларни бир рамкангга солиб қўймасамми? - деди ичида яниб,- маҳсумча эринг ўлиб бир қарич тилинг ўн беш қарич бўлиб кетибдими? Мана менда ўша чойшабдек тилингни калталайдиган!? Ҳали"Кечирақолинг" деб оёқларим остига эмаклаб келмасаларинг ҳисобмас!" дея ўйлаганча у ердан узоқлашди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4