------------
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Инсоният тарихида бутун дунёга донғи кетган жуда кўплаб машҳур шахслар яшаб ўтган. Улар ўз ҳаётлари давомида қилган яхши ёки ёмон амаллари билан шундай машҳурликка эришганлар. Ҳозирги даврда ўша қилиб ўтган амалларига кўра, одамлар уларнинг баъзиларидан нафратланишади ёки баъзиларига ўхшашга ҳаракат қилишади. Намуна сифатида кўриладиган шахслардан баъзилари илм-фанда катта ютуқларни қўлга киритган бўлсалар, бошқалари катта бойликка эга бўлганлар ёки жуда катта ҳудудларни қўлга киритганлар, яна бошқалари буюк ақл-заковатлари билан дунёни лол қолдирганлар ва ҳоказо. Тарихда яна шундай зотлар ўтганки – гарчи улардан кейинги авлодлар уларни кўрмаган бўлсалар-да – кейинги авлодларнинг қалбларидан мустаҳкам жой олганлар. Инсон қалбини забт этиш эса, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган оғир ишдир. У зотлар – асл маънодаги буюк инсонлар эдилар.
Бу ўринда, аввало, бутун Ислом Умматининг энг севимли кишиси ва бу Умматга энг кўп қайғурган зот, саййидимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ни эсга олиш лозим. Пайғамбаримиз с.а.в. да на бойлик, на қўша-қўша ҳашаматли саройлару, от-уловлар ёки яна қандайдир моддий бойликлар бўлмаган бўлса-да, биз у зот с.а.в. ни чин қалбимиздан севамиз, ҳаммамиз у зот с.а.в. ни ҳеч бўлмаганда тушларимизда бир марта бўлса ҳам кўришни хоҳлаймиз. Чунки Расулуллоҳ с.а.в. Аллоҳнинг динини ер юзида қоим қилиб, инсониятни зулматдан нурга олиб чиққанлар, ҳатто бугун бизнинг мусулмон эканлигимизда ҳам у зот с.а.в. нинг буюк ҳиссалари бор. Жанобимиз Расулуллоҳ с.а.в. ўзларининг Аллоҳга бўлган энг гўзал суратдаги тақволари билан бизнинг қалбимизни забт этганлар.
Кейинги навбатда саҳоба р.а. лар ҳам Ислом Умматининг энг суюклиларидан ҳисобланадилар. Абу Бакр, Умар, Али, Усмон ва бошқа саҳобалар ҳақидаги турли ривоят ва ҳикоялар ҳозиргача одамлар тилидан тушмайди. У зотларнинг йирик давлат раҳбари бўлганлари ўз фуқаросига нисбатан камтар, адолатли, хушхулқ, раҳмдил, шафқатли бўлишларига тўсқинлик қилмади. Улар ҳам Аллоҳдан ҳайбатланиб, Унга итоат қилган ҳолда яшаганликлари сабабли бизнинг қалбимизни забт этганлар. Мусулмонлар тарихи бундай намуна олишга лойиқ бўлган зотларга тўла.
Бу ўринда эътибор бериладиган жиҳат шуки, бизнинг аждодларимизга мол-дунё оқиб келган, лекин улар унга қиё боқмаганлар. Балки улар охиратни устун қўйганлар. Ҳар қандай амалга Аллоҳга итоатсизлик қилишдан, Унга осий бўлишдан қўрққан ҳолда қўл урганлар ёки уни тарк қилганлар. Улар ўзларини буюк ҳисобламаганлар, ўзларини оддий инсон, деб билганлар. Шунингдек, ўзлари амалга оширган ишларни машҳурлик учун, тарихда номи қолиши учун ёки моддий манфаат учун қилмаганлар. Балки фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилганлар. Кўриб турганимиздек, Аллоҳ Таоло у зотларни одамлар қалбига шундай муҳрлаб қўйдики, уни ҳеч қандай мол-дунё эвазига сотиб олиб бўлмайди.
Бугунги даврда, ҳамма нарса моддий манфаатга тақалаётган бир замонда, бутун инсоният – худди илгари бўлганидек – тубанликдан қутқарадиган, зулматдан нурга олиб чиқадиган тузумда етишиб чиқиб, одамларнинг қалбидан жой оладиган зотларга ўта муҳтождир. Бундай зотлар эса, фақат Ислом тузуми татбиқи натижасида етишиб чиққанлар. Яқин келажакда бутун дунё яна шундай буюк шахсларни албатта кўражак, ин ша Аллоҳ!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев