ИККИНЧИ ФАСЛ)
Боягина ўлимни бўйнига олган Севинч воқеа буткул тескарисига бурилиб кетганига гувоҳ бўлгач, ваҳимага тушиб қолди. Шунда ҳам ўлимдан эмас, олис юртларда хор-зор бўлиш, ватанидан йироқларда қолиб кетишдан қўрқа бошлади.
«Нега Жийронбек ака ишни чўзяпти? — ўйлади асабий лаб тишлаб. — Манави нусха томоғимни бўғиб олгани, бемалол нафас олишга қўймаётгани етмай, мени хор қилмоқчи-ку! Наҳотки, шунчаки қара-аб қолаверса? Ёрдам бермайдими? Буларни қўлга олмайдими? Адабини бермайдими? Қаёққа қараяпти ўзи? Шундай жиддий ташкилотда ишлаб қаёқдаги икки-уч зўравондан қўрқиб ўтирса-я! Манавилар мени қўйвориб бўпти! Алдашди, алдашди. Ҳозир аҳмоқ қилиб мени самолётга ортишади-ю, бегона юртларга олиб кетишади…»
Ўйлаганлари, умидлари бир пул бўлди. Жийронбек ака тугул, у билан орқама-орқа келаётган милиционерлар ҳам ҳеч қандай кескин ҳаракат содир этмади. Нусрат хотиржам рулни бошқарган кўйи кетаверди. Жийронбек ака етагидаги машиналар ҳам уларни таъқиб этаверди.
Ниҳоят улар аэропортга етиб келишди. Бу ер ҳам милиция, фуқаро кийимидагиларга тўла эди. Барчалари чамаси аэропортни айланасига ўраб олишибди.
— Бизни ичкарига киритишсин, айт! — рация орқали буюрди Нусрат жаҳл аралаш. — Биронтаси тегмасин!
— Талабинг адо этилади,
— деди Жийронбек ака.
— Фақат дарвоза олдида қизни тушириб қолдирасан! Акс ҳолда йигитлар куч ишлатишга мажбур бўлишади.
— Йў-ўқ, — асабий бақирди рацияни оғзига тутиб Нусрат. — Самолётга чиқиб олишимиз керак олдин. Унгача қизни қўйвориш йўқ. Тезроқ бир қарорга кел, ит!
— Шунақами? Яхши, бунисигаям кўнамиз. Киравер, дарвоза очилди. Тезроқ қимирла!
Нусрат газ педалини зарда билан босди-ю, машинани ўқдек учирганча аэропорт ичкарисига ҳайдади.
Самолёт учишга шай турарди. Ҳатто ёқилғи тўлдириш мосламаларини ҳам ажратиб олишибди. Милиция ходимлари аэродром четидангина жиноятчилар ва Севинч ўтирган машинани кузатишарди.
Машина тўхтагач, биринчи бўлиб Нусрат пастга тушди ва эпчиллик билан айланиб ўтиб орқа эшикни очди. Эркак пичоқни Севинчнинг томоғидан олмай, бир қўли билан бўйнини чангаллаган ҳолда машинадан тушди. Нусрат эса Хосиятга чанг солиб олдинга судраклади.
— Қани, юр, манжалақи! Сенам биз билан учасан! Қимирла!
Самолёт трапига яқинлашишди дегунча, Жийронбек ака улардан анча нарида туриб, қўлидаги оқ карнай орқали буйруқ берди.
— Қизни қўйвор!
Эркак буйруққа жавоб бермади. Бунинг ўрнига улкан, савлат тўкиб турган самолётга фахр билан боқиб, шеригига сўз қотди.
— Қара, Нусрат, бопладикми? — деди у. — Шундай каттакон самолётда фақат ўзимиз учарканмиз. Жа омадимиз кеп қолди-да-а, Нусрат?
— Нимасини айтасиз, ака? Жон еридан тутдик-да ўзиям анави катта мелисанинг!
— Буёғигаям бўш келмаймиз, — ерга чирт этиб тупурди эркак. — Ҳавога кўтарилволайлик, зўр режалар бор. Манави манжалақи ит кунини кўради ҳали, ҳа!
— Ўлиб кетмайдими?!. Аҳмоқлик қилмаганда, шу кунлар бошига тушмасди.
— Шошилайлик, Нусрат, вақт кетяпти. Тезроқ учиш керак аэропланда.
— Буни нима қиламиз? Қайтариб берамизми акаларига?
— Тошини терсин акалари,
— беўхшов тиржайиб Жийронбек ака турган томонга кўз ташлади эркак.
— Буни ярим йўлда қолдирамиз. Айиқларга ем бўлсин! Хосиятни бўлса окахонларга топширамиз. Жа зерикиб ётишгандир уёқларда. Бир мириқишсин.
— Анавилар… Топширмасак… Мелисалар… — тутилиб Жийронбек акани кўрсатди Нусрат.
— Қўрқма, жони менинг қўлимда унинг. Ҳеч қанд еёлмайди. Кетдик!..
Шу тобда оқ карнайдан яна Жийронбек аканинг таҳдидли товуши янгради.
— Қизни топшир тезроқ! Намунча чайналасан? Эркакмисан ўзи?
Эркак жавоб ўрнига бош бармоғини узун ва кўрсаткич бармоғи орасига олди-да, Жийронбек акага кўз-кўз қилди. Кейин эса Севинчни самолёт салонига судраклади…
Нусрат унинг ортидан Хосиятни етаклаб юқорига кўтариларди-ю, нуқул безовталанарди. Аммо милиционерлар қурол ишлатишмади. Улар гаровдагиларни хотиржам салонга олиб киришди. Трап олиб ташланиши билан моторлар гуриллаб ишлай бошлади. Зум ўтмай, самолёт ҳавога кўтарилди.
* * *
Бундай қўрқинчли ва жирканч манзарани Севинч қачонлардир хориж киносида кўрганди. Самолёт салонида тутқундаги кимсалар, уларни қуролли зўравонлар ўраб олишган. Тутқундагилар бир оғиз қарши сўз айтишга ҳақсиз. Хаёлан, қалбан ажал билан тиллашишади. Юракларидаги саросима сония сайин ортиб бораверади. Даҳшатлиси, тутқундаги банда ўлим билан юзма-юз турганини чуқур ҳис этади. Самолётнинг бир қарич ойнасидан ёруғ дунёга саҳродаги ташна одам каби тикилади. Тикилаверади, тўймайди, яна бир неча дақиқа тикилишга изн беришларини тилайди, шуни хоҳлайди, орзулайди, умидвор нигоҳларини қотилларга тикади, жавдирайди. Бахтга қарши улар тутқунга умид ҳадя этишмайди. Тезроқ ўлдиришни, ўз мақсадларига етишни исташади…
Айни паллада Севинч ҳам ўша кинодаги тутқунлар каби икки дунё оралиғида сарсон кезарди. Кўксини тешгудек даражада потирлаётган юраги ҳозир-ҳозир уришдан тўхташини тасаввур этгани сайин додлагудек бўларди. Кошкийди, манави барзангилар индамаса, эшитмаса, кўрмаса, хумордан чиққунча ҳайқирса, дод солса, дунёни бошига кўтарса!.. Афсуски, у ҳақсиз. Ҳайқириш тугул қимирлашга ўзида куч тополмайди. Ҳарқалай, пичоқ тутган эркак томоғини қўйиб юборганига, оғриқлардан халос этганига шукр қилади.
Орадан икки соатча вақт ўтгач, эркак даст ўрнидан турди-да, Хосият ва Севинчга нафрат аралаш қараб олиб, ҳамтовоғига юзланди.
— Нусрат, анави мараз учувчиларга айт, — деди экипаж ўтирган тарафга ишора қилиб. — Ўрмонлар аллақачон бошланган. Аэродром топиб, самолётини қўндирсин, манавиларни қолдириб кетамиз.
— Ўзимиз-чи, ака? — сўради Нусрат елка қисиб. — Ўзимиз қаерга борамиз?
— Ҳалиям овсарланяпсанми? Қаерга бўларди? Окахонларникига-да! Бор, тезроқ тайинла! Айтганча, пичоқни олвол! Қайсарлик қилса, сўйворавер! Йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ!
Бу гапни эшитиб, Севинч бирдан сергак тортди. Вужудини қамраган ваҳима ва қўрқув нари чекингандек бўлди. Ўлмаслиги мумкинлигига ишона бошлади. Худодан зўравонларга инсоф сўради.
Илтижолари ижобат бўла бошлабдими, Самолёт сал ўтмай пастлади. Ойнадан қалин ўрмон кафтдек кўриниб қолди. Севинч таҳлика исканжасида бўлса-да, пастда дарахтдан дарахтга сакраётган жониворларни илғади.
«Шу ўрмонларда адашиб қолсам ҳам майлийди, — жон ширин-да, ўрмонга ҳиссиз тикилиб хаёлидан кечирарди у. — Маҳлуқлар манави ифлослардан ақллироқ, меҳрлироқ. Улар қийналганингни ҳис эта олишади, шафқат қила билишади. Умуман, ҳаётим аллақачон издан чиқиб бўлди. Буёғига қаерда қандай яшашнинг нима аҳамияти бор? Куним ўтиб турса, ўлмасам, касалга чалинмасам бас-да!.. Айтганча, анави Хосиятниям туширворишаркан-ку! Боплаб ўчимни олардим мараздан. Ҳаммаси шуни деб бўлди… Худойим, бозорим нима бўлдийкин? Йўқолиб қолганимдан хабар топганлар молимни талаб ташлашмадимикан? Нега Жийронбек ёрдам бермади? Қўрқдими? Нимага? Ваҳимаси бир дунё эди-ку! Нима сабабдан самолётнинг учишига йўл берди? Нега анави икки барзангини отиб ташламади? Мени қутқариб қолмади? Ахир, сўз бериб эди-ку! Ҳа-а, уям Толибнинг бири экан-да! Ваъдани қоп-қоп бераркан-у, ўзининг тинчини ўйларкан. Майли, худойимдан қўймасин. Шунча азобларни бошимдан кечирдим. Лекин ўзи асради, ташлаб қўймади. Буёғигаям паноҳига олса ажабмас!.. Аммо ўч қиёматга қолмайди. Бошимга қора кунлар солгани учун Хосиятдан албатта қасос оламан. Эсон-омон пастга тушиб олай!..»
Бу сафар ҳам нияти бажо бўлмади. Қалин ўрмонлар оралиғида Севинчнинг ёлғиз ўзини қолдиришди-да, барзангилар Хосиятни ўзлари билан олиб кетишди.
Севинч қош қорайиш арафасида кимсасиз ўрмонда бир ўзи қолгач, тушкунлик ботқоғининг бадбўй исини янада чуқурроқ ҳис этди. Боши гарангсиб, мияси ишламай қолгандек бўлди. Номаълум муддат қор остида қолган қайинларга тикилганча қотиб тураверди. Қаҳратон қаҳрини гўё сезмаган каби эти ҳам жунжика қолмади. Балки жунжикса-да, қаҳратон тушкунликни қайириб ташлай олмади. Салдан кейин юрагининг аллақаерида санчиқ тургандек туюлди-ю, бўғриқиб-бўғриқиб нафас ола бошлагачгина сесканиб бир қадам олдинга ташлади. Тирикликка ташналик зўр келиб, жонҳолатда кўксини уқалашга тушди. Бироздан сўнг санчиқ нари чекинди. Севинчнинг кўзлари мошдек очилди. Тафаккури қайтадан уйғониб, нималар бўлаётганини идрок этишга уринди. Увиллаб, бўри каби юз-кўзларига чанг солаётган изғиринни вужудида туйди. Аксига олиб кийинишга эътибор қилмаган экан. Эгнидаги енгил камзулдан совуқ ўтиб, қалтирашга, изиллашга мажбур этди.
— Пешонам қуриб кетсин,
— баланд овозда қарғанганча ўрмон ичкарисига юрди.
— Отам раҳматлиям бир вақтлар мана шунақанги ўрмонда адашиб юрган экан. Энди отамнинг қисмати мени таъқиб қилдими? Нима бўлган ўзи бизнинг авлодга? Тушимизгаям кирмаган аблаҳларга йўлиқамиз, ит кўрмаган кунларни кўрамиз. Қачон қараса, худо бизни қора қисматнинг йўриғига ташлаб қўяверади… Шунақа дейман-у, боя сал қурса ўлиб кетаёздим. Пичоқ тутган эркак бошимга етиши ҳеч гапмасийди. Худо бир сақлади. Тўғри-да, кимга жон ширинмас? Ўлиб кетсам, куядиганим бормиди? Қаро ерга кўмишади, вассалом. Ном-нишонсиз у дунёга равона бўламан-қўяман. Майли, умримдан бўлса, бир кунимни кўрарман. Тиғ заҳридан жон бермаганимга шукр…
Севинч совуқдан тишлари такиллаб ўрмон ичкарисига юриш учун чоғланди. Қадам ташлашдан аввал эҳтиёт шарт кичик аэродром томон умидвор термилди. «Балки анавиларнинг фикри ўзгариб, самолётни ортга қайтаришар, мени олиб кетишар?» деб хаёл қилди. Умидлари саробдан бўлак нарса эмаслигига фаҳми етгач, совуқ туфайли тарашадек қотган оёқларини базўр судраганча олдинга юрди.
Агар ёз ойлари бўлса, кўпчилик келишса, бу ерлар жаннатнинг ўзи эди. Унда Севинч қувончдан ёрилай деса керак. Киноларда кўрарди, йигитлар, қизлар биргаликда худди шундай чиройли, қалин ўрмонларга бориб кабоб пиширишар, ўйин-кулги қилишарди.
— У кино-да, — деди ўзига ўзи аламини ичга ютиш ва чалғиш ниятида овоз чиқариб.
— Кўрсатаверишади. Ўша артистлар ҳозиргидек қишда келишсин эди, кўрардим аҳволини. Қуриб кетсин, мени хор қилганлар жувонмарг бўлсин! Ишқилиб, бирор маҳлуқ олдимдан чиқиб қолмасин! Ўлиб қоламан!..
Фаришталар омин деганми, ҳеч қанча юрмай тахминан юз метрча нарида эшакдек келадиган баҳайбат жонивор пайдо бўлди. Севинч уни кўрди-ю, юраги шув этди. Аъзойи баданини забтига олган қаҳратонни ҳам унутди. Бир кўнгли ортга тисланмоқчи, ура солиб дуч келган тарафга қочмоқчи бўлди. Оёқлари ўзига бўйсунмади. Жонивор эса унинг қўрқаётганидан руҳлангандек тобора олдинга талпинарди.
«Мунча қўрқинчли бўлмаса бу бўри? — кўнглидан ўтказди Севинч. — Менда нима қасди бор экан? Нега ёнбошга бурилиб кета қолмайди? Аллаким айтганди, катта ўрмонларда бўрилар изғиб юради, ёлғиз одамни кўрса еб қўяди деганди. Рост экан-да! Ҳозир ташланса-чи? Нима қиламан? Қаерга қочаман? Жонимни қандай асрайман? Кимни кўмакка чақираман? Кимнинг гуноҳлари бадалини тўлаяпман ўзи? Худойим, раҳмимни есанг бўлмайдими? Шу ниятда яратганмидинг мени? Шунчаки ухлатиб қўйиб олсанг бўларди-ку жонимни! Қийнашинг, устимдан кулган каби аҳволимни томоша қилишинг шартмиди?..»
Ўйланишга, мулоҳаза қилишга, фарёд чекишга фурсат йўқ эди. Жонивор тобора яқинлашиб келар, йўл-йўлакай, ҳамла қилиш учун пайт пойлаган бўлиб бошини пастга эгиб-эгиб оларди.
— Й-йў-ўқ, қўрқаман, — дея ерга энгашди Севинч.
— Кўзлариям қўрқинчли бунинг! Кўзлари ёняпти! Мен… Ўламан! Ўлиб қоламан!..
Шундай деб телбаларча қалин қор устига узала тушиб ётиб олди. Ётган ерида сўнгги бор бўлса-да, чуқур-чуқур нафас олишга тутинди. Армонда кетмаслик учун оппоқ қорни ялаб-ялаб олди. Бироқ йиғламади. Шу кунга қадар кечирган заҳматлари қалбига қувват берди.
Бу орада жонивор Севинчнинг тепасига яқин келиб, уни айлана-айлана бошдан оёқ искалай бошлади.
* * *
Ажал забтига олса, бандаси қаҳратон қаҳрини-да унутаркан. Вужуди ўзига бўйсунмай, фақат жон таслим қилиш ҳаракатида ёна бошларкан. Қўрқув, ҳадик, армон, орзу, мақсадлар нари чекинаркан.
Севинч ихтиёрини Яратганнинг қўлига топширганча, кўзларини чирт юмган ҳолда тек ётаверди. Жонивор уни икки-уч айланиб, искаланди-да, ҳура бошлади. Шунда сал наридан эркак кишининг товуши эшитилди.
— Шарик, жим! Нима бўлди? Нега безовталаниб қолдинг?
Эркак Севинчга яқин келди-да, эҳтиёткорлик билан энгашиб елкасидан туртди.
— Ие, одам-ку! Ҳой, кимсиз? Тирикмисиз?
Одам товушини эшитиб, Севинч оҳиста ўрнидан қўзғалди. Билдики, искалаган қўрқинчли маҳлуқ эмас, тепасидаги озғин, кўзойнакли, бошини ҳадеганда силкитиб-силкитиб қўяётган йигитга тегишли ит экан.
— Сингил, сизга нима бўлди? — сўради кўзойнакли йигит Севинчни елкасидан тутиб турғазишга уринаркан..
— Мазангиз қочдими? Қаерликсиз? Бу ўрмонда
нима к,иляпсиз? Адашиб қолдингизми?
Энди йигитнинг қалаштириб ташлаган саволларидан қайсидир бирига жавоб қайтаришга оғиз жуфтлаганди, осмондан самолёт қизил чироқлари ёниб-ўчган кўйи учиб ўтиб қолди.
— Вой, ана, — ҳайқирди Севинч йигитга-да эътибор қилмай.
— Улар келишяпти! М-мени яширинг, илтимос! Ўлдириб қўйишади, ўлдириб!.. Қутқаринг, ёлвораман!..
Ҳайқитриш асносида у нотаниш йигитнинг қўлтиғидан маҳкам ушлаб олди.
Самолёт ҳаш-паш дегунча кўздан ғойиб бўлди. Севинч хўрлиги келиб йигитни қўйиб юборди ва телбаларча қўл силтаганча қор устига ўтириб йиғлай бошлади.
— Мени… Ўлдиришади,
— деди ўзига ўзи йиғлаб.
— Яна қайтиб келиб ўлдиришади…
— Сингил, — кўзойнакли йигит итини етаклаб яна Севинчга яқин борди.
— Тинчликми? Гапирсангиз-чи!
Севинч кўкка бармоқ ўқталиб жавоб қилди.
— С-самолётдагилар… Улар ёмон одамлар, ёмон!..
— Ҳечқиси йўқ, — деди йигит кулимсираган кўйи кўзойнагини тўғрилаш асносида. — Сиз совқотгансиз. Бу туришда музлаб қолишингиз ҳеч гапмас. Юринг, менинг чайламга борайлик! Тура қолинг!..
— Й-йў-ўқ, ҳозир қайтади самолёт!
— совуқ таъсирими, ё асабийликданми, Севинч талмовсираш аралаш жавоб берди. — Сиз… Кетаверинг! Йўлингиздан қолманг, ака! Ҳализамон келади самолёт!
— Қанақа самолёт? — йигит хуноби ошиб Севинчнинг қўлтиғидан тутди. — Ўйлаб гапиряпсизми? Қаранг, тишларингиз такиллаб кетяпти! Юринг дедим!
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ.
⏩✍ t.me/otaonatopilmaydi 📚⏪
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
💞⚘СОГИНГАНЛАРИМ⚘ 💞
┄┅অঠই✯❤️✯ইঠঅ┅┄
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
Телеграм канали сахифасидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев