ИККИНЧИ ФАСЛ)
Шайтон йўриғида қолган кўнгил бир умр унинг ишвасига қул бўлади. Бу ишвалар ҳар лаҳзада кўнгилни қитиқлаб, безовта қилади, хоҳлаган кўйига солади, фақат ўз чирмандасига ўйнатади.
Севинч ҳам ўзини покиза, ҳалол деб билса-да, кунларнинг бирида шайтон йўриғига кириб қўйган-да! Гарчи жон аччиғида ҳайқириб, Жасурни койиган бўлса ҳам қаршисидаги даста-даста пуллар ҳаловатини ўғирламай қолмади. Ҳаловатидан айрилган қалби уни икки ўт исканжасига улоқтирди. Севинч бу олов алангасида куйиб кул бўлаверди. Жасурга бақириб, койиди, ҳақоратли сўзларни тилига кўчиришдан-да тийилмади. Аммо қалбан мана шу пулларга эга чиқиш истагида бўлди.
«Кошкийди, қандайдир арзирли баҳона пайдо бўлса-ю, — дерди иблис етагидаги қалби Севинчни жарлик сари яна бир қадам ташлашга ундаркан. — Бу ҳазилакам пулмиди?! Нима қипти? Бола фақир бизга яхшилик қилмоқчи бўлибди! Шунинг эвазига биз уни койишимиз, бош эгишга мажбур этишимиз керакми? Нега? Олайлик! Жасурни алқайлик! Унга катта йўл очиб берайлик! Уни ҳам мана шу сариқ олов гирдобига тортайлик! Уччаламиз биргалашиб куяйлик! Бойиш палласи яқин экан, уни қўлдан чиқармайлик!..»
Ахир: «Давлатинг борида, авжинг зўрида йўқлаб келар сени бегоналар ҳам, ногоҳон давлатинг кетса қўлингдан, дўстларинг қочарлар, қариндошлар ҳам» деган қўшиқни бекорга айтишмагандир? Шунча тортган азобларимиз бадалига Худонинг ўзи бергандир бу пулларни? Нега энди қўрқишимиз керак экан? Ҳаракатимизни қилиб қолсак, тешиб чиқармиди шунча пул?..
— М-майли, йўқ қилсам қилавераман-да, — деди қовоқ уйиб Жасур пулларни қайтадан халтага жойларкан. — Мен… Ваабще, ҳеч кимга индамай ўзимга олиб қўйсам ҳам бўларди. Лекин… Сизга яхши бўлармикан, девдим-да, опа!
— Қўйинг жойига пулларни!
— даъфатан Жасурга буюрди Севинч. — Қайтадан полга тўкинг ҳаммасини!
Жасур итоаткорона пулларни полга тўкди-да, қўлларини мушт қилган кўйи Севинчнинг навбатдаги қарорини кута бошлади.
— Барибир бекор қипсиз,
— деди Севинч негадир пулларга яқин боришга иккиланиб. — Буни сизга берганлар қарғагандир, норози бўлгандир. Умуман… Бошим қотиб қолди. Ахир, бундан буёғига бозорда қандай бош кўтариб юраман? Жийронбек ака билиб қолса-чи? Нима деган одам бўламан? Шунча ёрдам берди, қаноти остига олди. Мен тескарисини қилсам, ғазаби келмайдими? «Бор-э» деб иккаламизниям қамаворса-чи? Унда нималар бўлишини биласизми?
— Олдиндан ваҳимага тушмайлик, опа, — деди Севинчга ҳам қўрқув, ҳам умид билан боқиб Жасур.
— Агар изн берсангиз, ҳаммасини режалаштириб қўйганман. Ваъда бераман, Жийронбек ака умуман билмайди.
— Йўқ, адашдингиз, — Севинч оғир хўрсинганча норози бош чайқади. — У киши қанақа ташкилотда ишлашини биласиз-ку! Бу ташкилот қонунбузарларни ҳеч қачон кечирмайди. Ана, Толиб, Сарварнинг ҳоли нима бўлди? Қамалди, бир кунмас бир кун ўлдирворишади иккаласиниям. Мен… Ажалимдан беш кун бурун ўлиб кетишни хоҳламайман, Жасур. Отам, энамнинг ўлиб бергани етар!..
— Ахир… Опа, қаранг, шунча пул! Бунча пулни бир умр белимиз қайишиб ишлагандаям тополмаймиз! Хўп денг! Мен режаларимни ўзингизга тушунтираман. Сизгаям маъқул бўлади. Шубҳам йўқ!..
Севинчнинг кўнгиси келарди. Жон деб турганди. Қаршисидаги жамолини кўз-кўз қилаётган пулларнинг ҳаммасини олиб кўксига босгиси, қаергадир бегона кўзлардан йироқ жойга беркитиб ташлагиси, уларнинг ҳовуридан ором топгиси келарди. Фақат юрагининг бир четини чимдиб-чимдиб олаётган ваҳм ҳадеганда йўл бера қолмасди.
«Балки Жасур ҳақдир?
— ўйларди талваса аралаш.
— Зўравонга худди қулдек бўлиб яшадим. Отажонимни бой бердим. Йўқсилликнинг зулматга бурканган кўчасида қолиб кетавердим. Ўч олишга тутиндим. Қўлимнинг калталиги панд бераверди. Башарти ҳозир таваккал қилсам-чи? Бир четда туриб мана шу Жасурни ишга солсам-у, бойлик йиғаверсам-чи? Кўнгилгинамни зардобга тўлдириб бўлган ўч алами вужудимни тарк этмасикан? Шу баҳонада хумордан чиқмасмиканман? Бу дунё, барибир шафқатсиз. Шу йўлни тутмаган тақдиримдаям бошқачасига мени эзиб ўтаверишади. Ундан кўра, Толиб зўравон тутган йўлдан юриб кўрсам бўлмайдими?..»
— О-опа, нима қилай?
— тутилиб, иккиланиш билан сўрашга жазм этди Жасур.
— Ҳалигидай…
— Беркитинг пулларни, -деди Севинч бир қарорга келгандек. — Сумкага жойланг-у, кўтаринг, менинг квартирамга яшириб турамиз ҳозирча.
— Хўп бўлади! — Жасур ортиқча савол бериб ўтирмади. Жонҳолатда пулларнинг ҳаммасини сумкага солди-да, елкасига илди.
— Опа, мен тайёрман!..
Пул жазаваси зўр келди. Севинч барча хавфларга, андишаларга кўз юмди. Бошини бир неча марта силкитиб олди-ю, Жасурни эргаштириб кўчага йўл олди.
* * *
Уйга етиб, ичкарига киргандан кейин ҳам тинчлана қолмади. Худди ортидан биров хуфиёна кузатиб келган-у, ҳозироқ эшикни бузиб кирадигандек, пулларнинг барчасини тортиб оладигандек тиззаларига қадар дағ-дағ титраб, қур-қур атрофга аланглайверди. Айниқса, залга ўтиб яширин камерага кўзи тушгач, бўлари бўлаёзди.
«Жасур ҳам тезроқ кета қолсайди, — кўнглидан ўтказди у қаршисидаги сўнгги сўзини кутаётган йигитга зимдан назар солиб. — Ёлғиз қолишим керак шу тобда. Акс ҳолда… Йўқ, нималар деяпман? Бир ўзим бўлсам, ҳар қандай ярамас бостириб кириб мени абгор қилиши ҳеч гапмас. Пулларни куч билан тортиб олса-чи?.. Жасурни кетказмай турганим маъқул…»
— Опа, қўрқяпсизми?
— кутилмаганда Севинчнинг хаёлини бўлиб сўраб қолди Жасур. — Титраётгандай бўляпсиз. Сув берайми? Ичасизми?
— Майли, ошхонада пиёлалар турибди. Шуларнинг бирида опчиқа қолинг. Негадир юрагим ёмон бўлаётгандай туюляпти.
Жасур чопқиллаганча ошхонага ўтиб бир пиёла совуқ сув олиб чиқди. Севинч сувни симирди-ю, бироқ тинчлана олмади. Юрагининг аллақаерига мумдек қора бир нарса чиппа ёпишиб тургандек бўлаверди.
— Э, опажоним-эй, — дея ёшига ярашмаган салмоқ билан гап бошлади Жасур.
— Буни ҳаёт деб қўйибди. Илгари шунақа иш қилмаганингиз билиняпти-да! Аммо қўрқиш керакмас бундан, опа. Ҳамма юмушни ўзим қиламан. Сиз Жийронбек акани қўлга олсангиз бас. Мелисалар бизга тегишмаса, безовта қилмаса бўлди. Уёғини ўзимга қўйиб бераверинг! Ё менга ишонмайсизми?
— Нима қилмоқчисиз яна?
— сўради Севинч қовоқ уйиб. — Бировларни қақшатиб пулини олишда давом этасизми? Ё сизам Толибга ўхшаб одам ўлдирасизми?
— Худо асрасин, опа! Унчаликка бормайми-из!
— Унда билганингизни қилинг!
— Опа, сиз мени нотўғри тушуняпсиз барибир. Ишни кенгайтирсак, сиз кўпроқ даромад кўрсангиз, дейман. Очиғи, опа, менам ҳаётимда кўп қийинчилик кўрганман. Ҳозирам кўриб келяпман. Маҳалламиз уёқда қолиб, қариндошларимизнинг орасидаям ўзига тўқ, бадавлатлари кўп. Лекин биронтаси ёрдам берай демайди. Ҳаммаси ўзини ўйлайди. Кўришиб қолсак, менсимайгина қўлининг учида сўрашади. Орқангиздан масхара қилишади. Сал хатога йўл қўйсангиз-ку, тамом, дарров насиҳат қилишади, танбеҳ беришга, камситишга ўтишади. Жонимга тегиб кетган, опа бу ҳаёт! Баъзида ота-онамга қараб туриб ачиниб кетаман. Ахир, улар мени оёққа турғазаман деб куч-қувватдан қолишди, ўзлари емай едиришди, киймай кийдиришди. Мана, ўқишларгаям жойлаб қўйишди. Кўпинча ота-онамнинг пенсиясига муҳтож бўлиб қоламан. Ўшанда эзилиб кетаман. Нима қилай? Шундан бўлак иложим йўқ… Опа, нима десангиз денг-у, аммо ҳаётда яшашни билиш керак экан. Йўқса хор бўлавераркан одам.
— Бўлди, бас қилинг,
— Жасурнинг гапини кесди Севинч. — Одамнинг юрагини эзаверманг!.. Биласизми, мен… Розиман! Фақат айтиб қўяй, жудаям эҳтиёт бўласиз. Бировга сир бой бермайсиз. Мени умуман аралаштирмайсиз. Четда бўламан. Лекин менинг сўзимдан чиқмайсиз.
— Албатта шундай бўлади. Сизнинг рухсатингизсиз бир қадам босмайман, опа. Ҳали шундай қиламанки, шаҳарнинг манаман деган зўриям соянгизга салом беради. Фақат… Жийронбек ака нима деркин-а, опа? Эшитиб қолса, қамаб…
— Нафасни иссиқроқ қилинг! Жийронбек ака эшитади барибир. У одамни яхши биламан. Бунисини менга қўйиб беринг!
— Энди, опа… — Жасур бир муддат бош қашиб турди-да, давом этди. — Шу десангиз, сизга битта зўр машина сотволсак. Ҳарқалай, бозорга пиёда қатнашингиз ғалати-да!
— Мунча шошилмасангиз?
— гарчи шайтон йўриғида хаёлан турли режаларни туза бошлаган бўлса-да, Севинч йўлига Жасурни қайтарган бўлди. — Ҳали бирор ишни дўндирмай туриб-а?
— Дўндирамиз, опа, дўндирамиз! Оғайниларим жа шустрий болалар, опа! Улар эртагаёқ бутун шаҳарга жар сола бошлашади. Демоқчиманки, ими-жимида гап тарқатишади. Ана унда зўрларнинг ғимирлашини томоша қиласиз.
Тугри, олдинига осон бўлмайди. Қўрқитишади, мелиса танишларини ишга солишади. Лекин бизам қараб турмаймиз. Йўқ демасангиз, шу пулнинг пичасини униси-бунисига атаб олиб қўйсак. Ҳар ҳолда олдинда бизни жиддий синовлар кутиб турибди.
— Биламан, — деди Севинч қошларини чимириб.
— Толибникида яшаганман, кўрганман, ишни нимадан бошлаш кераклигиниям ўзим сизга айтаман. Ҳозирча шошилманг, кутинг.
— Хўп бўлади! — деди Жасур кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.
— Ҳа, — Севинч деразадан ташқарига ўйчан боққан кўйи жавоб қилди.
— Аламларимиз, армонларимиз юзага чиқса қанийди. Толиб айтганди, «Мен тегирмонга тушсам, тирик чиқадиганларданман» деб эди. Ишонса бўлади. Унақалар ўлмайди. Жони темирдан уларнинг. Агар шаҳарга қайтиб, ўз ўрнида бизларни кўрса-ю, куйиб кул бўлса, хумордан чиқардим. Отажонимнинг аламиям арирди. Ифлос, ўша менинг дадамни ногирон қип қўйган, ўша! Ҳали қараб турсин! Туғилганига пушаймон бўлади. Мен қишлоқи бўлсам ҳам яхши-ёмон кунларни бошимдан ўтказиб қўйдим. Ортга чекиниб бўпман! Майли, энди боринг! Оғайниларингизни ҳозирланг янги ишга! Бозорниям унутиб қўйманг!
— Унутмайман, опа! Ҳозироқ бориб Лайлога ёрдамлашвораман! Яхши дам олинг, опа!
* * *
Шу кеча Севинчнинг оромига путур етди. Ташқарида аллақачон тун ҳукм сураётган бўлса-да, мижжа қоқмади. Ўйлайверди. Лекин қанча бош қотирмасин, нималарга қўл ура бошлаганини, қай йўлга кириб қолганини идрок эта билмади. Қалби эса ҳар иккиланганда қўзғолон қилаверди. Миясини турли-туман ўйлар банд этаверди. Севинч иблис жодуси таъсиридами, ўзини бир талай узун-калта, ориқ-семиз эркаклар қаршисида тасаввур этди. Улар икки қўлларини кўксига босганча Севинчдан сўнгги сўз кутардилар. Чапда қўлларида тўппонча тутган тансоқчилари гердайиб, уни қўриқлашарди. Ўнг тарафидан Жасур, Жийронбек ака жой олишибди. Севинч рўпарасидагиларнинг ҳар бирига жиддий разм солиб, кимларгадир буйруқ берди. Сўнгра йўл четидаги савлат тўкиб турган қоп-қора «Волга»си томон юрди. Қўриқчи йигитлар дарҳол уни ўртага олди…
«Толиб мараз ҳам зўрман деб юрган-да аҳмоқ бўлиб,
— ўйлади Севинч кўзига уйқу келавермагач, оҳиста қаддини кўтариб. — Аслида шотирлари бир чақага олишмасди уни. Қўрққанларидан сал ёнбосиб туришарди холос. Орқасидан ёмонлаганларини кўп эшитганман. Жувонмарг, отажонимниям тўйгунча масхаралаган. Не кўйларга солмаган ёши улуғ одамни. Йў-ўқ, энди бу ҳунари ўтмайди. Зўрликни унга мана биз кўрсатиб қўямиз. Худога шукр, Жийронбек ака хайриҳоҳ. Бир оғиз шипшитсам, пул ваъда қилсам, йўқ демас, ахир! Тешиб чиқмайди-ку ортиқча пул! Ҳа, у кишини кўндирса бўлади. Мабодо билиб қолса, албатта. Билмаса, тек юраверамиз. Айтганча, пуллар-чи? Буларни уйда сақлаб бўлмайди. Яхши бор, ёмон бор. Нима қилсам экан? Қуриб кетсин, зўр бўламан дейман-у, пулни қаерга сарфлашни билмай ҳалакман… Ҳа, пулларни савдога ишлатаман. Жойимни кенгайтираман. Жасур бало экан. Катта-катта савдогарларни қўрқитиб, улуш олибдими, демак, жойиниям тортиб ола билади. Гуноҳ-ку бундай қилиш, Худойим! Э, кўнгилчанлигим ўлсин! Шу нуқсонни деб адо бўлаёздим. Йўқ, мен катта ишга қўл урдим, ахир! Шартаки, жиддий, совуққон, шафқатсиз бўлишим лозим. Акс ҳолда мақсадга етиб бўлмайди. Кўрдим-ку, дар қолганимда кимлар мени тепкилаб ўтмади! Ҳеч ким раҳм қилай демади. Нега энди мен уларга раҳм қилишим зарур экан? Ҳечам раҳм қилмайман, ҳечам! Ҳа, тонг отса, Жасурни топиб тайинлайман. Ишни худди шундан бошлаймиз. Ўзи… Нариги қатордаги хўппа семиз савдогар ёқмай юрганди. Нуқул пишқириб, Лайлони хит қиларкан. Шунинг жойиниям олиб қўйишимиз керак шекилли. Дардини ҳеч кимга айтолмай қолсин! Чўчқага ўхшаб семирмай ўл, қари эшак!..»
Севинч худди шундай ўйлар оғушида тонгга яқин ухлаб қолди.
* * *
Тағин тушига Мелибой мироб кирибди. Қишлоқда эмиш. Ўзи далаларга сув тарқатадиган жойда узун чарм этигини кийиб олганча турганмиш. Қовоғидан қор ёғармиш. Севинч унга косада овқат келтирибди-ю, ҳайрон бўлибди. Ахир… Отаси ногирон эди, аравачаси қани? Қандай ўрнидан туриб кетди? Наҳотки, оёқлари ишлаб кетган бўлса?
Шундай хаёллар билан отасига яқин борибди. Аммо мироб у томон ўгирилиб ҳам қўймабди. Товуш чиқариб-чиқармай кимларнидир бўралаб сўкибди.
— Дада, сизга нима бўлди?
— эҳтиёткорлик билан сўрабди Севинч қўлидаги коса тўла овқатни бетон тўсиқ устига қўяркан.
— А-аравачангиз қани?
Мелибой мироб қизининг саволини эшитиб, илкис ортга бурилибди-ю, бор овозда қичқирибди:
— Сен йўқ қилдинг уни, сен! Единг мени! Йўқо-ол!!!
Севинч шу ҳайқириқдан чўчиб уйғонди. Негадир қора терга ботибди. Пешонасидаги маржон терларни четдаги чит рўмолга артди-да, бирпас сукутга толди. Бир маҳал квартира эшиги қаттиқ-қаттиқ тақиллаётганини эшитди.
«Ким бўлдийкин эрталабдан эшик тепган? — норозиланиб ўрнидан қўзғалди-да, йўлакка чиқди.
— Ким у? — сўради зардалироқ оҳангда.
— Кимсиз?
— Бу мен, эгачи, мен!
Товуш аёл кишиники эди. Кимлигини аниқлай олмади. Шунда ҳам таваккал эшикни очди. Остонада паканадан келган, озғин, бошига дурра танғиган, бахмал лозимли бир аёл турарди.
— Келинг, — деди Севинч аёлга бошдан оёқ разм солиб. — Ким керак эди?
— Сиз… Севинчхонсиз-а?
— аёл ҳийла уялинқираб, тортиниб савол берди.
— Адашмадимми?
— Ҳа, Севинчман. Лекин… Сиз мени қайдан танийсиз?
— Вой, синглим, сизни танимай бўларканми? Орзиниса хола орқали танидим.
— Орзиниса хола?
— Севинчнинг кўз ўнгида Толиб яшаган маҳалладаги кекса кампир гавдаланди. Бироқ… Кампир унинг манзилини қаердан билади?..
— Тушунмадим, — деди Севинч елка қисиб. — Орзи хола менинг уй манзилимни билмасди-ку!
— Тўғри, хола қулоқма-қулоқ марказий бозорда савдо қилишингизни эшитган экан. Бозорга келувдим, сотувчингизга йўлиқдим. Жудаям яхши қиз экан. Дарров манзилингизни бера қолди. Барака топсин!
— Ҳа-а, шунақами? Қани, киринг ичкарига! Бўсағада турмайлик!
— Йўғ-э, н-ноқулай! Шу ерда гаплаша қолайлик, ўргилай!
— Майли, қулоғим сизда.
— Биттагина болам бор,
— беихтиёр кўзига ёш олди аёл. — Қиз бола. Ўн ёшга тўлди. Пешонам қурсин, эрим наркоманийди. Қизим шўрлик бир қўл, оёқсиз дунёга келди. Кўнгли ярим бўлиб ўсди…
— Худо сизга сабр берсин!.. Опа, мендан нима ёрдам керак? Тортинмай айтаверинг!
— Орзи хола куни кеча бизникига чиқувди. Сизни роса мақтади. Қизим эшитиб ўтири-иб бирдан Севинч опа билан таништирасиз деб турволса бўладими! Нима қилишимни билмай қолдим. «Вой, Севинч опангнинг иши кўп бўлса, сен билан танишишга кела олармиди? Қўй бу гапларни!» деб койидим. Барибир айтганида туриб олди. Нима қилишни билмай тургандим, тағин Орзи хола жонимга оро кирди. Худо ярлақагур, қаердалигингизни тахминан тушунтирди. Шунга… Келавердим излаб, Севинчхон. Илтимос, бориб шўрлик қизим билан танишиб, икки оғиз гаплашиб қайтсангиз.
— Қ-қандай бўларкин?
— иккиланиб ер чизди Севинч. — Ҳар ҳолда…
— Ўзим таксида опкеб қўяман, ўргилай! Қизимнинг кўнгли кўтарилса бас. Жоним, паловхонтўрани дамлашга тайёр қип келганман. Боришингиз билан…
— Гап ундамас-ку-я, — деди Севинч. — Ғалати бўлди-да! Тўғри, тушунаман, қизчанинг кўнгли яримакан. Бормасам бўлмас… Лекин танимаган, кўрмаган жойга бориш… Қолаверса…
— Ие, бу нима деганингиз? Борасиз, танишамиз, бирга чақчақлашамиз. Қизалоғим сизга янги ёзган шеърларидан ўқиб беради. Ажойиб-да қизим! Йўқ деманг, жон Севинчхон, бора қолинг!
— Майли, сазангиз ўлмасин, — деди Севинч хўрсиниб.
— Борганим бўлсин! Опажон, қани, кира туринг ичкарига! Мен дарров кийимларимни алмаштирволаман-у, жўнаймиз!
Аёл Севинчга мамнун кўз ташлаб олди-да, аста ичкарига қадам қўйди.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ.
⏩✍ t.me/otaonatopilmaydi 📚⏪
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
💞⚘СОГИНГАНЛАРИМ⚘ 💞
┄┅অঠই✯❤️✯ইঠঅ┅┄
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
Телеграм канали сахифасидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев