ИККИНЧИ ФАСЛ)
Аввалига унчалик эътибор қилмабди. Сарварнинг дўқларини шунчаки аҳмоқликка йўйибди. Аммо уйга қайтгандан сўнг бирдан юраги ғаш торта бошлади. Сарварнинг гаплари мағзини чақиб кўрди. Шундагина нималар бўлаётганини англаб етгандек бўлди.
— Бу нимаси? — ҳайқирди қалби. — Кечагина Толиб зўравоннинг ялоғини ялаб юрган йигит бугун хўжайинга айландими? Нега? Ким унга ҳуқуқ берди? Ким йўл кўрсатди? Нима учун айнан сени таъқиб қилмоқда? Қай гўрдан эшитди тижорат билан шуғуллана бошлаганингни? Ўлдираман дедими? Сабаб? Наҳотки, қасди бўлса? Лекин қачон қасдлаша қолди?..
— Жийронбек акага чақиб бераман, — деди ўтира-ўтира Севинч. — Ие, ким бўпти ўзи ўша Сарвар? Шундай Толибнинг танобини тортган ташкилот Сарварни қўярмиди? Пул талаб қилганини айтсам, кўради кўрадиганини. Ярамаслар, қишлоқдан келган, ҳеч кими йўқ деб кўнгилларига келган ишни қилаверишадими? Каллакесар бўлса ўзига! Менам у ўйлаганчалик аҳмоқмасман. Қараб турсин!..
Вақт эса ўтиб борарди. Ҳаш-паш дегунча шом пайти ҳам ортда қолиб, хуфтон маҳали бўлди. Ҳойнаҳой ҳализамон у нусхалар келади-да, эшикни тепа бошлашади. Нима қилса бўлади? Қўнғироқ қилсинми Жийронбек акага? Сарвар билиб қолса-чи? Ҳамтовоқларини жўнатиб ўлдиртириб юборса-чи? Унда нима қилади? Йўқ, нега қўрқиб қолди? Толибдан ўч олиш ниятида Жийронбек акага ёрдам берганида қўрқмаганди-ку!
Шундай хаёлларга кўмилиб ўтирганда, кутилганидек эшик безовта тақиллади. Севинч йўлакка чиқишга шошилмади. «Тақиллатиб-тақиллатиб, балки кетар» деб хаёл қилди. Бахтга қарши эшикни тепа бошлашди. Кимларнингдир сўкингани қулоқни қоматга келтирай деди. Севинч чиқмаса бўлмаслигини тушуниб етди ва аста ўрнидан турди.
— Ким у? — дея овоз берди у хиёл титраб.
— Кимсиз?
— Оч эшикни!
Бу товуш эгасини ҳам дарров таниди. Адашмаса, у Мўйдин деган барзанги эди. Толибнинг Сарвардан кейинги ишонгани бўлган.
— Сизга ким керак? — атайин вақтни чўзиш учун сўради Севинч. Шундай қилса, мана-мана Жийронбек ака келиб уларни қўлга оладигандек туюлди.
— Сизни танимайман.
— Яхшиликча очсанг, оч!
— дағдаға қилди овоз эгаси.
— Йўқса, эшикни бузиб кирамиз. Кейин дардингни катта холанггаям айтолмай қоласан!
— Кетинг! — қарши сўз айтишда давом этди Севинч. — Ҳозир мелисага қўнғироқ қиламан!
— Ҳали шунақами? Шунақа ҳунарингам бормиди? Йигитлар, қани, бошлаларинг! Яхши гапга кўнмайдиганга ўхшайди бу ифлос!
— Йўқ, йўқ! Бўлди, очаман, очаман! Мана, очяпман!
Севинч азбаройи қўрқиб кетганидан қалтираган кўйи эшикни очди. Шу заҳоти Мўйдин етагида икки барзанги ичкарига ўзини урди.
— Ким бор уйда яна?
— дағдаға билан сўради Мўйдин шоша-пиша квартира эшигини ичкаридан тамбаларкан.
— Гапир, ким бор сендан бошқа?
— Ҳ-ҳеч ким, — жавоб қилди тутилиб Севинч.
— Б-бир ўзимман!
— Жуда яхши. Хуллас, гапни чўзиб ўтирмаймиз. Сарвар айтган нарсани тайёрлаб қўйдингми? Опчиқ! Шошиб турибмиз!
— Қ-қанақа нарсани? У менга ҳеч нима демади?
— Нима? — Мўйдин шерикларига маъноли қараб қўйди-да, кутилмаганда Севичнинг иягига чанг солди. — Вей, ойимча, чайқовчи, тушунмади-им! Бу билан нима демоқчисан? «Бермайман» демоқчимисан?
— Тинчитиб қўя қолайлик шуни! — ёнидаги барзангилардан бири иршайди. — Пачакилашиб ўтирамизми?
— Ростданам, — ўртага қўшилди иккинчиси.
— Ўтирадими энди қаёқдаги бозорчига ялиниб?
Мўйдин бу гапдан сўнг Севинчнинг томоғидан қўлини тортиб олди-да, эҳтиёткорлик билан ичкарини айланган бўлди. Ошхона, балконларга кўз ташлагач, залга қаради. Қаради-ю, даъфатан ранги оқариб дарров ортга бурилди.
— Юрларинг, — деди шерикларига шивирлаб.
— Адашиб бошқа ерга келибмиз. Тезроқ бўлларинг!
— Қанақасига адашамиз?
— қайсарлик билан Мўйдиннинг билагидан тортқилаб, қолишга ундай бошлади шериклардан бири. — Худди ўзи-ку!
Мўйдин унинг тирсагидан тутди-да, қулоғига алланималар дея пичирлади. Хабар ўта жиддий эканми, иккала барзанги ҳам оёғи куйган товуқдек типирчилаб бараварига эшик зулфинига ёпишди.
Улар бир неча ўн сония ичида хайр-маъзурни-да нася қилиб жуфтакни ростлашди.
Севинч ҳайрон эди. Остонада туриб олганча зинага боқар, уларнинг нега кетгани, нимадан хавфсираганига сира ақли етмасди. Бирпас тургандан кейин елка қиса-қиса ичкарига
к,айтди ва эшикни тамбалаб, залга ўтди. Шкафларни, дераза токчаларини кўздан кечирди. Ҳеч бир шубҳали нарсани кўрмади. Янада ҳайрати ортиб, деворларни кўздан ўтказди. Ана шунда чап тарафдаги девор орасидан юз кўрсатиб турган кичкина, думалоқ нарсани кўрди. Бу яширин камера эди. Умрида унақанги ускуналарни кўриб ўрганмаган Севинч олдинига қўрқди. Камерани ростакам бомбага йўйиб тиззалари дағ-дағ титраганча ортга тисланди. Юраги қинидан чиққудек типирчилаб, шартта полга ўтириб олди. Ўтириш асносида кўзларини чирт юмди. Гўё шу тахлит ўтирса, бомба балосидан қутулиб қоладигандек туюлди.
Қанча ўтирди, билмайди, бурчакдаги тумбочка устида турган телефон безовта жиринглай бошлагачгина ўзига келди. Бир муддат нима қилишни билмай гарангсиди. Ўрнидан қўзғалса, ҳов анави шиша девор орасидан отилиб чиқиб, портлайдигандек бўлаверди. Аммо телефоннинг чакаги ҳали вери тинай демасди. Аксига олган каби борган сари янада баландроқ жиринглаётгандек эди.
Ортиқ бардоши етмади. Севинч таваккал ўрнидан турди-да, югурганча бориб гўшакни кўтарди.
— Сингил, тинчликми?
— қўнғироқ қилган одам Жийронбек ака экан. Пича ҳазиллашган бўлди.
— Портламадими девордаги нарса?
— Вой, сиз қаердан биласиз? — анқовсираб атрофга аланглади Севинч.
— Қ-қаердасиз ўзи? Мени… Қандай кўрдингиз?
— Мен кабинетда ўтирибман, — деди Жийронбек ака жиддийлашиб.
— Ҳолатингизни томоша қили-иб кулгим қистади. Лекин-чи, ҳаммаси самимий, ҳа! Сизни жуда яхши тушунаман.
— Т-тушунмадим, — деди Севинч ҳайратини яшира олмай. — Мени қандай кўришингиз мумкин? Амаки, агар шу ерда бўлсангиз, айтинг! Қўрқитманг одамни!
— Илтимос, мени «амаки» деманг, сингил! Мен сиз ўйлаганчалик қари эмасман. Энди саволингизга келсак, ўша сизни қўрқитган нарса яширин камера! Мен худди шу камера орқали сиздан хабардор бўлиб турибман. Қўрқманг, ишонинг, у бомбамас! Шунчаки кузатув камераси. Менинг кабинетимга уланган.
— Айтганча… — Мўйдин ҳақида гапириш учун тараддудланди Севинч.
— Ҳалиги…
— Биламан, — унинг гапини кесди Жийронбек ака.
— Босқинчилар аллақачон камерада ўтирибди. Сиз сираям қўрқманг! Биз бораканмиз, сизга ҳеч ким хавф сололмайди.
— Ш-шунақами?.. — Севинч шундан кейингина сал бўшашди. — Мен бўлсам… Ўлай дедим қўрқиб.
— Дарвоқе, отангизни қидиришда давом этишяпти йигитларимиз. Умидни йўқотманг! Албатта топамиз.
— Илоё умрингиз узоқ бўлсин! — Севинч беихтиёр йиғламсираб сўз қотди.
— Яхшиям сизлар боракансизлар.
— Энди ётиб ухланг! Эртага ишга чиқишингиз керак. Агар бирор камчилик бўлса, тортинмай қўнғироқ қилаверинг!
— Хўп!
Гўшакни жойига қўйгач, Севинч бир неча дақиқа тумбочка қаршисида туриб қолди. Қувонишни ҳам, қувонмасликни ҳам билмай ҳайрон бўлди. Босқинчиларни ҳали унутиб улгурмаган бўлса-да, барибир хаёлан Жийронбек акани алқади. Тақдирига шукр қилди. Мелибой миробни қайта ёдга олиб, ғойибона дуосини олди. Кейин эснай-эснай, ётоққа кириб, каравотга чўзилди.
* * *
… Орадан олти ой ўтди. Яна қиш қиличини яланғочлаб шаҳарни забт этди. Негадир бу йилги қиш қаттолроқ келди. Қор деярли тиззагача ёғиб, одам эмин-эркин кўчада юролмас бўлди. Бунақанги ҳавода, айниқса, бозорчиларга қийин бўлади. Харидор камайиб кетиши камлик қилгандек, пештахта тепасида туришнинг ўзи мушкул кечади.
Кўпга келган тўй-да, Севинч ҳам қиш чилласида даромади камайиб, харажатлар ортганидан нолиб-нолиб қўярди. Шундан бўлак иложи ҳам йўқ эди. Чунки ҳеч ким насибасидан ортиғини ололмайди. Бардош қилиш лозимлигини ярим йил ичида тушуниб етди. Асосийси, Мўйдин, Сарвар каби безори, каллакесарлар тепасига келиб пул талаб қилмаяпти. Юраги така-пука чор тарафдан хавф кутмаяпти. Жийронбек ака ҳам илгаригига нисбатан кўпроқ хабар оладиган, ҳол сўрайдиган бўлди. Шунисига шукр!
Севинч сотувчисидан бирров хабар олиш илинжида ўйланибгина бозорга кирди ва ўзига тегишли пештахта томон юрди. Шу пайт орқадан кимдир исмини айтиб чақиргандек туюлди-ю, таққа тўхтади.
Чақирган чамаси ўн олти ёшлар атрофидаги бўйдор, чайиргина, келишган йигит экан. Севинч йигитнинг ташқи кўринишига кўзи тушгандаёқ шаҳарлик эканига шубҳаси қолмади.
— Мени чақиряпсизми?
— сўради қовоқ уйиб.
— Ҳа, опажон, сизда пича ишим бориди. Агар… Вақтингиз бўлса…
--Нима ишингиз бор? Тинчликми?
Шундай деб йигитни сал четроққа, ўткинчилардан холироқ жойга бошлади.
— Қулоғим сизда? Кимсиз?
— Исмим Жасур, — ер чизиб гап бошлади йигит. — Шу атрофда тураман. Талабаман… Хуллас, чет тиллар институтида биринчи курсда ўқийман. Ҳалиги…
Йигит мақсадга ўтишга қийналаётгани дув қизаришидан сезилиб турарди. Севинч уни ортиқча қийнамаслик учун туртки берган бўлди.
— Дангал гапираверинг! Бирор муаммо борми, Жасурбек? Тортинмай гапираверинг! Ҳарқалай мениям ёшим жа каттамас. Сизникидан уч-тўрт йилга фарқ қилади холос.
— Бир-иккита ўртоқларим шу бозорда чой-пой сотиб тирикчилик қиларди, — деди Жасур лаб тишлаб. — Сиз ҳақингизда ўшалардан эшитиб қолдим.
— Нима гап ўзи? Қийналиб кетдингиз-ку жуда гап бошлолмай!
— Опа, иш қидириб юргандим. Ота-онам қариб қолишган. Мени ўқитишга қурбилари келмайди. Шунга… Сизга ишчи керак деб эшитиб…
— Шунақами-и?
— кулимсираб Жасурга ер остидан боқди Севинч.
— Шуни дарров айтиб қўя қолсангиз бўларди-ку!
— Ҳалигидай… Ноқулай бўлди-да, опа! Умуман…
— Майли, тушдан кейин ўтинг унда олдимга, майлими?! Жойимизни биласизми?
— Биламан, — деди Жасур жонланиб. — Кеча «точка»нгизга ўтувдим, аммо… Айтолмадим.
— Майли, хавотир олманг, бир йўли топилиб қолар, ука!
— Раҳмат сизга! Опажон, унда тушдан кейин келаверай-а?
— Ҳа, албатта келинг!
* * *
Жасур қўлли-оёқли йигит экан. Дарсдан кейин келса-да, айтилган юмушни ўз вақтида кўнгилдагидек адо этар, бир оғиз сўз қайтармасди.
Севинч унга зимдан боқарди-ю, ўтмиши ёдига тушарди. Ота-онаси қўли юпқа одамлар бўлишгани боисми, ўзига тўқроқ қўшнилар кўпинча Севинчни турли юмушларга чорлашар, эвазига пул тўлашарди. Севинч ҳам худди Жасур каби бир оғиз қарши сўз айтмай, юмушини адо қиларди. Ҳатто иситмаси кўтарилиб, боши лўқиллаб кетаётган бўлса-да, ҳеч кимга сездирмасди.
«Наҳотки, менам қаторга кирган бўлсам, эна?
— ҳасратларини хаёлан марҳума онасига тўкиб соларди у. — Қаранг, бировни, қийналган хонадоннинг боласини ишга ёлладим-а! Ким эдим-у, ким бўлдим? Қанийди, шу кунларимни кўрсангиз! Бозорда ҳамма мени ҳурмат қилади, ёши сиздан улуғлариям икки қўли кўксида салом беришади, эна. Уялиблар кетаман баъзида. Демак, менга тўғри тарбия берган экансиз-да!.. Биламан, шаккоклигимни, Толибга илакишганимни барибир кечирмайсиз. Нима қилай? Бошимизга тушган савдоларни кўрмагансиз. Отажонимнинг аҳволидан бехабар эдингиз. Шулар, қолаверса, қўққисдан касалга чалиниб қолганим сабаб бўлди шекилли. Кўнглимни қайириб ташлай билмадим. Унинг амрига бўйсунишдан ўзга илож топа олмадим. Кечиринг! Агар кечира олсангиз, албатта! Мен шу гуноҳим учун худонинг қаршисида жазомни тортишга тайёрман. Бўлар иш бўлди. Энди ортга йўл йўқ!..»
Кунлар ўтаверди. Севинч навбатдаги сафардан қайтиб, чарчаганига қарамай, бозордан хабар олиш ниятида келганди. Шу гал негадир манзара сал бошқачароқ намоён бўлгандек туюлди. Онасига айтмоқчи, ёши улуғлар бу сафар икки қўли кўксида салом беришмади. Уни кўрди дегунча шоша-пиша бош ирғаб саломлашган бўлишди-ю, ими-жимида нари кета бошлашди. Ён-веридаги пештахта эгалари ҳам қовоқ уйганча совуқ сўрашишди. Аммо Жасур мамнун эди. Бир ой ичида ўрганиб кетибди бозорга. Ҳали у дўкон, ҳали бу пештахтага яқин бориб, нималарнидир ҳал қилар, кимларгадир алламбалоларни тайинлаб қайтарди.
Севинч беихтиёр кўнгли ғашлангандек бўлиб ҳушёр тортди. Жасурни ўзига сездирмай кузатишга тутинди. Бироқ катта бозорда бунинг сира имкони йўқ эди. Девдек йигитнинг ортидан дум каби эргашиб юра олмаслигини ўзи ҳам яхши билади.
— Лайло, — шивирлади сотувчисига аста.
— Тинчликми? Жасур айтганингизни қилдими мен йўқлигимда?
— Вой, опа, бу бола жуда ўзгариб қолган, — ёрилди ниҳоят Лайло пайтдан фойдаланиб. — «Деловой» бўп кетган Жасурингиз.
— У нима дегани? Ўзбекчалаб айтсангиз-чи!
— Уни-чи, икки-учта безори ўртоқлари боракан. Ўшаларни ёнига олиб бозордаги катта-катта савдогарлардан улуш йиғадиган бўлибди. Жийронбек акани қора қилиб билган қандини еётганмиш.
— Нима? Ж-жийрон акани нега қора қилади? Жинними у? Нимага улуш йиғади? Нима ҳақи бор?
— Билмасам, опа, — ер чизди Лайло елка қисиб. — Сиз кетганингиздан бери ўзгариб қолган Жасур.
— Шунақами ҳали? Яхшиликка ёмонлик экан-да! Мен у болани яхши йигит деб юрсам, безори экан денг?! Майли, ҳозир адабини бераман. Ярамас! Ҳайрон бўлувдим-а қўшнилар нега менга ола қарай бошлашибди деб! Гап буёқда экан-да!..
Ана-мана дегунча кеч тушди. Одатига кўра, Севинч «мол» йиғиштириш палласида бозорда бўларди. Иш битиб, Лайлони кузатгач, Жасурга юзланди. У хотиржам эди. Тезроқ рухсат тегишини кутиб, қур-қур Севинчга ер остидан қараб қўярди.
— Жасур, хунук гаплар эшитиб қолдим, — шошилмай гап бошлади Севинч. — Шу ростми?
— Қанақа гап, опа? — ҳеч нарса бўлмагандек, қаддини ғоз тутиб сўради Жасур.
— Ўзингиз билмайсизми? Англамадингизми?
— Йў-ўқ, тушунмадим. Ҳамма ишларимиз жойидайди шекилли. Тағин… Билмадим.
— Нимага безориларга қўшилдингиз? Нима учун қўшни пештахта-дўконлардан улуш йиғяпсиз? Ким ҳуқуқ берди сизга, ким?
Жасур айбдорона бош эгди. Бир неча дақиқа ҳеч нарса демай, тек тураверди.
— Гапирмайсизми? — энди жеркиган оҳангда сўз қотди Севинч. — Тилингиз танглайингизга ёпишганми? Нима қанд еб юрибсиз ўзи?
— Бўйнимга оламан, — ниҳоят жавоб қилди Жасур. — Улуш олганим рост. Аммо ҳаммасини сизни деб қилдим, ишонинг!
— Ие, нега мени деб қиласиз? Мен сизга пул топиб кел, бировларни қақшатиб улуш ол деганмидим? Мени хароб қилмоқчимисиз сизам?
— Опа, илтимос, юринг, сизни бир жойга обораман! — деди Жасур қовоқ уйиб. — Ўша ерда ҳаммасини тушунтириб бераман. Менга ишонасизми? Ишонсангиз, юринг, опа!
— Башарти ишонмасам-чи? Шунча ишларингиздан кейин қандай ишониш мумкин сизга?
— Опа, мен сизга хиёнат қилмадим, тузлиғингизга тупурмадим. Нимаики қилган бўлсам, сизга яхши бўлсин дедим. Илтимос, юринг, борайлик!
— Қаерга олиб бормоқчисиз мени?
— Бозордан унча узоқмас. Икки бекат нарида холос.
— Шунақами? Майли, қани, юринг-чи, борайлик-чи, нима каромат кўрсатаркансиз!?.
Жасур илтимоси ерда қолдирилмаганидан мамнун бўлиб пилдираганча Севинчнинг олдига тушди.
Улар айтилган ергача пиёда боришди. То манзилга етгунча умуман гаплашишмади.
Жасур ўнгдаги кўк эшикни очди-да, Севинчни ичкарига таклиф қилди.
— Мен шу уйда яшайман, опа, — деди муштдеккина ҳовлига киришгач. — Кираверинг, ота-онам меҳмонга кетишган. Ҳеч ким йўқ.
— Тушунмадим, — деди Севинч кўримсиз бу ҳовлини кўздан кечираркан. — Мени нега судраклаб келдингиз бу уйга? Мақсадингиз нима?
— Ичкарига кирайлик, ўзингиз кўрасиз, — деди Жасур ҳамон юзидаги жиддийлик нари чекинмай. — Марҳамат, опажон!
Севинч хоналардан бирига кирди. Хона деворларининг сувоқлари ҳар ер-ҳар еридан кўчиб-кўчиб тушган, бир бурчакда турган кийим ечадиган шкафни айтмаса, жиҳоз деярли йўқ эди.
Жасур шоша-пиша шкафни очди-да, ичидан каттакон сумка чиқарди ва полга ағдарди.
Сумка ичидан тўкилган даста-даста пуллар ҳаммаёққа сочилиб кетди.
— Опа, мана шу пулларнинг ҳаммаси сизники, — деди Жасур.
— Ё бу гапимгаям ишонмайсизми?
— Буларни қаердан олдингиз? — саволга савол билан жавоб қайтарди Севинч. — Гапиринг тез!
— Қаердан бўларди?
— Севинчнинг кўзларига тик боқди Жасур.
— Булар бир ойдан бери олган улушларим. Сафардан қайтишингизни кутаётгандим.
— Нима, сиз мени ҳаром пулларни берсам, индамай олаверади деб ўйладингизми?
— Опа, бу пуллар ҳароммас! Бошингиздан ўтказган оғир кунларни, энг яқин кишиларингизни йўқотганингизни эшитдим. Кимлар сизни бахтсиз қилганиданам хабарим бор. Шунга…
— Ўчиринг чакагингизни!
— беихтиёр бақириб юборди Севинч.
— Йўқотинг рўпарамдан бу ҳаром пулларингизни!!!
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ.
⏩✍ t.me/otaonatopilmaydi 📚⏪
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
💞⚘СОГИНГАНЛАРИМ⚘ 💞
┄┅অঠই✯❤️✯ইঠঅ┅┄
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
Телеграм канали сахифасидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев