ИККИНЧИ ФАСЛ)
Йўлда кетиб боришарди-ю, Севинчнинг бағрини алам тиконлари тирмалар, заҳридан жони оғриб-оғриб берарди. Ўзини худди жаллод етагидаги маҳкум ҳисоблаб, ҳали дунёга келмаган гўдакнинг сўнгги ғойибона йиғиси қулоқларини тешай берди.
«Ҳеч бўлмаса мана шу кампир раҳмимни еса бўлмасмиди? — ўйларди у. — Буям Толибнинг тешасини чопяпти. Қўрқади-да ўлгудай! Ҳаммаси ўзининг тинчини ўйлайди. Зўрнинг олдида яхши кўринишга интилади. Йўқ, мен қасдма қасдига шу болани олдирмайман. Мана кўради, атайин бир йўлини ўйлаб топаман-у, қочиб кетаман. Майли, кўчаларда хор бўлиб ўлсам ўлайки, шу ҳаромхўр Толибнинг гапини ерда қолдираман. Энди менга барибир. Уялмасдан менга зўрлик қилдими, қараб турсин ҳали…»
Севинч бора боргунча хаёлнинг турли кўчасига кириб чиқди. Қандай қилса, не йўл топса, врачлар курсисига ётмаслиги, бола омон қолиши хусусида бош қотирди. Ҳадеганда ақли ета қолмади. Қай кўчага бош суқмасин, тангадеккина ёруғлик кўринмасди. Севинч хуноби ортиб, дардини Орзиниса кампирга шипшитгиси келди.
«Аёл-ку, балки шу кампир бир йўлини топиб мени балодан қутқариб қолар?» деган хаёл уни оғиз жуфтлашга ундади. Яхшики, вақтида калласи ишлаб қолди. Беихтиёр олдинга тикилганча рулни бошқариб бораётган ҳайдовчига кўзи тушди. У Толибнинг одами экани ёдига тушиб, тилини тишлади…
Шу алфозда поликлиникага етиб келди. Орзиниса кампир биринчи бўлиб пастга тушди-да, Севинч қочиб кетмасин дедими, билагидан маҳкам ушлаб тушишига ёрдамлашган бўлди. Пастда ҳам билагини қўйиб юбормади. Бир оғиз сўз демай, поликлиника ичкарисига бошлаб кетди.
Севинч орқасига қарай-қарай кетиб борарди. Шу баҳонада ҳайдовчини кузатарди. Ичкарига кириб йўлакнинг ўнг тарафига бурилишгандан сўнг буткул безовталик исканжасига тушди. Поликлиникага одам сиғмайди. Врачлар, ҳамширалар, беморлар бир-бирларига йўл бермай ўзларини худди тўлқин каби уёқдан буёққа уришади. Хўш, нима қилади энди? Ҳозир кампир уни тўғри гинеколог ҳузурига бошлаб киради. Курсига ётқизишади-ю, ҳаммаси тугайди. Орзулари, режалари, ниятлари саробга айланади. Наҳотки, бирор йўли топилмаса? Шундай катта даргоҳда бекитиқча чиқиш жойи йўқмикан?..
Шу тобда Севинчнинг мияси бир фикр келди ва фикрининг тўғри-нотўғрилигига эътибор қилиб ўтирмай, таққа тўхтади.
— Ҳа-а, нима бўлди сенга, қизим? — сўради Орзиниса кампир ҳайрон бўлиб. — Нега тўхтаб қолдинг? Бирор еринг оғрияптими?
— Эна, ҳ-ҳожатга чиқиб келсам майлими? Ахир…
— Оббо, шуниси етмай турувди энди,
— норозиланиб атрофга аланглади кампир.
— Қай гўрдайкин ҳожатхонаси бу ернинг? Кел, биронтасидан сўрайлик-чи!
Орзиниса кампир сал нарига юриб, шошилганча кетиб бораётган оқ халатли қизни тўхтатди.
— Қизим, ҳожатхонаси борми бу ернинг?
— сўради ҳийла овозини пасайтириб. — Гангиб қолдим дўхтирхонангда!
— Ҳов анави ёққа борсанглар, чап қўлда, хола!
Қиз кўрсатган томон одамлардан ҳийла холи эди. Севинчнинг қалбида номаълум умид учқунлади. Айниқса, ҳожатхона биринчи қаватдалигини кўриб унга жон кирди. Ҳа, агар кампирни ташқарида қолишга кўндира олса, бир иложини топарди. Башарти ҳожатхона деразаси йўлга тескари турса, нур устига аъло нур бўларди.
Бу нияти ҳарқалай амалга ошди. Орзиниса кампир унга қўшилиб ичкарига киришни лозим топмади. Тезроқ чиқишини тайинлади-ю, эшик олдида қолди. Севинч эса кира солиб деразаларни кўздан кечирди.
Худо йўлиини берса, ҳеч гапмаскан. Четроқдаги дераза қабати очиқ эди. Бир сакраса, поликлиника гулзорига тушаркан. Уёғи девор билан ўралибди. Деворни ёнлаб борса, балки бошқа бир кўчага олиб чиқар…
Севинч айни лаҳзаларда тутаётган ишининг оқибатини ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмасди. Кўзларига ҳомиласидан, тинчлигидан бўлак ҳеч нарса кўринмасди.
Ён-верида ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, таваккал дераза орқали пастга сакради ва деворни паналаб кетаверди. Девор охирига етгач, темир эшикчага рўбарў бўлди. Эшикча ёпиқлигига қарамай, панжара орасидан сирғалиб ўтиш имкони бор экан. У эҳтиёткорлик билан иккита панжара орасидан ўтди-да, деярли кимсасиз кўчага чиқиб олди.
* * *
Хўш, энди нима қилади? Қай томонга юради? Толибнинг таъқибидан қандай қочади? Жонини қай йўл билан асрайди?
Севинч боши гарангсиган кўйи дуч келган тарафга қараб юрди. Кун ҳам асрдан оғиб борарди. Шошилмаса, қоронғи кечада дар қолиши муқаррарлигини ҳис этгани сайин адо бўлай дерди. У юра-юра қатор кўп қаватли уйлар жамланмасигача етди. Шу ерда тўхтаб пича нафас ростлашни ихтиёр қилди. Тўхтади дегунча баттар юрагини ваҳима босди. Қўрқа-писа ортга ўгирилди. Хайрият, ҳеч ким қувиб келмаётган экан.
«Ҳозир Орзиниса кампир поликлиникани бошига кўтариб чопаётгандир, — ўйлади Севинч оғир хўрсиниб. — Ҳайдовчисиям машинасини ғизиллатиб шаҳар кезиши тайин. Агар шу тахлит тураверсам, бу ергаям етиб келади у яшшамагур. Яхшиси, кўздан панароқ жой топиб, беркинганим маъқул. Эрталабгача чидасам, Худо бир йўл берар, ҳеч қурса Жийронбек акани қидириб топарман. Аҳмоқман-да ўзим ҳам, ўша одамни кутишим керак эди. Э, нима деб валдираяпман? Кутишга қўярмиди анавилар?!. Қуриб кетсин, шундай замондаям кўчада тиланчидан баттар аҳволда қолсаям бўларкан-а одам! Кирарга уйинг, еярга нонинг бўлмаса-я! Қандай хўрлик ўзи бу? Чўнтагимда бир даста пул бор. Лекин бу пулларни сарфлашга қўрқаман. Ҳаром бу пуллар! Бировнинг ҳақини сўрамасдан олволганман. Тўғри, Толибнинг ўзи қайта қўлимга тутқазиб қўйди. Бироқ бошқа мақсадда ишлатишимни талаб қилди. Мен бўлсам, буни хоҳламайман. Атайин, қасдма қасдига шу болани олдирмайман. Қийналиб ўлсам ўламанки, туғаман. Майли, шармандаликлардан пес бўлиб кетай, лекин қароримни ўзгартирмайман, гапимдан қайтмайман. Ҳали мени билмаскан Толиб. Худо хоҳласа, болани мана шу қўлларимда кўтариб катта қиламан. Зўр одам қилиб ўстираман. Гадойлик қилиб бўлсаям боқаман уни. Тўхта, нега энди қўрқишим керак? Оч-наҳор юргандан кўра, бекиниб-пусиб егулик топсам-чи? Қорним тўйса, қўним ҳам топилиб қолар. Мени кўриб ўтиришибдими? Ҳеч ким танимаса, бозорми, дўконми, ишқилиб, егулик сотиладиган жой бўлса бас. Ими-жимида оламан-у, ётарга жой излайман. Ҳеч ким кўрмайдигган, овозимни эшитмайдиган ер топаман. Ҳозир ҳаром-ҳалолни ўйлаб ўтирадигган пайтми?!.
Севинч шундай хаёллар билан уйларни оралаганча олдинга юрди. Ҳеч кимга эътибор бермади, ҳеч кимни эшитмади, ҳушёр бўлишга интилиб, дилгирликни қўлдан бермай кетаверди. Уйлар тугаган ердан сал нарироқда кичик бозорча бор экан. Ўша ердан ўзига керакли егуликларни харид қилди. Бозорчи аёл тутқазган қоғоз халтача тўла нарсаларни қўлига олди-да, яна олдинга босди.
Шу тобда орқадан машина келаётганини пайқаб илкис тўхтади-да, ортга ўгирилди.
Машина нотаниш эди. Аммо ҳайдовчиси кал бошини ойнадан чиқариб, нуқул қўл силтарди.
Севинч қўрқиб кетди. Бу машина айни Толибга қарашли эканига сира шубҳаси қолмади. Юраги қинидан чиққудек потирлаб, олдинга югура кетди.
Бахтга қарши узоққа бора олмади. Машина ўқдек учиб келиб йўлига кўндаланг бўлди.
— Синглим, нега бунча қўрқоқсиз? — сўради узун бўйли ҳайдовчи машинадан тушиб Севинчнинг олдини тўсаркан. — Ё мени ёмон одамга ўхшатдингизми? Наҳотки, шунақага ўхшасам?
— Сизга нима керак? — гапни калта қилишга ҳаракат қилиб жаҳл аралаш сўради Севинч қовоқ уйиб. — Кимсиз? Мен сизни танимайман.
— Э, ўзингизни босволинг! — ҳайдовчининг жаҳли қўзғадими, дўқ аралаш, овозини кўтариброқ танбеҳ берди. — Мени Жийронбек акам юборди.
Шундан кейингина Севинч иситмаси тушган бемордек енгил тортиб, бўшашди.
— Ўтиринг-э машинага! — унинг бўшашганини кўриб, ҳайдовчи кулимсиради. — Биламиз, ҳаммасидан хабаримиз бор. Ана, поликлиника ичкарисида ҳалиям тўполон бўлиб ётибди. Толиб акангиз ҳаммасини оёққа турғазганмиш.
— Уни… Қамашмадими? — ҳадик аралаш сўради Севинч машинага ўтираётиб. — Ахир…
— Қамашга улгурамиз, ҳозирча текширув ишлари кетяпти. Қочиб қаергаям борарди?
— Сиз… Алдамаяпсизми? — Севинч негадир ишонқирамаётгандек ҳайдовчига тикилиб сўради. — Тағин Толиб аканинг одами бўлманг!
Ҳайдовчи унга жавобан кулиб юборди.
— Нима, ҳужжат кўрсатайми? — дея киссасини ковлаб гувоҳномасини чиқарди-да, бир марта намойишкорона юқорига кўтариб, қайтадан жойига солди. — Жийронбек ака юборди мени, синглим, қўрқманг! Ҳозир сизни идорага олиб бораман, ўша ерда кутиб ўтирибди ака!
* * *
Қўрқув Худонинг ҳар қандай бандасини кийик каби ҳуркак қилиб қўяркан. Идорага етгунча Севинчнинг бўлари бўлаёзди. Кўзига ҳар бир иморат, одам, машина шубҳали кўринаверди. Аслида ишончли қўлларда эканини, ҳеч ким раҳна сололмаслигини ҳис этиб турди. Бироқ юраги барибир ғаш тортаверди.
Аксига олгандек, ўша паллада Толибни қўлга олишибди. Кимдир ҳайдовчига рация орқали хабар қилиб қолди. Шу нарса сабаб бўлиб етиб боришгандан кейин Жийронбек ака унга икки дақиқагина вақт ажратди. Шунда ҳам ҳеч нарса демади. Қўлига қайсидир квартиранинг калитини тутқазиб, ҳайдовчига элтиб қўйишини тайинлади-ю, югурганча чиқиб кетди.
Севинчнинг қалбини тушкунлик тумани қоплади. Толибнинг қўлга олиниши кўксини каламуш каби кемираверди.
— Баттол яқинда яна бир одамнинг бошига етибди, — деб қолди ҳайдовчи Севинчнинг ярасига туз сепиб. — Айтишларича, ўзи истироҳат қиладиган хонада бўғизлаганмиш. Қассоб бўп кет-э, ғаламис! Вей, одам ўлдиришам чумчуқ сўйишдай гапакан-да унақаларга!
Бу гап Севинчнинг миясига гўё гурзи каби урилди. Ҳатто, ўтирган ерида қалқиб кетди.
«Вой, ўлдим энди, — кўнглидан кечирди лаб тишлаб. — У сотиб қўйса-чи? Терговчилар сиқувга олса, мени кўрсатса нима қиламан? Ростакамига қамалиб кетаман-ку! Кейин нима бўлади? Афсус, пешонаси ярқирамаган, Худо урган қиз эканман. Худо урмаса, бировнинг танасига тиғ санчармидим? Қайси юрак, хаёл билан шу ишни қилгандим ўзи?.. Билмайман, тушунмайман! Ўшанда қаттиқ қўрққаним эсимда…»
— Энди нима бўлади? — қўрқа-писа савол ташлади ҳайдовчига. — О-одам ўлдирган дедингизми?
— Ҳа, — жавоб қилди ҳайдовчи пинагини бузмай. — одам ўлдирган. Бе, у зўравоннинг елкасида унақа қотилликларнинг камида беш-олтитаси турибди, синглим. Ўғри, босқинчилигини-ку, айтмай қўя қолай.
— О-охиргиси ким экан? Айтибдими?
— Қайдам, мен терговида бўлмадим ҳали. Умуман, бизни киритишмайди унақа жойларга. Оддий ҳайдовчимиз-да! Хўжайинларни қаерга олиб бориш керак бўлса, чақиришади. Терговга эса… Э, Худо асрасин! Чақирмагани яхши. Бало ўзларидан келиб, ўзларидан кетаверсин!
— Мени-чи? Мени чақиришармикан? Нима деб ўйлайсиз, амаки?
— Сизними?
Ҳайдовчи бир қўли билан бошини қашиб олди.
— Чақиришлари мумкин. Ҳар ҳолда Толибникида яшагансиз. Қолаверса, Жийронбек аканинг айтишига қараганда, уни тутишда ёрдамингиз текканмиш. Шуларни бир сўраб-суриштиришса керак-да!
— Илойим шундай бўлсин!
Севинч билдирмайгина ичига туфлаб олди-да, кўзларини юмди.
* * *
Ижара уй эгалардан холи экан. Шунга қарамай, Севинчни безовталиклар тарк этмади. Устига устак уйқуга кетибди-ю, тонгга яқин ёмон туш кўрибди. Тушида қўлларига кишан солиб, аллакимлар яйдоқ чўл томон судраб кетаётганмиш. Сўраса, «Сени қатл этамиз» дейишибди. Ҳатто уйқуда ҳам ўлимни қалбан ҳис этиб, бўлари бўлибди.
Тонг ёриша бошлаганда қора терга ботиб уйғонди. Ҳануз кўрган туши таъсиридан чиқа олмай, ўпкаси тўлиб келди. Қисматида турмага тушишдек даҳшатли кўргилик ҳам борлиги жуда-жуда алам қилди.
Шу тахлит ўтирганда, ташқари эшик тақиллади. Севинч сапчиб ўрнидан турди-да, йўлакка чиқиб ташқарига қулоқ солди. Аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғири эшитилди. Бу Севинчнинг юрагидаги ғулғулани минг чандон ошириб юборди. Лекин… На илож? Таъқиб, жазолардан қочиб қутула олмайди. Толиб албатта сотиб қўйишини кечаёқ кўнгли сезган. Мана, адашмаса, мелисалар келибди чоғи. Ҳозир қўлларига кишан солишади-ю, олиб кетишади…
Севинч кўзларини чирт юмган ҳолда титраб-қақшаб эшик зулфинини суғурди.
Ҳақиқатан, ташқарида икки милиционер турарди.
— Севинч сизми? — сўради улардан бири совуққонлик билан.
— Ҳ-ҳа, мен, — дея олди зўрға Севинч жавдираб. — Нимайди?
— Биз билан юришингизга тўғри келади.
— Нега?
— Идорага боргандан кейин биласиз. Тез кийиниб чиқинг, шошиб турибмиз!
Севинч бир муддат довдираб қолди. Милиционерлардан сўрагиси, ҳақиқатни англагиси келаверди. Аммо ҳадеганда тили калимага кела қолмади. Сўрамасликка ҳам қайсар қалби кўнмаяпти. Шу ернинг ўзида олиб кетишларининг сабабини билишга ундаяпти. Хўш, қандай сўрасин? Уришиб ташлашса-чи?
«Уришишса ўлиб қолармидим? — ўзига ўзи хаёлан далда берди Севинч. — Тилимни суғуриб олишмас ҳар ҳолда. Сўрайман. Аниқламасам, тинчлана олмайман…»
— Менга сабабини айтмагунингизча ҳеч қаерга бормайман, — деди ниҳоят дадиллашиб. — Куч ишлатсангиз, Жийрон акани ёрдамга чақираман.
— Ким у Жийрон акангиз? — милиционерлар бараварига савол ташлашди. — Эрингизми?
— Оғзингизга қараб гапиринг! У киши хавфсизликда ишлайди.
— И-ие, шунақами? — иккала милиционер ҳам бу гапни эшитибоқ оғзини кафтлари билан ёпди. Ўнгда турган паканароғи оҳиста шивирлади.
— Синглим, тағин билмадим-у, адашмасам, Толиб деган жиноятчи масаласида чақиришган бўлишса керак сизни. Бошлиғимиз қаттиқ тайинлади. Дарҳол сизни хавфсизлик хизмати идорасига етказишимиз керак экан. Энди борасизми?
Севинч милиционернинг беўхшов кулимсираши ғашини келтирса-да, норозиланганини сир тута олмай, ўзича ғудраниб, кийимини алмаштириш илинжида ичкарига юрди.
— Ҳа, бораман! Бормасам қўярмидиларинг?!.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ.
⏩✍ t.me/otaonatopilmaydi 📚⏪
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
💞⚘СОГИНГАНЛАРИМ⚘ 💞
┄┅অঠই✯❤️✯ইঠঅ┅┄
💘➶⁀➷‿➶⁀➷‿ ➶⁀➷‿
🍃🌹🍃💞🍃❤️🍃💞🍃🌹🍃
Телеграм канали сахифасидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев