Қадим замонларда кимсасиз ва ёлғиз бир қиз яшар эди. Ёлғизликдан жуда ҳам сиқилган, ҳаётдан хафа ҳолда кўча кезар экан, бир капалакнинг шохлар ичида қолиб кетганига кўзи тушибди. У ердан чиқиш учун ҳаракат қилаётган капалак қанотларига янада кўпроқ зарар берар эди. Буни кўрган етим қиз эҳтиёткорлик билан капалакни шох-шаббалардан қутқарибди.
Капалак эса учиб кетиш ўрнига қизнинг олдига келиб, гўзал парига айланибди ва қизга дебди: “Сен жуда ҳам яхши, пок қалбли инсон экансан, шу сабабли сенга бир тилак тилаш имконини бераман”.
Қиз бироз ўйлагач, парига: “Бахтли бўлишни хоҳлайман”, - дебди. Пари қизнинг қулоғига бир нималарни шивирлабди-да, ғойиб бўлибди.
Қиз ёши ўтган сари доим бахтли ва хурсанд бўлиб юрар эди. Бу бахтиёрликнинг сирини сўраганларга, ёшлигимдаги парига йўлиққанлигим, дея жавоб берар эди.
Вақт-соати етиб, ажал унга яқинлашганда, атрофдагилар ундан пари унга нима деганини сўрашибди. Кексайган аёл эса табассум ила дебди: “Пари менга шундай деган эди: “Қари бўлсанг ҳам, ёш бўлсанг ҳам, бой бўлсанг ҳам, камбағал бўлсанг ҳам… атрофингдагиларга кераклигингни унутма”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев