Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Сизга аламларни айладим тортиқ.
Қалбингиз меҳрга муштоқ экан зор,
Сизга жабр этдим ўзимдан ортиқ.
Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Ахир мен соддадил, ягонаман-ку.
Гина-ю, аразни отинг орқага,
Мен ғараз, гинага бегонаман-ку!
Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Саробга айланган афсона тушман.
Баъзида бўларман ўзимдан безор,
Самода умидсиз учган бир қушман.
Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Сизни қийнайвериб бетоб ҳам қилдим.
Бугун мен иқрорлик шарбатин тотиб,
Ўтмишни тарихга китоб ҳам қилдим.
Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Сиз бўлинг мен томон, мен –сизнинг томон.
Армонлар туби йўқ уммонга чўксин,
Йўлимиз гулласин нурафшон, равон.
Сиз мендан ранжиманг, ранжиманг зинҳор,
Руҳим вужудимга қилиб қўяр дўқ.
Сўзимга ишонинг, сизга нисбатан –
Қалбимда заррача адоватим йўқ.
Дониёрбек Раимжонов
"Соғинч" шеърий тўпламидан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев