Шунга қарамай бекатда тушгач тез- тез уйига шошиларди.
Хаёлида бир ўй:
- Додам қийналиб қолмаганмиканлар?
Мана уч ойдир- ки, саксонни қоралаган додаси улар билан кўп қаватли уйнинг икки хонали квартирасида бирга яшаяпти. Сабаби ҳар йилги ўша сабаб: ота- онаси яшайдиган махаллада қиш келиб кунлар совиши билан газнинг босими пасайиб , уйлар музлаб кетади.
Шундай кунлар келиши билан Назрулла дода дарров тўнғич набира Жаҳонгирларникига кўчиртириб келинади . Махалладаги ҳовлида иккинчи ўғил Замонгир ота- онаси билан қолган. Замонгир Жаҳонгирдан уч йил вақт ўтгач уйланди. Тўйи бўлганига икки ой бўлди. Ҳали фарзандлик бўлмаганлиги учун совуқнинг забтига амал- тақал қилиб чидаб келишмоқда.
Аммо Назрулла дода қариликни бу йил анча бўйнига олиб қўйганди. Тез- тез безовталаниб туради. Икки қадам наридаги ҳожатхонага боришга ҳам кучи етмай қолганига бир ойча бўлиб қолган. Шундан буён Жаҳонгир пешинда ҳам азбаройи тушлик қилиш учун эмас , балки додасини енгиллатиб кетиш учун ишдан уйга чопади.
Ўйлагандек додаси уни кутиб ётган бўлади. Жаҳонгирнинг саломини эшитиши билан бурчакдаги тувакка ишора қилади : "Тураман"
Жаҳонгирнинг бахтига аёли тилла чиққан. Бобосига қизлардан аъло қарайди. Бир ярим яшар қизчаси Мунисани хонтахтанинг ёнидаги кўрпачага ётқизади-ю , қайнота додасига "каша" ёки шўрва тутади :
- Иссиғида ичиб олинг ...
Кейинги уч кунда доданинг қаттиқ тоби қочди .
Туни билан қуш уйқусида ухлайди. Ҳар беш дақиқада инқиллаб Жаҳонгирни чақиради :
- Болам , тураман ...
Жаҳонгир додасини туни билан ўтқазиб , турғазиб бели майишиб кетди. Тонгга бориб кўзи илинган экан эшикнинг оҳиста ғийқиллашидан уйғониб кетди.
Аста ўрнидан туриб ювиниш хонасига , сўнгра ошхонага ўтди. У ерда аёли Ҳафиза Жаҳонгирга маҳзун жилмайди:
- Уйғотиб юбордимми? Ҳозир ширгуруч пишади.
- Сутга пулни қаердан олдинг ...- Жаҳонгир хўрсинди.
- Сутчи ҳола қачондир пул топсангиз берарсизлар , биламан оқликка ҳиёнат қилмайсизлар деди.
Жаҳонгир индамади. Аммо кўнглидан "Яхшиларнинг борига шукр" деган ўй ўтди.
Жаҳонгир қурилиш моллари сотиладиган дўконда ишлайди. У нафақат сотувчи , балки қоплоқчи , ташиб берувчи , ортувчи вазифаларини ҳам бирдек бажаради.
Уйидагилари тўйдан яхшигина қарз билан чиқишгани учун баъзан рўзғорида етишмовчилик бўлиб қолса ҳам уларга тиш ёриб бир нарса дейишга бети чидамайди, эркаклик ғурури йўл қўймайди. Маоши эса унисидан бунисига етмайди. Бу ёқда Ҳафиза яна юкли бўлиб қолган. Бояқишга "Кўнглинг нима тусаяпти ?" деб савол беришга ҳам...
- Болам ... Жаҳонгир ...
Ичкаридан Назрулла отанинг инқиллаб чақиргани эшитилди. Жаҳонгир Ҳафизага савол назари билан боқди:
" Одатда додам бунақа пайтда ухлар эдилар-ку ?"
Жахонгир додасининг хонасига кирганда , Назрулла дода ўринда ёстиққа суяниб ўтириб олган эди :
- Болам , юзимни ювиб олай ,- деди у қисқа - қисқа нафас оларкан.
Жаҳонгир зумда сув тайёрлади. Додаси унинг ёрдамида юз - қўлларини чайиб олди.
Сўнгра Жаҳонгирга :
- Ёнимга ўтир,- деди энтикиб ва қўлини дуога очди ,- қани болам овмин. Олгин- у олдирмагин. Ота- онанг, қовму - қариндошлар сендан фақат роҳат кўришсин. Барчанинг корига бирдек ярайдиган бойвачча йигит бўлгин. Омад ҳамиша ортингдан қувсин. Аллоҳ доим бирингга минг , минггинга туман берсин. Дарстурхонинг доимо ёйиқ , ичи қут ва баракага тўла бўлсин. Фарзандларинг ҳудди ҳозир мени иззат қилганинг каби атрофингда парвона бўлишсин.
Дода шундай деб қибла томонга юзланди:
- Ё Қодир Эгам ! Шу дуоларимни ўзинг ижобат айла ! Илоҳи овмин ...
Назрулла дода толиқиб қолди. Жаҳонгир уни ўрнига ётқизиб ўзи "Ширгуруч пишдимикан?!" дея хабар олиш учун ошхонага йўл олди.
... Назрулла дода шу куни шомга бориб узилди.
2021 йил, июнь
Эшикнинг ғийқиллаб очилиши Жаҳонгир аканинг уйқусини ўчирди.
Аста юриб ошхонага чиқди. У ерда Ҳафиза ерга катта дастурхон тўшаганча бир дунё пишириқларни катта қоғоз қутиларга бўлиб - бўлиб жойлар эди.
Сал нарида дасталанган нонлар , яшикларда эса сархил мевалар уйилиб турарди .
- Ҳафиза , нима ҳаракат ?
Ҳафиза бошини кўтариб эрига қараб жилмайди :
- Ассалому алайкум , адаси , яхши ётиб турдингизми ? - у дастурхонга ишора қилди ,- буни қаранг , адаси. Мунисанинг тўйидан шунча нарса ортиб қолибди. Кеча Назруллангиз куни билан қариндошларникига шунақа қутиларда егуликлар тарқатди. Ҳеч камаяй демайди. Шунга бугун нонуштага қўни- қўшниларникига ҳам улашиб чиқсин дегандим. Ҳали икки музлаткич тўла гўшт маҳсулотлари ҳам навбатини кутиб турибди.
- Яхши ўйлабсан , хотин ...
Жаҳонгир ортиқ гапиролмади.
Чунки...
Қўл остида ўндан ортиқ йирик дўконлари бор бўлган номдор тадбиркор Жаҳонгир Асқаровнинг қулоқлари тагида бундан салкам йигирма йил аввалги дуо жаранг сочгандек бўлганди :
- Омад ҳамиша ортингдан қувсин. Аллоҳ доим бирингга минг , минггинга туман берсин. Дарстурхонинг доимо ёйиқ , ичи қут ва баракага тўла бўлсин. Фарзандларинг ҳудди ҳозир мени иззат қилганинг каби атрофингда парвона бўлишсин.
- Ё Қодир Эгам ! Шу дуоларимни ўзинг ижобат айла ! Илоҳи овмин ...
Илоҳи овмииин ...
Тамом
Ушбу ҳикояга қаҳрамон бўлган эр- хотинни шахсан танийман (уларни жуда кўпчилик танийди , шунинг учун исмларини ўзгартирдим ). Охиратлари обод бўлсин Назрулла ота ҳам ёдимдалар.
Ва ...
Дода - буви , ота- оналарнинг фарзанд ҳаққига қилган дуолари албатта ортиғи билан ижобат бўлишининг ҳам гувоҳи бўлдим...
Нима ҳам дердим...
Бизга яхшилик , савоб ва олган , олишимиз мумкин бўлган гўзал дуолар ҳамроҳ бўлсин ...
Амииин ...
Муаллиф : Хазонрезги.
#Билол.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 20
Дуо олтин эмасми