ЙЎҚОЛГАН ҚИЗДАН МАКТУБЛАР
1-қисм
Даштдаги қишлоқчада тўй айни қизиган пайт ёмғир шаррос қуйиб берди. Аксига олиб дарахтлар йўқ ҳисоби. Нари-бери тортилган брезент чодир ёмғирни тўсолмай, меҳмонлар ҳам кетиш тараддудига тушиб қолишди. Аммо мастлар садоқат билан жойларида ўтиришиб баттар ичишар, уни ўчган карнайга, асбоб-ускуналарини йиғиштирган отарчиларга бир нимадир деб хитоб қилишарди.
-Яланғоч даштда тўйхона ҳам яланғоч бўлди, - деди Отамурод ака. - Ўлай агар, бундай об-ҳавода мен опамникида қоламан. Уйини биласан-а, Элмир? Катта йўлга чиқишда, шундоққина чап томондаги бир гектар ҳовли.
Йигит жавоб бермади. Боядан бери у мозор томонда, гуё икки терак бўйи юқорида илиниб турган кўмирдай қора булутдан кўз узмаётганди. Ун олтигаям кирмаган найнов шогирд чақирган эди, ёмғир суви юзини ювиб, иягидан оқаётган Элмир ҳушини йиғиштириб олди.
-Тезроқ бўлсанг-чи, - койиди Отамурод ака, - нима бало, мастмисан?.. Опамникига ташлаб қўясан мени, деяпман. Ёмғир баҳона, қатиқхўрлик қилмасам, бегона бўлиб кетаман. Жигарчилик ҳам осон эмас.
Элмир энди қозон бошига қаради. Коса-товоқ ювувчи қиз ва савлатдор хотин ғойиб бўлди. Тўйбоши хизматкорларга бақириб-чақириб, нарсаларни йиғиштиргизмоқда.
Шу пайт Элмирнинг қараб-қараб қўйганини пайқаб, лой кечиб, яқинлашди.
-Артист укалар, узр, бизнинг даштда об-ҳавоям акс, - деди у сохта мулозамат билан. - Нима бўлса борига барака, деймиз. Тўй ўзи охирлаб қолганди. ТўйгаямЮ ёмғиргаям, саноатларингизгаям... Барининг борига барака!
-Нимаям қилардик, - Отамурод ака сўнгги ускунани қўлтиқлади, - биринчи марта ёмғирда қолишимизми?
-Сиз ўзимизнинг одамсиз, хафа бўлманг, - тўйбоши унинг елкасига қоқди. - Ичкарига кирамиз, поччангиз келган эди-я, ёдимдан кўтарилибди.
-Николайдан қолган "Запорож" таниш туюлди, айтдим-а қайси қурумсоқники деб.
Улар кулишди. Элмирнинг кайфияти тушгандан тушди.
-Қани, укалар, сизлар ҳам, - дея тўйбоши четдаги уйга ишора қилди.
Маст-аластлар даврасида қисиниб ўтиришни тасаввур қилган Элмир "Дамас"и сари юраркан:
-Машинада кутаман, - деб тўнғиллади.
-Ие, Мажнуни шайдо, ёмон туш кўрганлар тўнини тескари кияверса, асаби бузилмаган одам қоладими?! Узоғи билан ўн дақиқа ўтирамиз, - деди Отамурод ака.
-Яхши, ўн бир дақиқадан сўнг жўнайман.
Элмир рулга ўтириб, эшикни ёпди. Найнов йигит асбобларни жойлаштиргач, "Дамас"га чиқсамми, ҳофизга эргашсамми, дегандек иккиланиб бош қашиди.
-Бу ёққа юр, - унинг енгидан тортди Отамурод ака. - "Особий" меҳмонлар дашт тўйларида ташқаридаги стол-стулни эмас, пирхонани банд этади. Қўрқма аянгга ўзим тушунтираман, эртага "Запорож" почча ўзи ташлаб келади. Эй, сен!.. - Ҳофиз Элмирга мурожаат этди. - "Инструмент"ларни тўғри уйингга оборавер, тушириб ўтирма, эртага яна тўй бор.
Ён эшик шиддат-ла ёпилди. "Дамас" мотори ўт олди. Тўйбошига кўз қисиб қўйган Отамурод ака муомаласини изоҳлади:
-Тушида болакай бўп қолганмиш. Аллақаёқдан қоп-қора от келиб, эшиклари тагида кишнабди. Вафот этган онаси (Худо раҳмат қилсин) отга миндириб қўйибди. Бир пайт от қутуриб кетганмиш. Ана шунақа-а... ана шунақа-а қилиб... -Ҳофиз ролга киришиб кўрсата бошлади. - Болапақир нимаям қилоларди, эгардан учиб тушибди. Бетонга йиқилгани етмагандек отнинг туёқлари мажақланиб кетибди. Ҳайрон бўлманг, бу ҳаммаси анави доирачимнинг туши. Қани, "бисмилло" деб, уйга бошланг. Ёмғирда ивиб тураверамизми?
Шифери туртиб чиққан уй ёнида туришганига аччиқ қилиб, ёмғир ҳам қиялатиб савалай бошлаганди. Элмир шерикларининг тарнов қўйилмаган шифер тагидан уйга чопиб кирганларини кўрди, машинани юргизди. Ўнқир-чўнқир дашт йўлидан катта йўлгача бир неча чақирим бор. Асфальт номигагина қолган бу йўлда машина ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Элмир уф тортди...
Отамурод аканинг феълини яхши билади, муомаласига ўрганиб қолган. Бироқ бугун анави қиздан бўлак ҳеч кимни кўришни истамади. Қанийди, у билан гаплашса... Илк марта учратиши эмас. Бир неча тўйда кўрган, ҳар гал юраги жизиллаган. Аммо қозон бошига бориб, идиш ювувчи қизга бир нима деёлмади. Қизиқ, биронта бола орқали чақиртирса, қиз келармикан? Ҳалиги хотин дарров изидан бориб, гаплашишга қўймаса керак. Балки хотин таъмагир чиқар. Алоҳида ҳовли-жойи, "Дамас"и бор, кимсасиз, ғирт бўйдоқ йигитни қўйвормай, қизни бўйнига илиб қўйса...
"Уйлансам арзийди", - деди Элмир ичида.
Сигарет тутатиб, аччиқ-аччиқ тортди. Отамурод аканинг "жигарчилик ҳам осон эмас" деган гапи дайди япроқ каби бирдан кўнгил ойнасига урилди.
"Менинг жигарларим йўқ... - деди у. - Ҳеч кимим йўқ. Ўттиз ёшимда, ҳеч қурмаса, уйлансам бўларкан. Хотиним, унинг қариндошлари, насиб этса, болаларим... Қанча қариндош!.. Борган сайин одамови бўлиб бораяпман. Йиққан-терганимга уй ва эскироқ "Дамас" олдим. Энди мебеллар олмоқчиман. Бир уюм жонсиз буюмлар орасидаги бахтсиз йигит бўлмоқчиманми?.. Барча шарт-шароитларни яратиб, кейин уйланаман, деб хато қилаяпман... Уйланаман, уйланмасам бўлмас экан".
Дашт ўртасидаги асфальт йўлда узоғи билан ўн беш қадам текис юриш мумкин, сўнгра гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга буриб, ўйиқларга чап бериш шарт. Асбоб-ускуналар сапчиб кетса, синади.
Канал буйига яқинлашганида, олдинда яна шунча йул борлигини ўйлаб, толиқиб кетди. Шу вақт иҳота дарахтзори четида турган оқ "Жигули"га кўзи тушди. Шляпали киши чиқиб, қўл кутарди.
-Ие, ҳофиз ука, ўзлари ёлғизми? - деди у ён эшикни очиб. - Бўш жой ўйлаганимдан ҳам кўп экан, бир кишини олиб кетмайсизми? Илтимос, ука.
-Машина бўзилдими? - сўради Элмир.
-Жин ҳам ургани йўқ. Бошқа иш чиқиб қолди, шунга... - шляпали эркак хушомадомуз кулди.
-Бўпти, чақиринг, - деди Элмир ноилож.
У кўп гапирадиган одамларни ёқтирмасди. (Отамурод ака бундан мустасно.) Йўловчиларнинг аксарияти сергап бўлишади, машинага ўтирдими, ё жағлари очилиб қолишади, ё магнитафон қўйишларини сўрашади.
Шляпали эркак "Жигули" томон қўл силкиди. Кейин Элмирга қараб:
-Адашмасам, заводгача борасиз-а? - деди. - Қизимизни бекатга ташлаб қўйсангиз, у ёғи бир қадам, пиёда кетаверади.
Элмир беихтиёр ўгирилиб, бежирим костюмча кийган хушсуврат қизни кўрди. Кўзларига ишонмади. У коса-товоқ ювувчи қиз эди. Рўмолини ечиши, қоп-қора сочини турмаклаши, костюмча кийиши бир қарашда ўзга қиёфада кўрсатар экан.
Шляпали киши Элмирнинг ёнига ундаса-да, қиз орқада ўтиришни истади.
-Яхши боринглар, - деди эркак мийиғида кулиб.
Элмирнинг кўнгли ёришди. Ёмғир ҳам тиниб, дашт жаннатга айланди. Йўлнинг узоқлиги қандай яхши. Айниқса, магнитафондан қўшиқ таралса...
Элмир пешойнадан мўралашга ҳайиқди. Бироқ энди жим ўтиролмас эди. Магнитафон қўйганининг ўзиёқ қизни чўчитиб юборганини сезса-да, томоқ қириб, сўради:
-Сиз шаҳарчаданмисиз?
-Ҳа, - деди қиз пешойнага ўғринча қараб қўйиб.
Оҳу кўзларида Элмирнинг юрагини жизиллатувчи ўша ўт бор эди. Қачонлардир қиз билан ёлғиз қолишни, худди шундай энтикишни йигит биларди, кутарди, интизор эди.
-Сизни танийман, лекин исмингизни билмайман, - Элмир бошини хиёл бурганди, қиз дарров нигоҳларини олиб қочди.
-Тўйларда кўрганман. Ёнингиздаги аёл кимингиз? Нега у "Жигули"да қолди?
-Иши бор экан.
-Иши денг... Одам ўзи опкелган шеригини ярим йўлдан бунақа ташлаб кетмаслиги керак. Кечирасиз, у сизга ким?
-Холам.
-Эркак-чи?
-Таниши.
Элмир ҳаммасини тушуниб, қизнинг бетайин хола қўлида ишлашига ачинди.
-Ота-онангиз борми? - Элмир сўрашга сўради-ю қизни хафа қилишдан чўчиб, дарҳол ўз аҳволини қўшиб қўйди: - Менинг на ота-онам, на қариндош-уруғим бор. Болалар уйида катта бўлганман.
-Ота-онам... - қиз бир муддат тин олди. - ... ота-онам бирга яшяшмайди. Учаламиз уч ёққа тарқаб кетганмиз.
-Нега? - Элмир магнитафон овозини пасайтирди. - Масалан, менинг ота-онамни ўлдириб кетишган. Чақалоқ ҳолимда бир одам олиб қочган, сўнг болалар уйига топширган. Душманлар ахтариб топмасин деб, мен ҳақимда аниқ маълумотлар бермаган. Ким билади, балки бу хаёлпараст тарбиячимнинг афсонасидир.
-Бизникиларнинг феъли тўғри келмаган, - қиз энди очилиброқ сўзлади. - Дадам баджаҳл, аям хушчақчақ. Кўп жанжаллашдилар, дадам аямни уриб, ҳатто судга тушдилар. Ахийри, ажрашишди.
-Холангизникида яшашни маъқул кўрдингизми?
-Аслини олганда, холамникида ҳам вақтинча турибман. У аямнинг амакисининг қизи, туғишган хола эмас. Мактабни тамомлаганимгаям олти йил бўлибдики, худди кўчада қолгандайман. Ўқувчилик давримда тўрт йил тоғамникида, бувимникида уч йил, амамларникида бир йил яшадим.
-Ноқулай бўлсаям бир нарсани сўрасам майлими?
Қиз зийрак экан, латиф жилмайиб, деди:
-Турмушга чиқмаганмисиз демоқчимисиз?
-Топдингиз. Лекин турмушга чиқмаганингиз таржимаи ҳолингиздан билинди, узр.
-Битта-иккиталар келин қилмоқчи бўлишган. Қарасалар, тайинли яшаш жойимнинг ўзи йўқ. Тарбияниям шунга яраша деб айниб кетганлар. Ҳар кимнинг ўзига инсоф берин.
-Тўғри айтасиз. Келинг, танишиб қўяйлик. Исмим Элмир. Завод маҳалласида яшайман. Ёшим ўттизда. Доирачиман.
-Сайёра, - деди қиз қимтинибгина.
Элмирнинг тушкун кайфиятидан асар ҳам қолмади. У ўзини бунчалар бахтиёр ҳи қилмаган эди. Бир неча бор ўйинчи қизларни уйларига ташлаб келишга тўғри келган. Йўлда суйкалганлари ҳам бўлган. Бир сафар "Дамас" бузилиб, ўн тўққиз ёшли кўҳликкина жувон билан тонггача қолиб кетди. Бироқ бундан у заррача хурандчилик ҳи қилмади...
-Қўшиқ ҳам айтасизми? - сўради қиз.
-Ҳофизга жўр бўламан, аммо мустақил куйламайман... Сайёра, бошқа иш топсангиз бўлмайдими? Истасангиз, иш топиб беришим мумкин.
-Шундоғам энди холам билан чиқмайман. У кишининг пиёниста бўлсаям эри бор. Лекин, ҳозиргтна кўрдингиз, таниши билан канал бўйидаги қишки шийпонда қолишга қарор қилди. Бугун поччамни, холаваччаларимни алдашим керак. Бу - биринчиси эмас.
-Иш топиб бераман, Сайёра.
Қиз четга қаради. Элмир унинг чеҳрасига тикилар экан, иш масаласида атайин индамаётганини фаҳмлади. Танимаган йигити бирдан раҳмдиллик билан иш таклиф қилса, ёмон хаёлга бориши турган гап эди. Ҳолбуки, доирачи ҳеч қандай таъмани кўнглига келтирмади.
-Раққосалик деб ўйламанг тағин, - деди Элмир. - Сиз ўзингизга муносиб ишда ишлайсиз.
-Болаларингиз борми? - деди Сайёра жиддий оҳангда.
-Менингми? Мен... уйланмаганман...Давоми бор