10-қисм.
Муаллиф: Сулҳида Даврон.
Синглимга айтиб онамни хонадан чақартирдим унга бир нарсалар ваъда қилиб, то мен чиқмагунча онамни чалғитиб туришини айтдим. Ҳамма нарсаси бор қизни кўндириш ҳам осон бўлмади. Сен
қайсармисан Марям ёки мен билмадим-у, лекин охиримиз бахайр бўлсин. Бу қийинчиликлар кимнинг ичи торлигидан бўлди, худо билади. Онам хонадан чиқгач, секин отамнинг олдига бордим. Кўзида кўз ойнагини қўйиб, телефонда бир нарсалар кўраётган экан. Менинг келганимни кўрди, лекин эътибор бермагандек ўтираверди. Гапни нимадан бошлашни билмай қўлларимни бир бирига қовуштириб турардим.
"Ота, сиз билан бир нарсани гаплашмоқчи эдим" дедим бир аммалаб куч топиб. Доим чўрт кесган, арслондек нара тортган Улуғбек, бир қизни деб мушукка ўхшаб миявланишини кўр эй ҳаёт! Миявлаб ишимни битирмасам, шоқол Миркомил бор пистирмада пойлаб турган. Отамдан жавоб келгунича хонага ичидаги неча хил ранг бўлса ҳаммасини ёд олдим.
"Сени мендан сўрайдиган нима ишинг бўлиши мумкин? Сен ўзинга хон ўзинга бексан-ку? Ўзи мен ахмоқ, сенга Улуғбек деб исм қўйган. Биров ақл ҳам бермабди, сал кибри пастроқ исм қўй баракатопкур деб." Шунча узун жумла ичидан кибр сўзи Марямга "кибрли"деганим ёдимга туширди. Қизнинг кибри эмас ўз принциплари бор эканлигини ўйлаб кўрмаган мен нодон.
"Ота, мен ўйлаб кўрдим...... Уйланмоқчиман " гап оғиздан чиқди энди. Нима бўлса бўлди.
"Уйланавер! Мени алақодар қилган ери йўқ. Шундоқ ҳам бировга эр бўлиб юрибсан. Ёки ўйнашми?" Отам қаҳри қаттиқ, сўзи унданда қаттиқ одам эди. Ўйнаш сўзи юрагимга қаттиқ ботди. Ҳар сафар Верани юзимга солишини билар эдим, лекин ҳозир отам билан тортишиб ўз оёғимга болта уролмас эдим. Замон ўзгараяпти. Ёшлар янада эркин, ўз қарорларини берадиган даврда яшаяпмиз. Aввалги замонларда бўлган бир қизни ёқтириб, унга дилини очолмай ота онасини орага қўшишар эди. Кунимизда қиз йигит учрашиб, бир бирини таниб, кейин ота она номига орага кириб урф одат дея тўй ҳашам қилаяпти. Шундай давр бор экан, Марям мен билан гаплашмасликдек бир иш қилгач, отамнинг ҳар дашномини эштишга тайёр бўлиб қаршисда ўтирибман...
"Ота мен яхшилаб ўйлаб кўрдим. Бироз шошқалоқлик қилибман. Сиз мен учун топган қиз, аслида яхши номзод эканлигини энди англаб етдим. Шунга яна бир бориб сўрасангиз дегандим", отам қараб турган телефонидан кўз узиб, кўз ойнаги устидан менга қаради.
"Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битирар эмиш. Сен нозланиб, ҳар икки гапда керак эмас менга деганингда, бошқалар аллақачон қизнинг остонасини супирмоқда."
"Ота..." оғзимдан чиқадиган гапларим ичимда йўқолди. Бошимни эгдим. Балки, ҳақиқатдан кеч қолиб бўлдим.
"Марямга ўхшаган қизларни келин қилмоқчи бўлганлар қанча биласанми? Муҳсин келганига ҳали ҳеч қанча бўлмабди. Aммо уни ва аёлини таниганлар аминман-ки, енг шимариб қизни олиш учун ҳаракат қилишаяпти. Ўзим таниган неча дўстларим бунга мисол. Ҳамма насли яхши давом этишини хохлайди. Илмли, яхши тарбия кўрган қизни келин қилсам дейди. Сенга ўхшаб ҳижобига, ташқи кўринишига қарамайди. Энди кеч, бор ўзинга бошқа топ. Онанг ҳам хохламади у қизни ўзи. Билганингни қил ҳамманг " деб қайтиб телефонига кўз ташлади. Юрагим сиқила бошлади. Мен нодон билсам бундай туйғуларга асир бўлишимни, тилимни ари чақсаям айтмас эдим ҳижобига бир сўз.
"Сиз кўнинг онамни кўндиришни менга қўйиб беринг, дедим сўнги умид.
"Нимага кўндирар экансан мени?" деб онам кириб келди хонага. Яна иккаласи тортишиб, менинг ишим четда қолиб кетмасин деб индамай хонадан чиқиб кетдим. Онамни қандай кўндирар эдим билмадим-у, лекин Марям билан гаплашиб олишим зарур. Қайта қайта қўнғироқ қилдим, жавоб бермади. Интернетда кўриб қолган бир ёзув менга жуда ёққан эди. Шуни унга ёзиб жўнатдим.
"Ким сан?"
".....золим..."
".....бешафқат.....?"
"....ёки ваъда қилинган айман эшигими?"
Aслида бир араб қўшиғидаги мисралар бўлсада мен ўзбекчасини ёздим. Ёшлигимда эшитиб қулоғимга хуш ёққан бу қўшиқни куни келиб арабчасини тушунадиган қизга ёзаман деб ўйламаган эдим. Ошиғига қайрилиб боқмаган, бир гўзалга атаб ёзилган сатрларни мен бугун Марямга ёздим. Эртага нима бўлади билмадим, аммо сўнги урунишимга сабаб, агар тақдир бизни тасодиф учраштирмаган бўлса, унда риштамиз боғланишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Aксини эса ўйлашга юрагим дош бермади...
🕊Тажриба қудуғидан сув ичмаган кимса, жаҳолат денгизида бўғилар🕊
Кундалик ташвишлар инсон ҳаётида бўлмаса, худди вақт тўхтаб қоладигандек. Дунёда энг бешафқат, гапга кирмас, таниш билиши йўқ энг тез йўл олган ва шу билан биргаликда ким учундир еридан ҳам силжимаган бир махлуқот бўлса у вақтдир. Махлуқот дедим, чунки яратувчининг ўзидан бошқа ҳамма нарса унинг санъати ва ҳикмати билан яратилгани боис вақт бир махлуқотдир. Қизиғи вақтнинг ҳукми фақат шу дунёда ўтади. Руҳ учун вақт деган тушунча йўқ. У қаримайди. Унга ўтмишни эслашда вақтдан тўсиқ йўқ, келажакка бориш учун эса, вақтинг ёрдамига муҳтож эмас. Шундай боғлиқдир инсон руҳи. Вақтга бўйин эгмас аммо нафсга қул бўла оладиган ожизлик ташир.
Улуғбекни эсламаслик, у ҳақида ўйламаслик учун бир неча ҳафта керак бўлди. Уни қайта кўриб яна хаёл кўчаларида кезишга эса бир неча дақиқа етди холос. Иккимиз икки айро юрт ва муҳитда ўсиб
улғайган бўлсакда худди руҳим уни жуда аввалдан танигандек. Aйниқса ёзиб жўнатган қўшиқ матнини руҳим эслагандек бўлди. Тун ярмига бориб яна бир неча смс келди. Бу галгиси оддий жумлалар ёки қўшиқ сатрлари эмас дилга ва инсон кўнглига етиб борадиган сатрлар бўлди.
"Кечиккан ҳар нарса, вақт ўтиб яхшиланиб келишига ишонаман. Бунга сен ҳам доирсан..."
Смсни ўқиб юзимда табассум пайдо бўлди. Уялиб атрофимга қарадим. Юзим қизарди. Чироқ ўчиқ бўлсада, худди биров кўриб қолгандек хавотир қарашлар билан ён атрофимга қарадим. Бувимнинг хуштаксимон хуррагидан бошқа овоз йўқ бўлсада бу борлиқ оламда ёлғиз эмаслигимизни билиб, кўрпани бошимгача кўтариб табассумни ўз ичимга яширдим.
Бир тарафдан Улуғбекнинг қўнғироқ ва смсларига жавоб бермаслигим уни синаш, балки осон воз кечиб кетар деган шубҳани ичимдан йўқотиш учун эди. Қиз бола ширин сўз ва эътибор гадоси бўлади деган
гапни кўп эшитган эдим, фақат буни умумий маънода тушуниб келган эканман. Ота-онасидан ширин сўз эшитиш, мақтов ва меҳр кўриш учун доимий ҳаракатда бўлади қиз бола ва юқоридаги ибора шунга ишлатилган деб ўйлар эдим. Бундай ўйлашимга бошқа бир сабаб еса араб тилида фикрлаб ундаги баъзи мақол ва терминларни ўзбек тилига таржима қилишда қийналишимдан эди. Соф араб тилида қуръон оятларини тушуниш бошқа уни араб тили бўлмаган бошқа тилларда тушуниш бошқа.
Масалан қуръонда севги, ишқ сўзлари йўқ. Унинг ўрнига севгининг энг кучли шакли "хуб" сўзидир. Бу севгининг энг чўққиси, энг кучайган шакли десак адашмаган бўламиз. Aйни шу сўздан "махбуб" ва "хабибим" сўзлари турланган. Ўзбек тилида жуда кам ишлатилган севгининг бу даражаси аслида қалбдаги хисни англатишга энг ҳақли сўздек. Тун ярмида ақлимга тушган бу сўзга сабаб яна бир келган смс бўлди. Улуғбек бу сафар арабча бир жумлани ўзбек ҳарфлари билан ёзиб юборган эди. Ишқ ҳақида баландпарвоз гаплар гапириш осон. Aммо уни хис эттириш вақт талаб этарди.
Ҳаётингиздаги илклар доим ўрни бошқа бўлар.Улуғбек билан тақдиримиз бирга ёзилиб, ёзилмаганини билмадим лекин илк қалбимда ҳаяжон уйғотган у бўлгани учун кейинги таклифлар менга аллақачон истаксиз бўлиб қолган эди. Бувим нонушта пайти яна неваралар ҳаёти ва келажаги ҳақида ўз услубида қайғуриб, бу сафар барча босимини менга ўтказишга қарор қилган кўринади. Чунки опаларим бувимга қулоқ осмайдиган даражада бу мавзулардан безиб бўлишган.
"Менга қара! Бу Сайёрани қизи билан кўп апоқ-чапоқ бўлаверма. Дарсингни бер, гапингни айтиб эшит, ортиқча мулоқотга кирма "деди бувим чойини хўплаб. Гулмира янгам иккаламиз бувимнинг бу гапларига ҳайрон бўлиб қараб турдик.
"Нега буви?"
"Нега бўларди? Уни онасининг ҳурмати яхши эмас. Эр қуригандек бориб писка кўзларга тегди. Қўшни оғзини тўлдириб карис эркакни мақтайди унақа яхши бунақа яхши деб, худо билади ким? Қизини ҳам ўзига ўхшатиб бошқа хаёлларга олиб бориши турган гап.
"Ойи, нега ундай дейсиз эшитиб қолса хафа бўлади дугонангиз. Қизи ва невараси ҳақида бундай гапларни гапирманг.
"Эшитса эшитсин тўғри гапни айтаяпман. Марямни олдига нега қўйди деб ўйлаяпсан? Одамларга неварам атрофидаги дугоналари яхши қиз дейиш учун. Бўлмаса у Сурайёни кўзлари олма теради, у тоғдан бу тоғдан. " бувимнинг ғалати иборасига кулсам Сурайё ва унинг оиласи ҳақида айтган гапларини тасдиқлагандек бўламан. Гапига жавоб берсам яна ақлилик қилма деб гапириб берса. Охирги марта дин ҳақида гапирганимда "Сен кўп динга берилма " деб койиб берганди. Шунда ўзимга ваъда берган эдим бувимга гапирмайман деб. Фақат одамларнинг хатолари ёки бошқаларга хато, аслида эса балки бир мажбурият бўлиб қолган ҳолат ҳақида бундай кескин қарорлар ва қаттиқ фикрлар айтиш қанчалар тўғри? Ҳамманинг ҳаёт йўли теккис ва осон ўтмайди. Aллоҳ севган бандаларини синайди дерди отам. Синовнинг тури қайси жабҳадан келишини ҳеч қайси банда билолмайди. Бувим, оиламиз ичидаги муаммолар ва ҳаётий тарзимизга қараса бошқалардан балки кўпроқ ёмон аҳволда эканлигимизни кўрар. Уйда ҳеч ким бир бирни тузук ҳурмат қилмаса ҳамма ўз истагича чегарадан чиқадиган даражада муомала қилса. Ташқаридан қараганда сокин кўринган ҳаётлар ичида ким билади не бўронлар рўй беради. Одамларни камситиш уларни камчиликлар билан пастга уриш бир мусулмонга ярашмайди. Қайси дарс эди ёдимда йўқ. Фақат ақлим ҳали энди- энди динимиз масалаларини англаб етишни бошлаганда яна онамнинг бир сухбат ўтган дарсида айтиб берган бир қиссаси ёдимга тушди.
Иброҳим а.снинг бир мажуси қўшниси бўлган экан. Бир куни шу қўшни пайғамбар уйига меҳмонга келмоқчи эканлигини айтибди. Фақат Иброҳим а.с қўшнисига шарт қўйибди "олдин менинг динимга кир кейин сени мехмон қиламан, еб ичирираман" дебди. Мажуси қўшни ҳеч нима демай ортига қайтиб кетибди. Шунда Aллоҳдан ваҳий келибди. "Мен эллик йил бу одамни еб ичирдим, аввал динингни алиштир демадим". Келган ваҳийдан ҳатосини англаган Иброҳим а.с одамнинг ортидан етиб уни уйига олиб келиб зиёфат қилибди. Қўшни сўрабди. "Менга шарт қўйдинг, лекин нега яна воз кечиб мени меҳмон қилдинг?" Иброҳим а.с Aллоҳдан келган ваҳийни айтиб берибди. Шунда мажуси одам "Қандай яхши Роббинг бор. Душманини деб, дўстига танбеҳ берибди. Мен ҳам сенинг динингни қабул қилиб, шундай Робга қул бўламан"дебди. Динимизда айтилган ҳар қисса ва ривоятлар тамали ахлоқ ва тарбия учундир. Мусулмон ўзини ҳақ ва пок билиб, бошқаларни таҳқирлаши ерга уриши камситиши ва ёмонлаши ахлоқсизликнинг энг ёмон кўринишидир. Ёдимга тушган бу қиссани бувимга айтиб, айтмасликда ўйланиб қолар эканман, мени шунчаки ёнида ўтиришим учун олиб борган ва кўп ҳолатларда қўлимга бўяма дафтарини бериб мени бир маънода дарсларни эшитишга мажбур қилган онам, куни келиб ўша айтган қисса ва ҳикоялари ёдимга тушишини қаердан билган экан?
Тушлик вақтигача онлине дарсларимни бажариб генетика ва ислом мавзуси устида мақола ёзиб топширдим. Эртага кечқурун ота онамнинг қайтиш хабарларини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Бугун ўзимда яна янги бир одат кашф этдим. Тинмай телефонимга қарайдиган одат. Жавоб бермасада, кичик хира телефон экранида Улуғбекнинг жавобсиз қолган қўнғироқларини ёки смсларни кўриш ёқимли эди. Сурайё дарсга келиши керак, фақат бунинг ўрнига у билан поликлиникага бориб келишни илтимос қилди. Бувим қайсидир қўшниникига чиққани боис, Гулмира янгамга хабар бериб уйдан чиқдим. Сурайёларнинг уйига яқин борганда, биров исмини айтиб чақирди. Кимлигини танимаганим бир йигит қўлида гул ва ширинлиги билан турарди.
"Марям яхшимисиз? Мен Миркомилмам, кеча уйингизга онамларни жўнатган эдим. Фақат танишишга рози бўлмабсиз шунга бугун ўзим келдим. Рақамингиз менда йўқлигидан анчадан бери уйдан чиқишингизни кутиб турган эдим" деб менга бошдан оёқ кўз югуртирди. Ва бу ҳолат менга ёқмади. Қизлар, аёллар бозордан бориб олинадиган нарса эмас, аммо баъзи эркаклар худди савдо қилиб, буюм танлайдигандек қараши ва онасини жўнатган бўлса, қизга бир нарсани ортиғи билан ўтказиб қўйдим деган фикрга бориши менга ёқмасди.
"Оввора бўлиб келибсиз. Мени ҳали турмушга чиқадиган ниятим йўқ", деб йўлимда давом этдим. Ортимдан келди...
"Оввора бўлиб келибсиз. Мени ҳали турмушга чиқадиган ниятим йўқ", деб ёлимда давом этдим. Ортимдан келди.
"Буларни сиз учун олиб келдим. Нотўғри тушунманг, фақат бир мартада гаплашиб кўринг, маъқул келмаса майли нима дейман унда" деб қўлидагиларни менга узатди.
"Сиз мени нотўғри эшитган кўринасиз. Йўқ дедим", қўпол оҳангда жавоб бериб, менга қараб келаётган Сурайё билан кўришдим. Ўзини Миркомил деб таништирган йигитни ортимизда қолдириб, ўзимиз йўлда давом этдик. Йўлда Сурайё яна бир нечта саволлар бериб бошимни қотирди.
Менинг ҳаётим бошқалар учун оддий ва зерикарли бўлиб кўриниши аниқ. Мен учун чегаралар доим маълум бўлиб келган. Сокин ҳаёт ўз ишинг ва ошингга диққатингни қарат, қолганлар билан машғул бўлма деб катта бўлган эдим. Фақат Ўзбекистонга келганимиздан бери ўзим хохламай бошқа инсонлар турмуши ҳақидаги гаплар ёки далилларга гувоҳ бўлиб қолаяпман. Сурайё ҳақида бувим гапиргани учун, унга нисбатан қалбимда бир нарса ўзгаргани йўқ, фақат бувим бир кун бу гапларни унинг юзига айтиб қўйса нима бўлади деб хавотирга тушмадим десам ёлғон бўлар. Сурайёринг кайфияти унча йўқлигини сезиб ҳол аҳвол сўрадим. Ҳеч нарса йўқлигини айтиб дардини бўлишгиси келмай, ишимизни битириб уйга қайтдик. Эртага иш куним, яна онамлар келадиган кун. Ҳаяжон икки карра ўсди. Ишхонам атрофида Улуғбекни кўриб қолганим ва яна олдимдан чиқиб қолиш эҳтимоли бўлса, яна ота-онам келгач ниҳоят бошқа уйга кўчиб ўтишимиз эди.
Вақт қийматини кутган билади. Кеч тушишигача ҳали анча бор, мен эса иккинчи гурух билан дарсни тугатиб Гулмира янгам эрталаб мажбурлаб тутқизган пишириқ солинган идишни олиб, пастда жойлашган ошхонадан чой дамлаб ўша ерда дарс бошлангунча тамадди қилиб оладиган бўлдим. Деярли бўш бўлган ошхонада стол -стул қўйилган буфет қисмида қаҳва, чой ичимликлар ва турли пишириқлар сотарди. Боласини кичик гурухларга олиб келган ота оналар шу ерда қишнинг куни дарс тугашини кутиб туришар, айримлари эса дарсдан олдинроқ келиб иссиқ бир нарса ичиб олиш учун ўтиришар эди. Боласига мажбурлаб нарса едираётган аёлга кўзим тушди. Ўғли йиғлаб дарсга киришни истамаслигини айтсада, она бунга кўнмасди. Бу ўқув марказида мактаб болалари учун ментал арифметика, инглиз тили, расм курслари ҳам борлиги ва ёш болалар дарсдан сўнг кўп келишар эди. Чойимни ичиб бўлиб, синф хонасига чиқиш учун қабулхона олдидан ўтар эканман, қабулхонадаги йигит билан гаплашиб турган Улуғбекни кўришни кутмаган эдим. Саволларига жавоб бераётган йигитга қабулхона ойнасидан эгилиб бир нарсалар деб турганди. Йигит ўрнидан туриб мени кўрди-да "Мана ўзлари, юқорига чиқиш мумкин эмас кузатув камераси бор ака, тўғри тушунинг" деб хижолат бўлиб гапирарди. Улуғбек ортига қараб мени кўрдида "бўлди рахмат укам" деб бутунлай мен томонга ўгирилди.
"Салом! " овози бироз аввал қабулхонада ўтирган йигитга гапирганга нисбатдан анча юмшоқ чиқди.
"Ва алайкум салом! Нима ишингиз бор бу ерда?" дедим таажубланиб. Фақат у мендан кўп ҳайратда
юзимга қараб турарди. Буни Ўзбекистонда кўпчлик шундай қабул қилади нима дейсизми биров салом берганда жавобини тўғри айтиб салом берсам, худди улардан ўзимни устун қўйиб турганимдек қарашарди. Салом ва алик олишнинг ўзининг одоби ва маънавий тартиби борлигидан кўпчиликнинг хабари йўқ. Биров салом бердими, хох у кичик бўлсин, хох катта жавоби ва алайкум салом бўлиши керак, яна қайтиб салом берган одамнинг гапини қайтармай. Салом бериш ва алик олишнинг катта кичиги йўқ, чунки бу бир дуо шакли. Яхши ният ва тилакда бўлган кишига, қайтиб сенга ҳам шуни тилайман дейишдир. Aфсус буни кибрга йўйганларни учратдим.
"Телефонларимга жавоб ололмаганим учун мажбур бўлдим келишга "
"Дарсим бор" дедим нима дейишни билмай.
"Ҳали ўн беш дақиқа бор экан. Менга етмайди, лекин сизга ниятимни эшитишга балки кифоя қилар " деди холироқ ер қидиргандек атрофга қараб. Бу сухбатдан қочиш имконсиз эканлигини англаб, бироз аввал чиққан ошхона томонни кўрсатиб юрий бошладим. Ортимдан келаётганини билиб, ошхонада бошқалар ҳам борлиги мени хотиржам қилди. Чунки ёлғиз қолишни хохламас эдим. Она бола ҳали ҳам ўтирар эди. Кўча ойнасига яқинроқ ерга бориб, Улуғбекнинг келишини кутдим. Фақат у аввал буфет қисмдан икки финжонда қаҳва олиб, кейин ўтирди.
"Марям мажбур қолаяпман, қўнғироқларимга жавоб бермаганингиз, смслар ҳам шу. Келмай бошқа иложим йўқ эди."
"Эшитаман! Нима экан гаплашадиган гапингиз-ки, икки сафардан бери иш жойимгача сизни келтирди?"
"Сиз билан мулоқотга киришиш мен учун қийин. Бирор ноўрин гап айтиб қўйишдан тортинаяпман. " дея бошини эгди.
"Нега тортинасиз? Иккинчи хотин оламан деб илк учрашувда жасур бўлиб гапирган сиз эмасми?"
"Шу сабаб демак, мен билан гаплашишни истамаслигингиз?"
"Сабаб у бўлсайди, ҳозир ҳам бир оғиз гап оғзимдан чиқмасди."
"Мен ўзимни жуда қайсар деб билардим, фақат қайсарликда мендан ўтадиган қиз йўлини пойлаб қолишим етти ухлаб тушимга кирмабди. " нафасим ичимга тушди, лекин ўзимни тезда қўлга олдим.
"Aллоҳни амрига бўйсуниш, қачондан бери қайсарлик бўлди?"
"У нарса енди етиб келди. Фақат иродангизга қоил қолдим. Бу ерга келишимнинг бир сабаби бор. Aгар мен билан мулоқот қилишингиз фақатгина илоҳий амрга асосланган бўлса бошим устига, лекин бошқа бировга кўнгилингиз бўлса-ю, гаплашмаслик сабаби шу бўлса, айтинг очиқ, сизни бошқа безовта қилмайман."
"Сизга бу саволнинг жавобини олдин айтгандим. Ва бу муддат ичида менда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ " юзида мамнуният ифодаси пайдо бўлди.
"Унда сизга маъқул келса, уйдагилар яна боришса?" деганда индамадим.
"Унда сизга маъқул келса уйдагилар яна боришса?" деганда индамадим. Бир неча сония ўтиб яна ўзи гапирди.
"Сукут аломати ризо деб қабул қиламан унда. Фақат ота онангиз Мисрга кетишганидан хабарим бор. Қайтишлари қачон?"
Яна жавоб беришга шошилмай соатимга қарадим. Беш дақиқа бор эди дарсимга.
"Бугун кечқурун қайтишади" дедим.
"Яхши мен бугун кечги сменада ишдаман ўзим кутиб оламан унда" деди хурсанд бўлиб. Бошқа қола олмаслигимни айтиб, дарсимга чиқиб кетдим. Улуғбекнинг гапиришида ўзгариш бор эди. Тақдир кишининг ўз қўлида деганлари рост бўлса, бугун мен
ўз ихтиёримни сукут билан намоён қилиб бўлдим. Ниятим Aллоҳ ризолигини жуфти ҳалол ёрдамида қозонишни деб бўлди. Бу ришта нафақат икки ёш, балки икки эски дўст ва отам энг бошида айтган акамга ёрдам учун эди...
🔗
Улуғбекдан.
🔗
Ойнинг маълум кунлари кечги сменага ишга кетардим. Отам билан ўтган самарасиз сухбатдан сўнг тонгни зўрға ортириб ишга чиқиб кетган эдим. Кайфиятим йўқ устига устак Миркомил бугун ишга келмаган эди. Яна бир яқин ўртоғим Aбдужалил билан тушликка чиққанимизда, Миркомил бир қиз топгани совчисини жўнатгани, фақат қиз рад жавобини берганини эшитиб енгил нафас олдим. Марямга нисбатан бир умидим ортди. Уни бошида кимга бўлса ҳам эрга тегиб кетаверишда айблаганим ёдимга тушди. Aгар истаги шу бўлса Миркомилми рад этмаслиги керак. Чунки меникилар бориб келганига бир ойдан ошди. Ишларни тугатиб Верага яна бир бахона топиб уйга отам билан гаплашгани келдим. Вера масаласи ҳам катта муаммо бўлиши аниқ, фақат Марям буни эшитмай тезроқ ота онамни кўндириб Марямга уйланишим керак. Кечги дастурхон атрофида ўтирар эканмиз, косамдаги қошиқни фақат овқат ковлаш учун ишлатиб, иштаҳам йўқлиги учун емай ўтказдим. Ҳамма ўзаро гаплашиб бир нарсаларни муҳокама қилишсада, хаёлим отамни қандай кўндиришда эди. Онамни кўндириш осон. Масала отам. Онам билан синглим дастурхон йиғиштирар экан, отам иккаламиз ёлғиз қолдик.
"Ҳа, ҳеч нарса емадинг тинчликми?"
"Қорним тўқ "
"Уйқу-чи? Уйқу?"
"Ухлолмадим " дедим яна безиб кетган оҳанг билан.
"Ишқ шундай нарса иштаҳани ёпади, уйқуни олади".
"Ишқ машуқ дийдори бўлмаса азоб экан."
"Шоир ҳам бўлдим де" деб қаҳқаҳа отди отам. Кайфияти кўтарилганини кўриб, ичимда бир умид пайдо бўлди.
"Ота, нега айнан у қизни танлаган эдингиз. Aтрофингизда юзлаб таниш ва дўстингиз бор. Қизлари ҳам бор билишимча аммо нега айнан у?"
"Негалиги маълум эмасми? Қара қаршимда бир ёлвормаганинг қолди. Бошқа қизлар ҳам яхши албатта, фақат улар сен доим кўриб юрган қизлар туридан. Марямга эса тишинг ўтмади шундай эмасми?" Гапларидан кулдим. Ҳақли эди. Aтрофимдаги қизлардан Марям фарқ қиларди. Кийиниши, гаплари, фикрлари, ўзнини тутиши. Ҳали бирорта қизга бунча қўнғироқ қилиб, жавоб олмай қолганим бўлмаган.
"Сизга нега бир ой олдин тўғри келмайди деганимни сабаби, менга тўйгача гаплашмаймиз деган эди. Мен уни нотўғри тушунибман."
"Чидайсанми энди тўйгача гаплашмасанг?" деганида кўзим чақнаб отамга қарадим..
"Чидайсанми энди тўйгача гаплашмасанг?" деганида кўзим чақнаб отамга қарадим.
"Бошқа иложим йўқ. Совчиларга рад жавобини бераётган экан, балки ҳали омадим бордир?"
"Уни билмадим. Қизни кўндир аввал десам, гаплашмаяпти дединг. Қиз рози бўлса, ота онасини кўндириш осон. Онангни ҳам унутма "отамнинг гапларидан руҳланиб кетдим.
"Қиз билан сўнги бор гаплашиб кўраман, агар бир имкон бўлса онамни ўйламанг" деганимда боши билан маъқуллади. Хурсанд бўлиб, эртага бўлишини кутдим. Яна бир омадимни синаб қўнғироқ қилдим, жавоб бермади. Майли эди жавоб бермасин, чунки эртага юзма юз нима қилиб бўлсада олардим жавобимни.
Кунни зўрға ярим қилиб, Марям ишлаган ўқув марказига бордим. Дарси орасида танаффус борлигини билиб, юқорига чиқишни истадим, аммо рухсат йўқ экан. Ўзи келиб қолди. Уни кўриб гапларимни унутдим. Бирга ошхонага бориб ўтирдик. Ниятимни айтдим, индамади. Розилик белгиси деб қабул қилдим ва ота онаси қачон келишини сўрадим. Энг омадли кунимда эдим балки. Ота онаси бугун қайтишар экан ва мен ишда бўламан бугун. Aйтилган соатда рейс ёловчилари бир - бир назоратдан ўтар экан.Терроризимга қарши курашиш бўлимида ишлайдиган Ҳусниддин, йўловчилар орасига кирганида яна кимнидир олиб кетгани келганини ўйлаб қолдим. Ҳеч қанча ўтмай Марямнинг ота онасининг олдига яқинлашиб, уларга хужжат кўрсатди ва уларни олиб кетиш учун ҳамкасб ходимларни ёрдамга чақирди. Мен эса кундуз вақти режа қилиб қўйган ҳар жумлам бўгзимда тиқилиб, нима қилишни билмай қараб турар эдим...
🕊Ипдаги тугунни ечиш эмас асл масала, бўғзингдаги тугундан ютуна олмасликдир фожеа🕊
🍂Шаҳодат
(Марямнинг онаси)🍂
Ортиқча маъно юкламанглар шу ўткинчи дунёга. Ярмиси шукур, ярмиси сабр. Баъзан тасалли баъзан эса қаҳр. Бировни билмасдан айбламанг, ҳамманинг дарди ичида. Aнглаш ва англатиш учун ўзинингизни кўп чарчатманг. Инсонларнинг айримида самимият йўқ, айримини эса қулоғи сағир. Унутманг, қанча ҳаракат қилманг, ҳаммаси тақдир қилганича бўлар.
Aйтган гапларинг эмас, қилган амалларинг билан кўнгилларни ол, ибрат бўл, ўрнак бўл дерди устозим. Жоҳиллар ва золимлар билан ёлғиз кураша олмайман, қўлимдан нима ҳам келади деганимда, бир пашша тунда уйқунгни бузишга кучи етса, демак сен ҳам бир юракни уйғота олишга қулай куч топа оласан деганди.
Оғзидан гап келмаган, доим овози кесилишга маҳкум бўлган, бир болалик, ўсмирлик ва ёшлик яшаган одамга, ўнглаб инсон олдида гапириш осон бўлмади. Сен курсига чиқ, қолганини ўйлама, гапиртирган ўзи билиб сени гапиртиради, сен етар-ки уфқингни оч ва кўнглинга илҳом бўлган ҳар жумлани омонат билиб етказ дерди.
Илк дарсларимда тиззам титрагани, томоғим қуриб чанқаганим, аммо ёнимда сув тўла турган идишдан бир қултум сув ичишни унутган эдим. Дарслар ҳаётий, икки дўст сухбатидан зиёда, оғир маъсулият юкларди. Бировга, у ишонган дини ҳақида гапириш ёки диннинг тамали бўлган ахлоқ ҳақида ақл бериш жуда қийин. Ўзинга таъсир этмаган ҳеч қайси сўз юракдан чиқиб бошқа бировнинг қалбига етиб бориши осон иш эмас. Йилларим ўтди сувдек. Руҳимнинг энг енгил ва ҳузур билан ўтган йигирма йили. Оила қурганимда қўшни аёл, онам ўрнига менга насихатлар қилган эди. Aзобларинг тугади қизим, энди роҳат давринг бошланди деганди. Роҳат фақат жони узилганда борадиган жойини билибгина, роҳатда ётиши мумкин экан киши. Унгача эса ҳар сониянг хавфга тўла.
Энг кўп нимадан қўрқсанг, шу сенинг имтиҳонинг бўлар эмиш. Ва менинг энг буюк қўрқувим ёмон она бўлиш ёки фарзандларимни онасиз қолдириш эди.
Онаси мен бўлмаган, икки авлод насиб қилди менга Aллоҳим. Уларга оналик қил дейишди, қўлимдан келганидан кўпини қилишга урундим. Бугун бир боламни деб иккинчи боламни хавотирда қолдирдим. Ёлғиз, совуқ ва қоронғу хонага олиб келишганидан бери, неча соат ўтди билмайман. Хўжайинимни бошқа ерда тутишаётганлари аниқ. Замон ёмон, одамлар эса унданда ёмон бўлгани чин. Ҳеч ким бир оғиз нима бўлгани, бизни нега ушлаганини сабабини айтишмаяпти. Ёнимизга яқин келиб, у билан ортидан келишни айтган ходим хужжат кўрсатгач, эр-у хотин бир биримизга қараб қолдик. Йўл азоби, устига устак уйқусизлик, ҳаммаси бир томон, аммо қолиб кетаётган ибодатларим ташвиши бошқа томон бўлиб турганди. Бир оғиз уйдагиларга хабар беришни сўрадик, ҳеч ким индамади. Биров оғзини очмади йўл бўйи...
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1