Умри хола бомдод номозини ўқиб бўлгач, тасбеҳ ўгириб ўтирди, кейин тиловат қилди, ўтганларга бағишлади. Чолини алоҳида дуо қилди. Қайтиб ўрнига ётгиси келмади. Ҳовлига чиқди. Нимадир иш қилгиси келди-ю келинидан қўрқди. Краннинг қулоғи яхши буралмаганми сув жилдираб турибди. Шуни ўчириб қўя қолай деб челакка қоқилди. Ҳеч қаери оғримади. Келинининг "Нима қиляпсиз?"дейдиган дашномидан қўрқади. Атрофга аланглаб, ҳеч ким эшитмаганига ишонч ҳосил қилгач, енгил тортди. " Бориб жойимга ёта қолай, тинчгина... "
Ўй-ўйлаб кетди. У бир умр давлат ишида ишлади. Ҳаммасини уддалади. Эр-хотин бир бўлиб шу ҳовли-жойни қурдилар. Болалар ҳаммаси ўз йўлида кетди. Қизлари ҳам ўзидан тиниб ўтирибди, ўғиллари ҳам... Эри бечора нафақага чиқиб кўп яшамади. Умри хола одамзотнинг бунчалик тез, бунчалик осон жон беришини сира кўрмаганди.
Ҳозир чолига ҳаваси келди. Негадир ўзини кераксиздек ҳис қилади кейинги кунларда. Ўғли ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайдиган шу ношуд келини билан маслаҳат қилади, унга иши, режалари ҳақида оғиз очмайди. Келади, овқатини ейди, уйига кириб кетади. Келини кечгача телефон билан андармон. Аммо музлаткични очиб кўрса ҳам балога қолади. "Ҳа, нима қидиряпсиз?" Бир тили қичиб "Туғиб, катта қилган ўғлим топиб келган нарсалардан есам майлими?"—дегиси келади-ю, индамайди.
Неваралари бир пасда бақириб уришиб кетади, танбеҳ берса, келинидан балога қолади, индамай хонасига кириб кетади. Баъзида ишини соғинади. Ҳарна овунарди. Ҳовлида бирор ишни қиламан деса, келини қўлига ёпишади " Ўғлизга ўзиззи кўрсатмоқчимисиз? " Ё, тавба, ўғли уни қанақалигини билмас эканми?" Индамайди, кўзига тикондек ботаётган шу иш бажарилмайди. Келини уни шу ишдан четлатиб қутулади.
Қизлари келса, яйраб қолади. Улар бировнинг ҳасми, қуруқ келса ҳам хафа бўлмайди. Гаплашиб ўтирса бўлди. Бир ойда бир келиб кетадиган қизларини кўча бошигача кузатади, нафақасидан олиб қўйганларини қўлига тутқазади, егиси келган нарсаларини ўз пулидан олиб келиб меҳмон қилади. Шу куни кун жуда тез ўтади.
Эрталаб ўртанча ўғли билан келини келди. У ҳам ўзи билан ўзи овора. Домини сотиб, ҳовли бошлашди. Битмаган ҳовлида яшаб юришибди. "Сизни олиб кетгани келдик!"— деди келини, кейин ҳайрон бўлиб қолганини кўриб," Қўрқманг, ойижон, атиги бир кунга!"—одатига мувофиқ шарақлаб кулди. У ёғини ўғли давом эттирди.
"Ҳовлига дарахт экмоқчимиз. Уйимиздаги ҳамма кўчатларни ўзиз эккансиз. Бизга керакли кўчатларни танлаб берасиз" Умри хола қувониб кетди.
Икки туп, икки туп қилиб фойдали мева кўчатларини танлади, қайси бирини қаерга экишни ҳам ўзи кўрсатиб ўтирди. "Бодомни кўринадиган жойга эк, эрта баҳор гулласа, ҳовлинг чаман бўлади, анжир одатда одамнинг кўзи тушмайдиган жойга экилади...!"
Биринчи кўчат учун ер тайёр бўлганда келини Умри холанинг қўлидан тутиб чуқурчанинг олдига олиб борди, гилос кўчатини узатиб "Ўзингиз бошлаб беринг, ойижон", —деди. Умри хола тўлқинланиб кетди. Кўчатни дуо қилиб, яхши ниятлар тилаб экди...
Кечки пайт ўғли ўзининг уйига олиб келиб қўйди. Ажабо, у сира чарчамаган, руҳида ҳам қандайдир кўтаринкилик бор эди.
—Яхши кун бўлди, худога шукур, бир чиройли дарахтлар экдик, —деди у фойдаси текканидан хурсанд бўлганини яширмай. Ўғли энди оғиз жуфтламоқчи эди, келини чаққонлик қилди
—Шуни ўзлари экса бўлмас эканми, сизни уринтирмай!
Умри хола одатдагидек индамади, аммо кўнглидан "Сени бунга фаросатинг етармиди? Эртага қариб, болаларинг четга суриб қўйса биласан!"—деган ўй ўтди...
Яна кўп гапларни гапиргиси келди. Индамади. Вақт ўзи кўрсатади..
Феруза Салходжаева
#ўз_ҳикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5
Тушунмадим