-------
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим”
(Зарийат сураси 56-оят)
Роббимиз ушбу оят орқали бизга ҳаётда нима учун ва қандай мақсадда яшашни таълим бермокда. Инсон бу ҳаётдан асосий максад нима бўлиши кераклигини асло унутиб қўймаслиги лозим.
Аллоҳни рози килиш, бошқалар розилигидан, уларни кўнглини олишдан кўра муҳимрок эканлигини унутмаслик зарур. Инсон Яратганни ғазабини келтирадиган ишларни кимнидир хурсанд қилиш учун қилса, албатта у катта хатога йўл қўйибди. Шайтон кимдан ёки нимадандир қўрқитиб, кимдандир ниманидир умид қилдириб, Яратганни айтгани ўрнига маъсиятга ундаганда:
إِنَّمَا ذَٰلِكُمُ الشَّيْطَانُ يُخَوِّفُ أَوْلِيَاءَهُ فَلَا تَخَافُوهُمْ وَخَافُونِ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ
“Албатта, бундай бўлишингиз шайтондандир, у ўз яқинларидан қўрқитади. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, мендан қўрқинглар”.
(Оли Имрон сураси, 175-оят) оятини эслаш лозим.
Ха, қўрқишимизга ва сўрашимизга Аллоҳ хақлироқдир. Мусулмон киши шайтонга, маъсият сари бошловчиларга эргашмайди. Бу унга ярашмайди ҳам. Мусулмон аксинча Аллоҳга итоатли, ибодатларда сабрли экани билан бошқалардан ажралиб туради. У кимларгадир ёқиш учун Аллоҳни ғазабини келтирадиган ишга асло қўл ура олмайди. Аллоҳ розилигини ҳамиша муқаддам қўяди. Бу билан Аллоҳ розилигини истайди. Аллоҳ ундан рози бӯлса, инсонларни ҳам ундан рози қилдириб қўйишини билади.
Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам Оиша розийаллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай деганлар:
من التمس رضا الله بسخط الناس رضي الله عنه وأرضى عنه الناس، ومن التمس رضا الناس بسخط الله سخط الله عليه وأسخط عليه الناس رواه ابن حبــان في صحيحه
“Кимки одамлар норози бӯлсада Аллоҳнинг розилигини истаса, Аллоҳ ундан рози бўлади, ва инсонларни ҳам ундан рози қилдириб қўяди. Кимки Аллоҳни ғазабини келтириб, одамларни рози қилишни истаса, Аллоҳ ундан ғазабланади ва одамларни ҳам ундан норози қилдириб қўяди”. (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ларида ривоят қилган.)
Ушбу ҳадисдан қуйидагиларни билиш мумкин:
Инсон Аллоҳни розилигини топа олса, одамлар ўз-ўзидан у бандани яхши кӯриб қолади ва ундан рози бўлади. Мунофиқ ва фосиқлар бундан мустасно албатта.
Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларнинг вожиблиги. Гарчи инсонлар норози бўлса ҳам. Чунки, ҳақиқий фойда берувчи ҳам зарар берувчи ҳам Аллоҳдир.
Аллоҳ таолони ғазаби келадиган ишларни, одамлар розилиги учун қилиш жоиз эмаслиги. У ким бўлса ҳам.
Аллоҳ таолонинг ғазаби ва рози бўлиши инсонларники каби эмас балки ҳеч нарсага ӯхшамайди. Бу Қуръони каримдан маълум.
Ҳакимлардан бири айтган экан:
“Агар сен Аллоҳга яқин бўлмасанг, демак сен барча яхшиликлардан узоқда экансан”. Бу дунёда Аллоҳдан узоқлашишдан ҳам ортиқ мусибат бўлмаса керак. Шундай бўлгач қилаётган ишларимизда одамларни фикридан кўра шариатнинг кўрсатмаларига амал қилиш ўзимиз учун ҳам фойдалироқ бўлади. Бунинг мукофоти эса Аллоҳнинг муҳаббатига ва яхши инсонларнинг ҳурматига эришиш бӯлади. Ҳаётимизни “Одамлар хафа бўлса-бўлсин, Аллоҳ хафа бӯлмасин!” шиори устига қуришга буюрилганмиз. Яшашдан мақсад ҳам Аллоҳ розилиги бўлмоғи лозим. Аллоҳ ва росулининг розилиги бошқалар розилигидан устунроқдир. Қилаётган ҳар бир ишимизда “Одамлар нима дейди?” деган саволдан олдин, “Диним нима дейди?” деган саволни ўзимизга беришга одатланайлик. Аллоҳ таолонинг ушбу сӯзига мувофиқ:
وَاللَّهُ وَرَسُولُهُ أَحَقُّ أَنْ يُرْضُوهُ إِنْ كَانُوا مُؤْمِنِينَ
“Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди”. (Тавба сураси, 62-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Ӯзи рози бӯладиган бандаларидан қилсин!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев