5-қисм.
Норқул ака бир муддатлик жимликдан сўнг чуқур нафас олиб, Маъруфнинг елкасига қўлини ташлади-да:
— Болам, мендан хафа бўлма. Ичим куйиб кетганидан шундай дедим-да. Ўтириб-ўтириб, алам қилиб кетди… Аслида, энангнинг ўрнини босадиган аёл йўқ. Унинг баҳоси йўқ… Сен ҳам менга ўхшамай, кимга ўхшардинг?.. Яхшиям ўшанда база директорининг қизига уйланмаганим. Бўйнимга тоза осилиб олганди. Юришимга қўймасди. У пайт ёш эдим, оёғим бутун эди, — деди.
Бу гапларни айтгач, Норқул ака хўрсинди ва ўғлининг елкасига қоқди:
— Чойингни ҳали ичмаган бўлсанг керак. Юр, чой ичвол. Кейин ишга кетасан.
Ота-бола ҳали сўридаги чорпоя ёнига етишмаганди. Орқа тарафдан овоз келди. Иккиси бараварига ўгирилди ва кўзлари Ҳайбатуллога тушди.
— Инсоф борми сизларда?! — бақирди колхознинг бош агрономи бор овозда ҳозиргина айтган гапини такрорлаб.
Ота ўғилга, ўғил отага қаради.
— Оқшоми билан ухлатмадинглар-ку. Кимнинг трактори эди патиллаган?..
Норқул ака ўғлига:
— Сен бориб чойингни ичавер, аралашма, мен ўзим гаплашаман, — деди.
Айни пайтда Маъруф аламини кимдан олишни билмай турганди. Буни ота ич-ичидан сезди. Агар ҳозир ўғли ўзи билан бирга Ҳайбатулло хомсемизнинг ёнига борса, уни бирон нима қилиб қўйиши кундай равшан эди.
Маъруф отасига итоат этди. Норқул ака эса бош агрономнинг ёнига борди.
— Кимиди у? — сўради Ҳайбатулло қўшнисига ўқрайиб.
— Ака, меҳмон келувди. Трактори сал носозроқ экан, узр. Билганимда, «Тракторингни ташлаб кел», дердим, билмабман-да.
— Ким эди у? — деди бурнини жийирган бош агроном.
— Сиз уни танимайсиз. Қўшни колхоздан. Маъруфнинг бирга ўқиган жўраси. Отасининг тракторини миниб кепти.
— Ҳе, — дея Ҳайбатулло ерга чирт этказиб тупурди. Сўнг: — Кўр кўрни қоронғида топган экан-да, — деди ва шартта ўгирилиб кета бошлади.
Норқул аканинг жаҳли чиққанди. Шунга қарамай, у ҳеч нарса деёлмади. Ўғлини ўйлади. Илгари ўйламасди. Бугун ўйлади. Боя ўзи-ю ўғлини хотинига қўшиб ҳақоратлаганида, қаттиқ сиқилганди у. «Бўлди, бундан бу ёғига қайсарликни бас қиламан. Мен шунақа бўлсам, бошқаларда нима айб? Боламни ўқишни битиргани, ишга жойлашгани учун айблаяпманми? Қайси аҳмоқ ота шундай қилади? У мен эплолмаган ишни боплади-ку. Ўзим одам бўлмаганим етмагандай, энди буниям олдини тўсайинми? Чапаниликнинг вақти ўтганга ўхшайди. Шу болам учун бундан бу ёғига созгарчилик қилишимга тўғри келади», деган қарорга келганди у. Шу сабабли ҳам Ҳайбатуллонинг ортидан индамай кузатиб қолди.
— Ҳайвон! — деди Норқул ака чорпоя ёнига қайтиб келиб. — Битта тракторга тузукроқ глушитель тополмасанг, нима қип участка агрономи бўп юрибсан?
— Ороми бузилибдими? — дея юзидаги табассумини яшириш мақсадида бошини эгди Маъруф (у отаси билан Ҳайбатуллонинг гапини эшитмаганди. Шу боис юзида кулги пайдо бўлганди).
— Энасини эмсин… Айтганча, энанг ҳалиям дастурхон ёзмабди-ку, — деди Норқул ака ва чорпояга чиқаётиб, бошини уй томонга бурди-да: — Кампир! Ў, кампир! — деб бақирди.
Кампири ошхонада эди. Боя чоли (шуниси қулайроқ) Маъруфни уришганини эшитганди. Шу боис унга бир парча тегиб қолганди. Ўғил юпатилди. Аммо юпатувни аёл эшитмаганди-да, шу боис қовоғини осиб олганди.
Чорловига жавоб бўлмагач, Норқул аканинг қошлари чимирилди. У ўзига ўзи ваъда бериб қўйганлиги учун хотинининг пўстагини қоқолмади. Бунинг устига, икки уй наридаги ҳамсоя келиб қолди. У уйқудан яқиндагина уйғонганлиги боис қовоғининг шишгани йўқолмаганди.
— Абдураҳим ака келди, — деди Маъруф.
Норқул ака бўйнини чўзиб, кўча томонга қаради. Афти бужмайди. Сўнг ўғлига юзланиб:
— Ўзинг гаплаш шу турқи совуқ билан, — деди.
Аммо уларнинг суҳбати қовушмади. Тўғрироғи, Абдураҳим она сути оғзидан кетмаган болани менсимади.
— Отанг ҳали ўлмаган бўлса керак?.. Охирги пайтларда ғўдайиб қолган отангнинг гапини олайлик-да, — деди у кесатиб.
Маъруфнинг бир жони чиқди, бир жони чиқди. Қўйиб берса, бу ношуднинг оғзи-бурнини қон қилишга-да тайёр эди. Уйга келганни ит қопмас, деган гап бор, шу важдан у индаёлмади.
— Билдик, ака! — деди чорпоя ёнига келган Абдураҳим овозини баландлатиб. — Уйингизга битта трактор кепти. Шуни деб, бутун қишлоқни кўчириб юборай дедингиз-ку.
Буниси Норқул акага ортиқчалик қилди. Боя Ҳайбатуллони азбаройи амали, ўғли унинг қўлига ишлагани бориши, қолаверса, кеча кечаси қизи Маъруфнинг йўлини пойлагани ва келажакда ўша қиз келин бўлиб, унга бир пиёла чой тутқазиши эҳтимоли борлигини ўйлаб, чидаганди.
— Энангни эмгур, нима бало деяпсан?! — деди бирдан жаҳл отига минган Норқул ака.
— Ҳа, ўзгарибсиз. Битта трактор уйингизга келганига шунчами? Худо кўрсатмасин, саёқ болангиз бирор амалга миниб қолса, уриб бошимизни ёраркансиз-да, — деди Абдураҳим бурнининг остидаги мўйлабини пирпиратиб.
— Падарингга лаънат, сен итга нима?! — деб Норқул ака ўшқирди.
Абдураҳим қараса, аҳвол чатоқ. Бу чўлоқнинг қони бир қайнадими, совиши қийин.
У ортига ўгирилди-ю, қочишга тушди.
— Энангни эшак тепкур! — дея бақирган Норқул ака қўлига илинган нарсани улоқтирди.
Биронтаси ҳам мўлжалга тегмади. Абдураҳим шаталоқ отиб қочди. Норқул ака эса жойига қайтиб ўтирди-да, кулди.
— Эшшак. Садқайи редакция кетсин. Беш-олти йил илгари ўнинчини битириши билан райондаги редакцияда ишловди. Хийла ўзгарувди. Кейин ўқишни битирди. Ёзувчи бўлди, деб эшитувдим. Лекин ёзганларининг биронтасиниям кўрмаганман. Бундан чиқди, гўрам нарса ёзмаган-да. Аммо нима бўлгандаям, одам бўлмабди. Отаси бундан тузукроқ эди. Неча йиллаб бригадирлик қилган. Тўғрини тўғри, эгрини эгри дерди. Бировларнинг гапига кирарди-ю, лекин бунчаликмас… Аслида, буям кирмаган, Ҳайбатуллога яхши кўриниш учун уйқудан турар-турмас, бу ёққа чопган. Айтганча, бу валак-салак шаҳардан қачон келиб, қачон мешқорин билан кўришиб?.. Эй, бошим оғриди, ундан нарига ўтиб кетмайдими?
Маъруф бошини эгиб ўтирар, отасининг гапини эшитиб-эшитмасди. Чунки мана шу ўтган бир кун уни яхшигина эзиб қўйганди. Бор-йўғи бир кун. Ишга кирганини ҳис қилишга улгурмай, бир ботмон юк елкасига тушгандай бўлди.
— Дастурхонни энангнинг қўлидан ол, — деди ота ўйга толган ўғилга.
Маъруф уйқудан уйғонган одамдай чўчиб тушди ва дарров ўрнидан турди.
Намуна опанинг ҳалигача қовоғи солиқ, арази кетмаганди. Шу боис ҳеч бир сўз демай, ортига ўгирилди.
Нонуштадан сўнг кийиниб йўлга тушган Маъруф қадамини тезлатди ва шу билан бирга ҳеч нарсани эсламасликка ҳаракат қилди.
Баҳром ака гаражда тракторнинг орқа баллонига суянганча ким биландир гаплашиб турарди. У Маъруфнинг саломига шунчаки бошини қимирлатиб қўйди-да, ҳамсуҳбатининг сўзларини тинглашда давом этди.
— Одам бундай бўлмайди-да, Баҳром ака, нима деган гап? Бош агрономнинг ўзи бир ҳафтадан бери қатнайди. Қани, эплаёлса?.. «Ундай қил, бундай қил» дейди-да, соя-салқинни топиб ухлайди. Унинг айтганини қилсак, участканинг бир жойи баланд, бир жойи паст бўп қоляпти. Тўғриси, юравериб, тинкам қуриб кетди. Шу, менинг ўрнимга бошқа тракторчини жўнатинг, — дея нолувчи ранги ўчиб кетган эски дўпписини олиб, пешонасидан оқаётган терни артди.
— Сен қилолмаган ишни бошқа ҳеч ким эплаёлмайди. Раиснинг ўзи сен боришингни айтган. Мени бўлса, бугун бошқа жойга ишга буюришди. Боролмайман. Борган тақдиримдаям, Ҳайбатулло билан жиққамушт бўп қоламан. Ўзи у ифлоснинг ялтоқланиш, ароқ ичиш, ухлашдан бошқа нарсага калласи етмайди, — деб Баҳром ака бир муддат Маъруфга тикилиб турди-да, — битта иш қилсак-чи, — деди.
Тракторчи билан ёш агроном унинг юзига термилди.
— Маъруф, сен борасан. Институтда узум қандай экилади, оралиқлари қанча масофа бўлади, ҳаммасини ўқигансан. Ўқиганмисан ўзи? — дея Баҳром ака унга синовчан тикилди.
— Ўқишга ўқиганман, лекин…
— Энди ўқиш билан ўқишниям фарқи бор-да. Бундай олиб қарасанг, Ҳайбатулло хомсемиз ҳам шаҳарнинг кўчасини беш йил чангитган. Ошқовоқдан маза олса бўлади, лекин у валак-салакда таъб деган нарса бутунлай йўқ… Хуллас, бор, кўр, эплолсанг, ана, эплолмасанг, шундай қайтиб келавер. Сенга биров бир нарса демайди. Мен еттинчи биргадда бўламан.
Баҳром ака бошқа ҳеч нарса демади. Кетди.
Узум экиладиган майдонга етгунларича, Маъруфнинг боши қотди. Ўзича заганни тасаввур этар, ўзича режа тузар эди. Лекин кўпроқ қўрқаётганди. Эплолмаса, калласидан тузукроқ гап чиқмаса, тамом, биров сариқ чақага олмай қўяди. Биринчи қадам ҳамма нарсани ҳал қилиши керак.
Манзилга етганларидан кейин заган бошида турган бригадир, яна уч-тўрт одам тракторчига ҳайрон бўлиб тикилишди.
— Баҳром ака келмадими? Чатоқ бўпти-да, — деди бригадир.
— Келмади. Манави ёрдамчисини қўшиб юборди, — дея тракторчи Маъруфни кўрсатди.
Ҳамма бараварига Маъруфга қаради.
— Мен аҳмоқ эканман-да, — деди жаҳли чиққанидан қошларини чимирган бригадир. — Келиб-келиб, шу ёш болани жўнатадими? Ўзи келганда амалидан тушиб қолармиди?! Эй, менга нима, ана, мешқориннинг ўзи эксин, — дея бригадир энди ортига ўгирилиб кетмоқчи бўлганида, уни Маъруф тўхтатди.
У шу пайтгача далага термилиб турганди.
— Битта гап айтай, кейин кетсангиз ҳам, майли, — деди йигит хиёл жилмайиб.
Қорувли, тажанг бригадирнинг жаҳли чиқди. Келиб-келиб, шу жинқарчанинг гапини эшитадими?
— Манавиларга айт! — деб у ишчилар билан тракторчини кўрсатди. — Ҳе, валак-салак!..
— Чорхона қилиб экиш керак, — деди Маъруф ичидагини айтмаса, бригадир кетиб қоладигандай.
— Қанақа чорхона?
— Оддий, ўртадаги культиваторнинг иккитасини олиб ташлаб, икки четдагисини қолдириш керак. Кейин математика дафтар чизиғига ўхшатиб, чорхона қилинади. Аввал тўғрисига, сўнгра кўндалангига чизиқ тортилади. Чизиқлар кесишган жойга узум экилади. Тамом.
Бригадир бир муддат унга термилиб турди. Сўнг келиб, елкасига қоқди.
— Маладес! Калланг ишлайдиган бола экансан. Ҳали сендайини кўрмагандим. Ақл ёшдамас — бошда, деганлари шу бўлса керак-да. Бўлмаса, Ҳайбатулло хомсемиз нималар деб ташламади?.. Отангга балли! — деди.
Маъруф бирор сўз айтмади. Бошини хам қилганча келган томонига кета бошлади.
— Ҳов бола, қаерга, нега кетяпсан? — бақирди бригадир.
— Бундан бу ёғига менинг керагим йўқ, бемалол ўзларинг эплайсизлар.
У нақ икки соатдан сўнг Баҳром акани топиб, ёнига етиб борди. Агроном ғўза гулларини кузатиш билан овора экан.
— Нима бўлди? Эплолмадингми? — сўради у Маъруфни кўриши билан.
— Айтдим, «Чорхона қилиб экинглар» дедим. «Культивациянинг ўртадаги иккитасини опташланглар» дедим, — деди Маъруф беҳафсала.
— Эй, қара, шу нарса мениям калламга келмаган экан.
— Лекин, Баҳром ака, ҳозир узум экадиган пайт эмас-ку.
— Юқоридан буюрилган. Тўғрироғи, эрта баҳорда айтилувди. Энди экишаяпти. Раис билан Ҳайбатуллонинг иши. Йўқ бўп кетмайдими? Энди сен лабораторияга бор. Кеча мен топшириқ бериб келувдим, нима бўпти, шуни сўра.
Кўп юрганидан кечга бориб Маъруфнинг тинкаси қуриди. Шу боис судралиб, қишлоғига етиб олди. Уйига бориб, ўзини ўринга ташлаб ухламоқчийди. Лекин…
Аввал онасининг овозини эшитди. Бирдан юраги ҳаприқди. Қадами тезлашди. Кейин бунгаям қаноат қилмасдан югурди. Шунда синглиси:
— Ота-а-а-ж-ж-о-о-н! — дея бақирди.
* * *
Элёр Насима опани четга суриб, ташқарига югурди. Кутилмаганда, олдидан Паризод чиқди ва иккиси тўқнашиб кетди. Қиз орқага қулади. Боши полга тегиб, гурсиллаб кетди. Паризод бирдан бақириб юборди-да, инграй бошлади. Насима опанинг кўзи косасидан чиққудай олайиб, жон-жаҳди билан Элёрнинг орқасидан итариб юборди. Йигит шўрлик қизни босиб кетмаслик учун аранг унинг устидан сакраб ўтди.
— Боламни ўлдириб қўйди! Болам тамом бўлди! — дея ўкирди Насима опа.
Шу заҳоти Саид уйдан югуриб чиқди ва ҳанг-манг бўлиб қолган Элёрнинг ёқасидан олди-да:
— Энангни эмгур, жиянимни нима қилдинг?! Ҳозир сени сўйиб ташлайман! — деб ўшқирди.
— Мен… Сиз… маст эдингиз-ку!
— Мана сенга мастлик!
Башарасига теккан муштдан Элёрнинг кўз ўнги қоронғилашди, у мувозанатини йўқотиб, деворга суяниб қолди. Худди шу маҳал унинг биқинига ҳам мушт тегди. Йигит икки букилди.
— Мен нима қилдим?! Ўзи…
Аммо у гапини охиригача етказолмади. Бутунлай қутурган Саид унинг дуч келган жойига тепа бошлаганди.
— Бўлди! Бўлди, ўлдириб қўясан, ичкарига киргиз! — дея бақириб, Насима опа Саидни тўхтатди.
Элёр судралди.
Оғзи-бурнидан оқаётган қон қип-қизил гиламни баттар қизартирди.
— Нима қилдим? Нега уряпсиз?! — деди чиққан хонасига олиб кириб, ётқизилган Элёр.
— Ҳа-а, ергина етгур! Ҳа-а, офат бошингдан кетмагур!.. Нимага урасан, дейдими?! — қарғанди Насима опа.
— Ичак-чавоғини бошига салла қип қўяйинми, опа! Шунда билади бу ифлос нимага мушт еяётганини! — дўриллади Саид.
— Сўраганимга жавоб бермаса, шундай қиласан.
— Ая, ўлдирасизларми?! Қамаб қўйишади-ку! — сўради қўрқиб кетган Паризод ранги докадай оқариб.
У Элёр билан йиқиладиган даражада тўқнашмаган эди. Шунчаки йигит унга тегиши билан ўзини орқага ташлаб юборган ва гурсиллаган овоз чиқариш учун қўлини полга қаттиқроқ урганди. Шу боис қўлини уқалаб турарди.
— Сен бор, хонангга кир! Ишинг битди! — дея бақириб берди Насима опа.
Қиз аразлаган кўйи бир аясига, бир тоғасига қаради. Сўнг ачингандай йигитга кўз ташлаб қўйди-да, чиқиб кетди.
— Сен ифлос, энди менга айт! — деди Саид ўкирганча тиззалаб ўтириб, Элёрнинг ёқасидан оларкан. — Раисни қаерга ташлаб келдинг?!
— Айтдим-ку.
— Айтдим-ку?! Мана сенга!
Элёрнинг жағига яна мушт келиб тегди.
— Мараз! Мен опамнинг устидан кулишларига йўл қўймайман! Областда колхозлар тиқилиб кетган бўлса, ҳар ҳафта обкомда унга пишириб қўйибдими?! Гапир, ярамас!
— Бўпти, бўпти, — дея бошини қимирлатди Элёр, — ҳозир обораман.
— Обораман?! — деди бирдан ҳайратга тушган Насима опа.
— Ҳа, райком ўринбосарининг ҳайдовчиси ёнига. У опкетган. Ҳар доим Толмас ака райком ўринбосари билан бирга кетади.
— Қайси ўринбосари? — сўради Саид Элёрнинг ёқасидан қайта-қайта тортқилаб.
— Биринчи ўринбосари.
— Саъдулла Ғайбуллаевичми?
— Билмайман.
— Биласан.
— Ҳар балони биласан, — деб Саид бошини кўтарди-да, Насима опага қаради: — Опа, уйда телефон ишлаб турибдими? — деди иржайиб.
— Ҳа-а, ишлаяпти, — жавоб берди Насима опа.
— Ҳозир манави итнинг оёқ-қўлини боғлаб ташлайман. Кейин ўзим Саъдулла Ғайбуллаевичга телефон қиламан.
— Вақт алламаҳал бўп қолди. Шундай пайтда райком ўринбосарига телефон қилсанг, қандай бўларкан? Поччанг ундан каттароқ амалда бўлганидаям, майлийди…
Саид кўзини қисиб қўйди:
— Саъдулла ака билан ошнамиз. Неча марталаб ош-қатиқ бўлганмиз. Қамоқдан чиққан кунимоқ кўргани келган. Битта қўйни етаклаб, биттасини тандир кабоб қилиб опкелган.
У опасига арқон олиб келтирди. Сўнг эринмасдан Элёрнинг оёқ-қўлини боғлади. Шундан кейин йигит билдики, аҳвол ўйлаганидан анча мураккаб. Бирон нима қилмаса, бу ҳўкизбашара сўйиб ташлашдан ҳам тоймайдиганга ўхшайди. «Ростини айтсаммикан? Айтсам, «Обор» дейди. Ҳозир булардан оладиганимни олдим. Кейин раиснинг навбати келмайдими?.. Сотиш ярамайди. Раис ким бўлиши, қаерга бориши, нима иш қилишидан қатъи назар, тилимни тийишим керак. Амаллаб манави махлуқларнинг қўлидан қутулиб чиқсам, кейин нима қилишни ўзим биламан» хаёлидан ўтказди у.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1