"Закот".
Бир мухлисимиз ҳикоя килади.
Мен Сурхондарёданман тоғ олди қишлоқларидан бирида яшаймиз.
Бундан ўн йиллар аввал бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушди ва сизларга ҳам айтишга қарор қилдим.
Тоғ орасидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган қариндошимиз қўй сўйиб хайру- эҳсон қилаётган экан бизларни ҳам меҳмонга чақирди отам иккаламиз машинамизда қариндошимизникига етиб борган вақти қишлоқ одамлари йиғилган, айни баҳор фасли бошланган дамлар, ям-яшил тусга кирган тоғлар, бутун борлиқ гўзалликка бурканган дамлар об-ҳаво очиқ кун иссиқ бўлганлиги сабабли ташқарига кўм-кўк бўз устига жой қилинган экан.
биз каби меҳмонлар нари борса тўрт беш киши, қолган ўттизга яқин шу қишлоқ одамлари.
Келинг меҳмон тўрга ўтинг, тўрга ўтинг қилиб отамни тепароқда ўтирган юзлари нурли калта соқоли ўзига ярашган, даврадагилар қори ака дея ҳурматлаётган одам ёнига ўтқизишди.
Мен пастроқда ўзим каби ёшлар ёнидан жой олдим.
Дастурхонга овқат тортилиб нозу-неъматлардан олинг -олинг қилиш билан бир қаторда суҳбат ҳам қизияпти.
Аввал эътибор қилмаган эканман, жим ўтирган бўлганми, ёши элликка бориб қолган кийган кийимлари билан қишлоқдошларидан ажралиб турган аммо анча манманлиги билиниб турибди, ёнбошлаб олиб ҳеч кимга гап бермаётган бир киши ҳаммани ўзига қаратиш учун борган сари овозини баландлатиб гапирар эди.
Рўпарасида ўтирган киши ҳам бизларга ўхшаган меҳмон шекилли, шу одамга қараб:
-- Мана шу қирларда ёйилиб юрган қўйларни кўраяпсизми? -- деди кўрсатгич бармоғини бигиз килиб, бизлардан анча узоқликда тоғ ёнбағирларида ўтлаб юрган қуйлар подасини кўрсатиб.-- ана шу қўйлар ҳаммаси меники, яқинда қўзилаб бошлади шу йили кузгача мингга етади қўйларим сони.
-- Баракасини берсин,- деди тўғрисида ўтирган одам.
Бу гапларни эшитиб ўтирган қори ака гапга қўшилди.
-- Аллоҳ баракасини берсин бой ака, агар малол келмаса сиздан бир савол сўрасам.
-- Сўранг мулла,-- деди сал афти буришиб бойвучча ака.
-- Аллоҳ сизга шунча бойлик берибди, сиз бунинг шукрини қилиб "Закотини" ҳам бериб турибсизми?
-- Тушунмадим мулла ака, бизлар бир умр шу тоғу-тошларда қўлимизда чўпон таёқ қўй боқиб умримиз ўтаяпти, "Закот" ҳақида эшитганман аммо тўлиқ билмайман, батафсил тушунтириб айтингчи?
Қори ака қисқача қилиб "Закот" ҳақида маълумот бериб ўтди.
-- Аха, демак сиз айтишингиз бўйича мен шу қўйларим сонига қараб, қайсидир кам харж дангасага нечтадир қўй беришим керакми?
Мен иссиқни-иссиқ, совуқни совуқ демасдан тоғу- тошларда юрган вақтимда ким келиб менга қарашиб қўйган эдики мен унга хадя килсам!
Бой аканинг ранги рўйи ўзгариб овози кўтарилиб бақириб гапира бошлади.
-- Агар сизга Аллоҳ бермаса битта чўпга ҳам эга бўла олмас эдингиз, бунинг шукрини килишингиз керак..
-- Ўйй.. чала мулла, менга дарс ўтма, йиғиштир бунақа сафсатангни, эртакларингни бориб ўзингни қишлоқдагиларингга ўқи,-- у шундай дея кетишга шайланиб жойидан турди.
-- Астағфируллоҳ! Бой ака, Астағфируллоҳ денг, ризқ бергувчи Аллоҳ!,- қори аканинг овози титради.
-- Шу пайтгача ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганман, бермайман ҳам, нима бўлади? Қайтариб олиб қўядими?
Хуллас менга эртак ўқиманглар, мен кетдим!
У шундай дея кета бошлади.
Даврага совуқлик тушди.
Қори ака, отам ва мен бу гаплардан ҳайратда эдик, афтидан бу қишлоқда бунақа вазиятлар тез-тез бўлиб туради шекилли, қолганлар хотиржам хеч гап бўлмагандек ўтиришибди.
Қишлоқ оқсоқолларидан бўлса керак, бир ёши улуғ киши:
-- Қори ака хафа бўлманг, бу одам ўзи айтиб ўтганидек бир умр шу қўйлар ортидан тоғу-тошларда оралаб юриб умри ўтди, на диндан на одамгарчиликдан бехабар.
Бизлар ҳам сиз каби маслаҳат қиламиз дея бошимиз балога қолган кўп бора.
-- Афсуски бунинг окибати яхшиликка олиб бормайди,-- деди қори ака.
Шундан кейин озроқ ўтиришдик ва тарқалишдик, ўша пайтлари Тошкентда ўқир эдим эртаси куни Тошентга кетдим, орадан роппа-роса бир йил ўтди, ҳар йилгидек айни баҳор кунлари қишлоққа йўл олдим.
Туманимиз марказидан қишлоғимизга кетадиган машиналарга минмокчи бўлиб турган эдим, ўн саккиз ёшлардаги бир йигит қўлтиғидан суяб кетаётган бир одам кўзимга иссиқ кўринди.
Бир қўлида хасса тутган иккинчи қўлини ёнидаги йигитнинг бўйнидан ўтказиб кетаётган одамни зўрға танидим, бу ўша бир йил олдин мен кўрган бой эди, ёнидаги ўғли экан.
Улар битта машинага миниб кетгач ўша қишлоққа кира қиладиган ҳайдовчилардан биридан сўрадим.
-- Ҳозир бир ёш йигит машинага суяб миндирган одам сизларнинг қишлоқларингиздан эмасми мабодо?
-- Ҳа ака, бу одам биз томондан, минг қўйли бойман деб юрадиган фалончи ака бўлади.
-- Бир йил аввал кўргандим, соппа-соғ эди, баққуват эди, нима бўлди у кишига?
-- Ўтган йили қиш эрта тушди, ҳам жуда қаттиқ келди ноябрь ойи охиридан бошлаб ёққан қор то март ойи бошигача ердан узилмади, тўплаган ем хашаклари январь охирламасдан адо бўлган экан, аввалига янги туғилган қўзилари қирила бошлади, кейин қўйларига ҳам қирғин келди.
Мол бозорларда ем хашак нархлари ошиб кетди, қўй қўзилар нархи бўлса аксинча тушиб кетди.
Бекорга ўлиб кетмасин дея арзон нархда бўлсада қўйларини сота бошлади, ҳозирда юзга яқин қўйи қолган.
Арзон гаров сотган тўрт юздан ошиқ қўйларининг пулини ўғлингни "Корея"га ишлаб келишга юбораман дея бир мошейник алдаб олиб қочиб кетибди.
Бой ака бирданига шунча йўқотишни кўтара олмай қанақадир асаб касал бўлиб бир томони яхши ишламай қолди, ўғли энди дўхтирма-дўхтир олиб юриб топган тутганини шифохоналарга сарфлаяпти.
Битта машинага ўтириб қишлоққа кетаяпман.
Анча вақтгача қулоқларим остида ўша аканинг, қори акага қараб " Ким менга қарашиб қўйибди, мен ўзим қилдим бу ишларнинг хаммасини ўзим, ҳеч ким менга бермапти, бермасам қайтариб олиб қўядими?" дея бақирганлари жаранглаб турди.
Бахтиёр Турсунов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1