Қисса.
5-қисм.
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
Урусхон пойлоқчиларни доғда қолдириб, гандираклаганича ўрмон ичкарисига кириб кетгач, Заур билан Тамби руҳонийлар оиласига мансуб барча қариндошларини тўплаб машварат қилдилар. Ой тўлишгач, улар ўрмон ҳудудини босиб ичкари кириш ҳуқуқига эга бўладилар. Ҳозир эса сабр қилмоқликдан ўзга чора йўқ. Номаълум одамнинг нопок қадами билан ўрмонни таҳқирлаши шаккоклик бўлса, ўзларининг ой тўлишгунга қадар ўрмонга киришлари куфр устига баттар куфр саналмоғи аниқлигини улар яхши билишади. Унга қадар эса ўрмон зич ҳалқа билан ўраб олиниши керакким, токи ундан бир қумурсқа ҳам ўрмалаб чиқиб кета олмасин. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларини зийраклик билан кузатиб турган Тбау-уац-Ила руҳоний бандаларининг ўз вазифаларини қандай содиқлик билан адо этаётганларини назардан қочирмайди.
Маслаҳат чоғида яна “Бу одам ким бўлди экан?” деган савол такрорланди. Хсин “бу шаккок айнан Урусхоннинг ўзи”, деган аввалги гумонини энди исбот қилмоқчи бўлди. Бу мункирнинг ўлдирилиши учун туцатларнинг беш минг рубл миқдорида мукофот пули олишларини яна бир эслатади.
-Муҳими бу эмас,-деб уни қайириб ташлайди Тамби.
Пойлоқчилар жой-жойларига жўнатилгач, Тамби ўғлининг дафн маросимига тайёргарлик кўриш учун уйига отланди. Инилари эса қасос онини қўлдан чиқармаслик учун жойларида қолдилар.
Инилари эса қасос онини қўлдан чиқармаслик учун жойларида қолдилар.
Заур ҳам уйига қайтди. У жиноятчини қўлга олиш насиб этадими ё йўқми, деб фол очувчи таёқчаларидан сўради. Таёқчалар унинг кўнглига таскин берувчи ижобий жавобни бердилар.
Инилари ва жиянларининг ўрмон пойида сергак турганлари унга далда бериб, бир оз дам олишни ихтиёр қилди.
Эрталаб қизини қайғули аҳволда кўрди. Қиз қалбидаги муҳаббат оловининг забти унга ҳам таъсирини ўтказдими, ҳар нечук ғазабини юмшатди. Куфроний бир эркакни деб асрий қонунни бузишга журъат этган, энди унинг ҳажрида куяётган қизига Заурнинг раҳми келди.
-Золийхон!
-Лаббай, ота?
-Қайғураяпсанми?
Бир оғиз гап гапиришга ҳоли ҳам қолмаган қиз отасига нима деб жавоб қилсин? Золийхон индамайди, бошини эгади.
-У нобакорни хаёлингдан чиқариб ташла!-деб амр қилади Заур.
Ота амри сўзсиз адо этилиши керак. Аммо муҳаббатнинг бақувват занжири билан икки юрак боғланган дамда бундай амрни бажара олувчи ошиқ борми бу дунёда?
Қиз итоатсизлик билан бош чайқади:
-Ота, мен бундай қилишга ожизман.
-О, бахти қаро қиз, нега тушунгинг келмайди? У яраланиб ётибди. Балки жони аллақачон жаҳаннамга кетгандир?
Қизнинг ғамга лиммо-лим тўла қалби азобини титроқ овози ошкор қилди:
-Биламан…
Ота ғамнинг бу садосига эътибор қилмайди:
-Тбау-уац-Ила Керимнинг хотини бўлишингни менга аён қилди.
Золийхон бошини эгганича пичирлади:
-Бу ҳам дзуарнинг жазоси менга…
-Ҳа, бу Тбау-уац-Иланинг жазоси!-деб қатъийлик билан такрорлади Заур.-Сен куфронийга ёрдам бериб, гуноҳга ботдинг. Энди тавба қилиб, гуноҳингни ювишинг керак. Қизим, ишон, сенга раҳмим келяпти. Мен – отаман! Тақдирингга бефарқ қарай олмайман. Сени ҳали олдинда оғир қисматлар кутяпти. Азобларга чидашга мажбурсан…
Заур ота сифатидаги айбига иқрор бўлиб, бошини эгди. Қиз “отам яна бирор нима дермикин?” деган фикрда жим турди.
Заурдан садо чиқавермагач, қайрилиб нари кетди.
“Бундан баттарроқ яна қандай азобга дуч келишим мумкин?-деб ўйлади у.-Сарлочиним яраланиб ётибди, мен ярасига малҳам қўя олмайман. Балки отам айтганидай, тириклар дунёсини ташлаб ҳам кетгандир, мен – нотавон эсам унга аза очиб, бир томчи кўз ёши ҳам тўка олмайман. Мен севмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон сева олмайдиган Керимга тегаманми? Тбау-уац-Ила менга шу тақдирни раво кўряптими? Бу қандай кўргилик!
Золийхон қалбини забт этган пахлавонининг булоқбошида қонига беланиб ётганини хаёлан кўз олдига келтирди. Ички бир қудрат уни ўрмон томон боришга даъват этди.
Аммо…
Тбау-уац-Иланинг қасоси-чи?
У қуршовдаги пойлоқчилар орасидан сездирмай ўтиб олиши мумкин эди. Одамлар сезмай қолишар, аммо шу ўрмон, шу тоғ худоси-чи? Баттар ғазабланмайдими? Унинг жазоси-чи? У ўзининг эмас, севгилисининг бошига бундан баттар балолар ёғилишидан қўрққани учун ҳам ўрмон сари боришга журъат этолмайди.
Қуршовда ўтирганлар назарида жума ва шанба жуда имиллаб ўтди. Урусхон эса иситма оташида алахсираб ўтказди бу кунларни. Кунни зерикиш билан ўтказган пойлоқчилар ўрнига янгилари келишди. Балоғат ёшига етган туцатлар шанба куни рўза тутдилар. Чўмилиб, покиза бўлишгач, ибодат қилишди. Сўнг оппоқ камзулларини кийдилар-да, ўрмонга отландилар. Қурол билан ичкари кириш мумкин бўлмагани сабабли қўлларига фақат таёқ ва ўтин кесгали болта олдилар. Улар шаккокни булоқбошида ётгандир, деб тахмин қилдилар. Уни ухлаб ётганида қўлга олиш режасини туздилар.
Заур “Тбау-уац-Ила бизга мадад беришга ваъда қилди”, дегани учун, ғалабага ҳамманинг ишончи комил эди. Заур бадкирдорни Тбау-уац-Ила ҳукмига рўпара қилмоқ мақсадида тириклайин қўлга олишни амр этди. Агар абрекни беҳос ўлдириб қўйишса, ишга ҳукумат вакиллари аралашадилар. Руҳонийлар эса уларнинг аралашишлари у ёқда турсин, бу ерларга яқинлашишларини ҳам хоҳламайдилар.
Улар муқаддас ўрмон этагига яқинлашиб, тун оғишини кутдилар. Сўнг бир неча гуруҳга бўлиниб, ўрмоннинг турли томонларидан ичкари кирдилар.
Водийдан кўтарилиб келган қора булут тўлин ойни ҳам, осмонга сачраган юлдузларни ҳам ютди.
Ўрмонни қуршаб ётган ўғлонлар харсанглар ва буталар панасида милтиқларини маҳкам сиққанларича зийрак ётибдилар. Уларнинг кўзлари ичкарига йўл олганларда. Оқ камзулли туцатлар баҳайбат дарахтлар остида ҳудди ўрмалаётган арвоҳлар каби кўринадилар.
Заур тўғри булоқбошига бормай, аввал ўрмоннинг ҳамма томонини қараб чиқишни буюрган эди. Топшириқни бажарган туцатлар Заурнинг атрофида бирин-кетин тўпландилар. У болтадан фақат ҳимоя воситаси сифатидагина фойдаланиш мумкинлигини таъкидлагач, булоқбоши томон шарпасиз юра бошладилар. Олдинда бораётган Заур шаккокнинг нима қилаётганини ўз кўзлари билан кўришни истаётган эди. Агар ухлаётган бўлса орқадагиларга ишора қилади. Туцатлар эса унга ташланиб, қўл-оёғини боғлашади. Пусиб, сас чиқармай белгиланган жойга етдилар. Ана, куфроний майса устида ҳаракатсиз ётибди. Заур уни ҳудди шу аҳволда, шу жойда кўришни таҳмин қилган эди.
Сокинлик…
Заур унга аста яқинлашди.
Тбау-уац-Ила жиноятчини унинг қўлига осонлик билан топширди.
Ҳушсиз Урусхоннинг кўзлари юмуқ. Алахсираб, нималардир дейди.
Заур қаддини ғолиблик билан кўтариб, иниларига ишора қилди.
-Боғланглар!
Урусхоннинг ҳушсиз эканидан бехабар туцатлар унга баравар ташланиб, қўл-оёғини боғладилар.
Урусхон уларни ажаблантириб, қаршилик кўрсатмади, уйғонмади, ҳатто нималар бўлаётганини сезмади ҳам.
Урусхонни ўзининг бўркига ётқизишди. Тўрт йигит уни кўтарди. Тамби сал нарида ётган милтиқни кўриб, қўлига олди.
-Уни уйимга олиб боринглар, Тбау-уац-Ила бизга марҳаматини ёғдирди. Бугун қасидалар айтамиз. Ўтинни эртага кессак ҳам бўлади.
Заур шундай деб Тбау-уац-Илани улуғловчи қадимий қасидани куйлай бошлади. Ҳазин оҳангда бўлса-да, киши қалбини ларзага солувчи бу қўшиқ тун сукунатини поралаб ташлади. Маросим иштирокчилари шошилмай сўқмоқ томон боришди. Пистирмадагилар қўшиқни эшитишлари ҳамон ўринларидан турдилар-да, эҳтиром юзасидан бош кийимларини ечиб, қўлга олдилар.
Руҳонийлар ўрмон этагига яқинлашганларида булут чоки сўкилиб,
Руҳонийлар ўрмон этагига яқинлашганларида булут чоки сўкилиб, тўлин ой кўринди. Ҳаракатсиз қора бир нарсани кўтариб келаётган оппоқ кийимлилар ой нурида аниқ кўзга ташландилар.
Ғолибона қадамлар билан ўрмондан чиқиб келган руҳонийларни кўрган пойлоқчи йигитлардан бири шодонлик билан:
-У қўлга олинди!-деб қичқирди.
-Шаккок қўлга тушди!-бошқалар шундай деб қичқиришиб, қувончларини ичларига сиғдиролмай милтиқларини баланд кўтарганларича тантана қилдилар.
-Ушланди! Ушланди!-деган шодиёна хабар оғиздан оғизга кўчди.
Тўпланганлар руҳонийлар сафига шошилиб, жўровозда қўшиққа қўшилдилар.
Жар ёқасида ажиб бир манзара намоён бўлди: олдинда оппоқ либослилар, уларнинг изидан қора кийимли ўғлонлар тизилиб боришади.
Қоялардан қояларга урилиб жаранглаётган қўшиқ Цагат Ламардон аҳолисини уйларини тарк этиб чиқишга мажбур этди. Заурнинг уйи олдидаги майдонча бир пасда одамларга тўлди.
Ғолибона ва тантанали юриш иштирокчилари майдончага яқинлашишганда қасида ҳам ниҳоясига етди.
Ярадорни кўтариб келган туцатларнинг ёш ўғлонлари уни аста ерга қўйдилар. Одамлар тўдаси қизиқсиниб, ўлжага яқинлашдилар. Бир бола чироқ олиб келиб, унинг юзини ёритди. Ҳеч ким уни танимади.
-Унинг менинг қўноқхонамга олиб киринглар. Тепасида икки киши қўриқлаб турсин,-деб буюрди Заур.
Улар ярадорни кўтариб, ҳовлига қадам босишлари билан Золийхон ичкарига, аёллар хонасига қочиб кириб кетди. Қизнинг вужудини жунбушга келтираётган қандайдир куч уни ёрининг яраларини боғлашга, тасалли беришга ундайди. Аммо ночорлик ҳисси ғолиблик қилиб, хонада беркиниб ўтиришга мажбур этади. Нима қилсин, у бечора, эркаклар тарқалишини кутишдан ўзга иложи йўқ.
Томошаталаблар тарқалишди. Ғала-ғовур ҳам тинди. Урусхон қўноқхонадаги тўшак устида ҳамон ҳаракатсиз ётибди. Қуролланган икки йигит унинг икки ёнида зийрак турибди. Заур худонинг ғазабини келтирган, туцатларни эса беҳаловат қилган бу нобакорга узоқ тикилиб турди-да, йигитларга буюрди:
-Қаранглар, балки ярасини боғлаш керакдир.
Соқчилар амрни бажаришни пайсалга солмадилар. Заур чиқиб кетмай турибоқ, Урусхоннинг қўлларини маҳкам сиқиб турган арқонни бўшатдилар. Кейин устидаги кийимларни ҳам ечгач, ярага ёпишиб, қотиб қолган қонли латтани бемеҳрлик билан юлиб олдилар. Оғриқ зўридан ярадор инграб юборди. Соқчилар энди нима қиларларини билмай ҳайрон турганларида эшик очилиб, Золийхон шошилганича кириб келди. Заур бу ердан чиқиб ярадорга қараш лозим эканини айтганида Золийхон гўё қанот чиқариб учгандай бўлган эди. У келтирган малҳам, тоза мато, илиқ сувни ерга қўйгач, севгилиси ёнига чўккалади. Буларнинг қалб сирларидан бехабар соқчилар сал наридаги курсига бориб ўтирдилар.
Золийхон нозик ва майин бармоқлари билан ярага малҳам қўйиб, авайлаб боғлади. Ёнбошни яралаган ўқ ҳавфли эмас, суякка тегмабди. Аммо кўкракка теккани… Золийхон шунисидан хавотирда.
“Ўқ ўпкасида қолганга ўхшайди,-деб ўйлади у.-иситмалаши шундан”.
Золийхон ярадордан хабар олиб туриш учун қўноқхонада қолажагини билдирди. Соқчилар унга қаршилик қилишмади.
Эртаси куни ёш руҳонийлар ўтин кесиб келгани ўрмонга йўл олганларида катталар ярадорнинг қисматини ҳал қилиш учун Тамбининг уйида маслаҳатга тўпландилар. Улар ўзларича ҳукм чиқариб, ижро этишга ботина олмайдилар. Қадамжонинг хорлангани, жиноятчининг қўлга олинганини бутун водий аҳли эшитди. Ҳокимиятнинг бу янгиликка бефарқ қарамаслиги аён, демак, туцатлар ўзларича ҳеч нима қила олмайдилар.
Ҳатто Тбау-уац-Ила ҳам жиноятчининг жонини олмай, ўз хизматчиларининг қўлига топширди. Заурнинг фикрича, худо бу куфронийга ўлимдан кўра янада азоблироқ ва даҳшатлироқ жазони тайёрлаб қўйган. Шу сабабли энг маъқул чора – ярадорнинг тузалиши ва Тбау-уац-Иланинг қарорини кутиш.
Шу куниёқ Темир Тўтараев ўғли ҳамроҳлигида Цагат Ламардонга етиб келди. Уларнинг изидан икки баҳайбат ит кўмагида сурувни ҳайдаб келаётган хизматкор овулда тўхтамай, қўйларни ўтлоқ сари ҳайдади. Заур ардоқли меҳмонларни ҳовлида кутиб олиб, ўзининг хос хонасига бошлади. Қариялар сўридан жой олдилар, Керим эшик ёнида қолди. Дўстининг ташрифидан хабар топган Зураб ҳам хонага кириб, Керимнинг ёнидан жой олди. Мезбондан амр кутаётгандай ханжари дастасини маҳкам ушлаб, қаддини ғоз тутганча турди.
Руҳоний ота меҳмонини кейинги кунларда юз берган воқеалардан огоҳ қилди. Аммо қизининг жиноятчига таом олиб борганини айтишга тили бормади. Бу гап сирлигача қолмаслигини, Зураб ҳадемай дўстига ошкор қилишини биларди. Шундай бўлса-да, бу ҳақиқатни айтиш унга ўлим азоби каби туюлди. Мезбон гапини тугатиб, тин олгач, Темир жиноятчини кўришга изн сўради.
Заур унга монелик қилмай, ҳовли орқали қўноқхонага бошлади.
Темир ярадор асирни кўрди-ю, беихтиёр бир сесканди. Ўзини ўша заҳоти қўлга ололган бўлса-да, синчков Заур ундаги ўзгаришни сезди. Темир орқасига ўгирилиб ҳовлига чиққунига қадар Заур ундан садо кутди. Аммо мезбон муқаддас ўрмон томон тикилганича жим қолди. Заур меҳмонни тирсагидан ушлаб, уйга бошлади-да:
-Уни танийсанми?-деб сўради.
Агар рус жандарми шундай деб сўраганида Темир рад жавобини берар, қочоқни ҳеч қачон сотмаган бўларди. Аммо ҳозирги шароитда қиёматли дўстига тўғрисини айтиши мумкин. У чуқур хўрсинди-да, Заурга қараб:
-Танийман,-деди.
Заур гапнинг давомини кутиб, меҳмонига савол назарини қадаб тураверди.
-Мен уни абрек бўлмасидан илгари ҳам яхши танирдим. Унинг киндик қони бизнинг овулда тўкилган.
-Демак?..-Заур шундай деб жим қолди. Темир ҳам гапирмади. Жавобни руҳоний отанинг ўзи айтди:-Урусхонлиги аниқми?
Темир жавоб ўрнига бош ирғади.
-Энди ҳаммасига тушундим! Энди ҳаммаси менга аён бўлди! Тбау-уац-Ила менга, ўзининг содиқ қулига марҳамат қилибди! Худойим Урусхоннинг боши беш минг рублга баҳоланганини билади-ку, ахир? Бу бойликни худо менга насиб этибди!
Заур ҳаяжон билан шундай дегач, жимиб, ўйланиб қолди: “Аммо мен уни жандармга ўз қўлим билан топшираманми? Беш минг рубл эвазига “сотқин” деган тавқи лаънатга эришаманми? Йўқ. Буниси тўғри келмайди!”
Заур “чорасини сен топ” дегандай дўстига қараб қолди. Темир “бунинг чорасини топишга мен ожизман”, дегандай нигоҳини олиб қочди. Бир оз ўйлангач, Заурнинг ўзи топди бу чорани: у асирини жиноятчи қочоқ Урусхон деб топширмайди, ҳукумат қўлига. Балки ҳужжатсиз, номаълум кимса деб беради. Ҳукуматдигаларнинг ўзлари бошларини қотириб унинг кимлигини аниқлаб олишсин-у, мукофот пулини чўзишсин. Зарур бўлиб қолса уларга озгина ёрдам беришар. Лекин ҳозирча ҳеч ким асирнинг кимлигини билмаслиги шарт. Заур бу қарорини яна бир марта фикр тарозусига солиб кўргач, қочоқнинг номини сир сақлаб туришини дўстидан илтимос қилди.
Темир бу илтимосни ҳеч бир шартсиз қабул этди.
Отасининг имо-ишора орқали берган амрини адо этиш учун Қўрғок тезлик билан отни эгарлади-да, тоғ тепасидаги яйловга қараб йўл олди. Орадан ярим соат ҳам ўтмай эгарида қора қўзи билан қайтди. Ҳовлига кира солиб, отдан чаққон сакраб тушди. Зорланиб маъраётган қўзини эгардан олди-ю, уни ўнгланишига ҳам қўймай, бўғзига ханжар тортиб юборди. Кейин енгини шимариб, чўккалаб олди-да, жониворнинг терисини шилди, ичак-чавоғини ағдариб ташлади. Амр этилган ондан икки соат ўтмай, меҳмоннинг шарафига сўйилган қўзи гўштидан кабоб тайёр бўлди.
ЎҒИЛ
Шомга яқин Урусхон ҳушига келди, кўзларини очиб, атрофга ҳайрат билан боқди. Эшик ёнида ўтирган қуролли икки йигитни кўрди. Ўрнидан турмоқчи эди, оёқлари боғланганини сезиб, ортиқча ҳаракат қилмади. Яна кўзларини юмди-да, ўзини ухлаганга солди. Аммо онги уйғоқ эди. У бўлиб ўтган воқеаларни эслашга уринди: тўғри, у эҳтиётсизлик қилиб, ўрмондан чиқди, унга ўқ уздилар… лекин, уни алдаган бола…
Урусхон болага ханжар урганини эслаб, мамнун жилмайди. “Сотқинлик учун жон билан ҳақ тўлайдилар… Қизиқ, бу ерга қандай келиб қолдим? Муқаддас ўрмонга кириб мени олиб чиқишга ким журъат этди? Ким мени боғлаб ташлади? Уйқуда эдимми ё ҳушсизмидим? Қанчадан бери ётибман? Чанқадим, оғзимда тупук ҳам қолмабди…”
-Сув… менга сув беринг,-деди у беиҳтиёр.
Унинг хирилдоқ овози жуда паст эди. Шунга қарамасдан қўшни хонада ўтирган Золийхон пахлавонининг илтижосини эшитди, шошилганича чиқиб, ярадорга қарамоқчи бўлган соқчининг қўлидан истаконни олиб, мис қумғондан сув қуйди-да, бир қўли билан Урусхоннинг бошини кўтарди. Золийхонни кўрган Урусхоннинг кўзлари чақнаб кетди. Сувни ютоқиб-ютоқиб ичди-да, баланд овозда:
-Раҳмат!-деди, кейин овозини пастлатиб сўради:-Мен қаердаман?
-Отамнинг қўноқхонасида,-деди қиз ҳам паст овозда, сўнгра янада шивирлаб:-Кейин, кейинроқ гаплашамиз…-деб қўйди.
Бу онда Заур ўзининг хос хонасида Тамби ва Иналдко билан маслаҳатлашиб ўтирарди. У боши беш минг рублга баҳоланган машҳур абрекни Темир Тўтараев таниганини укаларига маълум қилди-да, “Тбау-уац-Ила марҳамат кўргазиб, содиқ хизматларим эвазига бу мукофот пулини менга лозим кўрди. Агар худойим шуни хоҳламаганида жиноятчини менинг қўлимга топширмай, ўзи жазолаган бўларди”, деб изоҳ берди.
Укаларга бу изоҳ маъқул келмади. Гарчи “Худо жиноятчини ўзи маҳв этмай қўлимизга топширди”, деган фикрга қўшилсалар-да, қочоқни қўлга олишда барча туцатлар иштирок этганлари сабабли олинажак пул мукофоти тенг тақсимланиши керак, деган талабни ўртага қўйдилар.
Укаларининг талаби Заурга маъқул келмай, баҳс бошланиб кетди.
Заур абрекни биринчи бўлиб кўрганини қайта-қайта такрорлайверди. Укалари эса унга жавобан: “ёнингда биз бўлмасак, ёлғиз ўзинг унга яқинлашишга журъат эта олмаган бўлардинг, уни ким ушлаб, ким боғлаб, ким кўтариб келди, буни ҳисобга олмайсанми?” деб қаттиқ эътироз билдиришди.
Заур ён босишга мажбур бўлди – олинажак пул мукофотини теппа-тенг тақсимлашга қарор қилдилар.
Дераза ёнида турган Золийхон уларнинг бу баҳсини эшитиб, ғашланди.
Ҳали қўлга олинмаган пул ҳақидаги баҳс ҳал этилгач, Тамби “Биз ҳали йўқ нарсани талашиб ўтирибмиз. Ҳукумат ваъдасини бажариб, пулни берадими ё йўқми?”, деган гумонни ўртага қўйди.
-Мен билан пул талашмай, гапни шундан бошласанг дурустроқ бўларди,-деди Заур норози оҳангда.-Сен шаҳарга тушиб, ўша ердаги катта-кичик амалдорлар орқали бу ҳақда аниқ маълумот тўпла. Биз шунга қараб иш кўрамиз. Агар жиноятчини ҳукуматга абрек сифатида топшириб юборсак, таъна тошлари остида қоламиз. Пул униши аниқ бўлсагина, биз уни ҳарбийлар касалхонасига олиб борамиз, шунда ҳам абрек Урусхонни эмас, муқаддас ўрмонимизни оёғости қилиб топтаган шаккокни, руҳонийлар табақасига мансуб йигитчани ўлдирган қотилни ҳукумат ихтиёрига топширамиз. Шундан кейин ҳукумат вакиллари Урусхонни таниб қолсалар, оиламизнинг айби эмас.
Бу фикр Иналдкога ҳам маъқул келиб, Тамбининг эртагаёқ шаҳарга боришини сўради. Заур
эса абрекни биров топа олмайдиган жойга яшириб қўйишини айтди. Шундай иттифоққа келган оға-инилар ҳотиржам равишда қўноқхонага чиқдилар. Бу ерда Моцко туцатларнинг азиз меҳмони Темир суҳбатлашиб ўтирарди. Керим билан Зураб эса катталарнинг гапларига аралашмай, девор томонда, ханжарлари дастасини омонат ушлаганлари ҳолда тик турардилар.
Заур Иналдко билан кириб, Темирнинг ёнидан жой олгач, ёшлар енгил таъзим қилганларича ташқарига чиқиб, тоққа кўтарилдилар. Чўпонларнинг ҳужраси яқинидаги харсангга ўтириб нафас ростлаб олишгач, Зураб дўстига бўлиб ўтган гапларни бирма-бир баён қилди.
Отаси билан амакиларининг баҳсини ўғринча эшитиб турган Золийхон даҳшатдан қалтирай бошлади. Гарчи гапларни аниқ-тиниқ эшита олмаган бўлса-да, бир нарсани – мукофот теппа-тенг тақсимланишини англади. Демак, унинг севгилисини ҳукумат жаллодлари қўлларига топширишмоқчи! Қўшни хонадаги тортишув барҳам топгач, Золийхон изига қайтди. Унинг хаёлида фақат битта аҳд чарх урарди: Урусхонни қутқариш керак! Кечгача от ҳозирлаб қўйса, тунда бандиликдан бўшатиб қочириб юборади.
Давоми бор...
ВЛАДИМИР ИКСКУЛЬ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 12