9 - қисм.
- Майли, қизим. Борақол. Мен эзмани сўзларидан ранжимагин. Одам қаригандан кейин шунақа инжиқ бўлиб қоларкан. Машина ҳайдаётганингда эҳтиёт бўл.
- Унақа деманг, ойи. Жуда қариб неча ёшга кирибсиз? Эндигина эллик тўртга кирдингиз-у?- шундай деб Муниса юзига фотиҳа тортди,-мен борай бўлмаса. Эртага вақт топиб яна хабар оларман. Нимадир егингиз келса айтиб юборинг. Эртага келишда олиб келаман.
- Ҳеч нарса керакмас, қизим. Ўзинг соғ-саломат бўлсанг бўлгани,- ётган жойида қуруқшаган лаблари билан аранг шивирлади Меҳри опа,- ортимда қолинглар илойим.
Муниса йўлакда қўлида патнис ушлаб келаётган келинойисига дуч келди:
- Нимага иккита кабоб олиб келаяпсиз? -деди у патнисга кўзи тушиши билан тутақиб,- қолган иккитаси қани?
Мунисхон беихтиёр ортига тисралди:
- Ойижон бирданига тўрт сих кабоб ея олмайдилар. Шунга иккитасини кечга олиб қўйгандим.
- Ҳмм, ишондим,- лаблари бурилди Мунисанинг,- яна кабоб бор, бугун дам деб кечга бир қошиқ иссиқсиз қолмасинлар онам. Кабоб барибир қуруқ овқат. Танни кўпам яйратмайди.
- Кеча акангиз хонадонда боқилган ҳўроз гўштидан олиб келгандилар.Ўшандан шўрва солиб қўйганман.
- Унда яхши,- деди Муниса ва бемулозамат келинойисини четлаб ўтди,- мен кетдим бўлмаса. Ойимга яхшилаб қаранг.
- Яхши боринг, опажон...- Мунисхон қайинсинглисининг ортидан ҳўрсинганча қараб қолди
🔳 🔳 🔳
- Жон, қизим,- деди қудаси Меҳри опани кўришга келган Мунисхоннинг онаси Наргиза опа қизи билан ҳоли қолганда,- қайнона ойингга яхшилаб қарагин, хўпми? Бу кунлар ҳаммамизни бошимизда бор бўлиши мумкин.Қариганингда бугунги хизматларинг бошингга соябон бўлади Ўзингни маҳкам тут! Биламан касал касал эмас, касал боққан касал аслида. Бироқ шунақа бўлса ҳам, силланг қуриб кетса ҳам чурқ этиб эринг ёки қайинсинглингга шикоят дафтарингни очма. Унутма, бир оғиз қилинган миннат барча савобли амалларингни ювиб ташлайди. Яна шуни унутмагинг-ки Аллоҳ ҳеч кимга тоатидан ортиқ синов юкламайди. Сен ҳали бу сўзларимни жуда кўп эслайсан. Ҳозир эса бор қиладиган ишинг шу уйдагилар, айниқса қайнонангни дуоларини олиш бўлсин.
- Ҳўп бўлади, ойижон,- деди Мунисхон ройишлик билан,- ҳудди сиз айтгандек келин бўлишга ҳаракат қиламан
- Баракалла, қизим,-деди Наргиза опа Мунисхондан кўнгли тўлиб, -қани юрақол, ойижонинг уйғонган бўлсалар кўнгилларига бошқа гап келиб ўтирмасин.
- Меҳри опа,- деди Наргиза опа ранги оқариб чўзилиб ётган қудасини қўлларини аста уқалар экан,- ишқилиб қизим Мунисхон кўнглингизга қараяптими? Вақтида таом, чойингизни тутяптими ? Агар ишларида бирор сусткашликка йўл қўйса беҳижолат айтаверинг. У билан ўзим гаплашиб қўяман.
- Қудажон,-деди маҳзун жилмайиб Меҳри опа, - бу нима деганингиз? Мунисхон қизим ўз қизимдан аъло. Сизга ёлғон, Худога чин, мен уни Мунисамдан ортиқ яхши кўрсам кўраман-ки, ундан кам яхши кўрмайман. Бир қиз бўлар, бир келин бўлар шунчалик бўлар. Шундай иймонли, инсофли қизни тарбиялаган сиз билан қудамга мингдан-минг раҳмат. Мунисхон келин бўлиб тушганида соғлиғимни мазаси йўқ эди. Орадан ўн йил ўтибдики келин-қизим бир оғиз сўзимга маҳтал турди, кўнглим тусаган егуликни меҳр билан тайёрлаб тутди.Чойшабларимни кун ора алиштириб ювиб, дазмоллаб саришталади. Кўйлакларимдан атиргул билан райҳон ҳидини аритмади. Аллоҳга ёққан бир тарафим бор экан-ки, менга сизлардек қуда, Мунисхон қизимдек келинни учратди. Ўзига беҳисоб шукр. Мен умримни оҳиригача барчангизни дуо қилиб ўтаман.
- Раҳмат, Меҳри опа,-деди Наргиза опа ҳам қудасининг сўзларидан тўлқинланиб,- мен ҳам сиз учун ҳамиша дуодаман. Ҳали насиб қилса набираларимизни тўйларида иккаламиз дока рўмолларни шундоққина ўраб олиб ҳимо билан бир рақс тушайлик, бир рақс тушайлик.
- Илойим, илойим...-мижжалари ёшга тўлди Меҳри опанинг.
🔳🔳🔳
Орадан уч кун ўтиб Меҳри опа дунёдан ўтди. Унинг бу ёруғ оламни тарк этиши ўзи каби беозор бўлди. Тунда фарзандларини узундан узоқ дуо қилиб кўзи илинган онаизор тонгда уйқудан уйғонмади...
10 - қисм
Эрта сахардан ҳаллослаб етиб келган Муниса онасини ўлимида яна келинойисини айблай бошлади:
- Ойимни аҳволлари оғирлашган экан бир оғиз қариндош-уруғларни чақирсангиз бўларди-ку?
- Нимага келинойингга ёпишасан? - деди Ҳалима холаси Мунисага фақат ўзиники каби муомала билан бас келишни чамалаб,- келинойинг чақирса келиб хабар олармидинг онангдан? Сен келиндан кўра яқин эдинг онангга? Келиб ётиб қолиб бошида қараб чиқиш сениям вазифанг эди! Ҳе уятсиз! Бу ёқда опам борса-келмасга ҳозир бўлиб турибдилар-у буни дарди нимада?
- Холааа!
- Ўчир овозингни!- деди Ҳалима опа ҳансираб,- сени кўнглингга қараб тугаб битган онанг йўқ энди! Ўша онанг мениям жон-жигарим эди. Ўзингни боссанг бос, ҳей қиз! Бўлмаса ўзимга жавоб бермайман!
Зўрдан зўр чиқса, зўр пусиб қолар экан. Ҳалима холасининг дўқи билан Мунисанинг дами қирқилди.
Барча расм-русмларни бажариб Меҳри опани ҳам чин уйига кузатиб келганларининг учинчи куни Ҳалима холаси ҳамма яқин қариндошларни опасиникига йиғди.
- Мен бу ерга сизларни опамни оҳирги васиятларини бажариш учун чақиртиргандим. Бу васиятни опам раҳматлик айтиб тургандилар, мен ёзганман. Оҳирида қўлни опам қўйгандилар. Хўп васиятни ўқишдан олдин келин Мунисхонниям чақиринглар. Унга ҳам тегишли жойи бор.
Мунисхон келиб пойгакдан жой олгач Ҳалима опа васият хатини ўқишга чоғланди.
У опасининг жигарларига атаб айтган қайноқ дил изҳорларини ўқиб бўлгач, аста-секин кимга қандай буюм васият қилиб қолдирганини ўқий бошлади:
Ота-онамдан ёдгорларим, жигарларимга:
1. Абдуллоҳ акамга. Ака, сиз ҳудди мендек китоб ўқишга жуда қизиқасиз. Биласиз мен ёшлигимдан китоб йиғардим Бугун эса у китобларнинг энг қимматлари бўлмиш Қуръони Карим ва Ҳадислар тўпламини сизга қолдиряпман. Ўқиганингизда савоби менга ҳам тегиб турар ин шаа Аллоҳ
2.Укам Амирқулга. Ҳовлимиз этагида қирқта терак экиб тўсинбоп қилиб парвариш қилиб қўйганман. Уй бошлагансан, шу теракларни сенга ҳадя қилиб бермоқчи эдим. Насиб қилса Дониёр болам том ёпгунингча кесиб тайёрлаб уйингга ташлаб қўяди . Дониёрга тайинлаганман.
3.Синглим Ҳалимага.
Яхши ният билан Умра зиёратига борсам кияман деб олиб қўйган либосларим ва у ерда керак бўладиган ашёларни қолдираман. Муборак заминга борганингда мен опангни ҳаққигаям бир дуо қилиб қўярсан.
Ҳалима хола бир бошдан васиятни ўқиб келиб опасининг Дониёрга шу ўзи яшаб турган уйни мерос сифатида қолдиргани, келини Мунисхонга эса қўш тилла билагузугини бир пойи ва унинг икки қизига иккита ёқут кўзлик узук қолдиргани ўқилганда Муниса портлаб кетди:
- Мен бу васиятномани тан олмайман. Ҳеч замондаям қайнонадан келинга шунча тилла қоларканми? Келинойим ойим ҳуд-беҳуд бўлиб ётганларида уларни авраб шу нарсага кўндириб қўйганлар. Тан олмайман, вассалом. Аслида онадан қоладиган тилла буюмлар бари қизники бўлиши керак!
- Шошмай тур! Васиятномани оҳиригача ўқийлик. Сен ҳам қуруқ қолмагандирсан. Ҳа деса уввос солаверма, опамнинг руҳи чирқирайди!
- Онажонимни руҳини чирқиратаётганлар сизсизлар! -бадтар авжига чиқди Муниса
-Қизим, бизга сизларни уйингиздан нинадек нарса ҳам керакмас. Биласан кўп нарсага муҳтожлик жойимиз йўқ. Биз фақат синглимизни ҳотирасини юз-ҳотир қилиб ўтирибмиз,- деди катта тоғаси Абдуллоҳ ака,-Меҳри бизга илинган нарсаларини ҳам эгалари олишди деб ҳисоблайқол-у ўзингга қолдиравергин. Биз розимиз, қизим. Кетганда синглимни жони кетди. Кошки шу буюмлар дардимизни аритса.
- Тоға, сизларга ҳеч қандай эътирозим йўқ менинг,- бўш келмади Муниса,- нима бўлса ҳам сизлар билан қони бир қариндошлармиз. Аммо келинойим...
- Ўша сен айтаётган қони бошқа келинойинг раҳматлик ойингга бир кунда беш-олти марта иссиқ овқат тутди. Бир кунда неча марта ҳожатига яраша қаради Ойинг ётган жойида юрмасалар ҳам беш вақт намоз ётиб бекаму кўст ўқидилар. Бунинг учун уларни беш маҳал оғринмай таҳорат олдирган Мунисхонга раҳмат демай кимга айтайлик? Хўш, энди мард бўлиб, қони бир бўлиб тан олиб айтгин-чи, сен лоақал бир кун шу юмушларни эртадан кечгача қила олдингми? Лоақал бир кун деярман?
-Холажон...
Барчалари пойгакда қимтиниб сўз қотган Мунисхон тарафга ўгилишди.
Давоми бор...
ХАЗОНРЕЗГИ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1