1- қисм.
(Бўлган воқеа)
Аллоҳ таоло Одамни яратаётганда унинг тупроғига ғам-андуҳ, синов, дардни кўпроқ, кулгу-хурсандчиликни камроқ қорганми (дейман)... Ўзи билгувчи! Инсон туғилганидан то ўлгунича асосий йиллари қийинчилик, ташвиш, касаллик, дард-алам, қайғу, ҳар-хил синовларда ўтади ва умри қандай тугаб қолганини фарқига ҳам бормай қолади. Бу дунё синов дунёси экан... Аллоҳ таоло ҳар кимнинг тоқатига яраша имтиҳон бераверар экан. Лекин... инсон Аллоҳнинг шариатига амал қилса, ҳикояда келганидек нохушликларга дуч келмайди. Маҳрам, номаҳрам, ҳалол ва ҳаром каби нарсаларга қаттиқ қараш инсонни ҳаётини чигаллаштирмайди. Аксинча... Аллоҳ таоло доимо унинг ишларини ўнглайди ва бир маромда юрғизиб қўяди.
1975 йилда онам катта орзу-умидлар билан Туркистондан Тошкентга ўқишга борадилар. Аммо... ўқишга киролмай қишлоққа қайтиб кетадилар. Ва 1979 йил яна ўқиш учун Тошкентга қайтадилар. Ўша ерда имтиҳонларга тайёргарлик кўриб юрганларида отам билан танишиб қоладилар. Отамни отаси ўша пайтларда жуда обрўли ишда ишлаган, қаёққа қўлларини узатсалар етган ва битган. Ҳамма жойда сўзлари ўтган экан. Отам бобомга онамни институтга ўқишга киргизиб қўйишини илтимос қилган эканлар. Бобом онамни Низомий номидаги Педагогика Институти, тарих ва ҳуқуқ факультетига ўқишга киргизиб қўйган эканлар. Ўша пайтларда бобом ким ўқишга кирмоқчи бўлса албатта, ёрдам қилган эканлар.
Отам онамни қаттиқ севганларидан, ўқиш тугамасидан аввал онамнинг қўлини сўраган эканлар. Онам розилик берганлар... Лекин отамнинг оиласи рози бўлишмаган экан. Чунки отамнинг отаси шаҳарлик обрўли инсонлар бўлишган, онамнинг оиласи эса оддий қишлоқни одамлари...
Отам икки тарафни кўндиргач 1983 йил, май ойида катта, жуда чиройли тўй бўлган. 1984 йил ҳаммани бахтиёр қилиб мен туғилганман. Отам дунёларга сиғмай Москвага учиб, ўша ердаги энг яхши савдо марказларидан чамадон-чамадон совға-саломлар, мен учун турли-туман кийим-кечаклар, ўйинчоқлар кўтариб қайтган эканлар.
Бир йил ўтиб, 1985 йилда синглим дунёга келади. Ота-онам кетма-кет келган бу бахтдан севинишган, бахтиёр бўлишган. Бобом бизларни қаттиқ яхши кўрган эканлар. Айниқса мени: "Тўнғич неварам", деб бошқача суйган эканлар. Онам ўқишни битириш арафасида иккита ёш боласига қарашга қийналиб, қишлоқдан синглисини ёрдамга чақирадилар ва уни ҳам ўқишга киришига ёрдам бермоқчи бўладилар. Шаҳарга келиб опасининг бахтини кўрган холамнинг юрагига шайтон ўрмалайди. "Нега мен эмас!"
Холамнинг шаҳарда ғараз ниятлари газак олиб отамни йўлдан оздириш учун шайтон билан шерикчиликни бошлаб юборади.
Отам оилада икки ўғил бўлишган. Отам ва амаким. Бувим амакимни дунёга келтирганларидан сўнг соғлиғи ёмонлашиб, руҳиятида ўзгаришлар бошланган, кейинчалик эса жигар циррозини орттириб олган эканлар. Отам билан онам турмуш қуришларидан олдин бобом бувимни устига рус аёлга уйланиб уни уйида яшар эканлар. (Евгения Робертовна биз уни тётя Жена дер эдик. Яъни, Женя хола) Бобомнинг бу қилиғи касал бувимнинг соғлиғига қаттиқ таъсир қилган, бобом эса бувимнинг касалини рўкач қилиб қутилиб қолган эканлар. Лекин бошқа ҳаммага бу қарор маъқул келган. Бойларга ҳамма нарса мумкин! Женя хола олий тоифали ўқитувчи эди. Бобом, бувим, Жена хола онамни ва бизларни жуда яхши кўришган. Бувим чевар эдилар, бу ҳунарлари менга ўтган. Бувим бизларга кийим-кечакларни ўзлари тикиб кийдиришни яхши кўрар эдилар.
Негадир отам баъзида бувимни: "Сен жиннисан!", деб уриб, хорлардилар. Онамнинг бувимга раҳми келиб ўртага тушиб, ўзлари ҳам калтак олардилар. Бу воқеалар ҳар доим кўз ўнгимда гавдаланаверади.
Онам ҳам ўқирдилар, ҳам қайнонага қарардилар, ҳам икки қизни тарбия қилардилар. Холам онамнинг ёрдами билан ўқишга киради. Ва биз билан бирга яшай бошлайди. Онам ўқишни битириб Маданият Техникумига ўқитувчи бўлиб ишга жойлашадилар.
Шундай қилиб уйимизга яхшилаб жойлашиб олган холам, онамнинг айбини қидирар, отамга гижгижлар, йўқ нарсаларга жанжал чиқартириб, онамни бузуқ қилиб кўрсатар эди. Отам онамни ҳар кимдан рашк қилаверганидан, дуч келган кишини кўрсатиб: "Шу ҳам ўйнашингми? Ўйнашингдир балки?", деб ураверадиган бўлиб қолгандилар.
Онамнинг иш кунлари холам, отамга онамни ёмонлагани ёмонлаган эди. Ваҳоланки отамнинг бутун қариндошлари: "Фалончидака келин йўқ. Ҳам оиласини, ҳам ишини эплайди", деб мақташар ва ҳурмат қилишар эди. Ҳозир ҳам Женя хола кўп нарсани эслаб айтиб беради.
Бир куни бир жирканч воқеа бўлибди. Холам опасини ёмон кўрсатиш учун бобомга телефон қилибди. Бобом Женя холани уйида бўлганлар. Бобомга: "Тез етиб келинг, илтимос. Опамни ўйнаши келди, йўлакда гаплашиб туришибди", дебди. Ўша пайт чироқдан инспектор келиб қаватдаги шитни очиб ҳисоблагични текшираётган бўлган экан. Холам эса пайтдан фойдаланиб қолиш учун шу разилликни бошлаган. Отам ишда бўлгани учун бобомни чақириш холамга қулай бўлган. Женя холани уйи яқин бўлгани учун бобом тезда етиб келган. Ва холамдан: "Қани, қаерда?", деб сўраганлар. Холам юқори қаватни кўрсатиб: "Тепага қочиб чиқиб кетди", деб жавоб берган. Бобом юқорига чиққанида, инспектор қўшнини уйидан чиқиб келаётган бўлган. "Сен кимсан?", сўраган бобом. "Чироқдан келдим, инспекторман", деган. Бобом бу ишлар холамнинг нағмаси эканлигини тушуниб қайтиб кетган эканлар.
Онам синглиси туфайли оиласида тинчлиги бузилаётгани учун холамга талабалар ётоқхонасида яшашини айтганларида, холам онамнинг бу таклифига индамай рози бўлади. Чунки... у аллақачонлар поччасини йўлдан уриб бўлган, ғишт қолипдан кўчган эди. Онамнинг эса бу ишлардан хабари бўлмаган. Холам отамга ётоқхонада яшолмаслигини айтади. Отам холамни ижара уйга жойлаштиради. Кетаётганида эса онамга: "Ётоқхонага чиқиб кетяпман", деб алдаб кетади.
Уч хонали уйда яшаганимиз сабабли отам: "Шунча одамга бу уй торлик қиляпти, кенгроқ уйни ҳаракатини қилиш керак", деб бувимнинг ногиронлигидан фойдаланиб уй олишга ҳаракат қиладилар. Ҳаракатлар натижасида давлат Чилонзордан 4 хонали уй беради.
Бувимни аҳволлари оғирлашиб касалхонага тушадилар. Онам ишга, ишдан касалхонага, касалхонадан боғчага, боғчадан бизларни олиб уйга тикувчининг мокисидек қатнай бошлайдилар. Кунлари шу тарзда ўтади ва Чилонзордаги янги уйни бориб кўришга вақтлари бўлмайди..
Бир куни бобом Женя хола пишириб берган лиқлиқ (холодец)ни олиб бувимни кўргани касалхонага борибдилар. Бувим бобомга: "Кейинги сафар сиз овора бўлиб келманг, Женя келсин "холодец" ҳам олиб келсин", дебдилар. Бечора бувим Женя холани қандайлигига қизиққан бўлсалар керак... Кўп ўтмай Женя хола бувимни кўргани борган. "Как ты Зоя?", деб ҳол сўраган экан. Бувимни исмлари Зуҳра бўлган. Бироз гаплашиб ўтиришгач, Женя холани кетишга тараддудланганини кўрган бувим: "Женя, сочларимни тараб, ўриб қўясанми?", деганларида, Женя хола мамнуният билан бувимнинг сочларини тараб, ўриб қўйган экан. Орадан кўп ўтмай, 1987 йил бувим оламдан ўтган эканлар.
Орадан 2-3 йил ўтиб кетади... Онам ишдан чиқиб, Чилонзордаги янги уйини кўришга борадилар. Уйга яқинлашганларида отамнинг мошиналарини кўриб ҳайрон бўладилар. Онам уйга кирмасдан бир қўшнидан: "Бу мошинани эгасини танийсизми?", деб сўрайдилар. Қўшни: "Ҳа, танийман. Қўшнимиз бўлади, анчадан бери хотини билан бирга шу ерда яшайди", деб жавоб беради. Онам учинчи қаватга чиқиб, эшикни тақиллатадилар. Бахтга қарши эшикни отам очадилар, ичкаридан эса холам чиқиб келади. Қўрқоқ олдин мушт кўтарар! Отам онамни уриб кетадилар: "Нега келдинг?"
Юзлар очилади, сирлар фош бўлади. Онам зор-зор йиғлаб уйга қайтадилар ва дардини кимга айтишни билмай ўгай қайнонага қўнғироқ қиладилар. Қўнғироқни кўтарган Женя хола онамнинг изтиробли овозини эшитиб нима бўлганини сўрайди. Бўлган воқеаларни эшитган Женя хола: "Ким экан, у аёл?", деб сўрайди. Кимлигини айтолмай қийналган онамни Женя хола қистайвергач: "Синглим", деб жавоб берадилар.
Онам қишлоқдаги катта холамга қўнғироқ қилиб, бор воқеаларни айтиб берадилар. Ва: "Онам билан келиб синглимни олиб кетинглар", деб йиғлайдилар. Аям (бувим) билан катта холам келиб холамни олиб кетишади. Аммо кўп ўтмай холам қишлоқдан Тошкентга қочиб келади. Аям онамга: "Эплолмаяпман, нима қилай?", дебдилар. Шунда онам ошхонада 3 литрлик идиш ичига сийдикка ивитилган ловия билан мошни топиб олганларини аямга айтибдилар.
Аям бу ишлар иссиқ-совуқлигини, қизининг жирканч йўлда эканлигини тушунганларида жуда кеч бўлган эди. Чунки... анча аввал холам бизникида яшаётганида онам холамнинг қадами эгри босилаётганини аямга айтганларида, аям: "Сан синглингни чиқиштирмаяпсанми?", деган эканлар. Шу билан онам ҳам индамаганлар.
Холам Тошкентга қайтгач, яна тинчлигимиз бузилади. Яна жанжаллар, яна калтаклар... Отам биз билан яшамай қўйгандилар... Кўчадан келганларида кўзлари қонга тўлиб кириб келардилар ва онамни бўғиб, дўппослаб урардилар. Биз гўдак эдик... "Ада, урманг", деб йиғлардик халос... Қўлимиздан бирон нарса келмасди... Бир сафар отам онамни уриб, ойналарни синдиргандилар. Мен ёрдамга қўшнини чақирмоқчи бўлиб, югурганман ва ойна синиқлари оёғимни кесиб ташлаганди. Қўшниникига чиқиб: "Ёрдам беринг, адам ойимми урваттилар", деганман шошиб. Қўшни эса менинг қонаб ётган оёқларимни кўриб тез ёрдам чақирганди. Тез ёрдам етиб келган ва уйнинг аҳволини кўриб отамга: "Агар яна шундай бир тўполон бўлса, қизингиз соқов бўлиб қолади", деганди. Мен ўшанда қаттиқ қўрқувга тушиб қолгандим, қўл-оёқларим силкиниб, титрардим. 1-синфга борганимда мени олиб кетишга отам келганлар. Ўшанда устозим: "Қизингиз дарсда ҳаёлда ўтиради, дарсларни тушунмаяпти, уйдаги шароитинглар қанақа?", деб сўраган эди. Ўшанда отам ҳамма нарсани тўғрисини айтган эдилар. Устозим отамга узоқ насиҳат қилганлари ҳали ёдимда...
Жанжаллардан чарчаган онам, аямга яна хабар берадилар: "Ойи, олиб кетинглар, оилам бузилиб кетяпти". Аям яна катта холам билан бирга Тошкентга келишади, лекин... холамни олиб кетишолмайди. Холам: "Кетмайман, ҳеч қачон бормайман", деб туриб олади ва Тошкентда қолади...
Отам онам билан неча маротаба ажрашиб қутилмоқчи бўлганлар. Лекин... онам оиласини сақлаб қолиш учун кўп ҳаракат қилганлар. Қанча-қанча калтаклар бошларида синганига қарамай, ажрашишни ўйламаган эканлар. Охири фойдаси бўлмагач, ажрашишга рози бўладилар.
Биз онам билан Юнусободдаги уйимиздан, Чилонзордаги 4 хонали уйга кўчиб кетадиган бўлдик. Кетадиган кунимиз бобом келдилар, кўчишимизга ёрдамлашиш учун қишлоқдан катта холам келдилар. Онам холам билан нарсаларни йиғиштирардилар, бобом эса онамга жуда оғир гапларни гапириб ўша уйда қолишга кўндирмоқчи бўлган эдилар. "Қизларинг катта бўлса бузилиб кетади, ҳатто кимлардан туққанини билмай ўтирасан", деб қўрқитмоқчи бўлганларини яхши эслайман...
Биз ўша бувимга олинган, отам билан холам беркиниб яшаб юрган, Чилонзордаги уйга кўчиб ўтдик. Холам эса аямдан, тоғаларимдан қочиб ижара уйларда яшаб юрди. 1992 йил бу уйга кўчиб келганимизда, мен 2-синфда ўқир эдим. Синглим 1-синфга боришни бошлади. Онам ўзларининг ишларига қатнардилар. Ҳар якшанба кунлари отам бизни холам билан яшайдиган уйига олиб кетардилар, онамнинг қаршилик қилганларига бирон марта гувоҳ бўлмаганман. Баъзан отамни онамга қилган, қилаётган ноҳақликларини кўрганимизда нафратимиз қўзиб кетса, онам: "Бундай қилманглар, ёмон гапирманглар, нима бўлганда ҳам сенларнинг отанг", дердилар.
Отам ҳеч тинчимадилар... "Болларимни оламан, мен билан яшашади", деб судлашдилар. Суд эса бизларни онам билан қолишимизга қарор чиқариб берганди.
Отам барибир тинчимадилар... "Бу уй менинг онамнинг номига олинган, уй онамнинг уйи, ўртадан бўламиз. Сенларнинг ҳаққиларинг йўқ!", деб яна судга даъво очдилар. Суд уйни отамга қолдириб, онамга 2 хонали уйга чиқиб кетишига қарор чиқариб берди.
Бечора онамга эрини бергани, бахтини бергани камдек энди 4 хонали уйини бериш жуда алам қилган эди. 4 хонали уйдан чиққиси йўқ эди... Ўша кун келди... Бизни уйдан чиқариш учун отам билан суд ижрочилари келадиган кун, онам мен ва синглимни олиб уйдан чиқиб кетгандилар ва кечгача то суд ижрочилари қайтиб кетгунгача кўчада юрган эдик. Уйдан кетмаслик учун онам шундай йўл тутган эдилар. Ўшанда отам ижрочиларга: "Эшикни бузиб кирайлик, нарсаларни кўчага чиқариб қўяверайлик", деган эканлар. Суд ижрочилари эса: "Бундай қилишга ҳаққимиз йўқ, аёлингизни ўзи бўлиши керак", деб кутиб-кутиб қайтиб кетишган экан. Эртаси куни онам ишни қайта кўриб чиқишлари учун отамни судга берадилар.
Ўша бизга ажратилган 2 хонали уй, Уста Шириндаги 2 қаватли эски уйдан ажратилган эди. Суд комиссияси уйни қайта ўрганиш чоғида, уй газ билан (АГВ) иситилиши аниқланган экан. Қайта суд бўлганда, онам икки ёш гўдаги билан 2 хонали газ билан иситиладиган (АГВ) уйда яшашлари тўғри эмаслиги айтилган ва суд 4 хонали уйни қайтадан бизга ажратган экан. Лекин... отам уй эгасининг меросхўри бўлгани боис, суд онамни отамга 1000$ тўлаши ҳақида қарор чиқариб беради. Бу 1993 йил ёки 1994 йиллар эди. 1000$ ўша пайт учун жуда катта пул эди. Айниқса ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онам учун топилмас, ҳаёл қилиб бўлмас рақам бўлган.
Отам уйга эга чиқолмаганидан аламзада бўлганлар. Шу сабаб бизларга қандай бўлмасин зарар бериш пайида бўлгандилар. Бир куни отам бизлар уйда йўқлигимиздан фойдаланиб келибдилар ва онамнинг дипломини, тилла тақинчоқларини олиб кетаётганларида устиларига келиб қолгандик. Лекин отам барибир ўша нарсаларни қайтариб бермаганлар. Бошқа сафар эса... онам ишдан уйга қайтаётганларида, отам онамни йўл юзида пойлаб ўтирадилар ва онам йўлдан ўтаётганларида отам онамни мошинасида уриб ариққа тушириб юборадилар. Қўшниларнинг ёрдами билан онамни Жуковскийдаги касалхонага олиб боришади. Онамнинг шаҳарда бизлардан бошқа ҳеч кими йўқ эди... Катта холамнинг ўғли Тўлқин, Низомий номидаги Педагогика Институтида ўқиши ва талабалар уйида яшаши бизларга катта ёрдам бўлган. Онам бизларга қараб туриши учун шу жиянларига илтимос қилгандилар. Ва онам шифохонадан тузалиб чиққунларигача Тўлқин тоғам бизларга қараб турган эдилар.
Кунларнинг бирида онам билан бозор қилгани бордик. Бозорда онам курсдош дугоналари Люда опа билан кўришиб қоладилар. Улар институтда учта қалин дугона бўлишган экан. Онам, Люда опа, Гулчеҳра опа... Ҳаммалари турмуш қуришгач, бир-бирларидан узоқлашиб кетишган экан. Бир-бирини топган икки дугона жуда севиниб кетишган эди. Люда опа: "Эринг яхшими?", деб сўраганида... онам ажрашиб кетганларини айтгандилар. Люда опа ишонмай: "Ҳазиллашяпсанми? Ҳазиллашма!", деганида... онам ҳазил эмаслигини, ҳаммаси рост эканлигини тушунтиргандилар. Люда опа ҳайрон бўлганича онамни кечги маҳалга уйига таклиф қилганди: "Кел, уйда бемалол гаплашиб ўтирамиз!" Ўша куни кечқурун меҳмонга Люда опаникига бордик. Уйи бизнинг уйга яқин ерда экан. Люда опани мендан 4 ёш катта қизи бор экан. Исми Камола эди. Люда опа қизи Камолага, отам онамни қандай севганини, онам учун нималар қилганини тинмай мақтаган эди. Ора-орада онамга қараб: "Ҳеч ишонолмаяпман, бўлган ишларга", деб қўйганди. Мен бу гапларни эшитиб отамни соғинардим... Отам билан 7 йил бирга яшадик. Тинч ва бахтли яшаган кунларимиз эса жуда саноқли... Мен ўша саноқли кунлардаги ширин дамларни чунонам соғинардим-ки...
Отам ҳар доимгидек шанба, якшанба кунлари бизни олиб кетишга келардилар. 1993 йил холам қиз туғди, исмини Нигора қўйишди. Отам билан холам бизни кўчиртиролмаган ўша Уста Шириндаги 2 хонали уйга кўчиб ўтишди. Отам 3 ойлик таътилда ҳам бизни олиб кетардилар. Отам ишда бўлганларида, холам бизларга ўгайлигини кўрсатарди. Отам ишдан келишларига бизларни ёмонлаб, туҳматлар қилиб, бизларни келтирмасликка ҳаракат қилар эди. Онамдан гап очилса, отам онамни сўкиб, ҳақорат қилардилар. Холам эса отамнинг важоҳатидан фойдаланиб: "Буни онаси сиз билан ярашиб олиш учун иссиқ-совуқ қилади", дерди. Мен бу гапларни онамга келиб айтсам, онам: "Агар иссиқ-совуқ бор нарса бўлганида, ҳамма яхши яшамасмиди?", дегандилар. Онам бундай ёлғон ишларга ишонмасдилар. Ким қандай бўлса, бошқаларни ҳам шундай ўйлайди!
Орадан 2 йил ўтди... Холам яна қиз туғди, исмини Наргиза қўйди. Биз 4 та қиз бўлдик... Динара, Нодира, Нигора, Наргиза...
Синглим Нодира билан ўгай сингилларимизни яхши кўрдик, ажратмадик, ўгайдек муносабатда бўлмадик... Улғайиб қолганимиз сабаб отамни олиб кетишлари анча камайиб қолганди... Шунинг учун ўзимиз борадиган бўлдик...
Давоми бор...
ЗУЛФИЯ МАҲМУД.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев