Ота, мени ўйлаб ғам ема,
Кўнглим - кўҳна овчининг сайди.
Мени банди айлаган кема
Ҳали-вери тўхташ билмайди.
Камалакка айланар йўлим,
Гоҳо ғамнок, гоҳида шўхман.
Қайтишимни ўйлаш кулгили -
Мен милтиқдан отилган ўқман.
Манзилим қай? Кимнинг юраги?
Худо билар - қилдингми тусмол...
Қўрқма, менинг синмас курагим,
Қўрқма, менинг ўйларим ҳалол.
Гарчи қадаҳ тута бошладим,
Гарчи қизлар тилин биламан.
Мени майхўр деёлмас ҳеч ким,
Ошиқлари бериб қўйган тан.
Кетмон эмас, қаламим ила
Кипригимга иламан Ерни.
Кечир мени, отажон, илло,
Портлаб-портлаб яшагим келди.
Кетганим йўқ қишлоқдан тўйиб,
Илдизимни яхши биламан.
Мен Заминни кафтимга қўйиб,
Битта улкан қишлоқ қиламан.
Ўз руҳимни танидим шул дам,
Оқ фотиҳа берди пирларим.
Фотиҳ бўлиб отландим, илдам -
Қилич тутди ёвқур шеърларим.
Фақат...
Мени ўйлаб ғам ема,
Гулдуракман - кўнглинг бўлсин тўқ.
Ота бўлсанг биласан, дема -
Ота бўлиб кўрганимча йўқ...
Шуҳрат Шокиржонов.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1