1-қисм.
Севар ўртоқ илтимос, ёнимга кел. Қўрқиб кетаяпман. Уч кундан бери телефон рақами номаълум кимса мени шантаж қиляпти. Агар душанба куни айтган жойга келмасанг, ҳаммасини эрингга айтиб бераман, деяяпти. Унга пул топиб бермасам, уйим куяди.
-Тўхта, тўхта, ҳеч нарсани тушунмаяпман. Қанақа пул, нега энди сен унга пул беришинг керак?
— Ахир … ахир… телефон гўшагидан Дилнозанинг йиғиси эшитилди.
-Майли, ҳозир бораман, биласанку уйдан чиқишим қийин. Қайнонам…
Аммо қўнғироқ узилиб, гўшакдан чўзиқ ту-тулаган овоз келди.
Бошим қотиб қолди. Уйдан қандай қилиб чиқиб кетсам экан-а? Сардоржонни боғчадан олишга ҳали эрта.
Аста уйдан чиқиб, ҳовлига назар ташладим. Ҳеч ким йўқ. Ҳой-наҳой ойижоним тушликдан сўнг уйқуга кетган бўлса керак. Келганимдан кейин бир баҳона топарман.
Апил-тапил кийинганимча, сумкачамни олдим-у, ташқарига отилдим. Аксига олиб автобус ҳам ҳадеганда кела қолмади. Такси ушлаб, Дилнозанинг уйига учиб бордим. Эшиги очиқ экан. Ховлисида ити йўқлигини билганим учун дадил ичкарига кирдим. Супурги ҳовлининг ўртасида ётар, уйнинг ичи ҳам йиғиштирилмаган, алламбало элита услубида тикилган дарпардалар туширилган нимқоронғи хонанинг бурчагида хурсиниш эшитилди. Дилноза диван ёнида тиззасини қучоқлаганича, бошини қуйи солиб ўтирарди.
-Дилноз, сенга нима бўлди?
-Вой, келдингми ўртоқжон? У яна йиғлай бошлади.
-Нима бўлди ўзи? Мундоқ тушунтирсангчи?
-Уч кун олдин телефоним жиринглаб, аллақандай эркак киши, эртага Ўрдадаги хайкал олдидага эрталаб соат 10 да келинг. Муҳим гапим бор, келмасангиз ўзингизга ёмон бўлади, деди. Қўрқиб бормадим. Кейин у яна телефон қилиб, Лола ҳақида билишини ва буни Рамиз акамга етказишини айтди.
Яна йиғи бошланди.
-Э, итга ўхшаб увиллайверма. У Лола ҳақида қаердан билган экан? Буни онанг, мен ва ўзингдан бошқа ҳеч ким билмайди-ку? Отаси, Суюнмиди? Ҳм-м, автоҳалокатда ўлган бўлса?
-Худо мени жазолаяпти, қизалоғимни болалар уйига бермаслигим керак эди. Аҳмоқман, аҳмоқ…
-У пайти ёш эдинг.. 17 яшар қизалоқ нимани ҳам билардинг. Ойинг бориб кўриб турадилар, ўзинг ҳам онда сонда борасанку. Унинг учун ҳеч нарсани аямаяпсан?
-Нима қил дейсан? У одамдан қўрқаман. Агар бу уюштирилган бўлсачи? Кейин Лоланинг расмини Рамиз акамга кўрсатишсачи?
-Кино кўравериб, томинг кетиб қолибди. Ҳамма нарсага тупур. Ҳеч нарса бўлмайди. Телефонингни вақтинчалик ўчириб қўй.
-Ўчира олмайман. Рамиз акам шубҳаланадилар. Қанчалик рашкчи эканлигини биласанку?
Ҳақиқатдан Дилнозанинг эри уни ҳар бир дарахтга рашк қиларди. Бечора дугонам на синфдошларнинг учрашувига, на бир ўзи бозорга бора олар эди. Рамиз ака ўзига тўқ, ишбилармон бўлиб, Дилноза 24 хонадан иборат данғиллама уйнинг бекаси. Ҳар куни келиб кетадиган хизматчи аёлдан унга иш ҳам қолмасди. Тўрт йилдан буён боласи бўлмай, ўзини ич-ичидан **** юрган дугонам яқинда ҳомиладор бўлганлигини билиб, еттинчи осмонда учиб юрганди.
-Севар, менинг ўрнимга сен борсангчи? Дилноза бирданига қўлларимни маҳкам ушлаб олди. Бир-биримизга ўхшаб кетамиз. Бўй бастимиз, соч турмагимиз ҳам бир хил. Фақат кўзингни менга ўхшаб бўяб, кийимларимни кийсанг, сени мендан ҳеч ким фарқлай олмайди.
-Эсингни едингми? Кўчага чиқиб, сал кеч қолсам, қайнонам мени ейди-ку?
-Ахир ҳуқуқшуносан. Бунақа пайтлари нима қилишни биласан? Ундан кейин ўша кимса кимлигини ҳам аниқлашимиз керак-ку? Илти-им-о-ос. Ж-о-он дугонажон.
Табиатан кўнгилчан одам бўлганим учун, бировнинг бошига кулфат тушса қараб ўтира олмайман. Беихтиёр “хўп” дедим-у, кейин афсусландим. Аммо Дилнозанинг кўзлари чақнаб кетганлигини кўриб, нафасимни ичимга ютдим.
-Соат неча бўлганидан хабарингиз борми, келин? Ҳали ҳам ётибсизми? Давро-он! Туринглар!!!
Бирдан Дилноза иккаламиз қўл ушлашиб осмонга парвоз қилаётган жойдан пастга қараб қулай бошладик. Дилноза қўлимни қўйиб юбориб, мендан ҳам тез учиб, қора жар қаърига қулаш пайтида Даврон акамга айланиб, ғойиб бўлди. Негадир мен қайнонамнинг овози билан Давро-он ака деб бақирар, айнан ака сўзи томоғимдан ташқарига чиқмасди. Нафас етмай, бўғила бошлаганимдан чўчиб кўзимни очдим. Қоп-қоронғу хонада нима учун пастга бунчалик тез қулаганимни англамай, бир оз ҳеч ниман
и тушунмай ётдим. Ахир Даврон акам жарга қулаб тушди-ку. Шошиб ёнимдаги ёстиқни пайпасладим. Бўш!!! Сакраб ўрнимдан турган эдим, Даврон акамнинг бўғиқ овози дераза ёнидан эшитилди.
-Ойи, мунча ваҳима қиласиз. Хали жуда ҳам эрта-ку, тонг ҳам оқармаган. Ҳозир Севар супиради ўша кўчангизни.
-Сен нимани ҳам билардинг. Янги келин тушган уйнинг олди биринчи бўлиб сув сепиб супирилмаса, қўшнилар нима дейди? Жамиланинг келини турмасдан олдин менинг уйимни олдига сув сепилган бўлиши керак. Айт хотинингга ховлига чиқсин, соат уч яримгача ётгани нимаси? Уят эмасми? Ҳадимай бомдодга азон айтилади. Қўни қўшнининг эркаги масжидга кетади, кўча супирилмаса Давроннинг бебошларча ўзи танлаган хотини исқирт экан, демайдими?
Қайнонам тўйдан сўнг ҳали ҳам босилмаган алами натижасида ҳосил бўлган заҳарли зардобига ботирилган ўқини Даврон ака у танлаган қизга уйланмай, мени турмуш ўртоқликка танлагани учун деярли янги келин, яъни камина Севарахон томон отиб, деразамиздан тўнғиллаганича узоқлашди. Деярли янги деганимнинг сабаби бу хонадонга келин бўлиб тушганимга уч йилдан икки ой ошди. Аллақачон Сардоржон ҳам тўғилиб, памперсдаги орқасини юқорига берганича пишиллаб ухлаб ётарди.
— Севар тур, яна жанжал бўлмасида шу падарланъати кўчани супирақол. Бирдан ёқилган чироқдан кўзим қамашиб, бир-икки дақиқа кўзимни оча олмай ўтирдим.
-Даврон акажон илтимос, яна бир оз ухлай, ахир шу кўча улгурни эрталаб турмай деб, кечқурун супирган эдим. Қилт этган шамол йўқ, тўрт-беш соатнинг ичида ифлос бўлмагандир? Боши берк кўча бўлса, мошина ўтиб, қайтмаса?!
Даврон акам чуқур «уфф» тортиб, яна жойига чўзилди. Кўп гапирмай борақол. Бўлмаса яна жанжалнинг тагида қоламиз. Ҳар куни супиргинг келмаса овсининг Феруза билан навбатчилик жадвалини тузинглар.
-Ойижонимизни биласиз-ку, Ферузахонга кўча супиртирмайдилар, чунки у «дед», аллақачон «янги келин»ликдан чиққан. Балки бу хақида ойижонимларга ўзингиз айтарсиз?
Аммо Даврон акам гапимни охирини аниқ эшитмади, чунки унинг хўрраги, Сардоржоннинг пиш-пиши билан қўшилиб ажиб оҳанг сингари хона бўйлаб тарқала бошлади. Ҳа, бежиз доно халқимиз «ўзбекнинг кичиги бўлганича кучуги бўл» демаган. Мен бу доно сўзларни сал оиламизга мослаштириб «ўзбекнинг келини бўлгунича мушуги бўл», деб ўзгартирган бўлардим. Чунки пайғамбаримиз Мухаммад алайхиссалом ҳам чопонларининг барида ухлаб ётган мушукни уйғотиб юбормасликка харакат қилиб, этакларини кесиб, номоз ўқиш учун ўрнидан турган эканлар.
Бизнинг хонадонда ҳам лақаби Муштарийхоним деб аталган мушук иззат-у ҳурматда. Ҳар қалай уни қайнонам яхши кўрмасада, қайнотам доимо эркалайди. Суюкли ойижоним юзи узра тўпланган булутларга қарамай, қайнотам доимо косасидаги гўштни Муштарийга беради. Баъзида мушукнинг жазирама иссиқ кунда айвондаги очиқ дераза рахида думини осилтирганича мудраб ётишини кўрганимда бахиллигим келиб кетади. Қани энди унинг ўрнида бўлиб қолсам. Аммо начора худойим менга ақл-фаросат бериб одам қилиб, бунинг устига Салимахон аядек икки маротаба хажга бориб келган онанинг келини қилиб яратган. Начора, хали қуёш юзини ювиш тугул, кўзини очмай туриб мен бечора уч йиллик янги келин кўча супириб, сув сепишим керак.
Уйқу хоинларча қовоқларим устидан босаётган бўлса хам амаллаб тунги кўйлак устидан халатимни илиб, ҳовлига чиқдим. Қоп-қоронғи осмонда юлдузлар устимдан масхара қилгандек менга қараб кўз қисади. Ҳовлига чиққаним билан оёғим тагида ўралашадиган Муштарий ҳам негадир кўринмайди. Қайнонам мушукни ёмон кўришини билмай, раҳмдиллигимга бориб, бир куни ойимникидан қайтаётганимда ёмғир тагида аянчли миёвлаётган мушукчани кўтариб келган эдим. У ўзига келиб, уйдан ҳовлига чиқиши билан қайнонамнинг ғазабига дучор бўлдим. Бечора мушукча ҳамма одамлар ҳам мен каби мушукларнинг яқин дугонаси деб ўйладими, пилдираганича ҳовлида офтобадан бир қўли билан ўзига сув қўйиб, қўлини юваётган қайнонамга бориб суркалди. Ҳовлисида на ит, на мушук боқмаган Салимахон бақирганича қўлидаги офтобани отиб юбориб, мушукчани тепиб юборди. Бечорани ўша пайти дарахтларда чуғурлашаётган қушларга ҳавас қилган бўлса ажаб эмас, чунки қаноти йўқлигидан шалоплаб асфальтланган ерга тушди. Югуриб уни кўтариб олганимда юракчаси тез-тез дукиллаб урар, кўзлари эса ёшланган эди. Шу-шу бўлди Муштарий қайнонамни кўрса бир чақирим наридан айланиб ўтар, аммо менинг овозимни эшитиши билан ернинг тагидан бўлса ҳам ёнимда пайдо бўлиб, муриллаганича оёқларимга суркаларди.
Атрофга аланглаб, Муштарийни қидирдим.
-Кис-кис-кис. Муштари-и-ий!!!
Овозимни эшитиб қўшнининг кучуги ғинғшиди. Ўзи мен атрофдаги барча жониворлар билан дўстман. Кўчага чиқдим дегунимча қўшниларнинг итлари олдимга югуриб келиб, думларини ликкиллатганларича ақлли кўзларини қўлларимга қадашади, чунки доимо улар учун бир бурда нонми, колбасанинг бўлагиними олиб чиқаман.
Муштарий ҳеч қаерда кўринмагач, супургини олиб, челакка сув тўлд
ирганича, кўчага йўналдим. Дарвозадан чиқишим билан юмшоқ бир нарсани босиб, баданим сесканиб кетди. Энгашиб, ерда ётган нарсага қарадим. Оёқларим тагида мушугим чўзилганича ётарди.
-Муштарий, сенга нима бўлди?
Мушукни кўтармоқчи бўлиб, ток ургандек қўлимни тортиб олдим. Муштарий ўлик эди. Танаси аллақачон совий бошлаган. Бечора вафодоргинамнинг кўзлари очиқ бўлиб, бўйнига бир парча сим ўралган эди. Хўрлигим келиб, кўзларим ёшга тўлди. Ўзимни қўлга олиб, Муштарийни авайлаб кўтарганча боққа тушдим. Молхона чироғини ёқиб, белкуракни топганимча анча вақт ўтди. Бу бало қайдан келди? Кимнинг иши бу? Наҳотки Дилнозанинг бошига тушган кўргиликнинг бир учи менга ҳам тегаётган бўлса? Аҳмоқона ҳаёлларни миямдан ҳайдашга ҳаракат қилиб, ниҳоят Муштарийни олма дарахти тагига кўмиб, кўчага сув сепа бошлаганимда аллақачон тонг оқара бошлаган эди. Яқиндаги масжиддан муазиддиннинг азон айтаётган овози эшитилди.
-Намунча имиллоқсиз, келин. Шу пайтгача бутун бир трассага сув сепиб, супирса бўларди-я. Шўрим қурсин мени, шўрим. Даврон ўқиган қиз оламан демаганида, бу бало қайда бор эди?
Мушугимга аза очиб, ичимга чироқ ёқса ҳам ёруғ бўлмай турган бир пайтда қайнонажонимнинг гаплари жон жонимдан ўтиб кетса ҳам, ичимда “ўзингини бос Севараой ўзингни бос” дея, аранг ўзимни қўлга олдим.
-Ҳа, Севар намунча қовоғингдан қор ёғади, кўчага сув сепаётганингда чаён чақдими?
Даврон акам хонтахтанинг тагидан сонимни чимчилаб олди.
Чўчиб тушиб, энди оғзимга олиб бораётган пиёладаги чойни тўкиб юбордим. Негадир хўрлигим келиб, кўзимга ёш келди.
-Сенга нима бўлди, вой жинниивой, айтган гапимдан хафа бўлдингми?
Даврон акам хавотирланиб тикилиши билан қайнонам ичида эндигина ноз уйқуга кетган капча илон бош кўтарди.
— Хозирги ёшларга ҳайронсан, сиркаси сув кўтармайди, сал нарсага хафа бўлади. Туринг қизим, овсинингизни мазаси йўқ, Сардоржон билан Гулойни ўзингиз боғчага олиб бориб келақолинг.
— Ойижон, мен ўзим ишга кетишда, болаларни ташлаб кета….
-Сен, болам ишингга кеч қолма, барибир Севарахон ҳеч жойда ишламайди, бунинг устига ташқарига чиқса шамоллаб келади. Қайнонам гап тамом дегандек, тўқ этиб пиёлани дастурхонга қўйди.
Лабларимни аранг чўзиб, юзимга ясама табассумни ёпиштирганча, индамай ўрнимдан туриб, икки яшар Гулойнинг қўлидан ушладим. Сардоржонни кўтариб, эшикка йўналдим.
Йўқ бунга чек қўйиш керак. Ахир олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлсам. Ўғлим иккидан ошди, ишга чиқмасам бўлмас. Бу уйдаги Салимахон исмли прокурорнинг буйруқларига, ҳар бир гапида ўйиб олишларига бошқа чидай олмайман. Ота- онам институтдаги ўқиш шартномам учун миллион миллион тўлаб, уй хизматкори бўлишим учун ўқитишмаган ахир! Жамиятга ҳам бирор фойдам теккани йўқ. Ўзи нега Даврон акамга махлиё бўлиб, тўйдан сўнг хотининг ишламайди деб, қайнонажоним шарт қўйса индамай рози бўлдим? Кўз очиб юмгунча нақд уч йил ўтибди-я?!
Ўзи Даврон акам билан ҳам танишувимиз қизиқ бўлган эди. Туман прокуратурасига битирув иши олди амалиётига борганим пайтларим юзимдаги асаб толаларини шамоллатиб қўйиб, зудлик билан касалхонага тушдим. Икки куннинг ичида юзимнинг ўнг тарафидаги асаб толалари қотиб, бир кўзим юмилмайдиган, оғзим яхши очилмайдиган бўлиб қолди. Натижада овқатни яхши чайнай олмай, еган, ичган нарсам оғзимнинг ўнг тарафидан оқиб кета бошлади. Ҳеч кимнинг кўзига кўринмаслик учун иложи бўлса палатадан чиқмас, қийшайган тарафимга сочиқни босганича бошимдаги оғриқдан унсиз йиғлаб ётар эдим.
-Кечирасиз, қон босимингизни ўлчашим керак.
Юрагимга негадир мойдек ёққан бу овоз томон, қўлимни юзимдан олмай ўгирилишимни билан, қалбим ўртаниб кетди. Кравотим бошида жилмайганча оқ халатда келишган бир йигит турарди.
Мммен..Сиз Каримова Севарамисиз?Ҳа.Ташхисингиз юзнинг ўнг тараф неврити, тўғрими? Мен навбатчи шифокор Даврон Шокировман. Қон босимингизни ўлчашга рухсат берарсиз?
Ўнг юзимни тўсиб турган докани юзимдан олмай, каравотга ўтириб, сал пал ёпиладиган чап кўзим билан шифокорга тикилдим. У менга бир қаради-ю, тикилиб турганимни кўриб, негадир қизариб кетди.
Мана бўлди, қон босимингиз жойида, бошингиз оғримаяптими?Оғрияпти. Негадир хўрлигим келиб, соғ кўзимда ёш ғилтил
лади.Ҳозир касалларни кўришим керак, кечроқ яна сиздан хабар оларман.Раҳмат.
Шифокор чиқиб кетиши билан палатадошим, қип-қизил юзидан қон томиб турган, доимо белини ушлаб вой-войлаб юрадиган Ҳамротош опа қошини қоқди.
Ҳо, кечроқ хабар олармишлар, фақат ёшлардан хабар олишади, биздек элликни уриб қўйганларга ҳам бирор одам қарармикан, а қоқиндиқ?
Уни гапини дераза олдида туну-кун шифтга термилиб ётган Дилором эшитса ҳам эшитмаганга олиб, юзини деворга бурди. Бундан аччиғи чиққан Ҳамротош опа энди, менинг қарама-қаршимда ётган, юзида қони йўқ, аммо ғийбат деса ўзини томдан ташлайдиган Сайёрага юзланди.
-Сайёрахон, ҳозиргина кеб-кетган ёш дўхтир нега сиз билан менинг қон босимимни ўлчамади-а? Майли мен қариман, сиз ёш бўлсангиз, чиройингизга қараб одам тўймайди.
Сайёранинг қони камлигидан кўкарган лабларига қараб, ўзимни тута олмай “пиқ” этиб, кулиб юбордим. Иккаласи ҳам бирдан ўлжасини кўриб қолган капча илондек, бошларини мен томон буришди.
-Ҳа, айланай, бор йўғи палатага бугун келиб, нега устимдан кулаяпсиз? Ҳамротош опанинг тирсагига таяниб, бўйнини олдинга чўзганича туриши нақ илоннинг ўзи эди. Кўз олдимдан яхши кўрган “Ҳайвонот олами” кўрсатуви лоп этиб ўтди-ю, қаттиқ кулиб юбормаслик учун ўнг юзимдаги докани юзимнинг ўртасига сурдим.
-Ҳамротош опа, эндигина мўмин-қобилгина қиз экан, деб юзи қийшайганига ачиниб турувдим-а, капча- она илоннинг ёнини олди капча-жувон. Ўзини худо уриб қўйибди-ю, яна бошқаларнинг устидан кулади-я?!
Сайёранинг гапидан жаҳлим чиқса ҳам, ўзимни аранг қўлга олдим.
-Мен мутлақо сизларнинг устларингдан кулаётганим йўқ, бирдан ёдимга бир латифа тушди, айтиб берайми? Латифа кимни чақишни билмай, бир бирини чақиб ўлдирган капча илонлар ҳақида. Дўхтир акамизга келса, мен уни палатага чақирганим йўқ, ўзи келди. Хали бугун менинг қон босимимни ҳеч ким ўлчамаган эди. Янгиман, ахир навбатчи дўхтир аҳволи оғир янги беморлар учун жавоб бермайдими? Мени ҳам сизнинг ёшингизга етказсин Хамротош опа, сизни бир кўрганимданок ойижонимни эслаб, юрагим орзикиб кетувди. Сайёрахон сиз эса роса энг яқин дугонамга ўхшар экансиз, юзингиздан очиқкўнгил, меҳрибонлигингиз кўриниб турибди. Сизларнинг ёнингизга ётганимдан ичимда Худойимга шукроналар айтиб турувдим.
Оғзимдан автоматдан отилган ўқлар сингари потирлаб чиқаётган бу сўзларга ўзим ҳам ҳайрон бўлиб, зимдан Ҳамротош опа билан Сайёранинг юзларига тикилдим. Иккаласи ҳам бирдан жим бўлиб қолиб, тусини ўзгартиришга тайёрланаётган буқаламун сингари менга қандай жавоб қайтаришни ўйлашарди.
-Вой айланай, сиз мени нотўғри тушундингиз, шекилли. Кирганингиз билан сизга ачиниб, ёшгина бўла туриб, бошига шундай дард тушибди, деб Сайёрахонга айтиб турувдим. Ўқийсизми ё ишлайсизми? Турмушга чиққанмисиз?
Илоннинг боши инидаёқ янчилган эди. Энди у иккинчи калласини чиқариб, ялтоқланишга тушганидан мийғимда жилмайиб қўйдим.
-Битирув амалиётида эдим. Терлаб туриб, юзимни муздек сувга чайганимни биламан, баданим бир сесканиб, шу аҳволга тушдим.
-Хафа бўлманг, ўртоқ, тезда тузалиб кетасиз. Сиздан олдин ҳам бу ерда юзи қийшайган қиз ётувди, дўхтирлар барака топсин, тузатиб, чиқариб юборишди. Ниҳоят тусини ўзгартирган Сайёра-буқаламун ҳам тилга кирди, аммо у билан қачон ўртоқ бўла қолганимни эслай олмай турганимда яна навбатчи дўхтир Даврон Шокиров палатага қайтиб кирди. Ҳамма бирдан жим бўлиб қолди.
-Кечирасиз Севарахон, қон босимингизни ўлчабман-у, юрагингизни текширмабман. Узр, чалқанча ётсангиз. У оҳиста каравотимни четига ўтирди. Ҳамротош опа билан Сайёра бир бирига яшин тезлигида қараб олишди.
-Дўхтир болам, менинг юрагим ҳам кечдан буён безовталанади, бир кўриб қўймайсизми?
— Албатта опажон, ҳозир Севарахонни кўрай, кейин сизда бир муаммо бўлса кардиологни чақиртирармиз.
Даврон ака юрагимни эшитиб бўлгач, томиримни текшириш учун қўлимни ушлади. Унинг қўли титраётганини сезиб, кулиб юбормаслик учун юзимга докани босдим. Даврон аканинг юзи эса қизларники сингари қизариб кетганини кўриб, баттар шайтон қитиқлади.
— Вой, болам, юрагим санчаяпти,- мени қутқарди Хамротош опа. -Фақат ёшларга қарайвермай, ёнимга келсангизчи!
Даврон ака баттар қизарганича қўлимни қўйиб юбориб, Хамротош опа каравотининг четига ўтирди.
-Қани, чалқанча ётингчи, юрагингизни бир эшитай?!
Аёл оғир гавдасини ташлаши билан каравотнинг тахталари аянчли ғирчиллади.
-Қани қаерингиз оғрияпти?
-Мана бу ерим ёмон санчияпти.
-Ахир бу ўнг томонингизку, юрак кўкракнинг чап тарафида бўлади. Қани бироз нафасингизни ушлаб турингчи!
Дўхтир Хамротош опанинг юрагини эшитар экан, зимдан мен томон қараб-қараб қўяёганлигини кўриб, юрагим хапқирди.
-Вой нафас олсам бўладими? Менга қаранг дўхтир йигит, мен бу ёқдаман. Хамротош опанинг овози нафаси етмаганидан чийиллаб чиқди.
Унинг бу гапига пиқ этиб кулиб юбордим. Хамротош опа менга уқрайганича яна дўхтирга тикилди. Бир оз нафас олмай ётиб, чидай олмади.
— Юрагим чатоқроқ эканми, дўхтир болам?
-Сиз жуда ҳам асабийсиз. Ҳозир ҳамширани чақиртириб, сизга тинчлантирувчи укол қилдираман. Бир мазза қилиб ухласангиз, эртага отдек бўлиб кетасиз.
Даврон ака қулоғидан стетоскопни олиб, бўйнига тушир
ди-да, Хамротош опага жилмайганича икки кўзи менда бўлиб, палатадан чиқиб кетди. Шундан кейин у билан ҳар куни кўришадиган, негадир Даврон ака ҳар куни навбатчиликка қоладиган бўлди. Тез орада уни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Охир -оқибат касалхонадан чиқиб, орадан икки ой ўтиши билан тўйимиз бўлиб ўтди. Натижаси эса ёмон эмас. Кўз олдимга қўлчаларини силкитиб, дадаси томон лапанглаб бораётган Сардоржон келиб, беихтиёр жилмайдим. Сўнг бирданига ёдимга Дилноза тушиб, кўнглим хира тортди. Учрашув эртага, соат 10 да. Уйдан қандай қилиб чиқиб кетсам экан-а? Ўйлай, ўйлай ойимни мазаси бўлмаётгани айтиб, уларни кўриб келиш учун бориб келишга Даврон акам, қайнонамдан рухсат сўрайман, деган қарорга келишим билан хотиржам тортиб, кечки овқатга уннадим.
Дилнозанинг кўйлагида, кўзимда қора кўзойнак билан ўзимни рўпарамда курсида қўл ушлашиб ўтирган йигит билан қизни томоша қилаётгандек кўринсамда, аслида нигоҳим олма-кесак терарди. Ҳар бир ўтган эркак одамни кузатиб, мен томон яқинлашса юрагим қаттиқ ура бошларди.
-Сиз Дилнозасиз, шундайми? Ёнимга келиб ўтирган аёлнинг овозидан чўчиб, унга қарадим. Тўладан келган, кўзига қора кўз ойнак таққан, сочи эркакларникига ўхшаб калта қирқилган, жинси юбка –кофта кийган аёл жилмайганича менга қараб турарди.
-Ҳа..ҳа..
-Мана бу суратларни бир томоша қилинг. У чаққонлик билан ҳаворанг сумкачасидан бир даста фотосуратларни чиқариб, қўлимга тутқазди.
Суратда Дилноза қандайдир йигит билан жилмайганича қул ушлашиб турарди.
Иккинчи ва қолган суратларда эса беш яшар чамасидаги қизалоқ. Кўзлари… кўзлари Дилнозаникику.. Бирданига суратларда Дилнозанинг қизи –Лола эканлигини англаб етдим. Кейинги суратда қизалоқни Дилнозанинг онаси Каромат опа “Меҳрибонлик” уйи остонаси ёнида қизчанинг олдига чўккалаганича, сочини силамоқда. Яна бирида Каромат опа қизалоққа шоколад тутқизмоқда. Яна бирида Дилнозанинг ўзи Лолани қучоқлаб турибди. Дугонамнинг отаси Эртош ака неварасининг борлигидан хабари йўқ. Шунинг учун ҳам Каромат опа ишдан қайтар чоғида яширинча неварасини бориб кўради. Оила бўла туриб, она, буви ва бобо меҳридан мосуво қизалоқ.
-Бу нима? -дедим ўзимни гўлликка солиб.
-Нима? Қизингизни танимаяпсизми? Ойингизничи?
-Кимсиз ўзи?
-Менинг кимлигимни аҳамияти йўқ. Агарда мана шу суратлар Рамиз акангизнинг қўлига тушмасин десангиз, уч кундан сўнг, темир йўл вокзалининг 15 рақамли қутисига йигирма минг доллар пулни эрталаб соат 9 гача қўйиб қўясиз. Милисага хабар бераман деб, овора бўлманг. Бўлмаса…
-Бўлмаса мана. Мен жаҳл билан суратларни йирта бошладим. Аммо аёл кулимсираганича мени тўхтатишга ҳаракат қилмай қараб турарди.
-Буларнинг оригинали компьютерда. Йиртганингиз билан фойдаси йўқ. Айтган гапим ёдингизда турсин. Уч кун вақтингиз бор, холос…
Давоми бор...
Наргис Қосимова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8