1- қисм...
Нигора иш столидаги қоғозларни тахларкан, соатга қаради. Иш вақти тугашига ҳали анча борлигини билиб ўрнидан турди, деразадан ташқарига разм солганча хаёлга чўмди: “Ҳа... куз ҳам охирлаб қолди, кечагина жазирама ёз эди, бирпасда куз ҳам ўтиб кетди-я. Тезроқ болаларнинг эгнига иссиқ кийим, оёғига этик олмасам бўлмайди. Тағинам Аллоҳнинг раҳмдиллиги, шунча вақт қўйиб берди-я, бирон кун шариллаб ёмғир ёғмади. Эрта-индин дам олиш куни, бозорга бориб болаларга кийим-бош оламан”.
Шу хаёл билан кўчага термулиб тураркан, телефоннинг қўнғироғи хаёлини бўлди. Аста гўшакни кўтарди.
- Эшитаман!
- Ойи, бу мен Асқарман! – гўшакдан ўғлининг хавотирли овози эшитилди.
- Асқар, нима гап, тинчликми?
- Дадам касал бўлиб қолдилар. Тез келинг, ойи…
Нигоранинг кўз олдида бир неча кундан буён иштаҳаси бўлмай, паришон юрган турмуш ўртоғи Азимнинг рангпар қиёфаси гавдаланди.
- Асқар, сен боғчага бориб укангни олиб кел, дадангларга айт, мен ҳозироқ “Тез ёрдам”га қўнғироқ қиламан-да, сўнг уйга бораман.
Нигора гўшакни қўйиб, идора раҳбарининг олдига кирди.
- Кечирасиз, Илёс Афзалович, менга вақтлироқ жавоб бера олмайсизми?
Нигоранинг ранги оқариб кетганини, кўзлари хавотирли боқаётганини кўрган бошлиқ меҳрибонлик билан сўради:
- Нима гап?
- Уйдан қўнғироқ қилишди, хўжайиним бетоб бўлиб қолибди.
Илёс Афзалович Нигорани меҳнаткашлиги, очиқ кўнгиллиги билан бошқа ходимлардан ажралиб тургани учун ҳурмат қиларди. Бунинг устига Нигора дилбар аёл бўлсада, чиройини кўз-кўз қилмас, юриш-туришидан, гап-сўзларидан нақадар оилапарвар, вафодор ёр, меҳрибон оналиги билиниб турарди. Ҳозир ҳам эрининг бетоб бўлиб қолганидан изтироб чекаётганини кўриб, Нигорага нисбатан ачиниш аралаш меҳри тобланди.
- Майли, борақолинг, - деди вазмин оҳангда.
- Раҳмат, - Нигора кўнгли хотиржам чиқиб кетаркан, Илёс Афзалович ортидан гап қотди:
- Нигорахон! Агар ёрдам керак бўлса бемалол айтаверинг.
Нигора бошлиқ хонасидан қайтиб чиқиб, “Тез ёрдам”га хабар қилди. Шоша-пиша плашини кийиб, югурганча кўчага чиқди. У автобусда кетаркан юраги шошар, эрининг беғамлигидан аччиғи келарди: “Неча марта айтаман, дўхтирга чиқинг, дўхтирга чиқинг деб... Йўқ, ўлиб қолса дўхтир отига йўламайди. Мана оқибати, ишқилиб касали унча хавотирли бўлмасин-да...”. Шу ўйлар билан уйига етиб келди. Дарвоза ёпиқлигини кўриб “Тез ёрдам” ҳали келмаганлигини англади. Ичкари уйга кириб борганида эри Азим кроватда оғриқнинг зўридан ғужанак бўлиб олганча ётарди.
- Азимжон ака... – Нигора эрига томон энгашди. – Тузукмисиз?
- Ни-гор... келдинг-ми?
- Нима бўлди? Қаерингиз оғрияпти? – Нигора эрининг пешонасига кафтини қўйди. - Вой ўлмасам, оташ бўлиб ёнаяпсиз-ку, - шундай деганча телефонга ёпишди. Яна “Тез ёрдам”га сим қоқиб тезроқ келишларини илтимос қилди.
Врачлар Азимжонни ўткир ичак касаллиги билан касалланганлигини аниқлашди.
- Эрингизнинг касали оғир, юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетамиз, - деди шифокор.
Нигора эрига бир нима бўлиб қоладигандек ваҳимага тушди.
- Йўқ, йўқ, улар юқумли касал эмаслар, бошқа касалхонага олиб боринглар.
Нигоранинг норозилигидан шифокорнинг жаҳли чиқди.
- Менми врач, ё сизми? Қаерга олиб боришни ўзимиз яхши биламиз!
Сўнг Нигоранинг куйиниб турганлигини, ҳали у кўп кунлар изтироб чекиши мумкинлигини ўйлаб раҳми келдида:
- Синглим, - деди босиқлик билан. - Ҳечам хавотир олманг. Нимагадир юқумли касалликлар шифохонаси деса ҳамма қўрқиб кетади. Аслида энг малакали мутахассислар ўша ерда, тушундингизми?
- Кечиринг, шунчалик қўрққанимдан...
Нигора шу топда оналик меҳрини ҳам унутмади. Катта ўғлига овқат қаердалигини, қайтиб келгунича укасини ташқарига чиқармай олиб ўтиришини қайта-қайта тайинладида, машинада Азимжоннинг ёнига ўтириб касалхонага жўнади.
Юқумли касалликлар шифохонаси. Касаллар йўлакда навбат кутиб туришибди. “Тез ёрдам” замбилида ётган Азимжоннинг аҳволи борган сайин оғирлашгани учун уни тўғри жонлантириш бўлимига олиб киришди. Нигора саросимага тушган кўйи даволовчи шифокорнинг чиқишини илҳақлик билан кутаркан, атрофни кузатди. Ўриндиқда ўтирган одамлар ҳам яқинларининг аҳволидан хавотирланиб барчаси унсиз ўтирарди. Шу пайт шифокор кўринди, ҳамма ўтирганлар умид билан унга томон тикилишди.
- Шарипов Азимжоннинг яқинлари ким? - унинг овози шу қадар жиддий жарангладики, Нигоранинг ҳуши учаёзди. Ўзини қўлга олиб, шифокорнинг ёнига борди.
- Мен билан юринг, - хонасига бошлади шифокор.
Нигора хонадаги деворларга осилган оғир касалликлар ҳақидаги суратларни кўриб баттар юрагига ғулғула тушди.
- Биласизми синглим, эрингиз ўткир дизентерия касаллигига чалинган, - вазминлик билан гап бошлади шифокор. - Шу сабабли ичаклар заҳарланган. Ундан кейин “сариқ” аломати ҳам сезилаяпти. Икки хил касаллик билан курашиш организм учун жуда оғир кечмоқда.
Нигора ҳеч бир сўз айта олмас, томоғи ғиппа бўғилиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
- Биз қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Аммо айтиб қўйишим лозим, шифокор бироз сукутга чўмди, - эрингизнинг ҳаёти қил устида.
- Нималар деяпсиз? - Нигора бор кучини жамлаб баъзўр овоз чиқарди.
- Қўрқманг, Худонинг марҳамати кенг, умри узоқ бўлса тузалиб кетади.
Шифокор “энди сизга рухсат”, дегандек ўрнидан туриб, эшикни очди.
- Жон дўхтир, мен шу ерда қолай, эримга ўзим қараб тураман.
- Мумкин эмас, қолаверса қарайдиган ҳамширалар бор.
Нигорани жонлантириш хонасига киритишмади-ю, лекин эшик тагида қолишига қаршилик қилишмади. Нигора кўчага чиқди, аранг телефон топиб, қўшниси бўлмиш Манзура холага сим қоқди.
- Манзура хола! Бу мен, Нигораман. Ҳа, тинчлик, “реанимацияга” олишди. Холажон, сиздан илтимос, бугун болаларимнинг олдига чиқиб ётинг, илтимос ёлғиз қолишмасин. Азимжон акамнинг аҳволлари оғир, ёнида бўлишим керак...
Нигора Манзура хола билан гаплашгач болаларидан кўнгли хотиржам тортди, тонггача ўриндиқда ўтириб чиқди. Ҳеч ким бир оғиз “нега бу ерда ўтирибсан?” демади. Ахир бу ер шифохона эмасми, беморларнинг яқинлари кечаси билан келаяпти, кетяпти. Ҳамширалар қўлларида дорими, қонми, алланималарнидир кўтариб кириб чиқишмоқда. “Жонлантириш бўлими” эшиги очилди. Қўлида папка кўтарганча кечаги салобатли шифокор чиқиб келди.
- Ие, Шарипова, ҳали ҳам шу ердамисиз? – деди у Нигорага ачиниш билан боқаркан.
Шифокор кўчалик кийимида бўлгани учун Нигора аввалига уни танимай турди, кейин оғриқдан лўқиллаётган пешонасини ушлаб, зўраки жилмайди.
- Вой, ассалому алайкум, кечирасиз танимабман.
- Ҳеч қиси йўқ, эрингизнинг аҳволи кечагидан тузук. Керакли дориларни ёзиб кетяпман.
- Раҳмат сизга, - Нигора ёшига номуносиб тарзда қўлини дуога очди. - Илоё болаларингизнинг роҳатини кўринг, - дея юзига фотиҳа ўгирди.
Нигоранинг эри учун бунчалик ташвишланаётганидан шифокор ачиниб:
- Барибир киритишмайди, яхшиси уйингизга бориб дамингизни олинг. Кечроқ келиб хабар оларсиз, - дедида чиқиб кетди.
“Тўғри, - ўйлади Нигора шифокорнинг ортидан қараб қоларкан, - бу ерда ўтирганим билан нима фойда? Бориб болаларимдан хабар олай, Манзура холаниям қийнаб юборишгандир ҳойнаҳой”.
Нигора бекатга яқинлашганда яқин атрофдаги ошхоналардан таралаётган овқат ҳидини сезиб, қорни жуда очганлигини англади. Кеча ўғли ишхонасига қўнғироқ қилганида энди тушлик вақти бўлаётганди. Демак бир ярим суткадан бери туз тотмаганлигини эслади...
Уч кундан сўнг Азимни палатага олиб ўтишди. Бу кунлар ичида Нигора на ****-ичганини билди, на ҳаловатини. Кечалари алоқ-чалоқ туш кўраётиб чўчиб уйғониб кетади, шу билан тонггача мижжа қоқмай Азимнинг тепасида ўтириб чиқади. Икки кун ўтиб, энди касалхонага кириб келганди ҳамки, даволовчи шифокор билан ҳамширанинг талмовсираб югуришаётгани устидан чиқиб қолди.
- Нима бўлди, хўжайиним яхшимилар? – сўради Нигора ҳамширанинг ортидан бориб.
- Оғирлашиб қолдилар, - ҳамшира шундай деганча реанимация бўлимига кириб кетди.
Нигора шунчалик қўрқиб кетдики, юраги увишиб, қўллари, лаблари титрай бошлади. Кейин маълум бўлишича Азимга қайсидир укол ёқмай реакция берган экан.
Шу воқеадан сўнг уч кун ўтиб Азимни палатага олиб ўтишди. Энди Нигоранинг югур-югури янаям кўпайди. Эрталаб ўғилларини мактаб, боғчасига кузатадида дорихонага югуради, ундан касалхонага. Азимнинг ёнида ўтириб овқатини едиради, унинг ётавериб увишиб қолган оёқ-қўлларини, сирқираётган белини уқалаб қўяди. Сўнг уйига чопади, кечқурун болаларини тинчитиб, эри учун алоҳида пиширган овқатини кўтариб, яна касалхонага югуради. Касалхонадаги беморлар ҳам Нигорани таниб қолишди.
Бир куни Нигора чой дамлаш учун касалхона ошхонасига кирди. Ортидан ўрта ёшлардаги, бемор бўлсада пўрим кийиниб, пардоз қилиб олган аёл идишларини кўтариб кирди.
- Сизда гапим бор эди, - деганча аёл Нигоранинг сипо, ўзига ярашиб турган кийимига, қадди-қоматига суқ билан тикилди.
- Бемалол опа, ёрдамим керакми?
- Мабодо худди ўзингизга ўхшаган синглингиз йўқми ўргилай? Менга жуда ҳам ёқиб қолдингиз.
- Йўқ, нимайди? – деди Нигора нимага суриштираётганлигини фаҳмлаб, - синглим йўғ-у, жиянларим ҳали кичкина.
- Шу денг, ёлғизгина ўғлим бор. Уйим-жойим дейдиган, сиздек чаққон, эрига меҳрибон келин қидираётгандим.
- Вой опажон, шу ерда ҳам яхши-яхши ҳамшира қизлар кўп-ку, бирини суриштира қолмайсизми?
Жувоннинг ҳозиргина кулиб турган очиқ чеҳраси тундлашди.
- Нималар деяпсиз ўргилай! Кеп-кеп ҳамширани келин қиламанми?!
Нигора табиатан содда, мулойим бўлгани билан ноҳакликка дуч келганида жим туролмайдиган одати бор эди, у ҳам жиддий тортиб аёлга юзланди:
- Бу нима деганингиз, опа? Шу ҳамширалар эмасми сизнинг жонингизга оро кираётган?!
Аёл Нигоранинг гапидан бир оз паст тушиб, айёрлик билан жилмайди.
- Ўргилай, унақа демоқчимасдим. Менинг ўғлим олийгоҳда ўқийди, шунинг учун келин ҳам олий маълумотли, чиройли бўлсин дейман-да.
Нигора чойнакни кўтардида, индамай чиқиб кетди. “Тавба, шунақаям хотин бўладими-я, ҳам чиройли, ҳам ўқимишли эмиш. Бунақалар келиннинг ёғини ялайди”, деб қўйди ўзига ўзи.
Нигора эрининг оёқларига вазелин суртиб уқалаб ўтираркан, Азим унга тикилиб қолганди.
- Ҳа, дадаси, мунча тикилиб қолдиз? – деди Нигора ҳижолат чекиб.
- Яхшиям сен бор экансан хотин. Бўлмасам аллақачон ўлиб кетармидим...
- Э, нафасингизни ел учирсин-а, иккита ўғлингизни ташлаб қаерга кетардингиз. Уларни ўқитиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш керак ҳали. Осонликча қутилиб кетмоқчимисиз?
Хотинининг мана шундай ҳазиллари Азимга куч-қувват бағишлар, шифокорларнинг муолажасидан ҳам кўра Нигоранинг пишириб келган ширин таомлари, уста мутахассислардек уқалаши Азимни яна асли ҳолига қайтарди. Бир ойга бормай батамом тузалиб, уйга жавоб беришди.
Давоми бор...
РАЪНО МАҲМУДОВА.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3