6-қисм.
Хайрият, тирик, - деди шоша-пиша.
- Аллоҳга шукр, - зўрға шу гапни айтди Абдусамад ака.
- Ўғлингиз жуда ҳолдан тойган назаримда. Ҳозир ўзига келади. Аммо унга бирон нима едирмоқ керак, - деди табиб.
- Абдуҳалим, бор, чиқиб янгаларинггами, хотининггами айт. Дарров атала пиширсин, - деди Абдусамад ака. Ўзи эса ҳали кўзини очмаган жигаргўшаси Абдукаримдан кўз узмасди. Табиб Абдукаримга нимадир ҳидлатди. Бемор бир чуқур нафас олди-ю, секин кўзларини очди.
- Аллоҳим ўзингга шукр. Болам кўзини очди. Ўзингга беадад шукр, -дея пичирлай бошлади Абдусамад ака.
Абдуҳалим чиқиб кетди. Бемор ингради. Нимадир демоқчи бўлар, аммо ҳолсизликдан гапира олмас эди. Орадан бирмунча вақт ўтиб Абдуҳалим атала кўтариб кирди. Акасига ичирмоққа уринди. Абдукарим зўрға икки қошиқ ичди-ю, бошқа ичмайман дегандек бошини сарак-сарак қилди.
- Майли, ҳозирча шу етади. Бироздан сўнг яна озроқ ичирасиз. Кейин манави доридан ҳам ичиринг. Қувват бўлади, - деди табиб.
Абдукарим ухлаб қолишини кутиб, ота-бола бироз ўтиришди. Нафисани ўлимини Абдукаримга ҳозирча айтмаслик ҳақида келишиб олишган, шу сабаб гап мавзуси бунга келмаслиги учун бошқа мавзуларда суҳбат қуришга уруниб, ўзларича бироз гаплашган бўлишди. Абдукаримни кўзи илингач, ота-бола ташқарига чиқишди. "Энди Нафисани дафн маросимини илож борича Абдукаримга билдирмай ўтказиш керак. Йўқса, ўғлим кўтаролмайди. Эвооҳ! Жигарпорамни доғини кўтаролмайман. Аллоҳим! Ўзинг сабр бер!" дея ўйлади Абдусамад ака ва Абдуҳалимга буйруқ берди:
- Тезда ғассолни олиб кел. Дўстинг Юнусбекка айт. Гўрковга хабар қилсин. Аср намозига чиқарамиз.
- Хўп бўлади ота, -дея Абдуҳалим югуриб ҳовлидан чиқиб кетди.
Шу тариқа бир кунда қайнона ва келин ёнма-ён қабрга қўйилди. Бир пайтлари бутун қишлоқнинг ҳаваси келган кайвони оила бугун шумшайиб қолган, қора урушнинг заҳмати бу қутлуғ ҳовлига таъсир қилгани билиниб турарди. Абдукарим бир ҳафта деганда сал мадорга кирди. Кечаси ёнида Абдуҳалим ётади. Иситмадан алаҳсираб хотинини чақирганда Абдуҳалим тишини-тишига қўйиб, акасига далда беради. Терлаган юз ва бўйинларини артади. Абдукарим Нафисани вафот этганини ўшандаёқ сезган экан. Дафндан қайтишгач бир гап айтдики, дунё ларзага келди:
- Қайнона келиннинг тупроғи бир жойдан олинади дейишгани рост экан.
Шу гапни айтди-ю, елкалари силкиниб йиғлай бошлади.
Абдусамад ака ҳам, Абдуҳалим бу гапни эшитиб донг қотишди. Сўнгра ўзларига келиб, Абдукаримни юпатишга тушишди.
- Мен урушга кетаман, -деди дабдурустдан Абдукарим. - Бу аҳволда бу ерда қолсам ўзимни бир нарса қилиб қўяман. Ундан кўра урушга бориб, лаънати фашистларни бир ёқли қилганим яхши.
- Учта акангни кетгани етар. Сен ва уканг шу ерда бўласан. Сельсоветга ўзим чиқиб айтаман. Мени опкетсин урушга. Ўша Гитлерини энасини кўрсатиб қайтаман. Сенлар ёшсан. Ҳали ниманиям кўрдиларинг, - дея илк марта дод-фарёд кўтарди Абдусамад ака.
-Йўқ ота. Сиз урушга ярамайсиз. Менга рухсат беринг. Мен борай. Сиз укам билан оиламизга бош бўлиб юрасиз. Отасини урушга юбориб, ўзи уйда қолган қанақа орсиз йигит бўлдик ахир отажон?!
-Юбормайман. Икковингниям юбормайман. Мелисасигаям айтаман. Учта акангни урушга кетгани етар.
Абдукарим индамади. Уч кун ўтиб почтачи Санобар повестка кўтариб келди. Унда Абдукаримни Ватан учун бўлган жангга чақирилгани ёзилганди. Абдусамад ака повесткани олибоқ, Қишлоқ Совети идорасига чопди. Раис билан майор формали бир киши ўтирган экан. Раис ҳурмат билан Абдусамад акани кутиб олди. Гапларини диққат билан тинглади. Абдусамад акани илтимосини эшитган заҳоти, раис майорга қаради. Бу қўрқувданми, ёки Абдусамад акага раҳм қилинг дегандек илтижоми буни Абдусамад ака пайқай олмади. Майор асабий тарзда ўрнидан туриб, сигарет чекаркан, ночор ҳолда деди:
--Ота, бу уруш. Бутун Совет фуқаролари доҳиймиз Сталинни қўллаб, Ватанни қутқаришга қасамёд қилиб турганда, сиз ўғлингизни олиб қолмоқчимисиз? Бундай вазиятда мен сизга ёрдам беролмайман. Тўғри тушунинг.
--Ахир уч нафар ўғлим урушда. Шу етмайдими? - деди Абдусамад ака тутоқиб.
-- Етмайди. Сталинни буйруғи бу. Мен ўғлингиз туфайли ҳарбий трибуналга кетайми?
--Унда ўғлимни ўрнига мени юборинг урушга. Лаънати Гитлерни онасини Учқўрғондан кўрсатаман.
--Нега тушунмайсиз ота?! Повестка ўғлингиз номига келган. Ўрнига бошқани жўнатсам, мени хоин деб отиб ташлашади. Шуни ҳоҳлайсизми?
--Жон Эшмуроджон, -- раисга ўгирилди Абдусамад ака. --Сиз ёрдам беринг. Қолган ўғилларим шу ерда қолсин. Худо хайрингизни берсин.
--Қанийди қўлимда бўлса ҳаммаси, ҳеч бир йигитни жўнатмасдим. Аммо бу уруш. Кўпга келган тўй. Пасткўчадаги Салим кулолни яккаю-ягона ўғлини ҳам жўнатдик-ку? Келинингизни фотиҳаси куни. Қўлимиздан нимаям келарди, --дея хўрсинди Эшмурод раис.
Абдусамад ака идорадан тушкун аҳволда чиқди. Тақдирга тан беришдан ўзга чораси қолмади. Аммо бир нарса юрагини эзардики, Абдукарим энди тузалиб, сал оёққа турди. "Шу аҳволда милтиқ ушлашга ярармиди? Наҳот шуни кўра-била туриб ҳам олиб кетаверишса? Буларгаям пилон бўлса бўлди шекилли" дея ўйлади.
Уйига етиб келганида асрга азон чақирилди. Намозни ўқигач, Абдуҳалимни ёнига чақирди.
--Ўғлим, мен ҳозир раисни олдига бордим. Акангга келган повестка юзасидан.
--Нима?! Акамга повестка келдими? Қачон? - ҳайрон сўради Абдуҳалим.
--Боя пешин намозини ўқигандан кейин Санобархон опкелганди. Дарров раисни олдига чопдим. Тепадан битта майор ҳам кепти. Иккови ўтиришган экан идорада. Ўғлимни ўрнига мени юбор деб уввало ялиндим. Унамади. Ўзинг ўйла ўғлим. Аканг энди оёққа туряпти. Шу аҳволда қандоқ урушга киради? Ярармикин? Ичимга ўт тушган болам, --дея инграб юборди Абдусамад ака.
--Балки акамни ўрнига мени опкетишга кўндирсакчи ота?
Абдусамад ака ялт этиб ўғлига қаради. Кўзлари чақчайди.
--Иккалангни ҳам опқолишга ҳаракат қиляпману, сен бунақа деб турсанг. Аканг у ёқда мен кетаман деяпти. Мени ким ўйлайди? Беш кунлигим борми, йўқми?
--Отажон. Ҳечам гапингизни икки қилмаганмиз. Аммо орият масаласи бор. Ватан учун бўляпкан урушдан қочиш эр кишини иши эмас.
--Бу сени Ватанингмас!, - бақириб юборди Абдусамад ака. --Сени Ватанинг шу ер. Шу юртга ёв ҳужум қилса, аввало ўзим жўнатаман сенларни. Бу уруш бизникимас. Ўзлари урушаверсин. Учта аканг кетди. Ўшалар борганиям етади.
Абдуҳалим отасидан бу гапни кутмаганди. Бироз талмовсиради. Нимадир деб оғиз жуфтлади-ю, сукут қилишни лозим топди.
--Қани кутайликчи? Зора инсоф бериб, акангни опкетмаса. Раисга тайинладим. Яна бир гаплашиб кўриб, кейин менга хабарини етказадиган бўлди.
--Маъқул ота. Мен энди акамга қарай. Таомларини опкириб берай.
--Боравер майли. Ҳозирча повестка ҳақида акангга оғиз очма.
--Сиз нима десангиз шу ота.
Абдуҳалим ўрнидан туриб, ошхона томон кетди. Абдукарим укаси овқат олиб кирганда китоб ўқиб ўтирарди. Укасини кўрди-ю, китобни ёпди. Абдуҳалим китоб ва лавҳни оларкан, араз оҳангида деди:
--Ака. Сизга неча марта айтдим. Энди соғайяпсиз. Ўзингизни кўп толиқтирманг деб. Астойдил қувватга кириб олинг, ана ундан кейин ўқийверасиз.
--Нима қилай ука? Зерикиб кетдим. Онамни ва келинойингни руҳи шод бўлсин деб ўқияпман-да. Ётавериш ҳам жонга тегди, --деди акаси.
--Зериксангиз ҳовлига чиқинг. Уйга қамалиб ўтирмасдан. Тоза ҳаво танга даво дейдилар. Зах уйда ётавермай, мундоқ офтоб юзиниям кўринг-да.
--Чиқяпман ука, ташқарига чиқяпман. Кам-кам бўлсаям. Чиқсам онам ёдимга тушадилар. Ахир ҳовлида улар эккан райҳонлар бор. Ҳиди онамни эслатади. Ўпкам тўлади, аммо янгаларим ва келинлардан уяламан. Кўп туролмай, яна уйга киряпман. Китоб ўқиб, ғамларимни тарқатишга уриняпман.
--Майли ака. Хафа бўлманг. Шу кунлар пешонамизда бор экан. Гапимни малол олманг. Қайта касал бўпқолманг дейман-да.
--Раҳмат укажоним. Бирам меҳрибонсан.
Абдукарим шу гапни айтди-ю, секин ўрнидан қўзғалди. Буни сезган Абдуҳалим даст ўрнидан туриб, акасини қўлтиғидан олди. Туришига ёрдам берди. Абдукарим турди-ю, бирдан Абдуҳалимни маҳкам қучоқлади.
--Сендақа укани менга берган Аллоҳга шукр. Яхшиям сен бор экансан. Меҳрибончилигинг бўлмаса аллақачон ўлиб кетардим. Сенга бир сирли гапим бор. Ҳеч кимга айтмайман деб сўз берасан.
--Нима қилмоқчисиз ака?
--Сен аввал менга сўз бер. Кейин нима қилмоқчилигимни айтаман.
Йўқ, --деди Абдуҳалим чўрт кесиб. --Сўз бермайман. Биламан. Яна урушга кетаман дейсиз.
--Жон ука! Жоним фидо бўлсин сенга. Ваъда бер. Отамга ҳам, бошқа бировга ҳам айтмайман де. Кейин айтаман.
--Хўп яхши. Аввал эшитайчи. Кейин ваъда бериш ё бермаслигимни айтаман.
Абдуҳалим шу гапни айтаркан, акасининг илтижоли термулишини кўриб чидаб туролмади:
--Бўпти акажон. Ваъда бераман. Ҳеч кимга айтмайман. Ҳатто отамгаям. Қани тезроқ айтинг, нима шумлик бошламоқчисиз?
Ҳеч кимга билдирмай урушга кетмоқчиман. Бу ерда тинч ўтиролмайман. Онам ва келинойинг кўз олдимга келаверишяпти. Қийналиб кетдим. Бу аҳволда ўзимни бир нарса қилиб қўяман. Қайтанга урушга борсам яхши. Ғамларимни унутаман. Лаънати фашистларни йўқ қилсам таскин топаман.
--Бундай қилманг ака. Ота рози-Худо рози деган гап бор. Шунча йил отамизни юзини ерга қаратмадик. Отам бу ишингиздан хурсанд бўладилар деб ўйлайсизми? Оғринсаларчи? Бу хомхаёлни миянгиздан чиқаринг.
Абдуҳалим акасига иддао қилганча ўрнидан турди. Эшик олдига етгач, ортига бурилди ва деди:
--Бу ҳақда отамга айтмасликка сўз бердим. Хотиржам бўлинг. Хиёнат қилмайман сизга. Аммо сиз ҳам бу ишни қилмасликка ваъда беринг. Ҳар ишда ҳикмат бор деб катталар бекорга айтишмаган ака. Шайтонга ҳай бериб, сабр қилинг. Яратган ўзи тўғри йўлни кўрсатар.
Абдуҳалим шу гапни айтаркан, акасига илтижоли боқиб, ундан жавоб кутди. Акаси бироз ўйланиб ўтиргач, чуқур хўрсинди-да, деди:
Майли. Таваккул қиламиз. Бир гап бўлар.
Абдуҳалим кўнгли равшан тортиб уйдан чиқди. Тонгда эса ҳамма иш бошқача бўлиб кетди. Аниқроғи Абдукарим учун қувончли, қолганлар учун нохуш воқеа бўлди. Военком бошлиғи иккита ҳарбий билан Абдусамад акани уйига келди ва ўғли Абдукаримни армия сафига олиб кетишга келганини айтди. Абдукарим бу хабарни табиийки, хушнуд қарши олди. Абдусамад ака нима қиларини билмай жовдираб тураркан, кўзида ёш томчилаганини Абдуҳалим сезиб қолди. Буйруқ чиққан, уни ўзгартиришга куч қайда?
Ҳеч қандай оҳ-воҳларга қарамай, эндигина оёққа турган Абдукаримни урушга олиб кетишди. Абдусамад ака шундан кейин ётиб қолди. Бора-бора касали оғирлашди. Кузга бориб қазо қилди. Бу пайтда 1944 йилнинг октябр ойи эди. Фотиҳа куни почтачи хат келтирди. Уйда ягона эркак бўлиб қолган Абдуҳалим хатни кўрди-ю, суюниб кетди. Хат Абдукаримдан эди. Билдики, акаси соғ. Шошиб хатни очди.
Ассалому алайкум отажон деб бошланганди мактуб. Абдуҳалим кўз ёшини зўрға тийиб, давомини ўқишга тушди.
Омонмисизлар? Мен соппа-соғман. Германия чегарасидамиз. Акаларим ҳақида маълумот қидирдим. Афсус топа олмадим ҳозирча. Уйга бирон акамдан хат боряптими? Агар борган бўлса менга мактуб ёзинглар. Акаларим адресиниям ёзинглар. Отажон! Тузукмисиз? Уч кундан бери тушимда онамни кўряпман. Онам қанақадир безовта кўриняптилар. Уйда нима гап? Тинчликми? Абдуҳалим ва келинойиларим ҳам яхши юришибдими? Сизларни соғиндим. Тез кунда ғанимни уйида енгиб, ёруғ юз билан ёнингизга қайтаман. Дуойи салом билан ўғлингиз Абдукарим
Абдуҳалим йиғисини аёли ва келинойиларига кўрсатмаслик учун отасининг ҳужрасига кириб кетди. Ўйлаб-ўйлаб акасига хат ёзишга қарор қилди. Хат сўнггида акасига сабр тилаб, ўзини эҳтиёт қилишини сўради. Хатни почтага топширгани борганида почтачи Санобар ранги қув ўчганча унга қараб турарди. Абдуҳалим ундан нима бўлди янга деб сўради. Санобар унга бир қоғоз узатди. Бу қоғоз Абдуҳалимни армияга чақирилгани ҳақидаги повестка эди. Абдуҳалим довдираб қолди. У урушдан қўрқмасди. У ўлимдан қўрқмасди. Эркаксиз қолиб кетадиган оиласи аҳволи не кечишини ўйлаб танг аҳволда эди. Уйга бир алфозда кириб келди. Эрини ҳеч қачон бу суратда кўрмаган Ҳамида нохуш воқеа бўлганини англади.
Давоми бор...
Абдулазиз Ғафуров
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев