Таржимон Маъмур Мухтор.
Муқаддима
Барча ҳодисотлар ҳақиқат бўлса-да, бу - менинг шахсий қиссам ёки муъайян бир кишининг қиссаси эмас. Бу китобдаги ҳар бир ҳодиса ёки ҳодисалар тўплами у ёки бу фаластинликка тегишлидир. Адабий шартларга мувофиқ бўлиши учун айрим мавзулар муъайян шахслар атрофида юритилди. Ундан бошқа барчаси, яшаб кўрганларим, аксари суюкли Фаластинда ўн йиллаб яшаган инсонлар, уларнинг қўни-қўшнилари ва аҳли-оилалари оғзидан эшитганларим ҳақийқатлардир.
Бу китобни «Исро ва Меърож» муҳитига қалби боғланган ҳар бир инсонга туҳфа этаман.
Яҳё Иброҳим Синвар
«Биър Сабъ» қамоқхонаси
2004-йил.
Биринчи фасл
1967-йилнинг қиши жуда оғир келган эди. Гўё Қиш кетгиси келмаганидан, осмондаги қалин булутлари билан баҳорнинг илиқ қуёши ўз нурини сочишига йўл бергиси келмай, совуқ шамоли ила ҳайдаб турар эди. Яхлаган ёмғирлари эса осмондан қатра-қатра бўлиб ёғилар, Ғаззодаги муҳожирларнинг бежирим чодирларини сувга ғарқ қилай дер эди. Тошаётган сел бўлса, ҳамма одамларни яқиндаги катта кўчадан пастроқда жойлашган кичкина уйчаларига қувиб, чодирларида тирпантликлар ҳосил қилар эди.
Қаҳратон қишнинг яхлаган сели кичкинагина ховлимиз саҳнисига қуюлар, сўнг, оиламиз яшайдиган айвонга оқиб келди. Мен ва уч акам ҳамда бир синглим бўлиб қўрқувдан титрар эдик. Уларнинг ёши мендан катта бўлгани учун, кўпроқ мен қўрқардим. Ота-онам дарҳол бизни ердан кўтариб олишар, оддий уйимизга бостириб кирган сув тўшакларни шалаббо қилмасин деб уларни ҳам йиғиб олишарди. Мен, онамнинг бўйнига тирмашиб чиқиб олсам, бундай ҳолларда эмизилик синглим онамнинг қўлида бўлар эди. Менга даҳшатли тунда ҳам оро берган онамнинг қўлларида туни билан бир неча бор уйғондим. Кичкинагина уйимизнинг тешик томидан чакка ўтиб томчилаётган сувлар учун ёнимга алюмин идиш қўйиб қўйилган экан. Олдимда алюмин идиш, нарироқда сопол идиш, бошқа тарафда ҳам қандайдир идиш турар, ҳар гал кўзим уйқувга кетганида, ўша идишларга тўпланиб қолган сувга томаётган томчиларнинг овозидан яна уйғониб кетар эдим. Идишларга сув тўлгани сайин, томаётган томчилар атрофга ўз зарраларини сочар эди. Онам тўлган идишларни бўшатиш учун ташқарига олиб чиқиб тўкиб келарди.
Баҳорнинг илиқ қуёши қишнинг асарларини ўчира бошлаб, ўрнини эгалла ёзган кунларнинг бирида, етти ёшли акам Муҳаммад қўлимдан тутиб Миср ҳарбийларининг олдига етаклаб оборганини яхши эслайман. Ўшанда беш ёш эдим. Миср ҳарбийлари бизни жуда яхши кўришар эди. Ўша ҳарбийлардан бири исмимизни сўради. Биз ўзимизни таништирдик. Бироз вақт ўтиб, "Ҳой, Муҳаммад, Аҳмад! Бу ерга келинглар!", деб чақирди. Акам билан ҳар галгидек чопиб бориб, бошимизни ерга эгиб, ширинлик беришини кутиб турардик. Бизни чақирган амаки, ҳарбий либосининг чўнтагидан хондонписталик ширикликдан чиқариб, бизга узатди. Ҳар биримиз ўз насибамизни олгач, пўмлаб-пўмлаб ея бошладик. Бояги ҳарбий амаки елкамизга уриб, бошимиздан силаб қўйди-да, " Энди, уйингизга боринглар! ", деди. Биз югургилаганча, чодирларимиз томон кетдик.
Шу зайлда узоқ ҳукм сурган қаҳратон қиш ҳам тугади. Кунлар илий бошлади. Кетма-кет илиқ кунлардан, ҳали совуқ қиш қайтишига узоқ эканлигини англадим. Энди яхлаган ёмғир томчилари хавф солмас эди. Аммо, атрофимдагилардан кучли хавотир ва хавфсирашни сезар эдим. Оиламдагилар ўша ёмғирли совуқ кечадан ҳам кўпроқ тушкун ҳолатда эди. Нима бўлаётганини тушунолмасдим, лекин шуни билардим-ки, атрофдаги ҳолат табиий эмасди. Онам чакка ўтганда фойдаланадиган идишларини ҳам ховлида қолдирди. Отам қўшнимиздан кетмон олиб чиқиб, ховлида чуқур хандақ қазий бошладилар. Ўн икки ёшли Иброҳим акам отамга кўмаклашарди. Хандақни қазиб бўлгач, отам уни устини ёғочлар билан ёпа бошлади. Яна ховлида нималарнидир қидириб юрар эди. Кейин ошхонамизнинг эшигини суғуриб олди-да, ўша хандақнинг оғзига ташлаб, устини тупроқ билан кўмиб ташлади. Иброҳим акам билан онам иккисининг ўша хандақнинг ҳали беркитилмаган бир тешигидан тушиб чиқаётганларини кўрардим. Аста бориб, ўша очиқ туйнукдан боқишга журъат топдим. Қарасам, ер остидаги қоп-қоронғу хонага ўхшаган жой экан. Нима бўлаётганини тушунмасам-да, ёмон иш бўлишини сезаётгандек эдим. Бу - ўша ёмғирлик совуқ кечадан ҳам ёмонроқлигини сезар эдим.
Энди ҳеч ким ширинлик олиш учун қўлимдан тутиб Миср ҳарбийлари турадиган ерга олиб бормас, аксинча, акаларим қайта-қайта бормаслигимизни тайинлашар эди. Бу ишлар, ўзгаришлар менинг кичкина юрагимга катталик қиларди. Акаларим ширинлик олишга олиб боришмагач, амакимнинг мен билан тенг Иброҳим исмили ўғли ҳам ҳарбийлардан ширинлик олиш сиримизни билгани учун унинг олдига бордим. Унга бирга борайлик, демоқчи бўлиб боргандим. Эшикни очиб кирганимда, амаким қўлидаги милтиғини созлаб ўтирганди. Кўнглимдан, мен ҳам шундай қилсамиди, деган ҳис ўтди. Ўша милтиқ эътиборимни жалб қилганидан, бир мунча вақт унга термулиб қолдим.
Амаким менга боқти-да, олдиларига чақириб, қўлимга милтиғни тутқазди, сўнг, мен тушунмайдиган гапларни гапирди. Кегин, бошимдан силаб, "Бор ўғлим, энди боравер", дея хонадан чиқариб юборди. Сўнг амакиваччам Иброҳим билан яқинимизда жойлашган Миср ҳарбийлари турадиган ерга йўл олдик. У ерга етиб борганимизда ҳамма нарса буткул ўзгариб кетганди. Ҳар-галги жилмайиб кутиб оладиган ҳарбий амаки бизни кутиб олмадилар. Қачон борсак, кулиб қарши олишар эди. Аммо бу сафар аксинча, бизга "Кетинглар, онангизни олдига боринглар!", дея баланд овозда бақирдилар. Ҳеч нарса табиий эмас эди. Бу ўзгаришларни тушуна олмасдим. Ширинликдан насийбамизни ололмай, қўрқув билан ортга қайтдик. Эртаси куни онам баъзи чойшабларни олиб, ҳалиги хандақ ичига тўша бошладилар. Икки ё уч идишда сув ва бироз егулик ҳам олиб олди. Бизни ҳам олиб тушиб, ўтқазиб қўйди. Бироз вақт ўтиб, келин ойим ва ўғиллари Иброҳим ва Ҳасанлар ҳам бизга қўшилди. Бу жойга нега тўпланиб олганимизнинг сабабини билмаганим бу хандақдан безор қиларди. Кенг кўча, ховлини ташлаб шу ерга тушириб кетилган эдик. Ҳар гал чиқишга уруниб ўша туйнукка интилганимда, онам қаршилик қилар, овутиш учун нон ва бироз зайтун берар эди. Шундай қилиб, қуёш ҳам ботиб, зулмат кучая бршлади. Хандақдаги қўрқув ҳам энди икки баробарга ортган эди. Биз ташқарига чиқишга интилсак, ойим билан келинойим қаттиқ қаршилик қилишар, йиғласак, "Болларим, ташқарида уруш бўляпди. Урушни биласизларми? Уруш! ", дейишар эди. Уруш нима эканлигини билмас эдим. Ўшанда, уруш бу - қўрқинчли, зулматга тўла нарса эканлигини англадим.
Давоми бор..
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1