Кофирлар жонлари чиқиш асносида даҳшат ва оғир мусибатларни бошидан кечирадилар
Оллоҳ таъоло деди:
«Сиз золимларни ўлим талвасасидаги ҳолатларини бир кўрсангиз эди! Фаришталар қўлларини очиб: «Жонларингизни чиқарингиз! Оллоҳ ҳақида ноҳақ сўзларни айтганингиз ва Унинг оятларидан кибр қилганингиз эвазига бугун сизлар хорлик азоби билан жазоланасизлар!» (Анъом: 93).
Шайх аллома Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида ушбу сатрларни ёзган:
«Сиз золимларнинг ўлим талвасасидаги ҳолатларини кўрсангиз эди»: яъни, ўлимнинг даҳшатлари ва оғир мусибатларини кўрсангиз эди, даҳшатли ва васфлашга сўз топилмас ҳолатга гувоҳ бўлар эдингиз.
«Фаришталар қўлларини очиб...»: яъни, ўлим талвасасидаги ўша золимларни уриш ва азоблаш учун. Фаришталар чиқишдан бош тортган жонларини олиш пайтида золимларга: «Жонларингизни чиқаринглар! Бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар»: яъни, сизларни хорлайдиган ва таҳқирлайдиган азоб билан. Зеро, жазо – қилинган амалнинг жинси-туридан бўлади.
Бу азоб «Оллоҳ ҳақида айтган ноҳақ сўзларингиз»: Оллоҳни ёлғончига чиқарганингиз ва пайғамбарлар олиб келган ҳақикатни рад этганингиз ва «Оллоҳнинг оятларидан кибр қилганингиз», яъни, Оллоҳнинг оятларига бўйсунмаганингиз ва ҳукмларига итоат этмаганингиз учундир.
Бу оят – барзах - қабр азоби ва неъматлари бор эканига далилдир. Золимларга қаратилган бу хитоб ва азоб, ўлимларидан бир оз аввал – ўлим талвасаси онидадир. Бундан ташқари бу оят, руҳнинг кириб чиқадиган, хитоб қилинадиган, жасадга жойлашиб, ундан ажраладиган жисм эканига далилдир. Демак, бу - золимларнинг барзах ҳаётидаги ҳолатларидир» (Тайсирул-Каримир-Рохман фий тафсири каламил-Маннан: 2/ 45).
Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «ўлим фариштаси ўзи билан бирга бошқа қора юзли ва ғазабнок фаришталар билан ўлим тўшагидаги кофир олдига келади. Жонга: «Эй ифлос жон, самум, қайнок сув ва Яхмум сояси учун чиқ!», дейилади. Жон баданнинг барча тарафига ёйилади. Фаришталар уни сербутоқ савачўпни нам жунлар ичидан суғуриб олгандек суғуриб оладилар. Жон билан бирга қон ва асаб томирлари ҳам чиқади».
Қайта тирилиш пайтидаги хорлик, хўрлик ва даҳшатлар
Оллоҳ таъоло кофирларнинг қабрларидан чиқаётган пайтларини тавсифлаб шундай дейди: «У (кофир)лар қабрларидан гўё ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек шошилиб, хорликдан кўзлари чақнаб - қўрқиб чиқиб келадилар. Бу – уларга ваъда қилинган кундир!» (Маъориж: 43, 44).
«У (кофир) лар қабрларидан чиқадилар» яъни, чақирган зотга ижобат қилиб, қўрқувдан кўзлари чақнаб, шошилиб чиқадилар.
«ўзлари учун тикилган байроқ остига кетаётганларидек» яъни, қасд қилган ва ўзлари тўпланишадиган байроқ остига шошиладилар, бироқ, чақирган зотга на қаршилик ва на итоатсизлик қила оладилар. Балки мағлуб ва хорланган ҳолатларида Роббул-оламийн ҳузурига келадилар.
«Хорликдан кўзлари чақнаб – қўрқиб» яъни, хорлик ва қўрқув уларнинг қалбларини қамраб, кўзлари чақнайди ва овозлари чиқмай, қотиб қоладилар.
Бу ҳолат ва бу келажак – «уларга ваъда қилинган кундир». Оллоҳ берган ваъдасига вафо қилиши, муқаррардир (Аллома шайх Абдурраҳмон ибн Саъдий тафсири, 5 / 309, 310).
Ушбу буюк Маҳшаргоҳда кофирларнинг қалбларига ҳукмрон бўлган қўрқув не даражада бўлиши ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Оллоҳ таъоло деди: «(Эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам,) Сиз уларни “А`зифа” Яқин кун (қиёмат)дан огоҳлантиринг! Ўшанда улар жонлари ҳалқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турарлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Гофир: 18).
«А`зифа Яқин кун» - қиёмат исмларидан бири бўлиб, яқин қолгани учун шундай деб номланган. Инчунун, Оллоҳ таъоло: «Яқин бўлгувчи кун – Қиёмат яқин қолди. Уни Оллоҳдан бошқа очгувчи (унинг бўлишини билувчи зот) йўқдир» (Ван-Нажм: 57, 58)- деди.
Оллоҳ таъолонинг (юқоридаги оятдаги): «жонлари ҳалқумга тиқилганида...» сўзининг маъноси: «жонлар ҳалқумга қўрқувдан тиқилиб, на чиқади ва на ўз ерига қайтади», «ғам-ҳасратга тўлиб» сўзининг маъноси эса: «жим турадилар. Оллоҳ изн берганларгина гапирадилар», бошқа бир ривоятда эса: «йиғлаб», демакдир (Ибн Касир тафсири, 4/ 75).
Кофирларни кишан ва занжирлар билан боғлаб олиб келинади, қора мойдан кийим кийдирилади ва юзларини олов ўраб олади
Оллоҳ таъоло деди: «(Албатта, Оллоҳ ғолибдир ва) Ер бошқа бир Ерга, осмонлар (бошқа осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) Ёлғиз ва қудратли Оллоҳга рўбарў қилинадиган кунда (қиёмат кунида интиқом олгувчидир). (Эй Муҳаммад,) у кунда гуноҳкор кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олади» (Иброҳим: 48 – 50).
Ушбу даҳшатли кунда: Ер бошқа бир ерга айланганида, яъни имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар Қиёмат кунида ундек оппоқ рангда ва ҳеч бир аломатлари (ўнкир-чўнкирлари) бўлмаган Ер устида тўпланадилар» (Имом Бухорий, Ҳадис № 6521. Имом Муслим, ҳадис № 2790) ҳадисларида тавсифланган; одамлар расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан уммул-муъминийн Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган: «Мен, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ер бошқа Ерга ва осмонлар (бошқа осмонларга) ўзгаради» ояти ҳақида илк сўраган одам эдим. Мен: «Ё расулуллоҳ, у кунда одамлар қаерда бўладилар?»- деб савол бердим, расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Сирот (кўприги) устида»- деб жавоб бердилар» (Имом Муслим, № 2791) ҳадисида баён қилинганидек одамлар Сирот устида туришган кунда гуноҳкорлар кўринадилар: улар қилган куфр ва фасодларига кўра бир-бирлари билан жамланадилар. Оллоҳ таъоло: «Золимларни ўз жуфтлари билан бирга тўпланглар!» деб айтганидек, бир золим тоифа сифатдаги ўз тенгги билан бирга жамланади. Уларнинг қўллари ва оёқлари бўйинларига занжир ва кишанлар билан боғланади (Табарий тафсири, 13/ 254. Ибн Касир тафсири, 2/ 543, 544).
Кофирларнинг кийимларига келсак, у – Оллоҳ таъоло баён қилганидек: «Кийимлари қора мойдандир». Уларнинг кийимлари туяларни бўяладиган мойдир. У мой – оловга тез туташадиган мойдир!!
Баъзи ривоятларда бу кийимларнинг ўта иссиқ ёки эритилган мис экани ҳам нақл қилинган (Ибн Касир тафсири, 2/ 545). «Кофирларнинг юзларини олов коплайди» ва куйдириб ташлайди! (Имом Табарий тафсири, 13/ 257).
Кофирлар кўр, кар ва соқов ҳолатларида юзтубан судралиб, жаҳаннамга отиладилар
Бунинг далили – Оллоҳ таъолонинг: «Биз уларни Қиёмат кунида кўр, кар ва соқов ҳолатларида юзтубан судраб тўплаймиз. Уларнинг жойлари – жаҳаннамдир. У (нинг олови) сусайса, биз уларга оловни ловуллатиб юборамиз» оятидир (Исро: 97).
(Суннатдан далил эса), имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир: «Бир киши: «Ё расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан маҳшарга келади?»- деб берган саволига расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар: «Бу дунёда икки оёғи билан юргизишга қодир бўлган зот, уни Қиёмат кунида юзтубан юргиза олмайдими?!». Анас разияллоҳу анҳудан нақл қилган Қатода разияллоҳу анҳу: «Роббимизнинг иззатига онт ичиб айтаманки, албатта юргиза олади»- деди (Имом Бухорий, ҳадис № 6523, Имом Муслим, ҳадис № 2806).
«Оллоҳ таъолонинг «кўр» сўзи – улар кўра олмайдилар, «соқов» сўзи – улар гапира олмайдилар, «кар» сўзи – улар эшитмайдилар, маъносидадир. Бу – бир ҳолатга кўра фарқли бўлиши мумкин. Бу - дунё ҳаётида ҳақга нисбатан кўр, кар ва соқов бўлганлари учун бадалдир. Шунинг учун ҳам, улар энг эхтиёжли бўлган онлари – маҳшарда бу жазога маҳкум бўладилар. Ва жойлари оловлари сусайгани сайин олови, қўри ва иссиқлиги кучайтириладиган жаҳаннамдир!!» (Ибн Касир тафсири, 3/ 65).
Оллоҳ таъоло кофирлар ҳақида яна шундай деди: «Албатта, осий-гуноҳкорлар гумроҳлик ва аҳмоқликдадирлар. Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!» (деб айтилади)» (Камар: 47, 78).
Кофирлар у Куннинг ҳарорати баланд бўлиши билан бирга, қаттиқ чанқоқ билан турадилар. Оллоҳ таъоло деди: «Биз жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолатларида ҳайдаб борамиз» (Марям: 86). Бу ҳолат – ҳолатларнинг энг даҳшатлисидир: кофирлар хорлик ва хўрлик билан энг буюк ва энг қаттиқ жазолар мавжуд бўлган ер – жаҳаннам сари ХАЙДАЛАДИЛАР! Улар чанқоқдирлар, қийналадилар! Ёрдам сўраб ҳайқирадилар, ёрдам берилмайди! Дуо қиладилар, ижобат қиладиган кимаса йўқ! Ҳомий излайдилар, ҳомий йўқ!! (Аллома Шайх Носир Саъдий тафсири, 3/ 220).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев