ОТА-ОНАСИ БОРЛАР!
Куз келса япроқ ҳам хазон бўларкан,
Шамолларда учиб, сарсон бўларкан,
Билсангиз бир куни армон бўларкан,
Отангизни асранг, отаси борлар.
Онангизни асранг, онаси борлар.
Кўнгил ҳам қўярсиз дилрабо қизга,
Онангиздек мехр бермайди сизга,
Юрагингиз айланиб қолмасдан музга,
Онангизни асранг, онаси борлар.
Отангизни асранг, отаси борлар.
Ҳаёт бошингизга ташвиш солганда,
Паноҳ излаб Отажон деб борганда,
Армонингиз йўқ эди, кутиб олганда,
Отангизни асранг, отаси борлар.
Онангизни асранг, онаси борлар.
Дарвоза ёнида, йўл қараб толган,
Пенсия пулига, қанд-новвот олган,
Болам деб сизни кўргани борган,
Отангизни асранг, отаси борлар,
Онангизни асранг, онаси борлар.
Елкангизда қўли, хайқирган шерсиз,
Отангиз бўлмаса, тупроқсиз, ерсиз,
Жонингиз оғриса, онажон дерсиз,
Онангизни асранг, онаси борлар.
Отангизни асранг, отаси борлар.
Керакмас, афсусда эгкан бошингиз,
Ота деб, дод солиб тўккан ёшингиз,
Қирқ кун маҳаллага берган ошингиз,
Не даркор қабрига қўйган тошингиз,
Тириклигида асранг, отаси борлар.
Куз келса япроқ ҳам хазон бўларкан,
Шамолларда учиб, сарсон бўларкан,
Билсангиз бир куни армон бўларкан,
Отангизни асранг, отаси борлар.
Онангизни асранг, онаси борлар.
Комментарии 1