МЕРОС ТАЛАШГАН АКА-СИНГИЛ...
Гулнора бу хонадоннинг кенжа қизи эди.
Беш нафар фарзанд орасида эркатой бўлиб
вояга етди. Опаю акаларининг барчаси шу
ҳовлида катта бўлишиб, оила қуриб, алоҳида
чиқиб кетишганди. Гулнора онасига
ҳаммадан меҳрибон эди. Ҳар ҳолда, ўзи
шундай ўйларди. У бир йилдан бери
хасталиги сабаб тўшакка михланиб ётган
онасидан ҳар куни хабар олса, ака-опалари
икки-уч кунда келиб-кетиб туришади. Бироқ
ҳеч қайсиси Гулнорага ўхшаб онаси ёнида
узоқ қолмайди.
Гулноранинг назарида онаси билан
бирга турадиган кенжа акаси Шариф
хотинининг юмушларидан ортмас, онасига
эътибор ҳам бермас эди. Бу Гулноранинг
жаҳлини чиқарар, борган сари нафратини
қўзғарди. Гаплари ичига сиғмаганида
аламидан онасига бу ҳақда гапирар, тинмай
Шарифни ёмонларди.
Аввалига онасига беминнат қараб
парваришлаган Гулнора кейинчалик акасига
басма-бас онаси яшаётган уйни ўзининг
номига ўтказиш режасини тузди. Бунинг
учун, аввал, онасини кўндириш йўлини
излади. Бу ҳақда айтганида, Нигора хола
ортиқча қаршилик билдирмасдан рози бўл
ди. Чунки Нигора холани касаллик
чарчатган, унинг энг меҳрибони, суянчиғи,
дардкаши Гулнора эди. Она бироз дармонга
киргач, уйни Гулноранинг номига ўтказиш
тўғрисида васиятнома берди. Бу билан
кифояланмаган Гулнора онасининг
касаллигидан фойдаланиб, давлат нотариал
идорасига бориб, уй-жойни ўз номига
ўтказиш тўғрисида ҳадя шартномасини
туздирди. Унга кўра, бошқалар меросдан
маҳрум қилиниб, уй ҳадя тариқасида
Гулнорага қолиши керак эди. Ўйлаган
режалари хамирдан қил суғургандай амалга
ошган Гулнора бу ҳақда ҳеч кимга оғиз
очмади.
Кўп ўтмай, Нигора холанинг касали яна
хуруж қилди-ю, она узилди. Унинг вафотидан
кейин уйининг ҳужжатларини тополмаган
Шариф синглиси Гулнорадан бу ҳақда
сўради. Гулнора эса олдинига ҳужжатларни
олмаганман, деб туриб олди. Шариф қайта-
қайта топиб беришни талаб қилавергач,
кейинроқ, онасининг маъракалари ўтгач,
беришини айтди. Бир йилдан сўнг эса уй
Гулноранинг номига расмийлаштирилгани
маълум бўлди.
Шариф бу ҳақда хабар топгач, олдинига
ишонмади, кейин эса бор вужудини ғазаб
қоплади. У биринчи марта ўзида синглисига
нисбатан нафратни туйди. Ўша куниёқ ака-
опаларига бу ҳақда хабар берди. Кечқурун
Шарифникида барча қариндошлар жам
бўлишди.
— Мен Гулнорани судга бераман, — деди
Шариф ҳаммага бир-бир қараб қўйиб.
Улар эса Гулнора билан яна бир бор
гаплашиб кўришни таклиф этишди.
— Биз битта ота-онанинг болаларимиз.
Битта уйнинг устида синглинг билан
жанжаллашиб юрсанг, қўни-қўшни нима
дейди?! Яхшиси, можарони тинч йўл билан
ҳал этган маъқул. Мен ўзим Гулнора билан
гаплашаман, — деди Шарифга катта акаси.
Эртасига ака-укалар йиғилишиб,
Гулнораникига боришди. Тутаётган йўли
нотўғрилигини айтиб, насиҳат қилишди.
Бироқ Гулнора айтганида туриб олди. Бунинг
устига Шарифга уйни бўшатиб қўйиши
кераклигини таъкидлади. Кенжа синглисига
гап тушунтиролмаган Шариф судга мурожаат
қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа
туманлараро судининг ҳал қилув қарорига
асосан,
даъвогарнинг талаблари қаноатлантирилди.
Бироқ Гулнора апелляция шикояти
келтиргач, иш бошқатдан кўрила бошланди.
Анча давом этган суриштирув ишлари,
суд жараёни ака-опаларнинг қаддини букиб
қўйди. Айниқса, уларни укаси билан
синглисининг уй талашиб маҳалла-кўй
олдида юзларини шувут қилиши
ўйлантирарди.
Юқори инстанция суди Гулноранинг
даъво талабини қаноатлантириб, уйни унинг
номига расмийлаштириб берди.
Фарзандлари билан кўчада қолган Шариф
синглисининг устидан яна судга мурожаат
қилишга мажбур бўлди. Бу пайтга келиб
Нигора холанинг Гулнорадан бошқа барча
фарзандлари Шарифни қўллаб-қувватлашди,
уйдаги ўз мерос улушларидан укаси Шариф
фойдасига воз кечишга тайёр эканини
билдиришди, унга ёрдам бериш чораларини
кўра бошлашди.
Шариф бу воқеалардан эзилар, синглиси
билан ўртасидаги можароларга шу
арзимаган уй сабаб бўлаётганидан ўкинарди.
Аммо унинг борадиган бошқа жойи
бўлмагач, синглиси билан судлашувни
давом эттирди. Гулнора эса жон-жаҳди
билан акасига қарши турди, ота-онамдан
қолган уй, албатта, меники бўлиши керак,
дея судда ютиб чиқиш учун тинмай ҳаракат
қилди. Чунки у акасини онасига нисбатан
ҳурматсизликда, бемеҳрликда айбларди.
Судга чақирув пайтида у ака-опаларини
умуман эшитмас, уларга худди бегоналарга,
душманга қарагандек муомалада бўларди. Ўз
навбатида қариндошларнинг ҳам унга
нисбатан фикри, муомаласи ўзгарди, меҳри
сўнди. Бехос кўча-кўйда дуч келиб қолишса
ҳам тескари ўгирилиб кетадиган бўлишди.
Суд мажлислари жараёнида гувоҳлар
сўроқ қилиниб, иш юзасидан мутахассис
фикри олингандан сўнг, фуқаролик ишлари
бўйича Учтепа туманлараро суди иш
ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда
мерос тариқасида қолган уйни Нигора
холанинг беш нафар фарзандига бўлиб
бериш хусусида қонуний ва адолатли ҳал
қилув қарори чиқарди.
Нигора холанинг арзимаган хатоси,
Гулноранинг мол-мулкка муккасидан
кетгани, Шарифнинг бемеҳрлиги, ака-
опаларнинг эътиборсизлигидан қариндошлар
ўртасида юзкўрмаслик, нафрат вужудга
келди. Бир пайтлар ўзлари тетапоя бўлган уй
бўлакларга бўлиниб, фарзандлар ўртасидаги
риштанинг узилишига сабаб бўлди.
m.ok.ru/dk;jsessionid=aec3122ff67b42cb533fb7648a9046ca5b56d4a78802a52f.da40a1b0?st.cmd=altGroupMain&st.groupId=52488571191504&_prevCmd=userAltGroups&tkn=8544
m.ok.ru/dk;jsessionid=aec3122ff67b42cb533fb7648a9046ca5b56d4a78802a52f.da40a1b0?st.cmd=altGroupMain&st.groupId=52488571191504&_prevCmd=userAltGroups&tkn=8544
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев