______________
______________
.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
Пок инсонлар қизларининг ҳижобини яхши кўрадилар ва уларни бегона кўзлардан сақлашга, уларда тоат-ибодатлар ва солиҳ амалларга нисбатан муҳаббат пайдо қилишга ҳарис ва ташна бўладилар. Лекин баъзи инсонлар бу борада хатога йўл қўядилар, кимдир қизини ҳижобга ўргатиш учун қаттиққўллик услубидан фойдаланса, кимдир қизининг ҳижобига енгил ва бепарво ёндашади. Иккала услуб ҳам тузатишга муҳтождир. Шунинг учун сизга қизингизнинг ҳижобга бўлган муҳаббатини оширадиган, айни пайтда қаттиққўллик, босим ўтказиш ва дашном бериш каби услублардан йироқ бўлган қисқа ўнта амалий йўриқномани тақдим этаман. Ушбу йўлланмани ота-она биргаликда ёки якка ҳолатда қўллаши керак, деб айтиб ўтиришга ҳожат йўқ. Зеро, бу ишда бутун оила биргаликда ҳаракат қилиши лозим бўлади.
1. Ҳаракатни қизингиз ҳали кичик бўлган пайтдан бошланг, уни ҳижобга буюриш учун улғайишини кутиб ўтирманг. Чунки сиз унинг улғайишини кутадиган бўлсангиз, у муайян фикрга қаноат ҳосил қилиб улгурган бўлади. У пайтда унга ўзингиз хоҳлаган нарсани ва айниқса унинг ҳавойи-нафсига қарши бўлган нарсани сингдириш қийин бўлиб қолади. Бу ишни босқичма-босқич амалга ошириш лозим, зеро, у ҳамон ёш бола саналади.
2. Қизингизга ҳижобдан завқланишингизни, уни ёқтиришингизни изҳор қилинг, унинг олдида ҳижоб ҳақида завқ-шавқ билан тўлиб-тошиб гапиринг. Унга ҳижоб виқор ва салобат эканини, у қиз болага чирой ва нур қўшишини ва ҳижобли аёлларнинг ташқи кўринишлари уларнинг яхши хонадонда чиройли тарбия кўрганларига далолат қилишини айтинг.
3. Қизингизга ҳижоб Аллоҳнинг буйруғи эканини алоҳида таъкидланг. У ушбу амални одамлар учун эмас, балки якка Аллоҳнинг розилиги учун қилишини, Аллоҳ таоло уни қаерда бўлмасин доимо кўриб, кузатиб туришини таълим беринг. Шунингдек, қизингизга Аллоҳ Ўзининг буйруғини бажарувчи мастура аёлдан рози бўлишини билдиринг. Унга Қуръони каримдан ҳижоб ҳақидаги оятларни ўқиб беринг, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг розилигига эришиш ҳақидаги сўзларингизда ушбу оятларга урғу беринг.
4. Қизингизга ҳижобли, муваффақиятли, виқорли ва фазилатли аёлларни намуна қилиб кўрсатинг. Бунинг учун аввало Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларини, улардан кейин яшаб ўтган солиҳа аёлларни, сўнг кейинги авлодлар сафида ўтган солиҳаларни ва ниҳоят замондош ўрнак олишга лойиқ муваффақиятли аёлларни мисол қилиб келтиринг.
5. Намунали мастура аёллар билан Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмайдиган бошқа очиқ-сочиқ аёллар орасини қизингизга таққослаб беринг ва уларнинг бу ишлари қандай қилиб уларни ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларга сабаб бўлганини тушунтиринг.
6. Қизингизга солиҳа аёлнинг одоб-ахлоқи, солиҳ амалда бардавом бўлишнинг ажру савоби, солиҳа аёлларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мукофоти ва солиҳа аёл доимо мусулмон қизларнинг саодати ва ҳидоятига сабаб бўлиши ҳақида сўзлаб беринг.
7. Қизингизнинг солиҳа, ҳижобли ва ҳаёли қизлар билан ўртоқлашишига ҳарис бўлинг, уни очиқ-сочиқ ва шарм-ҳаёга бепарво бўлган қизлар орасига ташлаб қўйманг. Зеро, яхшилик фақат яхшилик аҳлидан юқади.
8. Ҳижоб кийиш ва ўранишда қизингизга онасини намуна қилиб кўрсатинг. Унга онаси ҳижоб ҳақида, қандай ҳижобга киргани ҳақида ва фозила аёлларнинг ҳижобга доир ҳикоялари ҳақида сўзлаб бериши учун махсус суҳбатлар ташкил қилинг.
9. Онаси уни ўзи билан бирга иймоний суҳбатларга, илмий давраларга ва масжидлардаги Қуръони карим ҳалқаларига олиб боришига имкон яратинг. Ушбу зиёратлар давомида қизалоқ ҳам ҳижобда бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгра ўзи бунга ўрганиб, яхши кўриб, одатланиб қолади.
10. Қизингизни шарм-ҳаёси, авратини тўсиб ҳижоб кийгани учун унга совға ва мукофот тақдим этиш билан руҳлантиринг. Шу билан бирга ҳақиқий, буюк мукофот Аллоҳнинг ҳузуридаги олий жаннат эканини таъкидлаб ўтишни ҳам унутманг.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев