Ёлғиз табассум жонимга малҳам,
Баҳор гуллари бўлолмас ҳамдам,
Гуллар баргида йиғлайди шабнам,
Фақат сиз йиғламанг, онажон!
Қўяверинг, артманг кўз ёшимни,
Ҳеч ким енга олмас бардошимни,
Гулга айлантиргум рақиб отган тошини,
Фақат сиз йиғламанг, онажон!
Кўтармоққа кўнглимни дўстлар жамдир,
Бийрон тиллари тилагани бахтдир,
Қадаҳлар тубида йиғлайди тақдир,
Фақат сиз йиғламанг, онажон!
Ажин чизилган мунис юзлари,
Мен тортган азобнинг излари,
Юракнинг ёш тўла кўзлари,
Фақат сиз йиғламанг, онажон! ✍Бахтигул Мирзақулова. 👉@baxtigul77
Адашди
Ишқ дейдилар, бу ҳаёт нақши,
Муҳаббатни кўтаролмас юрак бор.
Танлаб-танлаб сени суйдирган,
Туйғуларим адашди.
Наволарим гул солмай,
Юракк ўқ қадашди.
Куйни ҳам кўтаролмас юрак бор,
Чолғуларим адашди.
Кўпроқ йиғласа, худонинг суйгани гарчи
Менинг дардимни кўтаролмас юрак бор.
Мени эмас, онамни кўп куйдирган,
Қайғуларим адашди.
Зулматларни ёритмай,
Юракни йўл аташди.
Зиёни ҳам кўтаролмас юрак бор.
Ёғдуларим адашди.
Шодлик кунда шодланган яхши
Кулгуларни кўтаролмас юрак бор.
Ҳасаднинг хандасига, табассум қилган,
Кулгуларим адашди. ✍Бахтигул Мирзақулова. 👉@baxtigul77
Шоир хотирасига
Осмон тўла ҳаволар,
Битта менга етмайди. (Шавкат Раҳмон)
Ўжар умрнинг ўрганган кўнгли,
Шоир дардига топилмайди даволар.
Шавкат Раҳмон қаерда ???
Қолиб кетди, осмон тўла ҳаволар.
Илжайган оғизга ўхшаб кетди,
Бугун кўкдаги ҳилол.
Шундайин, сукунат завқи,
Кимларгадир келмоқда малол.
Қоп-қора чечакларни суғуриб,
Айрилиқ куйини чалганда шамол.
Ўша чечакларнинг изини ўпиб,
Йиғлайди, жавобсиз битта савол.
Ўша Ўшга етиб бордими,
Етим сатрларда қолган наволар.
Шавкат Раҳмон қаерда ???
Қолиб кетди, осмон тўла ҳаволар.
Шоир баҳорига тўкилмиш хазон,
Гуллар кўтаролмай ўз баргини.
Ёмғирлар йиғлайди, йиғлайди ҳамон,
Ювмоқ бўлиб айрилиқнинг қалбини.
Сиз синаб-синаб шоирда кўринг,
Таги олтинли сарғайган сабрни.
Садақа сўрагандай, сатрлар,
Сўрайди сиздан ўзининг қадрини.
Қадам боссангиз, қалб оғринган,
Ҳеч юра кўрманг шоирнинг йўлакларидан.
Дарахтлардан тўкилган япроқлар эмас,
Тушган парчалар-ку шоирнинг юракларидан.
Қаёқдандир шоир йўталиб қўяди,
Ёзилмаган шеърлар боқар биз томон.
Сукунат ухлаётган бўм-бўн хонанинг,
Илҳом париси эшигини тортқилар ҳамон.
Бу гал илҳом парисидан,
Шеър сўрамоқ келмоқда малол.
Парилардек бошни айлантирган,
Жавобсиз қолган ўша битта савол.
Шавкат Раҳмон қаерда...??? ✍ Бахтигул Мирзақулова. 👉@baxtigul77
Мусиқа
Ойнинг ўроғи каби,
Эгилган қомат.
Чалкашган чизиқлар...
Хазинами ё неъмат?!
Сен кимсан санъат?!...
Шайтонми ё қудрат.
Армонлар йиғлайди қаршингда,
Бастакорим, сен шундай бир куй ярат.
Йўқ, бу куй эмас...
Бу ўша дард.
Ҳайбатли тоғлар, чўққилар баланд.
Буртиб чиққан силсилалар ўркач-ўркач,
Менинг юрагимнинг эрки каби занжирбанд.
Сукунатнинг эшиги берк...
Осилган қулфлар.
Уни тортқилайди қоп-қора булутлар.
Тешикдан мўралаган ёш бола каби,
Мўралайди...
Жилғадек ялтироқ нурлар.
Ёлғиз олқор...
Туришида салобат, ўзгача виқор.
Осмонни қоплаган булут сингари,
Қоплаб келмоқда қалбини ғубор!
Жим туради...
Жим тураверади ҳайкалдек қотган.
Вужудига тош эмас, нигоҳлар ботган.
Битта юрагини минг битта мерган,
Нишонга олгану... отган!
Шунда...
Кўз ўнгида чақади чақмоқ.
Ҳайбатли тоғларни ҳам босади титроқ.
Бургутнинг қаноти зарбидан
Ўкириб юборади момоқалдироқ.
Ёмғир ёғади...
Ва лекин эшитилмас шивири.
Қайси ковакда узилар ўргимчак тўри.
Реал устида ўйноқлаган бармоқлардек,
Тошлар панасида изғиб боради оқсоқ бўри.
Бастакор қалбида яратилмаган мусиқа,
Ёнаётган арчазорнинг кўрмаган туши.
Ҳуркиб қочган, галасидан ажралган
Ярадор кийикнинг оёқ товуши.
Ўша мусиқа...
Суратдек тош қотган манзара.
Боши айланиб қулаб кетаётган шаршара.
Вужудидан камон ўқи силкиниб кетаётган,
Кийикка ҳовучингни тутгину жон сўра!
Ёнаётган арчазордек юрак ўртаниб.
Адашган жуфтини излайди...
Бир жуфт нигоҳ.
Туёғи тагида эзилиб тошлар.
Жарликка...
Жарликка қулаб кетади ногоҳ.
Ҳаммасини кўриб турибди...
Қоя бошида оқсоқол олқор
Юракларга сиғмайди бунчалик ғубор.
Одамзот, не дардинг, не қасдинг бор?!
Мусиқани тўхтат... тўхтат бастакор!
Сендан ўтинч...
Бу куйни чалмагин зинҳор.
Юракларни қўйгил тинч,
Бу тоғларга яна келади баҳор.
Яшил майсалар ўпиб товонингдан,
Камалакранг ёғдулар ёнингга тушар.
Қизғалдоқлар илҳом парисига айланиб
Ўшанда яратурсан битта шоҳ асар! ✍ Бахтигул Мирзақулова . 👉@baxtigul77
https://t.me/bilishdan_baxtiyormiz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7
Мен тортган азобнинг излари,
Юракнинг ёш тўла кўзлари,
Фақат сиз йиғламанг, онажон!*- БУ АЖИНЛАР АЛБАТТА СИЗУ БИЗНИНГ ТАШВИШИМИЗДАН.БИР ОДИМ ТАШЛАБ БАҒРИГА ЯҚИНЛАСАНГИЗ ЧИРОЙИ ОЧИЛИБ АЖИНЛАРДАН ГЎЗАЛЛИК АКСИНИ КЎРАСИЗ. ОНАЛАР ЙИҒЛАМАСИН...