РЎЗА ФИҚҲ
Абу Аҳмад
(6) Ёруғ кечалар кундузида рўза тутиш :
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда ҳам, муқим ҳолатларида ҳам ёруғ (кечалар) кундузларида рўза тутишни канда қилмас эдилар ”[1] .
Ёруғ кечалар кундузлари ҳар ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларига тўғри келади. Бу кунларнинг кечасида ой тўлади. Шунингдек, бу кунлар “ айёмул ғур ”, яъни “ қашқа (оқ ёхуд ёруғ) кечалар кундузлари ” ҳам деб аталади. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “ Агар рўза тутмоқчи бўлсанг, ёруғ ёхуд қашқа (кечаларнинг) кундузлари: ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тут ” [2] .
Бу кунларда рўза тутиш фазилати ҳақида келган ҳадисларда унинг бир умрлик рўзага тенг келиши айтилган.
Абдулмалик ибн Минҳол отасидан ривоят қилишича, отаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлган ва “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни ёруғ кечалар кундузларида рўза тутишга буюрганлар ва “ Бу кунларда тутилган рўза бир умрлик рўза(га тенг)дир ”, деб айтганлар” [3] .
[1] Саҳиҳ. Насоий (4/198) ривояти. Ҳадисни Суютий ҳасан, Албоний эса “Саҳиҳул жомеъ”да ва “Ас-саҳиҳа”да (580) саҳиҳ деган.
[2] Ҳасан. Термизий (761), Абу Довуд (2449) ва Насоий (4/222) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий ҳасан деган.
[3] Саҳиҳ. Ибн Можа (1707), Аҳмад (5/28) ва Ибн Ҳиббон (3651) ривоят қилишган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев