1. Эр-хотиннинг жинсий муносабат асносида ораларида кечган ҳолатни, ўзаро суҳбатларни бошқаларга айтиши ҳаромдир. Чунки булар эр-хотинга омонат қилинган ва оила сирларидир. Бу сирларнинг бошқаларга ошкор қилиниши омонатга хиёнат бўлиб, катта гуноҳдир. Аслида сир қандай бўлишидан қатъий назар сақланиши лозим бўлган омонатдир. Сир сақлай билган киши унга ишонилган омонатга хиёнат қилмагани боис, атрофдагиларда ишонч ҳиссини уйғотади ва барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Ҳз. Али (р.а.) тарафларидан айтилган ушбу ҳикмат сир сақлашнинг нечоғлик муҳимлигини кўрсатади:
«Сиринг сенинг асирингдир. Уни ошкор қилсанг (айтсанг), сен унинг асирига айланасан!».
2. Кишининг бошқа гаплар қолиб, жинсий муносабатдан сўз юритиши макруҳ бўлиб, жуда хунук ҳолатдир. Чунки бу ахлоққа зиддир. Ақли расо ва комил инсон бекорчи сўзларни сўзламайди. Бу хусусда Сарвари Коинот (с.а.в.):
«Аллоҳга ва охират кунига ишонган киши сўзласа яхши нарсалардан сўзласин, бўлмаса жим турсин (сукут қилсин)!» деганлар (Бухорий, Муслим; Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал).
Бироқ соғлик муаммоси, тиббий эҳтиёж ёхуд бирор фойдали маслаҳат заруратидан одоб чегараларидан чиқмаган ҳолда жинсий муносабатдан гап очиш мумкин. Жумладан Пайғамбаримиз (с.а.в.) Абу Талҳадан (р.а.): «Бу кеча келин-куёв бўлдингизми?» деб сўраганлар (Нававий «Шарҳу Саҳиҳи Муслим») .
3. Бир аёлнинг бошқа бир аёлнинг хусусиятларини эрига айтиши ҳам ҳаромдир. Бу хусусда Абдулло ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
«Бир аёл иккинчи бир аёлнинг ёнини олиб келмасин ҳамда уни шояд эри унга қараса, деб эрига таърифу тавсия қилмасин!» (Бухорий; Абу Довуд.; Аҳмад ибн Ҳанбал) .
4. Эр-хотин муносабатларини ошкор қилиб, ҳаёсизлик ва ахлоқсизликни ёйишга уринган оғзи бузуқ инсонлар ҳар бир даврда, ҳар бир жамиятда учрайди. Сўзловчи учун тил фаҳши, тингловчи учун эса қулоқ фаҳши ҳисобланган бундай беҳаё ҳатти-ҳаракат эгалари Расули Акрам (с.а.в.) томонларидан халқнинг кўз ўнгида кўчада яқинликда бўлган эркак шайтон билан урғочи шайтонга ўхшатилган. Бугунги кунда миллатимизга ёт бўлган айрим ахлоқсиз асарларнинг, кино ва расмларнинг, радио, телевизор, видео, газета ҳамда журналлар орқали разолатлари, фаҳшни очиқчасига тарғиб этилиши шайтонларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Афсус билан айтишимиз мумкинки, Аллоҳга исён қилган, Ислом урф-одатларимизни, миллий қадриятларимизни топтаётган бу эркак ва урғочи шайтонлар кимлардир томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳар бир мусулмон миллий қадриятларимизни оёқости қилишга, ёшларни фаҳшга ундашга ҳаракат қилаётган бундай замонавий жоҳилиятга қарши илму ирфон ҳамда маърифат билан курашмоғи лозим
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев