Кибрли киши садақа сўраб келган фақирни ҳеч нарса бермай қувгани етмагандек, юзига эшикни қаттиқ ёпди. Музтар бўлган тиланчи не қиларини билмай каловланди, сўнг бир четга ўтириб, йиғлаб юборди. Шу яқинда ўтирган кўзиожиз одам йиғи товушини эшитиб, унинг ёнига келди. Ҳол-аҳвол сўради. Фақир нима бўлганини айтди. Ногирон киши унга тасалли берди:
– Хафа бўлма. Меникига юр, меҳмоним бўл, бир бурда нонимни бирга баҳам кўрамиз.
Ногирон киши меҳмоннавозлик кўрсатди. Унинг уйида фақирнинг ҳам қорни тўйди, ҳам кўнгли кўтарилди. Чин дилдан дуо қилди:
– Сен кўнглимни кўтардинг, менга уйингни эшигини очдинг. Қодир Аллоҳ таоло сенинг кўзларингни очсин!
Фақир кетди. Ўша куни оқшом кўр кишининг кўзлари очилди. Бу хабар бир зумда бутун шаҳарга тарқалди, такаббурнинг ҳам қулоғига етди. Хабар тўғрими, нотўғрими, билиш учун кўр кишининг уйига келди. Хабар рост эканини кўргач, ҳайрат билан сўради:
– Жуда омадли экансан, кўзинг қандай очилди ўзи?!
– Эй ғофил банда! Шундай муборак одамни эшигингдан қувдинг, кўнглини оғритдинг. Ўткинчи мол-мулкинг билан кибрланиб, Аллоҳ таоло сенга юборган муқаррар хайрни бой бердинг. Кўзларим сен эшигингдан қувган ўша фақирнинг дуолари туфайли очилди, – деди.
– Ўзимга зулм қилибман, – деди кибрли киши афсусланиб. Адашдим, менга юборилган бахт қушини қадрламадим...Эҳ, аттанг...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2