Нокасга мол-дунё, давлат ярашмас,
Мутега ҳайбатли савлат ярашмас.
Aйбини ўзига айтмоқ чиройли,
Одам боласига ғийбат ярашмас.
Ҳар кимга бир азиз фазилат мосдур –
Гапирмоқдан кўра тингламоқ хосдур...
Кўп гап фақат буюк Китобда ростдур,
Чўпонга иш пайти суҳбат ярашмас.
Ҳар ерда ур-йиқит, саф-саф, тўп кўрдик,
Aрмон бисёр экан, барин хўп кўрдик.
Бешик бозорида одам кўп кўрдик,
Лекин тобут учун навбат ярашмас.
Ҳар кимнинг тенги бор, ҳар кимнинг тенги,
Тор бўлса ярашмас кўйлакнинг енги:
Эскига эски дўст, янгига янги,
Турна қаторига калхат ярашмас.
Кўчада юрганда, уйга кирганда,
Онага таъзимда бўлсин ҳар банда:
Ўғил қаршисида Она турганда,
Ўзгалар пойида хизмат ярашмас.
Дунё шундай маккор, фитнакор, юлғин,
Тўлашга мажбурлар умр солиғин:
Ҳар ким ўз ёшининг қилсин қилиғин,
Ёши ўтганларга зийнат ярашмас.
Сўкинчлар, фахшона сўзлар не этмас,
Мажруҳ кўнгилларда оғриғи битмас.
Қирқ бора ғарғара қилса ҳам кетмас –
Беадаб оғизга ҳикмат ярашмас.
Дўстга содиқ турган дўстлар мардидир,
Дўстнинг ғам чеккани юрак дардидир.
Дўст сирин сақламоқ иймон шартидир,
Сир сочган зотларга улфат ярашмас.
Сахийлик яшнатар нозик дарахтни,
Бахиллик қулатар мустаҳкам тахтни.
Тугал ўзимники деб ўйлар бахтни –
Бахилга толею омад ярашмас.
Ей дустим ўнглаб ол борар йўлингни,
Тўғрила дунёга муте дилингни.
Фақат соф ишларга ургил қўлингни,
Aрзимас ишларга заҳмат ярашмас!
Автор???
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев