Салом сизга, виждонини ютганлар,
Қаҳр бериб, мендан меҳр кутганлар,
Аламингиз ҳали яна бормиди,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Наф тегмаса ғийбат шаҳрин кезасиз,
Ночор қилиб юракларни эзасиз,
Кеча-кундуз шум режалар тузасиз,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Отга тақа бўлармиди жабрингиз,
Ўзим кетгум етсайди-я сабрингиз,
Қўрқмайсизми ёнса бир кун қабрингиз,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Ҳақдан қочиб қаергаям борасиз,
Ўлим ҳақдир топилмайди чораси,
Бир қадамдир икки дунё ораси,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Ақл берсин сизга энди илоҳим,
Яратгандир менинг ёлғиз паноҳим,
Қарғасангиз сўлиб қолмайди боғим,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Осмоним бор, софлигига минг шукр,
Иймоним бор, софлигига минг шукр,
Шод бўлсангиз бўлинг шундан, кўнгли кир,
Отилмаган тоши қолиб кетганлар.
Эркин ТУРОБ 06.08.2022 йил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2