Б Е Ҳ У Д А У М Р
Ривоят
Донолар айтишар нақл, ҳикоят,
Ақлингни пешлайди тингла ривоят.
Бир инсон умрида роҳат кўрмади,
Беташвиш биргина соат кўрмади.
Дунёнинг ранжидан ёниб яшарди,
Кундан – кун ёши довон ошарди.
Бир кам дунё унинг босган пойида,
Роҳати йўқ эди ичган чойида.
Аввали етимлик, тегирмон тоши,
Кўз ёшга йўғрилган шўрликнинг оши.
Кимларнинг молини боқди далада,
Таёғин судрарди саҳар паллада.
Ҳаёт давом этар эди беаёв,
Уйланиб бировга бўлди ичкуёв.
Бунда-ку кун кўрмай, ўтди йиллари,
Мудом боғлиқ бўлди, бурро тиллари.
Ошналар шўрликни қоқиб, иларди,
Хотини хохлаган ишин қиларди.
Қайтармоққа йўқдир асло чораси,
Ҳар ишга аралаш ота – онаси.
Фарзандлар туғилди олдинма кейин,
Афсуски булар ҳам бўлди бетайин.
Она тарбияси шундоқ бўлганди,
Улар учун ота мутлоқ ўлганди.
Ўғиллар отага мисоли ёвдай,
Қизлари қарашар чолга бировдай.
Охири яшашга қолмади тоқат,
Тинчгина ўлмоқни ўйларди фақат.
Тупурди дунёнинг заҳматларига,
Чек қўйди аявсиз меҳнатларига.
Қариган чоғида қишлоғин ташлаб,
Кетиб борар эди кўзларин ёшлаб.
Учради бир қишлоқ бийдайин чўлда,
Катта қабристони бор экан йўлда.
Чол деди – Қабрлар зиёрат қилай,
Марҳумлар руҳига тиловат қилай.
Ҳаммамизни борар жойимиз шуда,
Умрни ўтказдим мен ҳам беҳуда.
Балки шу жойларда қолиб кетарман,
Тақдирим шу экан, энди нетарман.
Қабристон оралаб қилди зиёрат,
Бир сирдан таажжуб айларди фақат.
Мармар тошлар узра, туғилган сана,
Вафотлар ёзилиб қўйилган яна.
Остида бошқача сўзлар ўйилган,
Битикда ҳайратли жумла битилган.
Фалонча ҳаётда уч йил яшади,
Бошқаси икки йил ошин ашади.
Яна бири беш йил умр кечирган,
Нега қолган ёшни булар ўчирган?!!
Ҳайрон бўлиб гўрков ёнига борди,
Дилдаги ҳайратин ўшандан сўрди:
- Нега мармарларда бундоқ ёзилган?
Марҳумларни ёши нечун кесилган?
Саксонга кирганнинг беш йилдир умри,
Лавҳда битилганнинг қай бири тўғри?
Гўрков деди: - Бизда, умр ҳисобмас,
Кўрган кунга марҳум, ёши жавобмас.
Неча йил фаровон яшаса одам,
Шудир ўтганларнинг кўрган умри ҳам.
Бошқа йиллар бари беҳуда ўтган,
Бечора дунёдан кун кўрмай кетган.
Чол деди: - Биродар сиздан илтимос,
Бу қишлоқ менга ҳам, келиб қолди мос.
Ризқимни борича шунда турайин,
Қазом етган куни бунда ўлайин.
Мозорим лавҳига ёзинг бу сўзни,
Одамлар ёдласин шундайин бизни.
“Бу одам дунёга шунда келганди,
Бир кун ҳам яшамай, дарров ўлганди”.
Ишқия, келдингми, Худойим берсин,
Ҳар бандани Аллоҳ ўзи тиндирсин.
Юз йил яшаш билан бахтинг чопмайди,
Ҳаловатсиз кунлар ёшга ўтмайди.
Дунёдан ўтарсан ўтиндай ёниб,
Босган изларингда армонлар қолиб.
Яшасанг чиройли, иймонда ўтсанг,
Ўзингдан эзгулик қолдириб кетсанг.
Келганинг кетганинг билса одамлар,
Жаннатга бошласа босган қадамлар.
Ҳосилин кўрсатса эккан нихолинг,
Оқила, муслима бўлса аёлинг.
Умрингдан ризолар бўлиб ўтарсан,
Мармарга чин ёшинг битиб кетарсан.
Неъматхон Нажмиддинхон ўғли.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев