»
Кунлардан бирида оппоқ соқоли кўксига тушган, яктак кийган бир чол яқин шарққа олиб борувчи йўл ёқасида дам олиб ўтирганида, унинг олдига ёш йигит келиб, сўради:
- Мен бу ўлкага биринчи марта келяпман. Бу ернинг одамлари ҳақида гапириб беринг.
Чол йигитнинг саволига савол билан жавоб берди:
- Сенинг ўлкангдаги одамларчи? Улар қандай одамлар?
- О, улар ўта кетган худбин, кўнгли қора одамлар, шунинг учун у ерни тарк этиб, бу заминга яшаш учун келяпман.
Чол соқолини силаб, йигитга сўз қотди:
- Афсус, сен яна янглишибсан. Бу ўлкада ҳам сен таърифлаган, ёмон хислатлари кўп одамлар яшайди.
Йигит чолдан керакли жавобни олгач, изига бурилди ва бу ердан узоқлашди. Кўп ўтмай, яна бир йигит пайдо бўлди. У ҳам ўзидан олдинги мусофир сингари чолга савол берди. Чол ҳам аввалгидек бу йигитга ҳам саволга савол билан жавоб қайтарди.
Йигит деди:
- Шаҳримдаги одамларнинг бари яхши одамлар. Улар меҳмондўст, бағрикенг. Афсус, она шаҳримдан кетишга мажбур бўлдим, иложим йўқ эди.
- Қайғурма, чироғим, бу шаҳарда ҳам шаҳрингдаги каби яхши одамлар кўп. Сени ҳеч ким кўксингдан итармайди. Ҳамма меҳмондўст, одамшинаванда.
Мусофир йигит чолнинг гапидан мамнун бўлиб, йўлида давом этди.
Чолдан сал нарида бир аттор ўз маҳсулотларини сотиб ўтирарди. У бўлиб ўтган воқеага шоҳид эди. Иккинчи мусофир йигит узоқлашган он, ўз таажжубини аён қилиб, чолга юзланди:
- Сизни тушунолмай қолдим, отахон. Ахир икки мусофирнинг бир мазмунда берган саволига нега икки хил жавоб қайтардингиз? Бирини ранжитиб, изига қайтариб юбордингиз, иккинчисини эса шоду хуррам қилиб, шаҳарга киришга изн бердингиз. Нега?
Чол атторнинг гапини бўлмай, уни жим эшитди-да, сўнг салмоқлаб сўзлай кетди:
- Ўғлим, ҳар бир одамнинг кўнглида ўз дунёси бор. Биринчи мусофир йигит қайси ўлкадан келган бўлса ҳам ўз шаҳрида ҳеч нарсага эришмабдими, бу ерда ҳам шундайлигича қоларди. Иккинчиси эса она шаҳрида дўст орттирибди, ошна-оғайнилари, биродарлари ҳам кўп экан. Аминманки, шу оқкўнгиллиги билан бу ерда ҳам аввалги муваффақиятларига эришади. Одамга ўз кўнгли йўл кўрсатади.
УМИД АЛИ таржимаси
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев