БМТ Бош Ассамблеясига “PATH” ноҳукумат ташкилотининг махсус маърузаси тақдим этилди.
Ҳужжатда айтилишича, яқинда қилинган илмий кашфиётлар ривожланган мамлакатларда миллионлаб ҳаётларни сақлаб қолмоқда, бироқ улар ҳозирча бошқа давлатларда кенг тарқалмаган.
Агар бу кашфиётлар 2015 йилда жорий этилса, 1,2 миллион нафар она ва уларнинг гўдакларини асраб қолиш мумкин. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, маърузага кириш сўзини ҳам ёзган. Таклиф этилган инновацияларнинг барчаси қиммат эмас, аммо улар жуда самарали.
Хўш, миллионлаб ҳаётларни қутқариб қолиши мумкин бўлган бу илмий кашфиётлар ўзи нимадан иборат?
1. “Yamoyo” тўплами. Унга диареяга қарши препарат, сувсизланишнинг олдини олиш учун рухли ва эритмали препарат ҳамда совун киради.
Буларнинг барчаси ҳам ўлчагич, ҳам аралаштириш учун идиш сифатида фойдаланса бўладиган контейнерда туради. Тўплам диарея касаллиги кенг тарқалган Африка ва Жанубий Осиёнинг узоқ ҳудудлари учун мўлжалланган.
2. “Анти-шок” боғламалари. Ушбу махсус боғламалар тананинг пастки қисмига ҳамда қисман оёққа боғланади.
Улар туғруқдан кейин кўп қон кетишини тўхтатиш ва онани тез ёрдам бўлимига етказгунча ҳаётий муҳим бўлган органларда қонни ушлаб туриш учун мўлжалланган. Туғруқдан кейинги қон кетиши оналар ўлимининг энг кўп тарқалган сабаби ҳисобланади. Ҳар йили ундан 72 000 нафар аёл ҳаётдан кўз юмади. Ҳозир Калифорния университети олимлари боғламалар ишлаб чиқаришини ошириш ва уларнинг қийматини камайтириш устида ишламоқда.
3. Арзон антисептиклар
Хлоргексидин - арзон антисептик бўлиб, гўдакнинг кесилган киндик ичакчаси орқали инфекцияга чалинишининг олдини олади. Ҳар йили янги туғилган чақалоқлар ўлимининг 12% га яқини инфекциялар тушиши сабабли юз бермоқда.
4. “Rotovac” - ротавирус инфекцияси натижасида юзага келадиган диарея профилактикаси учун янги вакцина.
Унинг жорий этилиши диарея туфайли болаларнинг нобуд бўлиш ҳолатларини бартараф этади. Вакцина Ҳиндистонда ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозир тестдан ўтказилмоқда. 2015 йилга келиб вакцинанинг бир дозаси нархини бир доллардан пастроққа тушириш кўзда тутилган.
5. “PLUS-рюкзак” - махсус дизайнли рюкзак қишлоқларда ишловчи кўнгиллилар учун дорилар, ташҳис қўйиш асбоблари ва йўриқномалар каби барча зарур буюмларга эга.
Малакали тиббий ходимлар бўлмаган Африканинг қишлоқ жойларида ўзларини “коммунал тиббий ходимлар” деб атовчи одамлар аҳолига биринчи ёрдам кўрсатиш вазифасини бажармоқда. Улар тиббий маълумотга эга бўлмаган ва кўнгилли асосда ишловчи волонтёрлардан иборат.
6. “NeoNatalie” - кўринишидан пластик қўғирчоқни эслатувчи симулятор.
Унинг ёрдамида дояларни ҳар қандай шароитда туғруқни қабул қилишга, янги туғилган чақалоқларга биринчи ёрдамни кўрсатишга ўргатиш мумкин. “NeoNatalie” ёрдамида ўтказилган “Биринчи нафас” дастури Танзанияда чақалоқлар ўлимини 47% га камайтириш имконини берди.
7. “Bubble CPAP” - ўткир респиратор касалликларга чалинган, шу жумладан пневмонияга учраган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолувчи мослама. Ушбу қурилма гўдаклар ўпкасига кислород ҳайдайди.
“Bubble CPAP” мосламаси Райс университети талабаси томонидан ишлаб чиқилган. Бунинг учун у оддий аквариум насоси ва сув солинадиган шиша бутилкани бирлаштирган. Асбоб Малавида синовлардан ўтказилди.
8. “Телефон-пульсоксиметр” - бу мобил телефон асосидаги қиммат бўлмаган қурилма.
У бармоққа кийдириладиган сенсор ёрдамида қондаги кислород даражасини ўлчайди. Шу тарзда қон олиш ва уни таҳлил қилишга ҳожат қолмайди. Мазкур қурилма преэклампсия ва пневмонияда ташҳис қўйиш ва даволаш ишларида тиббий ходимларга ёрдам бериши мумкин. У Британия Колумбияси университетида ишлаб чиқилган.
9. Магний сульфати ҳомиладорлик билан боғлиқ оғир преэклампсия ва эклампсияни (юқори қон босими) даволашнинг энг самарали усули ҳисобланади.
Бу касалликни кечки токсикоз ҳам дейишади. У оналар ўлими сабаблари рўйхатида иккинчи ўринда туради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан ишлаб чиқилган даволашнинг ҳозирги схемаси ҳаддан ташқари мураккаб. Шу боис ҳозир ўзлаштирилиши осон бўлган ва ҳар қандай шароитларда фойдаланиладиган дозалашнинг соддалаштирилган режими ишлаб чиқилмоқда.
10. “Sayana Press” - организмга инъекция ёрдамида киритиладиган арзон контрацепция воситаси.
У 3 ой амал қилиб, аёлларга болалар туғилиши орасидаги танаффусни оширишга ёрдам беради. Агар она туққанидан кейин яна тез орада ҳомиладор бўлиб қолса, унинг ва бўлғуси фарзандининг саломатлиги хавф остида қолади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев