Шералининг аҳволи:
Ҳайбатли тоғ, оппоқ қор, изғиринли қоп-қора тун. Бу тунда чирқ этган жоннинг нафаси чиқмайди, чунки бу тун қорли-аёзли тун. Жим-житлик, фақатгина совуқ шамолнинг изғирини ва қаёқлардадир оч бўриларнинг узооооқ увилллашлари эшитиларди. Бу зимистон орасида икки қора кўринарди, холос. Оппоқ қор орасида бу икки «қора » бир-бирига суянганча унсиз ва хомуш турарди. Булар Шерали ва эшаги. Шералини қўрқув забт этиб бўлган, у фақатгина тинмасдан унсиз йиғларди. Овозини чтқариб йиғлашга ҳам мадори йўқ, ҳам атрофдаги йиртқичлар овозни эшитиб,келиб қолиши мумкин эди.Эшак эса кўзларини юмиб олганча бўйнидан маҳкам қучиб турган Шералининг иссиқ елкасида ўзини худди мустаҳкам ҳимояда тургандек ҳис этарди...
.......
Раҳим ака бир неча соат бўлдики икки кўзи катта довонда, ўғлини кутиб бугун овқат ҳам қилмади, молларини эрталабдан олиб келиб қўрасига қамади. Итларнинг ҳуриши Раҳим акага бир умид берарди. Аммо Шералидан дарак йўқ эди. Қўрқув ва хавотир билан томоғидан сув ҳам ўтмасди, ертўладан ясалган уйчасига кириб,печкага олов ёқди, бироз ётиб ўзига ўзи далда берарди.
-Эҳ, Азамат, шу ишингни бугун қилишинг шартмиди, тирранча боламни ёнимга юбораман деб кетдинг. Бориб айтдимикан? Йўқ, айтмаган, ёки айтган бўлса ҳам Шералини онаси юбормаган. Тилим қурсин, нон, шакар олиб тез чиқиб келсин деб тайинладимку ўзим ҳам. Дадамнинг нони тугаган деб ўғлим чиқиб келаётан бўлса-чи? Йўлда қор ёғиб йўлдан адашиб қолган бўлса-чи? Бор-йўғи уч марта келган, эсидаям қолмагандир. Бошим, энди нима қиламан, нега шу вақтгача келмади. Қоронғу тушиб бўлдику, йўқ, менимча у келмаган. Ҳа,келмаган, онаси юбормаган,-деб ўзига ўзи далда бўлиб турган бир пайтда ташқаридаги молларга қоровул итлар ҳавалашб, ҳуриб қолишди. Раҳим ака бирдан сергакланиб ўрнидан туриб кетди ва уйчанинг эшигини очиб, югуриб кетган итлар ортидан чопди. Итлар йигирма метрча олдинда бирин-кетин тиним билмай ҳавалашиб борарди. Олапар, Бўрибосар ва Оқтой номли бу уч ит тоғ орасида мол боқишда чексиз ёрдам берарди. Чунки кун ора сурувга бўрилар ҳужум қилиб туради. Итлар бирдан тўхтаб қолишди, ҳавалаганча орқаларини ўгирганча ортига қараб келарди. Раҳм ака ҳам тўхтаб, итлар қараб турган жарликка қаради. Қоп-қора тун бўлишига қарамай атроф оппоқ қор, шунинг учун атрофдаги барча нарса аниқ ва равшан кўриниб турарди. Раҳим аканинг ёнига келиб қолган уч ит эгасини кўришлари билан икки олд оёқлари билан ерни тирнаб, тумшуқлари билан қорни тишлар, имммм-иммммм деган ғалати овозлар чиқарарди. Раҳим ака Шерали келдимикан деб итлар ҳуриган жарлик томон шаҳдам қадамлар босиб борарди. Бўғзига нимадир тиқилгандек бўлиб, камида -10 даража совуқда терлаб кетиб, бошидаги жунли телпагини қўлига олди ва қўли билан терларини артди. Тоғнинг ўнқир-чўнқир йўлларини босиб тобора жарлик сари йўл оларди. Итлар эса турган жойларидан жилмай, инггиллашиганча Раҳм аканинг ортидан қараб туришарди. Манман деган олғир ва қопағонликда ном чиқарган уч ит бугун ота олдида ожиз эди, улар қўрқишиб боролмаган жарлик сари оддий одам, аммо фарзанд учун довюрак бўлган Раҳим ота ҳечнарсани ўйламасдан кўзларидаги аччиқ ва аламли ёшларини артганча олға интиларди...
. . . . .
Ўғли Шералини тоққа жўнатгандан буён кўнглига чироқ ёқса ёришмай турган Ойниса опа болаларига мастава қилиб, совуқда ичиб олса ичлари қизиб, аёзга қувват бўлади деб болларига сузиб берди. Ўзига эса сузмади, барибир томоғидан ўтмайди. Чунки унинг ҳуши ҳам, хаёли ҳам, иштаҳаси ҳам, хуллас, бутун вужуди ўғли билан тоққа чиқиб кетган. Дард устига чипқон деганларидек қорнинг гупиллпб ёғиб юбориши онанинг жигар-порасини куйдириб турар эди. У ўзича ҳаёллар суриб, Шералини отасининг олдига олиб бориб қўйди, гоҳ эса гумон бундан устунлик қилар эди.
-Ўғлим, Шералижоним, полвоним менинг, қаерлардасан, отангнинг олдига етиб бордингми, қорда адашиб қолмадингми, эшагинг тойиб-нетиб қолмадими, жонинг соғми болажоним, қаерда бўлсанг ҳам Худо сени асрасин қўзичоғим, -деб ҳаёлга ботганча онанинг кўзи илинди. Чарчоқ устунлик қилган Ойниса опа ҳатто жойига ётмасдан печкали деворга орқаси билан суянганча уйқуга кетган эди. Она ухлаганда ҳам ўғлининг қайғуси билан банд эди, шунданми даров тушига ҳам кирди. Бу тушмас, даҳшатнинг ўзи эди: -Катта жарлик, тепада Шерали йиғлаб турарди, у тобора жарликка яқин келиб борарди, буёқдан Ойниса опа овозининг борича “Болам, қоч, нари қоч, буёқда жарлик бор, йиқилиб кетасан”, - деб қичқирарди. Шерали эса овозини янада баландроқ қилиб уввоз тортиб жарликка томон яқин келаверарди. “Қулоқсиз бола, нари тур, жарликдан тушиб кетасан, келма бу ёққа дедим, қайт ортинга! –деб дод соларди. Шерали шу вақт “Эна, энааажооооон”, - деб қўли билан ишора қилди. Ойниса опа не кўз билан кўрсинки бешта эшшакдан ҳам каттароқ бўрилар Шералини тобора жарликка қисиб, сўйлоқ тишларини кўрсатиб, ғириллаб келарди. Улар шу қадар яқинлашиб қолган эдики, бир қадам орқага юрса жарлик, бир қадам олдинда эса бўрилар турарди. “Энажооооон, энаааа, қўрқиб кетяпман, энаааа”, -деб чириллаб йиғлаётган Шералига қўлларини кўтарганча Ойниса опа “Болам, болажоним, повониииим, болааам” ,-деб бақириб йиғлаётган онани болалари қўлидан тутиб, туртганча уйғотишар эди.
-Энаа, эна уйғонинг, қўрқитманг, эна, -дея қизи Фируза ва укалари йиғлаб онасининг атрофида айланиб ўтирар эди. Ойниса опа даҳшатли тушдан қора терга тушиб, овозининг борича бақирганидан ёш гўдаклар қўрқиб қолишган эди.
-Кўп бақирдимми?, -сўради она рўмолини тўғирлай туриб.
-Қўрқиб кетдик, болам, Шералижоним деб бақирдингиз, қўлларингизни кўтариб бақиравердингиз, биз қўрқдик деб тўрт боласи ҳунг-ҳунг йиғларди. Ўзини энди англаб олган Ойниса опа тўсатдан ерни муштлаб йиғлай бошлади:
-Ер ютсин сени, ер ютсин сени, муштдек боламни изза қилиб тоққа жўнатиб юборган Азамат, сени ер ютсин, бу тушимнинг таъбири недир Художон, боламни Ўзинг асра, кўрган тушим ўзимга урсин, балоларингни менга жўнат, жигарпораларимни Ўзинг асра, полапонларимни Ўзинг асра, болажонимни Ўзинг асра, -деб ўксиб-ўксиб йиғлар ва болаларини бирма-бир бағрига босиб йиғлар эди. Ҳеч нарсадан бехабар болалар онасига қўшилиб йиғлашарди. Гўё мотам эди оила, буни тушунган она кўзёшларини артиб, дадиллашти:
-Бўлди, йиғламанглар, Шералижоним соппа-соғ, оталарингни топиб борган, -деб ўзига тасалли берди. Ташқарида итлар ҳуришиб, совуқ увилларди. –Товуқ катакларини, сигирларнинг қўраларини ёпдингми Фируза.
-Эна, ёполмадим, ташқарига чиқишга қўрқдим, -деди титраб. У вақтларда фонар ҳам тиллага тенг, Ойниса опа қўлига фонус (шиша билан маҳкамланган чироқнинг тури) олиб ташқарига чиқди. Қор тинибди, аммо оппоқ, қалин, ачинарлиси совуқ. Катак ва сигир оғиллари эшикларини ёпиб, уйига кирар чоғда узоқдан мағрурланиб турган баҳайбат тоққа кўзи тушди. Ҳозир шу тоғда жигаргўшаси борлигини эслаб, беихтиёр кўзларига ёш қалқиди. Худойим, Ўзинг асра, дедию бир фикр келиб қолди. Бу фикрдан ўзи ҳам қувониб кетди ва зудлик билан ошхонага кириб буғдой халтасини очди ва икки коса буғдой олиб уйи томон йўл олди. Уйга кириши билан болаларининг устидан буғдойни айлантирди ва Шералининг кийимларини олиб, буғдойни устидан айлантириб пичирларди: «Худойим, болаларимнинг бошидан садақа бу буғдой, болаларимни паноҳингда асра, Шералижонимни паноҳингда асра , ўт балосидан, сув балосидан асра, олтин боши омон бўлсин, болажонимни паноҳингда асра,-дея кўзларидан шашқатор ёш кетарди. Она садақага чиқарилган буғдойни эртага эрталаб қўшни холага олиб чиқаман деб бироз ҳовуридан тушди...
Изғирин. Қоп-қора тун, аёз, совуқ... Ниҳоят Шералининг бутун бадани совуқдан музлаб, дир-дир титрар ва кўзлари юмулиб, оёғи қимирламай қолган, оёғидан сув ва муз ўтиб, увитиб қўйган. Эшак дир-дир титрар, Шералининг елкасига осилганча турарди. Шералининг овози ҳам битиб, бақиришга мадори қолмаган, ҳатто бир оғич овоз чиқаришга қурби йўқ эди, фақатгига пичирлаб Энажоним энажон деб кўзёшлари музлаб қолган киприкларига яна аламли ва қўрқинчли кўз ёшларни оқизарди. Охири ҳолдан тойган болакай эшакнинг бўйнини қўйиб юборди ва атрофга олазарак боқди.
-Йўқ, йўқ, энажон, қўрқаман, қўрқаман деб йиғлаб яна эшагининг бўйнидан қучоқлаб, бутун кучи билан уни сийпаларди. Эшак ҳам болани худди она каби ўз бағрига олиб, уни эркалатарди гўё. Орадан ярим соатча ўтиб Шералининг томоғи қуриб, батамом совуққа таслим бўлар эди. Эшакнинг бўйнидан қўйвориб бир неча соатлардан буён тўхтамаётган кўзёшлари билан ҳамроҳ бўлиб эшакни бир дарахтнинг остига судрай бошлади. Эшак ҳам унинг ортидан эргашиб борарди. Қалин қорларни ғирч-ғирч қилиб босиб бораётган икки жонзод шу дарахтнинг тагига борса, худди бир умид бордек ошиқишарди.
Дарахтга етиб келган Шерали эшагидан хўржинни тушириб, дарахт тагидан қорларини тозалади ва хўржинни туширди. Қўллари музлаб қолганидан унга бўйсунмасди. Бос устига қўрқув уни довдиратиб қўйган эди, аммо шундай қотиб тураверса , ширин жонидан айрилишини билган болакай бир илож қилишни ўйлар эди. Бироқ нима ҳам қила оларди...
Хўржиндан нарсаларни чиқариб нон ва қандни олиб, бироз кавшанди, сув ўрнига кўзёшларини ичарди гўдак болакай. Эшак эса бошини қўйи солганча Шералидан икки метр нарида кўзларини юмиб, дорга осилишини кутиб турган маҳбусдек қотиб турарди. Шерали совуқдан сақланиш учун хўржиннинг устига чиқиб ўтирди ва онаси берган катта ва қалин, жуда иссиқ ва совуқдан сақлайдиган чепканни ўраб, ўтирди. Шу вақт синглиси Феруза берган гугурт эсига тушиб, чўнтагига қўл солди. Мана, гугурт, олиб чақиб кўрди, ёнди, ана ёруғлик. Эшак ҳам ёруғликни ҳис этди чоғи кўзларини очди. Гугур чўпи ўчиб қолди, Шерали бир нечта доналарни ёқиб яна ўчирарди. Ўтин ёқай деса атроф оппоқ қор, қуруқ ўтин йўқ. У шуларни ўйлаб турган эди эллик метрча наридан шитирлаган овозлар эшитиларди. Шерали бошида қор дарахтлардан эриб тушяпти деб ўйлади, аммо овоз тобора яқинлашиб келарди. Шералини қўрқув эгаллай бошлади. Шерали қўрқиб ўрнидан турди ва шитирлаётган томонга қаради. Овоз тўхтади, Шерали яна жойига ўтириб олди, орадан беш дақиқалар ўтиб овоз бошқа тарафдан шитирлаб келарди. Бу сафар товуш келаётган жой умуман бошқа йўналишда эди, Шерали ўрнидан туриб эшагининг ёнига борди ва атрофга ялтоқланиб қўрқиб, йиғлаб қарай бошлади. Ўттиз метрча нарида уч-тўртта қора нарсалар қараб тургандек эди. Аммо улар қимир этай демасди. Бир вақт ўша итдек катталикдаги қора нарсалар қимирлаб юра бошлади. У Шерали томон қадам босларди. Болакай буларнинг оч бўри эканлигини билиб, бор кучини тўплаб, қисиқ овозини очиб, Энажааа, энажооооним, энаааа, келди улар келди, бўрилар келди, энааа деб овозининг борича чириллаб, эшагининг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб олди. Тинмай бақириб йиғлаётган болакайнинг қўлида эшак ҳам чиқиб кетаман деб типирилар эди. Шерали жонининг қил устида турганини билиб, янада қаттиқ ва аламли бақирар, энажооон деб бутун тоғни бошига кўтариб йиғлар эди, бўрилар тобора Шералининг ёнига келар, улар учун бу болакайнинг доду фарёди кор қилмас, дарди қорин тўйғазиш, ҳаёт билан курашиш эди. Шерали ҳамон эшагининг бўйнидан қаттиқ қучиб йиғлар, эшак эса типирчилар, улар томон келаётган оч бўрилар ўлжаси бўлишдан чўчирди. Бўрилар деярли етиб келган эди, Шерали эса буни ҳич этиб, кўриб турар ва охирги марта бор кучини тўплаб «Энааааа, энажооооооооон, бўрилар келди, келди, еб қўяди, қўрқяпман» деб бақирганча қотиб қолди...
Иккинчи қисм тугади. Узр, кўзим толиб кетди, нақд уч соат ёздим. Давомини эртага Ўзбекистон вақти билан 14:00 га яқин киритаман. Йигитчанинг келажаги очиғи менга ҳам қоронғу, бизни кузатишда давом этинг. Ҳикоян ўқиб, ўзаро фикрлашинг, коммент, шарҳда мулоҳаза юритинг... Шералининг ҳаёти барчамизни оғир вазиятга тушириб қўйди. Жони омон қолармикан... Эртага кутамиз...
Алижон Сафаров ижодидан...( ҳеч қаердан кўчирмадим)
20/04/2015 (21:48)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев