42-43.
Ҳар бир оиланинг ўзига яраша махфий сирлари бўлади ва буни оила аъзоларининг ҳеч биттаси бегоналар олдида буни ошкор этишни хоҳламайди. Агар, ўша мавзуда гап бошласангиз, дарров усталик билан гапни бошқа ёққа буришади. Бу уларнинг, саволингизга жавоб бергиси келмаганидан эмас, балки, бизнинг оила ишларимизга аралашиб нима қиласан, деган маънода келишини англаш керак...
Мана шундай бўлди. Муҳайё, қанчалик Рисолатни ёмон кўриб, уни ўзига яқинлаштирмасликка уринса, у ўзини шунчалик Муҳайёга меҳрибон кўрсатишга уринар, ёрдам бермоқчи бўлар, гўё ўзининг оналик, қайноналик бурчини ўтаётгандек тутарди. Бунга сайин Муҳайёнинг ғаши келарди... Шу аёлга ҳеч кўнгли илимади, илимади, ўзи... Балки, онасининг ўрнига келгани сабаблидир. Балки, онаси кўрмаган қадр-қимматга эга бўлаётгани сабаблидир...
Эркаклар ўз йўлига, улар эрталаб уйдан чиқиб кетишади, кечқурунгача уйда икки аёл қолади. Кўпинча, бунақа пайтларда Рисолат ҳам уйда бўлмайди. Аммо... уйда пайтлари, келиб, ошхонада Муҳайёга ёрдам берган бўлади...
-Муҳайёхон, мендан хавотирланишингизга ҳеч ҳожат йўқ. Мен ойингиз қатори одамман. Ниятим сизга ёрдам бериш холос. Ёш болали нарсасиз. Ишизга улгурмайсиз...
-Мен ҳамма ишни ўзим қилишга ўрганганман. Биров идиш-товоқларимни ишлатса, ўрнини ўзгартирса менга ёқмайди. Ўз ишларимга улгураман. Иложи бўлса, мени... ўз уйимда тинч қўйинг. Ана, дадамга пиширинг овқат, дадамнинг кўнглини олинг... Сиз мен учун бегона бирисиз...
-Биламан, ойингизнинг ўрнига келганимга, мени ёқтирмаяпсиз....
-Биргина ойимнинг ўрнига келганингиз учунмас.... Анавинда Аҳмад акам билан кўз сузишиб турганиззи кўрганман....
-Вой ўла-яя, вой мангина ўлай. Аҳмад менинг ўғлим қатори нарса-ку...
-Билмадим, менга шунақа туюлди. Узр, Азизжон йиғлаяпти, боришим керак.
Муҳайё Рисолатни чиқариб, ошхонанинг эшигини илдириб, хонасига чиқиб кетди...
Ортида қолган Рисолат лабини тишлади."Шошма, қизгина, шошма. Ҳали мани совунимга кир ювмабсанлар. Мен сениям, дадангниям тугатишга келганман..."
Аслида, Аҳмаднинг уч кунда келин топиш саҳнаси жуда осон ўтганди...
Аҳмад, энди деярли ўн йиллардан буён Рисолат билан яқин эди. Уйланмаган бўй йигитнинг ёши анчага бориб қолган бир аёл билан муносабатига ҳеч ким эътибор бермайди...
Аҳмад, уйлангунча шу аёл билан ҳовурини босиб юрганлардан эди... Қайнотасига хотин керак бўлганини англаган куниёқ, кўз олдига Рисолат келди.
-Ўзи пишиб турган ош. Баъзан уқалаб, кўнглини олиб турасиз, жонидан. Бошқа нарсага додамнинг иложлариям етмаса керак. Энг асосийси, менинг кўз олдимда бўласиз. Бўйингизга қараб, қувониб юришни истайман.
-Мен эса, сизнинг,хотинчангизни эркалатишингизни кўриб, куйиб ўлишни истамайман...
-Бу ерда бошқа гап ҳам бор. Чолнинг пули кўп. Ўзи зиқна. Ҳеч кимга пул бермайди, фақат олади. Сиз уёғидан ўтиб, буёғидан ўтиб, Қоруннинг хазинасини топишингиз керак. Мен унинг пули кўплигини биламан. Биз Даврон иккимиз бутун умр уни бойитишга хизмат қилдик... Тожикдан уч минг долларлаб пул келтириб бердик. Бу ердаям фақат унинг учун ишладик...
Бобойнинг ўзиям қимор ўйнатиб пул топарди, самогон сотиб пул топарди, ўғриларни тунаб пул топарди, ижарага одам қўйиб пул топарди... Ээ унинг пул келадиган точкалари кўп. Булар-мен билганларим... Билмаганларим қанча... Анов Давронга уй қурдириб, кейин уни ўлдириб юборди, азборойи уйи учун...
-Йўғее, яна сиздиям охиризга чиқмасин...
-Бу сафар чучварани хом санамасин, ўзини гумдон қилворарман...
-У менга пулларини кўрсатади деб ўйлайсизми?
-Ўла қолсаям кўрсатмайди. Болаларига, хотинига, ўзига раво кўрмаган пулларни сизга раво кўрармиди. Сиз зимдан кузатасиз. Тунлари ўзингизни уйқуга солиб, кузатасиз. Кундузи ўзингизни беэътиборликка солиб кузатасиз. Хуллас, топасиз. Бу чол- Ўлмас Кашшей. Унинг жони-пуллари. Ўшани топишимиз керак... Топиб, илган кунимиз, ўз-ўзидан аутштейн бўлади у.
-Мен у билан бир нафас бирга қолишгаям рози бўлолмайман...
-Чидайсиз... Ўйлаб қарасангиз, бу одам ҳам ёмон одаммас, эркак. Кўзингизни юмиб, уни мен деб фараз қиласиз, тамом-вассалом!
Ана шундай гаплардан сўнг, Рисолат Баҳромга турмушга чиқишга рози бўлганди...
Кунлар бир текис ўтарди. Рисолат кўзи тўртмас, олти бўлиб, Баҳромни кузатар, аммо унинг бирон жойга пул бекитганини билмасди... Пуллар тўшакнинг остига қўйилар, ёки телевизор устига қўйилар, кейин бирдан йўқолиб қоларди...
-Телевизор устига қўйган пулингизни олдизми, Баҳром ака?
-Ҳа,олдим, нимайди. Эркакнинг ёни пулли бўлиши керак. Бирон нарса керакмиди? Олиб келиб бераман?
"Қаерга қўйдингиз?" -дейишга Рисолатда юрак йўқ...
Баҳром уста ўғримасми, ўз хазинасининг сирини ҳеч кимга, ҳатто Рисолатгаям сездирмасди. Аёл ҳар сафар ғафлатда қолаверарди...
Рисолат кўп пайтлар, шаҳардаги уйига жўнарди. Албатта, Баҳромдан рухсат олиб. Баъзан овқат пиширар вақтга, баъзан тушликка етиб келар, очилиб-сочилиб, уйга кирарди. Уни кўриб, Муҳайёнинг жини қўзирди."Тўйган тўқлидай... тавба. Бу аёл ёши ўтган сайин ақли кетаётганга ўхшайди. Бунча ўзига зеб бермаса, уялмайдиям, бегона одамлардан, бошқалар нима деркин, демасмикин..."
Аҳмаднинг ҳам бир оёғи шаҳарда эди. Асли, хотинига ҳисоб бериб ўрганмагани учун, Муҳайё унинг қаерда ўтлаб, қаерда сувлаб, қаерда кишнаб юрганини билмасди. Фақат уйга келганидагина, кўрарди. Аҳмад қўл телефони ишлатмасди. Бунга Муҳайёга ҳам рухсат бермасди... "Пул ейди, нима қиласан?"
Аслида, ўзининг тинчлигини ўйлаб шундай қиларди... Телефони бор бўлса-да, фақат керакли одамларга қўнғироқ қилар, уйда ўчириб қўярди. Эҳтиёткорликнинг бир кўриниши...
Баҳром ҳам, шаҳардаги уйига қатнарди. У ерга уч-тўртта талаба йигитларни қўйган, вақти-вақти билан хабар олиб турмаса, йигитлар ичиб, тўполон қилиб, милицияга тушишгача боришди... Бундан ташқари, бозорда унинг ризқи. Бозордан чиқиб айлангиси келар, баъзан Сурайё очган дераза-дўконда ўтириб савдо қилгиси келар, шунақа пайтларда, дала ҳовли эсидан ҳам чиқиб кетарди... Янаям бир нарса, Рисолат, Аҳмад излаган хазина, дала ҳовлидамас, худди шу шаҳар ҳовлисида эди. Шу баҳона, кунда, ҳар икки кунда буёққа келиши шарт эди...
Аҳмад, ўўўв Аҳмад! Жимгина юрадиган, билгани ичида бўлган писмиқ Аҳмад. Унинг ичида бунчалик сир-синоат бор деб ким ҳам ўйлабди... Келган куниданоқ, ўзини Баҳром оғасига яқин олишга уринганди. Аммо, сўзамоллиги сабабми, ишбилармонлиги сабабми, Даврон Баҳромнинг эътиборини қозонди, Аҳмад иккинчи, учинчи одам бўлиб қолаверди. Бунга сайин унинг жаҳли чиқарди. Чунки у, биринчи одам бўлишни истарди. Аммо, ундаги салоҳият, тортинчоқлик ҳеч қачон биринчи бўлишга йўл бермасди. Буни йўқотиш йўллариниям ўрганди. Ичса, кўп гапира олишини билиб,бир-икки қадаҳ ичадиган бўлди, кейин ўзидай дўстлар, дугоналар орттирди, хуллас, Баҳромнинг соясида ўз салтанатини яратди...
Баҳром унинг паноҳкори эди.
Шу сабабли, бир неча марта Сурайёга оғиз солди. Унинг бефарзандлигини билиб ҳам оғиз солди. Сабаб, бир амаллаб, бу оилага кириш эди... Ишга бошчилик қилиш учун, шу оила аъзоси бўлиши шарт эди...
Аҳмоқ ўғиллар, Ботир ҳам, Шокир ҳам дадаларининг мавқеига эътибор беришмади, ундан узоқлашишди. Буям бўлса, Аҳмаднинг бахти эди. Уларсиз,тезроқ мақсадига етарди...
Муҳайёнинг эса унга ҳеч қандай оғирлиги йўқ. У Аҳмадга кўпроқ ворислар туғиб бериши шарт. Унинг вазифаси шу. Аҳмад- Муҳайё ҳақида шундай ўйларди, холос...
Рисолатниям, кўча аёлларидан биттаси дерди у. Гарчи сен яхшисан,деб ўн йиллардан буён аёлнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб келаётган бўлса-да, унга ҳирсдан бошқа нарса бермаганди... Буям ёшлик жунуни, ўзини овутишнинг бир йўли эди,холос...
Аслида,Баҳромнинг борлиги унинг бахти эди.токи оёққа туриб олгунча, шу сабабли унга патаки- пвйтава бўлди. Энди, кўрдики, Баҳром ҳеч ким.. Энди ўзи Баҳромданам кучлироқ.. Уни йўлдан олиб ташлашга уринди. Аммо,бу осонмас эди...
Бунинг учун, янги ва янги ҳийлалвр ўйлаб топиши шарт эди...
Аҳмад бозордан яна бешта безори болани топиб келди. Буларни ўзи тарбиялаши, Баҳромгамас, ўзига тобе қилиши керак эди.
Янги келган йигитларни Даврон қурган уйнинг битта хонасига жойлаштирди. Бу уй қайнотасининн тасарруфида эди... Шу сабабли, униям қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди.
-Баҳром оға, мана янги йигитларни олиб келдим. Уларга касб сирлариздан ўргатинг. Ўз йигитларингиз булар...
Йигитларни Баҳром ишга ўргатар, улар Аҳмадга ишлашлари керак эди...
Ҳаёт мана шундай давом этарди, бу икки томонлама ўйин қачонгача давом этиши номаълум эди, токи...
Давоми бор.
.ЎҒРИ БОШИ
43
Бу икки томонлама ўйин қачонгача давом этишини ҳеч ким билмасди, токи...
Баҳром ҳар кун шаҳарга қатнар, ўз ишлари билан банд эди. Бозордаги йигитлар, янги болаларни кузатиш, аввалги йигитларнинг ишини назорат қилиш, фойдаларини хомчўт қилиш, яна ва яна бошқа ишлар унинг миясини банд қилганди. Бундан ташқари, ҳар икки куннинг бирида шаҳарлаги ҳовлига бориб хабар олар, йигитларга панд-насиҳат қилар, бироз бўшроқларини ёнига тлртишга, ўз ишига аралаштиришга уринарди. Аммо улар талаба, эрталаб кетиб, кечга томон ўқишдан келишади. Фақатгина кечқурун, у- бу дори сотиш ёки бошқа майда ишлар бўлмаса, уларни асосий ишга ўралаштириб бўлмасди. Яна, бу йигитлар синалмаган эди. Халқимизда синалмаган отнинш сиртидан ўтма, деган мақол бор. Баҳром буни жуда яхши англарди. Шу сабабли, ортиқча гувоҳларгаям, ноқобил шерикларгаям тоқати йўқ эди.
Хуллас, ўша куни ҳам, деярли тушликка яқин, Баҳромнинг шалдироқ велосипедининг камери ҳаво қўйвориб, хит қилди. Уни суриб, шу яқин орадаги вулканизацияларнинг бирига боришга аҳд қилди. Рисолатнинг уйи яқинида шунақа дўконча бор эди...
Ўша томонга юрди. Бугун Рисолат уйда эди, жавоб ҳам сўрамаганди. Аммо беихтиёр кўзи учинчи қаватга, Рисолат яшайдиган уйнинг деразаларига тушиб, бироз тўхтади. Деразалар очиқ эди.. "Менга айтмай қайтибди-да...". Бироз юргач, подъезд эшигининг ёнида,бурчакда Аҳмаднинг, машҳур, қора чармдан уйча қилинган мотоцикли турганини кўриб, таққа тўхтади. "Унинг бу ерда нима иши бор? Нима гапи бўлса, уйда гаплашавермайдими?" Шу хаёл билан вулканизацияда ишлайдиган болага камерни яматишни топширди.
-Ўн минутда тайёр бўлади, ака.
-Раҳмат.
"Ўн дақиқада, бемалол Рисолатнинг уйига кириб чиқиш имконим бор..."
Шу хаёл билан юқори кўтарилди. Учинчи қаватгача икки марта нафасини ростлаб чиқди...
Эшикни итарганди, ичидан берк эди... Тақиллатди....
-Кииимм?
-Мен, Рисол, оч!
Ичкаридан шипиллаб эшикка яқинлашган аёл эшикнинг думалоқ тешигидан қараб, эрини кўрди, пастки лабини тишлади. Қўли билан Аҳмадга ишора қилди... Ўринда ётган Аҳмад, сакраб туриб кийимларини кийиб, кетишга чоғланди, қўлига алмисоқдан қолган папкасини кўтариб, бирнималар деяётгандай бўлди, нима деяётганини ўзиям билмасди...
Рисолат ётоқхона эшигини бекитиб, ташқаринининг эшигини очди...
-Ия, бу эшикни бекитиб қўювмидиз, опа?
Аҳмад яллақилик қилиб гапирди. Ичкарига Баҳром кирди.
-Сен бу ерда нима қиляпсан?
-Менми, мен манов қоғозларга, опага қўл қўйдириш учун келгандим... Унинг номига точка очаётгандим-да...
-Рисолат, сен эрталаб шаҳар келаман демагандинг-ку?!- таҳдидли овоздан Рисолатнинг оёқлари қалтирвди...
-Манов, сепочкам... узилиб қолса денг... Шуни яматишга келдим. Кейин буёққа мўраладим...
Ҳозиргина бўйнидан узиб олган занжирини кўрсатди,-савил, устаям йўқ экан...
-Хавотирланманг,опа, ўзим улатиб бераман... Хўп, мен кетдим,- Аҳмад шипиллаб ташқари чиқиб кетди...
Кўнгли хижил бўлган Баҳром ичкари кириб ўтиришниям, ташқари чиқишниям билмади.. Аммо, унинг назари, ошхонада ярми ейилган қовунга тушди, яна алланималарга... Бу ерда зиёфат бўлганиниям англади...
Агар,бироз ақлини ишлатиб, ётоқхонага ўтганида, бундан ярим соат илгари бу ерда бўлган ҳодисаларнинг ортини кўрган бўларди, Аҳмаднинг ювинмай кийиниб қочганининиям англаган бўларди...
Аммо, Баҳромнинг бу аёлга ишончи шунчалик кучли эдики, бунақа хаёлга бормади,ҳатто...
-Тезроқ уйга бор, уйда гаплашамиз,- деб ташқари чиқди...
Камерини ямаётган уста айтган вақт бўлганди...
Пастга тушиб, энди кетмоқчи бўлаётганда, скамейкаларнинг бирида ўтирган, кекса аёл худди ўз-ўзига гапиргандек сўзланиб қолди.
-Вот эта жизнь, один уходит, другой приходит. Еще они мусулмани...
Баҳром бу кўзларига қора кўзойнак тақиб олган, ҳассали кекса кампирнинг ёнига ўтди...
-Вы о ком, извените?
-Ты знаеш, о ком я говорю... Минута назад ушёл один кавалер. Ты новенький?
-А он давно ходит к ней?
-Давноооо. Уже лет десять, по моему...
Баҳромнинг миясига бир фикр урилди...
"Аҳмадни айтяпти..."
-Который на муравейке...
-Да, о ком ещёё?
-Вы не ошибались?
-Я никогда не ошибаюсь...
Бошқа гапга ҳожат йўқ. Баҳромнинг оёғидан мадор кетди. Кампирнинг ёнига ўтириб қолди...
Кампир унинг ёнида
ўтиришга ор қилгандек, қўлига ҳассасини олиб, дўқиллатиб, иккинчи қаватга чиқа бошлади...
"Демак, иккиси аввалдан яқин экан".... Ўйнаш дейишга тили бормади.
"Буни шундоқ қолдиролмайман. Аммо, Аҳмадниям бирёқли қилишнинг иложи йўқ. Муҳайё бор, боласи бор... Ўйлаб олишимкерак, ўйлаб. Уларнинг нима ҳақи бор,мени ўйнашга, мендан кулишга? Ўзлари-ку, бир-бирлари билан ошиқ-мошиқ экан, мени нега аралаштиришди бу ишга? Аҳмаднинг ажали тўлган. Ажали! Мен энди буларга кўрсатиб қўяман..."
Баҳромнинг юраги санчди... Зўрға ўрнидан туриб, вулканизацияга кирди...
-Ука, бир уста топиб, уйимнинг қулфларини алмаштириш керак. Танишинг борми?
-Бор-да. Ҳозиир, есть қиламиз. Қачонга бўлсин ака?
-Соат тўртларга сенинг ёнингга келиб турсин. Қулфни ҳозир мен дўконлардан топиб оламан...
-Хўп ака, мана, велсапедиз тайёр...
Баҳром велосипедини миниб, дўкон излади, осон очилмайдиган инглиз қулфларидан бирини сотиб олиб, сумкасига бекитди, кейин дала ҳовлига қайтди..."Ўзимни билмаганга соламан. Уларни кузатиб, жиноят устида ушлаш керак.бугун бироз кечикибман-да, аттанг..."
"Муҳайёнинг хабари бормикин бу ҳаромилардан? Огоҳлантириб қўйишим керак"...
Уйга келган эди, Рисолат ҳалиям келмабди. Баҳром Муҳайёнинг ёнига, ошхонага кирди... Энди эмаклай бошлаган невараси Азизжоннни ўйнатиб ўтирган Муҳайё дадасининг кайфияти йўқлигини сезиб, овқат солиб бергач, сўради,
-Дада, нега қовоғиздан қор ёғяпти?
-Сен... Рисол билан Аҳмаднинг алоқасини билармидинг.... Фақат жанжал қилмасдан, жимгина жавоб бер...
-Билардим...
-Нега индамадинг?
-Ўзингиз-ку, қариликда йўрғалик қилиб, ёш боладай бу бузуқнинг ортидан югурган, ман нима деяй сўнг...
-Хуллас, уларни жиноят устида ушлашимиз керак... Ёрдам берасанми?
-Ёрдам бераман.
Ота-қиз иккаласи келишишди...
Бу орада Баҳром Рисолатнинг уйга қайтганини билиб, ўрнидан қўзғалди,
-Бу ҳақида ҳеч кимга оғиз очма, шу пайтгача чидабсан, яна бироз чида...
-Хўп...
Рисолат стол устига сумкасини қўйиб, ташқари чиқиб кетганди... Баҳром унинг сумкасидан, уйининг калитини олди, орасидан биттасини секин суғириб олиб, ўз калитларига қўшди, кейин телефонини олиб, смсларни ўқий бошлади...
-Жоним, мен қўрқяпман.
--Қўрқма, чол ҳеч нарса сезмади, сезганда жанжал кўтарарди...
-Бирон нарса қилиб қўйса...
-У сизни севади, ҳеч нарса қилмайди.
-Мен уёққа бормайман.
-Борасиз,ишни охирига етказишимиз керак.
Рисолат охирги смсларни ўчиришга улгурмаганди. Баҳром тезгина телефонни жойига қўйиб, ташқари чиқди...
-Келдингми,Рисол, битта чой қўй,абед ҳам ўтиб кетди.
-Чой қўйдим, тухум қовуриб берайми?
-Тухум қон босимимни кўтаради... кечаги овқатни исита қол.
Хаёлида эса уларнинг гаплари...
"Уларнинг ишлари, албатта мен билан боғлиқ. Шу сабабли, Аҳмад унинг менинг ёнимда бўлишини истаяпти. Аммо қанақа иш? Нимани битказишлари керак? Мени ўлдиришми? Уларга бу қийинмас... Бошқа нарса... нимайкин у?"
Ўйлаб ўйининг охирига ета олмади. Бу орада чой қайнади, Рисолат уйга дастурхон тузади. Ҳеч нарса бўлмагандек эр-хотин дастурхон бошида ўтиришди...
-Баҳром ака,сепочкам узилди. Янгисини оберасизми?
-Ҳозир, пулим йўқ...
-Кечагинда бир даста пулиз боридию, нима қилдиз?
-Уними... уни бекитиб қўйдим...
Рисолатнинг кўзлари чарақлаб кетди.
-Қаерга бекитдиз, айтинг, мен ўғирлаб олай?-шарақлаб кулиб юборди...
"Буларнинг дарди-пул! Менинг пулларим керак буларга..."
-Ҳазиллашдим, менда ортиқча пул нима қилади. Қарз олгандим, Ҳикматдан. Ўшани бердим...
-Алдаяпсиз,-эркаланиб, лабларини чўччайтирди аёл,- сизда сув бўлмаса, ана, Амударёдаям сув бўлмайди...
-Амударё ҳам қуриб боряпти,- чақиб олди эр...
-Ростдан, оберасизми?
-Ана... Аҳмад уканг... айтди-ю, улатиб бераман деб. Улатиб тақавер,билдирмайди...
Хотини унинг гапи оҳангидаги пичингни сездими йўқми, билмади.
Ташқари чиқаркан, тайинлади,
-Кечга суюққина, қўлда кесилган угра ош қил. Егим келяпти... Менинг шаҳарлик ишим бор...
-Хўп бўлади.
Аёл ижирғанди, "Ана, импортни вермишел бор, шундан қилсам-чи... Албатта қўлда кесилгани керак бу кишимга..."
Баҳром соат тўртга яқин яна эрталабки йигитнинг ёнига келди.
-Уста келдими?
-Ҳа, шу ерда уста.
Йигит дўконини бекитиб, чиқди.
-Мен ўзим, шунақа ишларнинг пириман. Юринг...
Иккаласи
юқори чиқишди...
Рисолатнинг уйини очишди. Аёл уйларни тозалаган, биронта из қолдирмаган, ҳатто ахлатларни тўкиб қайтганди...
-Бу уй сизга тегишлими? Ижарада турадими ўша аёл?
-Ҳа, менга тегишли, келганмидиз бу ерга...
-Бир, икки келганман....
Баҳромнинг миясига гурзи билан урилгандек бўлди. "Битта Аҳмад биланми десам, бошқалар билан ҳам... Фоҳиша экан-ку..."
Хуллас, қулф алмаштирилди. Калитларни қўлига олган Баҳром бироз тинчиди. Йигит билан ҳисоб-китобни тўғрилаб, ортига қайтди...
Давоми бор.
https://www.youtube.com/watch?v=-z4Ecq8bzRo
https://www.youtube.com/watch?v=DWkLTzKaWDA
https://www.youtube.com/watch?v=U_UbUPWiYz0
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6