Жонингда нимадир йиғламайдими-
Изғиб юрганингда кўнгилма кўнгил?!
Сен кимсан?
Худога қасамки ҳануз билмайман.
Балки ҳазарларим кўргувчи тушсан.
Эски туйғуларни сотиб кун кўрган.
Ўзини кўрмаган эскифурушсан.
Сароблар оқади кўзим ичида,
Кўзимнинг ичида кун кўради мунг.
Қачондир исмингни айтиб чорлаган-
Соғинчларим ўлган
соғинчларим гунг.
Сен кимсан?
Хотирлар дарёсин уйғотмасман йўқ,
Қайғу рақам чекар гоҳ зер, гоҳ забар
Сени эсламасман ёдингда бўлсин
Ҳаттоки авлиё бўлсанг ҳам агар.
Сен кимсан?
Бенаво, ҳушсиз алфозда-
Билмасдан ичганим заҳарли шароб
Балки суянмоқчи бўлган лаҳзамда
Изтироб ичидан қочган изтироб.
Сен кимсан?
Эсласам уйғонар нафратли титроқ
Сенла ўтган кунлар бунча шармисор.
Эссиз қанча умрим тортиб кетибсан.
Зулматнинг қаърига бир гирдоб мисол.
Сен кимсан?
Балки соядурсан янчилган соя,
Бегуноҳ гўдаклар узра тўкилган.
Балки қарғишдирсан исмсиз тунда-
Гуноҳ китобидан ўқилган...
Рангин ниқобларинг ечарсан бир кун,
Кўнгил кўзгусига боқарсан беҳол.
Шунда кимлигингни кўриб қўрқарсан
Ва ё жирканарсан ўздан эҳтимол...
Шукр руҳимдаги илинжлар сўнган.
Ёлғон ўртанишдан олисман, илло.
Энди кўришмаймиз, кўргим, йўқ сени
Ҳақ тонги- қиёмат қойимгача то.
Қуёш дарахтларнинг учига қўнган,
Ва ёдим япроқлар ичида ниҳон.
Видо куйи янглиғ ғамгин шаббода-
Қадим сеҳргардай ўйнатади жон.
Дунёдан кечганман , дунё кечмаган-
Баҳримдан юлдузлар сув ичар ҳамон.
Аршингни титратган бўлса фиғоним.
Тавба қилдим тавба, кечир Художон
Булут дарахтларнинг учига қўнган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев