Элахнинг кўзлари хиралашиб, кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Бир куни кеч кирганда Элах ётоғида ётарди. Шомуил эса Эгамизнинг Маъбадида ётган эди, Худонинг Сандиғи ҳам ўша ерда эди. Худонинг чироғи ҳали ҳам ёниб турарди. Шу пайт Эгамиз Шомуилни чақириб қолди. Шомуил: — Лаббай, ҳазратим! — деб овоз берди ва Элахнинг олдига югуриб келиб: — Мени чақирган эдингиз, шу ердаман, — деди. — Йўқ, сени мен чақирмадим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди Элах. Шомуил қайтиб бориб ётди. Эгамиз яна: — Шомуил! — деб чақирди. Шомуил яна туриб, Элахнинг олдига кирди ва: — Мени чақирган эдингиз, шу ердаман! — деди. — Чақирганим йўқ, ўғлим, қайт, бориб жойингга ёт, — деди у. Шомуил Эгамизни ҳали танимас, Эгамизнинг каломи ҳали унга аён бўлмаган эди. Эгамиз учинчи марта Шомуилга садо берди. Шомуил ўрнидан туриб Элахнинг олдига келди–да: — Мени яна чақирдингиз–ку, мен шу ердаман, — деди. Шунда Элах билдики, ўспиринни Эгамиз чақираётган экан. Элах Шомуилга деди: — Бориб жойингга ёт, ўша овоз сени яна чақириб қолса, “Гапиравер, эй Эгам, қулинг тинглаётир”, дегин. Шомуил бориб, жойига ётди. Эгамиз ўша ерда зоҳир бўлди ва олдингидай: — Шомуил, Шомуил! — деб чақирди. — Гапиравер, эй Эгам! Қулинг тинглаётир! — деб жавоб берди Шомуил. Эгамиз деди: — Шомуил! Мен Исроилда шундай бир иш қилмоқчиманки, эшитганнинг бошидан ҳуши учади. Ўша куни Мен Элахнинг хонадони тўғрисида нима айтган бўлсам, ҳаммасини бажо қиламан, бошлаган ишимни охирига етказаман. Элахга, сенинг хонадонингни то абад жазолайман, деб уни огоҳлантирган эдим. Унинг ўғиллари кўп гуноҳ қилиб, ўзларига лаънат орттирдилар. Элах эса буни била туриб, уларни тергамади. Шу сабабдан онт ичиб айтаманки, Элах хонадонининг бу гуноҳларини асло кечирмайман. Уларнинг қилган гуноҳларини то абад қурбонлигу назр қилиш билан ювиб бўлмайди. Шомуил эрталабгача ўрнида ётди. Кейин туриб, Эгамизнинг уйи эшикларини очди. Ўша ваҳийни Элахга айтишдан қўрқди. Шу пайт Элах: — Шомуил, ўғлим! — деб чақирди. — Лаббай, шу ердаман, — деб Шомуил Элахга яқин келди. — Эгамиз сенга нималар деди? — сўради Элах. — Зинҳор мендан яшира кўрма. Эгамизнинг сенга айтган гапларидан бирортасини мендан яширсанг, Худо сени ёмон кўйга солсин, ҳатто ундан баттарроғини қилсин! Шомуил Элахдан ҳеч нарсани яширмай айтиб берди. — У Эгамиздир, — деди Элах, — Унга нима маъқул бўлса, ўшани бажо қилади. Шомуил улғаяверди, Эгамиз доимо у билан бирга бўлди, Шомуил башорат қилган ҳамма нарсани Эгамиз рўёбга чиқарди. Дандан Бершебагача бўлган жамики Исроил халқи Шомуил ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг пайғамбари эканлигини билди. Эгамиз Шилўда яна такрор–такрор зоҳир бўлиб, ўша ерда Ўз каломи орқали Шомуилга аён бўларди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев