Ҳикоя.
Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзо отаси соҳибқирон Амир Темур вафотидан сўнг тўрт йил ўтгач, ниҳоят, ғолиб сифатида Турон пойтахти Самарқандга қадам қўйди.
Амир Темур тахтини, унинг васиятига зид ўлароқ, ўзбошимчалик билан эгаллаган невараси Халил Султон Мовароуннаҳрда тўрт йил ҳукмронлик қилган, бироқ сиёсатдаги ношудлиги туфайли, бир неча ой илгари ўз амирлари тарафидан тахтдан ағдарилиб, банди қилинган эди.
Шоҳрух Мирзо лашкар билан шошилинч сафарга чиқиб, Самарқандни эгаллаб, жиянини таҳқирли асирликдан халос қилиб, шафқату мурувват кўргузди. Бироқ Мовароуннаҳр аҳолисининг Халил Султондан кўнгли қолган, у зиндонбанд эканида суюкли хотини Шодмулк шаҳар бўйлаб сазойи қилинган эди. Шоҳрух ўз жиянининг таназзули сабабларидан бири ушбу аёл эканини билса-да, Халил Султоннинг ягона илтимосини бажариб, хотинини қайтаришни буюрди. Хотини билан дийдорлашган шаҳзода энди тожу тахтдан жудо бўлганидан қайғурмас, яна ўзини жаҳондаги энг бахтиёр кимсалардан деб биларди. Аммо энди Халил Султоннинг Самарқандда қолиши мумкин эмаслиги туфайли, Шоҳрух уни Эрондаги Рай шаҳрига ҳоким қилиб тайинлаш ҳақида фармон чиқарди. Шаҳзода Шодмулкни олиб, жаҳонгир бобоси салтанати пойтахти ва ўзи – янаям аниқроғи, ўзи ва суюкли хотини биргаликда – тўрт йил ҳукмронлик қилган муаззам шаҳарни абадиян тарк этди.
Энди Самарқанд аҳли Шоҳрух Мирзонинг ўз отаси тахтига чиқишини сабрсизлик билан кутар, зеро соҳибқироннинг тирик қолган ягона ўғли сифатида у бу шарафга энг ҳақли киши ҳисобланарди. Бироқ Шоҳрухнинг бошида бошқа ўй-фикрлар ғужғон эди…
Аввало, у отаси тириклигидаёқ Хуросон ҳукмдори этиб тайинланиб, бу ўлкага анча кўникди. Сониян, Хуросон пойтахти Ҳирот темурийзодаларга тобе мулкларнинг деярли қоқ марказида эди. Боз устига, масжиду мадрасалар қурдириб, Хуросон ободончилигига катта ҳисса қўшган хотини Гавҳаршодбегим ҳам салтанат пойтахти айнан Ҳирот шаҳри бўлишини истарди. Демак, ўғилларидан бирига насиб этгуси Самарқанд тахти…
Шоҳрух Мирзо ўғилларининг ёшлари орасида фарқ катта бўлмаса-да, тўнғич ўғли – ўн беш ёшли Муҳаммад Тарағай Улуғбек яққол ажралиб турарди. Чўзинчоқ юзи, қирра бурни, ҳамиша қатъият акс этиб турувчи ўткир нигоҳи билан жаҳонгир бобосига ниҳоятда ўхшаб кетгани туфайлигина эмас. Кучли хотираси, қувваи зеҳни, илмга меҳри, шаҳзода бўлишига қарамай, замоннинг ҳар бир йирик олимига шогирд тушишга мойиллиги билан ҳам.
Отлиқ жарчилар Самарқанднинг силлиқ тош ётқизилган кўчалари бўйлаб фармони олийни эълон қилишди: “Бугундан эътиборан Мовароуннаҳр ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Улуғбек Кўрагондур. Шаҳзодайи жаҳон бу ўлкани падари бузруквори, ҳоқони саид султон Шоҳрух Мирзо номидан бошқарадур”!
* * *
Қутловга келган Самарқанд амирлари, аъёнлар, уламою фузалога рухсат берилгандан сўнг, ота-ўғил Кўксаройдаги Амир Темур хазинасига тушишди. Зарбофт чопон кийиб, бошига ёқутлар қадалган симобий салла ўраган Шоҳрух Мирзо тутқичи фил суягидан ясалган асо ушлаб олган, афт-ангорида жиндек ҳорғинлик сезиларди. Улуғбек болалигида кўп тушиб ўргангани туфайли, нимқоронғуликка қарамай, мармар зиналардан чаққон юриб борарди. Кеч туша бошлагани учун, соқчилар хазинанинг кенг хоналарида машъалалар ёқиб туришар, уларнинг ёғдусида хазинабоннинг оппоқ оқарган юзи ва қўрқувдан олазарак кўзлари бўртиб кўринарди.
Улуғбек болалигида ҳар гал кирганида хазинада етти иқлимда ясалган нафис буюмлар, сандиқ-сандиқ олтин-кумушлар, қимматбаҳо тошлар, ҳатто у номини ҳам билмайдиган ғаройиб нарсалар бўларди. Воажаб, ҳозир хазинанинг хоналари бўм-бўш ва ўпқон каби ютаман деб турганини кўриб, у кўзларига ишонмасди. Баъзи хоналарда ҳали ташиб кетилмаган бир неча сандиқлар турарди. Шоҳрухнинг ишораси билан очилганда, улар ҳам бўм-бўш эканлигини кўришди.
Соҳибқирон бобоси даврида ҳам Улуғбек хазинадан кўп миқдорда бойликлар чиқарилганини кўрган. Одатда, Амир Темур бирон муҳташам иморат қуришга қарор қилганида ёки олис ўлкаларга совға-саломлар билан элчилар карвонини жўнатганда шундай ҳол рўй берар, лекин сарфланган маблағ ўрни тезда тўлдириларди.
“Халил оғам Самарқандда бирон ўртача иморат ҳам бунёд қилмади-ку, – оғриқли ўйлар хаёлидан кечди Улуғбекнинг. – У ҳолда марҳум бобомнинг шундай улкан хазинасини қайга ва нимага сарф этди экан?” Бироқ шаҳзода бу ҳақда овоз чиқариб отасидан сўрашга журъат этмади. Етти иқлимдаги энг катта хазинанинг шамолга совурилганини кўриб, ҳукмдорнинг юзига афсус ва ачиниш соя ташлаганини у машъалалар ёруғида пайқаган эди.
Хазинадан қайтиб чиқишаётганда оёқ остида йилт этган бир нарса Шоҳрух Мирзонинг диққатини тортди. У тошга ёпишиб, устини тупроқ кўмаёзган нарсани ҳассаси учи билан кўчирди ва энгашиб қўлига олди. Бу – бир дирҳамлик кумуш танга экан. Султон шоҳи дастрўмолини олиб, уни тупроқдан тозалади, тангадаги “Амир Темур Кўрагон” дея ўйиб битилган ёзувни пешонасига теккизиб деди: “Аллоҳга шукрки, мана шу бир дирҳам туфайли биз жаҳонгир отамиз хазинасидан баҳраманд бўлдик”.
* * *
Ота-ўғил Кўксаройнинг бир пайтлар Амир Темур улуғ режалар тузганида кириб ўтиришни севадиган, деворларига етти иқлим ўлкаларининг хариталари чизилган хонада суҳбатлашишар, тўғрироғи, Шоҳрух Мирзо Ҳиротга қайтиш олдидан Мовароуннаҳрда ўз ноиби сифатида қолдираётган ўғлига давлатни бошқариш юзасидан йўл-йўриқлар берар, Улуғбек уларни жон қулоғи билан тинглаб, айрим насиҳатларни сўнгроқ такрор ўқиб, мағзини чақиш учун олдидаги дафтарга тез-тез битиб оларди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев