Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- «АЛЛОҲ таолонинг шундай фаришталари борки, улар зикр аҳлини қидириб айланиб юрадилар. Агар Аллоҳни зикр қилаётган кишиларни топсалар:
- «Келинглар, мана сизлар қидираётган нарса»,
деб бир-бирларини чақирадилар.
Фаришталар зикр аҳлини қанотлари билан ўраб (устма-уст туриб то) дунё осмонигача етадилар.
Аллоҳ таоло Ўзи яхши билиб турса-да, фаришталаридан сўрайди:
- Бандаларим нима дейишяпти ?
- Сенга тасбеҳ, такбир, ҳамд айтиб сени улуғлаяптилар.
- Улар Мени кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, кўрмаганлар.
- Агар мени кўрсалар нима қилишади ?
- Унда сенга янада кўпроқ ибодат қилиб, бундан-да кўп тасбеҳ айтиб, сени улуғлашади.
- Улар мендан нима сўраяптилар?
- Сендан Жаннат сўрашяпти.
- Жаннатни кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, Жаннатни кўрмаганлар.
- Агар кўрганларида нима бўларди?
- Агар Жаннатни кўрсалар унга янада қаттиқроқ интилиб, талабгор бўлиб рағбатлари ошиб кетарди.
- Нимадан паноҳ тилаяптилар?
- Дўзахдан.
- Улар Дўзахни кўришганми?
- Йўқ, Аллоҳга қасам-ки, эй Парвардигор, уни кўрмаганлар.
- Агар кўрсалар нима бўларди?
- Агар кўрсалар Дўзахдан яна ҳам кўпроқ, қаттиқроқ қўрққан бўлардилар.
- Сизлар гувоҳсизлар, Мен уларни мағфират қилдим...
Шунда фаришталардан бири дейди:
- Фалончи ораларида ўтиргани билан улардан эмас. У бир иш билан келганди.
- Улар шундай ҳамсуҳбатлар-ки, улар билан ўтирган одам улар туфайли БАДБАХТ бўлмас !»
(Муттафақун алайҳ)
* * * Абу Аййошдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ким ТОНГ отганида:
- «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр», деса, Исмоил алайҳисалом болаларидан қулни озод қилган баробарида бўлади ва унга ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлиги ўчирилади ҳамда даражаси ўн баробар кўтарилади, кеч киргунича шайтондан ҳимоя қилинади.
Агар шу калималарни кеч кирганида айтса, тонггача шайтондан ҳимояда бўлади», дедилар.
(Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари)
🌸🌾🌸🌾🌸🌾🌸🌾🌸🌾🌸🌾🌸
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев