Мен хоҳлайман….
…..2017 йилда миллий чемпионатимиз ўйинлари ҳеч қандай келишувларсиз, мавсум охиридаги бир-бирини қўллашларсиз томошабоп бўлиб ўтишини.
…..2017 йилда миллий чемпионатимиздаги жамоалар ўз таркибларида ўйнаётган ҳар бир ўйинчига қанча маъош бераётганларини беркитиб ўтирмасдан элга ошкор қилишларини. Бир-бирларидан ўйинчи сотиб олганларида ўша ўйинчининг трансфер нархи сўмдами, доллардами қанча сумма бўлганини айтишларини. (Тўғри-да, қачонгача Одил Ахмедовни Краснодардан Хитойни бир жамоасига ўтганини ёки Санжар Турсуновнинг Украина жамоасидан Қатар жамоасига неча пулга трансфер бўлганини биламизу, аммо Нестеровнинг Пахтакордан Бунёдкорга неча пулга ўтганини билмай юраверамиз?) Умуман олганда мухлислардан, элдан ҳеч нарсани беркитмасдан ишлашларини.
(Тўғри-да, нега беркиташади? Ахир улар ўғирлик, ғарлик қилаётганлари йўқку. Футбол жамоасида футболчиларнинг олди-бердиси билан шуғулланаяптилар. Шу жумладан футболчилар ҳам меҳнат қилиб пул топаяптиларку! Нега маъошларини элдан яширишлари керак. Хавотир олмасинлар, эл уларни маъошини тортиб олмайди. )
… 2017 йилда миллий чемпионатимиздаги жамоаларнинг йилни бошида ўз бюджетлари учун тасдиқлаган пуллари мавсум охиригача етиб, кейин футболчилардан қарз бўлиб қолмасликларини.
Яна Ўзбекистон Футбол Федерация(ЎФФ)миз жамоалардан шаффофликни қаттиқ талаб қилишини ва шу туфайли жамоаларимиз ҳеч бўлмаганда ўз сайтлари орқали қайси ташкилотдан қанча ҳомийлик пули олдилар ва уни қайерга сарфладилар бу ҳақда ҳисобот бериб боришларини.
Яна футболчиларимиздаги “қўнимсизлик” деган касаллик барҳам топиб ўзларини таркибига қўшиб олаётган жамоа билан камида икки йилга ёки ундан ҳам кўпроққа ўйнаш учун шартнома тузишларини.
Шу ўринда ҳайрон қоламан. Европа томонларда ёшроқ ёки ҳали формаси яхши футболчиларга бир йиллик шартнома таклиф қилиш бу ўша футболчиларни ҳақорат қилишдай туюлади. Жамоалар бу ишни қилишса ўртада тушунмовчилик келиб чиқиб кўпинча ўйинчилар бундан хафа ҳам бўлиб юришади. Бизда эса тескариси. Футболчиларимизнинг аксарияти бир йиллик шартномани хоҳлашади. Сабабини сўраса матбуотга ошкор қилмай “ҳа шундай бўп қолди” деб тураверишади. Орқаваротдан эса “Нима қиламан бу жамоа билан икки, ё уч йиллик шартномани? Ҳозир яхши маъошни ваъда қилаяпти. Кейинги йилда эса нима гапу, нима сўз. Жамоа яхши ўйнай олмаса маъош ҳам беришмайди, қўйиб ҳам юборишмайди” деган жавобни эшитасиз. Шунда “ҳой барака топкур ўша ҳолат бўлиб қолса жамоани судга бериб ҳаққингни ўндирарсан, ё бошқа жамоага ўтиб кетарсан” дейдиган одам йўқ. Бундай деганингизда ҳам “эй, сен ниманинг билардинг” деган гапни эшитасиз ва ҳафсаласизлик билан қўл силтаб қўйишларини кўрасиз. Умуман олганда биздаги ҳолат ўта тартибсиз ва тушунарсиз. Ҳатто бир мавсумда учта, тўртталаб жамоада тўп сурганлар ҳам бўлган.
…. 2017 йилда миллий чемпионатимиздаги бақувват ҳомийларга эга бўлмай ҳокимиятларнинг ёрдамига кўз тикиб ўтирадиган жамоалар ҳам бироз ҳаракат қилиб, маркетинг билан жиддийроқ шуғулланиб ўзларига бир нечталаб ҳомийлар топишларини.
… 2017 йилда Профессионал Футбол Лига(ПФЛ)миз биринчи навбатда йилни бошида ҳар хил ҳолатларни ҳисобга олиб ўзи тузган ўйинлар тақвимини кейин мавсум давомида ҳадеб ўзгартиравермаслигини.
Яна жамоалардан мухлислар учун стадионлардаги шароитларни янада яхшилаш талабларини қўйишини.
…. 2017 йилда ЎФФмиз терма жамоамизга ўртоқлик ўйинларини ўтказиши учун бир нечталаб бир-биридан ажойиб терма жамоаларни топиб беришини.
….2017 йилда яна ўша ЎФФимиз терма жамоамиз хоҳ расмий ўйинларда, хоҳ ўртоқлик ўйинларида ўйнаганда ва ўйинлар хоҳ “Бунёдкор” стадионида, хоҳ “Пахтакор” стадионида ўтказилсин билет сотишни тартибга солишини, кассада ўтириб ўз вазифасини суъистеъмол қилаётган касса ходимларига қаттий чоралар кўришини.
Яна стадион атрофларида ин қуриб олиб кассадаги билетларни қандайдир йўллар билан олиб чиқиб ўз нархидан бир неча баробар нархда сотиб юрган билетжаллобларни ҳаммасини қонун доирасида жазоланишини ва бу соҳада тартиб ўрнатишини.
…. 2017 йилда бир неча ўн нафар ўйинчиларимиз турли хориж жамоаларига трансфер бўлишларини. (Ҳатто Хитой чемпионатига бўлса ҳам).
Шу пайтгача трансфер бўлиб ҳозирги кунда хорижда ўйнаётганлари эса ўз жамоаларида етакчилардан бири бўлишларини.
…. 2017 йилда Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган жамоаларимиз бу турнирда муваффақиятли ўйнаб узоқроққа боришларини.
…. 2017 йилда тозаликни сақлаш учун жамоалар ўз стадионларига писта(семечка), сигарет каби нарсаларни олиб киришни бутунлай таъқиқлаш ва уларни ўрнига попкорн, чипс ва ҳоказо шунга ўхшаган нарсаларни савдосини стадионни ичида ташкил этишларини.
(Лекин нархлар кўчадагидан бир баробар қиммат бўлиб кетмаслиги чораларини кўриш ва савдо тепасига нархларни назорат қилиш учун махсус ходим қўйиб қўйиш керак)
Жамоаларимиз бу таъқиқларни қўллашда “ўзи шундоқ ҳам мухлисларимиз кам, бу таъқиқларни қўлласак улар янада камайиши мумкин” деган фикрга бормасинлар. Чунки ҳақиқий мухлис стадионга ўйин томоша қилиш учун тушади, писта чақиш учун эмас. Кейин мухлис деганлари бу таъқиқлар бўлмаган ҳолатда ҳам камайиб келаяпти.
…. 2017 йилда мамлакатимизнинг рамзий пойтахтларидан бири бўлмиш қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида Бунёдкор стадиони услубида (жа унақа 35000 мухлис сиғадиган бўлмаса ҳам, 25000 мухлис сиғадиган қилиб) усти ёпиқ ажойиб бир стадионни қурилишини бошланишини.
Самарқандда ҳозир иккита стадион бор. Бири “Динамо” стадиони бўлса, иккинчиси Олимпия заҳиралари коллежига қарашли стадион. Аммо иккаласи ҳам халқаро талабга ва жаҳон андозаларига жавоб бермайди. Шу учун шаҳарни четроғида каттагина қилиб яхши бир стадион қуриш керак. Келажакда қандайдир халқаро мусобақани ўтказишга даъвогар бўлсак асқотади.
… 2017 йилда терма жамоамиз хоҳ расмий ўйинлар бўлсин, хоҳ ўртоқлик учрашувлари бўлсин ҳаммасида ғалаба қозонишини ва Жаҳон Чемпионати 2018 нинг финал босқичига чиқишини.
…. 2017 йилда “Спорт” телеканалимиз Европадаги “Кучли бешлик” чемпионатларидаги ўйинлар телетранслацияларини сотиб олиб уни мухлислар учун намойиш қилишини.
Тўғри “УзРепорт” телеканали “Кучли бешлик” чемпионатидаги муҳим ўйинларни телетранслация қиляпти. Аммо, ҳозирча бу телеканал юртимиздаги ҳамма томошабинлар аудиториясини қамраб олганича йўқ. Телеканал раҳбарлари яқин даврларда ўз аудиторияларини бутун мамлакат бўйлаб ёйишларини эълон қилдилар. Ўшанда “Спорт” телеканали футбол мухлисларига керак бўлмай теннис ва боулинг мусобақаларини кўрсатиб юраверар.
Аслида бу хоҳиш мени номимдан ёзилаётган бўлса-да, аслида бу хоҳиш юртимиздаги миллионлаб мухлисларнинг хоҳишидир. Бизнинг хоҳишларимиз кўп. Ҳозирча шу юқоридаги хоҳишларимиз амалга ошса ҳам футболимиз ҳозирги ҳолатидан тўрт-беш поғона юқорига кўтарилади. Бу хоҳишларни амалга ошиши учун ЎФФ, ПФЛ, футбол жамоаларининг мутасадди ходимлари ва раҳбарлари тоғни уриб талқон қилишлари ёки Кўҳи Қофга бориб келишлари шарт эмас, озгина меҳнат қилсалар, озгина ҳафсала қилсалар бўлди. Ё биз кўп нарса сўраяпмизми?
Манба: maydon.uz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3