Олотлик ғаллакорлар вилоятда биринчи бўлиб шартномавий режаларини бажаришди
Қишлоқ хўжалигида кўп йиллик тажриба мактабига эга олотлик миришкорлар кейинги йилларда жами 18 минг 135 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб келаётган бўлсалар, шундан жорий йилда 7 минг 652 гектар ерда саноат учун 15 минг 370 тоннадан ортиқ хом ашё — пахта етиштириш кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудда 5 минг 369 гектардан ортиқ ерда элимиз ризқ-рўз манбаи—сара буғдойдан баракали хирмон барпо қилинмоқда. Қувонарлиси, олис туманда ғалла етиштириш салмоғи йил сайин ошмоқда. Жумладан, ўтган йили ҳудудда бевосита ғаллачилик тармоғида банд бўлган 201 та фермер хўжалиги ва улар билан ҳосил етиштиришга доир шартнома тузган "Olot cotton cluster" таъминотчи агрокластери томонидан 5 006 гектар майдонда бошоқли дон парваришланган ва бунинг натижасида бултурги мавсумда давлатга 12 минг 335 тонна ғалла сотишга эришилган. Шу билан бирга, фермер хўжаликлари ихтиёрида 11 минг тоннадан ошиқ сара буғдой қолган бўлса, бу ҳам бевосита тармоқда банд бўлган 15 мингга яқин ишчи-меҳнаткаш, фермер хўжаликлари билан бирга, аҳоли моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.
Жорий йилги ўрим-йиғим даврида эса 206 та фермер хўжалиги томонидан ҳудуддаги 5369 гектар майдонда кузги бошоқли дон экиб парваришланган бўлса, шу кеча-кундузда уюшқоқлик билан олиб борилаётган ўрим-йиғим даврида белгиланган 13096 тонна ўрнига 13230 тоннага етказиб буғдой хирмони барпо қилингани вилоятда биринчилардан бўлиб эришилган меҳнат муваффақиятидир. Олтиндай товланаётган далалар узра ўрим-йиғим даври шиддат билан бораётганини инобатга олсак, мавжуд ғаллазорнинг ҳар гектар ҳосилдорлиги ўртача 60 центнерга етказилган тақдирда ҳам мавсум охирига бориб туманнинг ялпи буғдой хирмони 32 минг тоннадан ошишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
“Hamdam polvon”, “Himmat”, “Shukrullo Orinov”, “Said chori saxovati”, “Ziyodullo Lutfullo Zamini”, “O‘ktam Avez” kabi fermer xo‘jaliklarida gektariga hosildorlik 90 sentnerdan yuqori ekani quvonarli, albatta. . Shuningdek, Qirlishon tumanidagi “Said chori saxovati”, “Sharq yulduzi” tumanidagi “Bozor Jabbiyev”, Paxtakor tumanidagi “Norboyjon Ergashev”, Guliston viloyatidagi “Sohibjon Rahimov”, “G‘affor Haydar” fermer xo‘jaliklari g‘alla yetishtirishda yetakchilardan joy oldi.
Ўтган йиллардаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда бу йил ҳам долзарб паллада ғаллазорда 22 та комбайн ва ўрим отрядлари кучидан унумли фойдаланилмоқда. Комбайн экипажларига кунлик ўриб олинаётган буғдойни қабул масканига ташиш учун 90 тага яқин юк автомашинаси ҳам бириктирилган. Бир кунда юқори унумли замонавий комбайн кучи билан 15 гектар атрофидаги ғаллазор ҳосили саранжомланмоқда.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Ғалла ҳосилдорлигини янада ошириш, дон сифатини, айниқса, унинг нонбоплик хусусиятини яхшилашда тупроқ унумдорлигига алоҳида эътибор қаратиш, селекция ва уруғчиликни такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Бу жараёнда агротехнологияни мақбуллаштириш, буғдойни касаллик, зараркунанда ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг уйғунлашган тизимини кенг ҳамда ўринли жорий этиш билан бирга механизациялашган интенсив технологияларни қўллаш ҳосилдорлик ва дон сифати ошишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, бугун чекка Олот туманида ҳам об-ҳаво шароитига чидамли, дони сифатли, ҳосилдор Хитой буғдой уруғини экиш тажриба-синовдан муваффақиятли ўтказилмоқда.
Жумладан, "Мергантекс" МЧЖ пахта тўқимачилик кластери ҳамкорлигида мазкур Хитой қаттиқ буғдойини етиштириш ишлари билан "Баҳористон" ҳудудидаги миришкор фермер Икром Ўринов раҳбарлигидаги "Шукрулло Ўринов" фермер хўжалиги шуғулланмоқда. Донли экинлар селекцияси ва уруғчиликни янада ривожлантириш, уруғчилик кластерини тузиш, унда хориждан келтирилган қишлоқ хўжалиги экинлари навларини (буғдой) экиш, ўрганиш ва янги навларни яратиш, бирламчи уруғчиликни йўлга қўйиш ишларида Хитой тажрибаси асосида 47 гектар ер майдонида маҳаллий иқлимга мос, серҳосил қаттиқ буғдой экиб парваришланиб, айни ўрим-йиғим даврида бундан гектарига 100 центнерга етказиб буғдой хирмони яратилмоқда.
Бу саъй-ҳаракат барчаси, бу йилги мавсумда туманда машаққатли меҳнат маҳсули сифатида ялпи ғалла хирмонини 33 минг тоннага етказиш, фермер хўжаликларида давлатга сотиладиган буғдойдан ташқари, ўнлаб тонна донни натура ҳолида ишчиларга тарқатиш, соф фойда салмоғини ошириш, элимиз дастурхонини нонга тўлдириш учундир.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова тимсолида олотлик ғаллакорларни улкан меҳнат ғалабаси билан самимий қутлади. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ҳам биринчилардан бўлишга тилак билдирди.
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Нет комментариев