Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Куйиб ўтган умрим шарҳини айтсин.
Бардошим ҳақида ашъор тўқисин.
Мендан норозилар фикридан қайтсин.
Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Айтолмай қолганим десин Аллоҳга.
Саловатлар айтсин тўплаб бор кучин,“”
Билмаган билганим десин Аллоҳга.
Ўлсам, олов таним муз билан ювинг,
Токи, кафанларим кетмасин куйиб.
Ювгач, юрагимга парча муз қўйинг,
Борай ҳузурига озгина совиб.
Ўлсам кафанимни булутдан қилинг,
Ёмғирга айлансин ёнсам қабрда.
Қабримни қазсангиз сал кенгроқ олинг,
Гуноҳкор бандага тор гўр жабрда.
Ўлсам, чинор экинг қабрим бошига,
Токи, соясида тиловат ўқинг.
Чўмилиб яшадим кўзим ёшига,
Йиғламанг, сиз фақат тиловат ўқинг.
Кичкина ясатинг қабртошимни,
Қуръон оятларин ёздиринг ўйиб.
Ёзманг қабртошга умрим, ёшимни,
Мен сафарга кетдим, чориғим кийиб.
Ўлсам, оёқ томон, ўнг томонимга,
Тўрт киши сиғарлик курси ясатинг,
Соғиниб келсангиз Ихлосни ўқинг,
Қабримни гул эмас, Қуръон безасин.
Ўнг тарафдан келинг, оёқ тарафдан,
Токи, кўрсин сизни очиқ кўзларим.
Ўлим ҳақ эканин оласизда тан,
Қувонай, келди деб ўғил-қизларим.
Ўлсам йўқлаб туринг. Билинг, кутаман,
Чунки, сиз деб ўтдим ўзимдан кечиб,
Йўқламай қўйсангиз, зардоб ютаман,
Ётаман гўрда ҳам кўз ёшим ичиб.
Ўлсам, умрим шарҳин набираларга,
Яширмай, ўчирмай борини сўзланг.
Интиқ кутганими уларни ҳамда
Ёниб ўтган кўнглим зорини сўзланг.
Ўлсам, шеърларимни авайлаб асранг,
Имконини топиб топширинг элга.
Биламан, эл ўқир соғиниб, севиб,
Ўтар ёзганларим қўллардан қўлга.
Ўлсам, аҳил бўлинг, меҳрибон бўлинг,
Имконин топсангиз тўланг қарзимни,
Дуосини олинг мен севган элни,
Мерос қолдираман сизга сабримни.
Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин...
©Бибисора Туробова
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев