❌ Мусулмонлар идораси огоҳлантиради:
☄️ «Мадина шаҳрида хурмо экишга буюртма бериши, ижтимоий тармоқларда кенг ёйиши ва бу ҳолатни оммалаштириши динга ҳам, мантиққа ҳам, суннатга ҳам тўғри келмайди».
❗️ДАРАХТ ЭКИШНИ ЁН-АТРОФДАН, САДАҚАНИ ЯҚИНЛАРДАН БОШЛАШ КЕРАК!
❔ Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Мадина шаҳрида хурмо экиб, савоб олинг” мазмунидаги ҳақ эвазига кўчат экишни ваъда қилаётган роликлар тарқалмоқда. Шунингдек, ушбу ерга дарахт экишнинг ажри катта экани, йиллар давомида савоби етиб туриши ҳақида тарғибот қилинмоқда.
📝
Шу боис, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мазкур масалани ўрганиб, ўз муносабатини қуйидагича эълон қилади.
📖 Дарҳақиқат, кўчат экиш савоби улуғ амал. Аллоҳ таоло инсонга Ер юзини обод қилишни буюриб: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”, деб хитоб қилади (Ҳуд, 61).
🌙 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
📚 Мўътабар манбаларда: “Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа қилиб, савобини тирик ёки маййитга бағишласа бўлади ва савоби уларга етиб боради...”, деб баён қилинган. Ушбу ояти карима, ҳадиси шариф ва шаръий масалалардан маълум бўладики, вафот этганларга атаб боғ қилиш орқали савобини бағишлаш ва кўчат экиш ажру мукофотли амаллардандир.
🗣 Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимиз чексиз, Ул зотнинг шаҳарларига севгимиз ҳадсиз, тупроқлари кўзимизга тўтиё. Бироқ, ҳозирги кунда айрим ҳамюртларимизнинг бир неча минг километр масофадан туриб, Мадина шаҳрида хурмо экишга буюртма бериши, ижтимоий тармоқларда кенг ёйиши ва бу ҳолатни оммалаштириши динга ҳам, мантиққа ҳам, суннатга ҳам тўғри келмайди.
📖 Масалани диний жиҳатдан кўриб чиқадиган бўлсак, ояту ҳадисларда хайру эҳсонни яқинлардан бошлашга кўп кўрсатма келганига гувоҳ бўламиз. Қуръони каримда: “...Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар...” (Нисо, 36), деб кўрсатма берилган.
🌙 Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага: “(Яхшиликни) ўзингдан бошла ва (аввало ўзинга) садақа қил, агар ундан бирор нарса ортиб қолган бўлса, аҳлингга (бер). Агар аҳлингдан бирор нарса ортиб қолган бўлса, қариндошларингга бер. Агар қариндошларингдан бирор нарса ортиб қолса, мана бу ва мана буларга бер", дедилар (Имом Муслим ривояти).
🌳Демакки, кўчат экишдек хайрли ишларни аввало ҳовли-жойларимиз, кўча-куйларимиз, маҳаллаю гузарларимизда амалга оширишга жуда ҳам катта эҳтиёж бор. Чунки, айрим вақтларда рўй бераётган чанг-тўзонлар, қум ва чанг бўронлари ва иқлим ўзгариши каби ҳолатлар бевосита дарахтзор ва кўчатзорларнинг етишмаслигидандир.
🌱Янада ҳимматли ҳамюртларимиз бўлса, Орол денгизи атрофида саксовул, қандим, черкес, қорабароқ каби чўл ўсимликлари экиб, ўрмонзорлар барпо қилиш орқали мамлакатимиздаги экологик ҳолатни яхшилаш, зарарли туз ва чанглар кўтарилишининг олдини олишга кўмаклашишлари жуда ҳам зарурдир.
✅ Хулоса, баён этилган ояту ҳадисларга биноан юртдошларимизга аввало ўзлари яшаб турган уй-жойни обод қилишлари, яхши ниятлар ила ён-атрофга мевали ва манзарали дарахтлар экишлари энг савобли амалдир
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2