Ёз
кечаларидан
бири.
Онам
биз
болалар
уйғониб
кетмасин
деб, секин-аста опамларни
саҳарликка уйғотарди.
Димоғимга овқатнинг ширин
ҳиди урилди. Опаларим
ошхонада шошиб нимагадир
уринар, дастурхон тузаш
билан овора эди. “Мен ҳам
рўза тутаман”, деган ўй билан
ирғиб ўрнимдан турдим. Буни
кўрган онам, юзларимдан
ўпиб: “Аллоҳ рўза тутган
болаларга жуда кўп савоб
беради”, деди.
Саҳарлик дастурхони
атрофидамиз. Отам, онам
ёшликда тутган рўзалари
ҳақида гапирар, биз эса
ҳаяжон билан тинглар эдик.
Оғиз ёпганимиздан сўнг яна
ётдим. Ҳаяжондан кўзимга
уйқу келмади. Эрталаб онам
отамни ишга кузатаркан,
ифторликка керак бўлган
нарсаларни тайинлади. Отам
одатдагидек эшикка ёзилган
дуони ўқиб, чиқиб кетди.
Шундан кейин онам опаларим
билан кечки йиғин учун
ҳозирлик кўра бошлашди.
Чунки ҳар рамазоннинг
биринчи куни қариндошлар
бизникида оғизочарга
йиғилишарди. Кейин Қуръон
ўқишарди. Мен кўпинча
Қуръон тинглаб ўтириб, ухлаб
қолардим...
Ҳар кунгидек ўша кун ҳам
кундузи болалар билан роса
ўйнадик. Мендан бошқа
ўртоқларим ҳам рўза
тутишган экан, ўйнаб-ўйнаб
чарчадик. Бунинг устига
қорнимиз очқаб кетди. Бир
ўртоғим пешинга айтилган
азонни эшитиши билан сув
ичиб, рўзасини очиб олди.
Баъзи болаларнинг ҳам
бардоши етмади. Мен ўзимни
ушлашга ҳаракат қилдим. Яна
ўйинга берилиб кетдик. Рўза
тутганимиз батамом унутилди.
Кўчадаги дарахтларнинг
меваларини қоқиб едик, сув
ичдик. Анчадан кейин рўза
тутганим ёдимга тушиб,
онамнинг олдига югурдим.
Онам эса: “Аллоҳ яхши
болаларга рўзасини
унуттириб, меҳмон қилади.
Сен ҳам Аллоҳнинг меҳмони
бўлибсан, болам”, дедилар.
Яна рўзамни давом эттирдим.
Чанқаб, лабларим қуриди.
Ариқ бўйига бориб, сувни
томоша қила бошладим. Тиниқ
сувни кафтимга олиб
тикиламан, юзларимни
юваман, оғзимга солиб, ютгим
келса-да, рўзамни эслаб
ютмайман. Қуёш эса жуда
секин ботарди. Боя сув
ичганларимни эсладим. Аллоҳ
бир зум яна унуттириб
қўйишини хоҳлардим...
Қуёш ботди. Ифторлик маҳали
бўлди. Дастурхон атрофига
интиқлик билан ўтирдик.
Оғизочар дуосини ўқидик.
Тўйиб-тўйиб сув ичдим,
кундузи егим келган
мевалардан едим. Ана шунда
Аллоҳ неъматларининг
нақадар тотли, қадрли эканини
билдим. Қўлларимни очиб:
“Аллоҳим, тутган
рўзаларимизни қабул қил, оч
ва сувсиз қолдирма”, деб
йиғлаб дуо қилганим ҳануз
эсимдан чиқмайди...
Зебунисо ҲУСАЙН қизи. Manba: muslim.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1