ҚУРЪОН САЖДАЛАРИ ВА УНИНГ СУННАТИ ҲАҚИДА КЕЛГАН НАРСАЛАР
1067. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада «Нажм» ни ўқидилар ва унда сажда қилдилар. Биргина қариядан бошқа у зот билан бирга бўлганларнинг барчалари сажда қилишди. У эса бир ҳовуч майда тош ёки тупроқ олиб пешонасига кўтариб: «Бу менга кифоя қилади», деди. Бас, шундан кейин мен уни кофир ҳолда қатл этилганини кўрдим».
2. «ТАНЗИЙЛСАЖДА»НИНГ САЖДАСИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1068. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жумъа куни Бомдод намозида «Алиф. Лам. Мийм.» сажда ва «Ҳал ата алал-инсан», ни қироат қилар эдилар».
3. «СОД» НИНГ САЖДАСИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1069. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Сод» қатъий саждалардан эмас. Батаҳқиқ мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим».
4. НАЖМНИНГ САЖДАСИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилди.
1070. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажм сурасини ўқиб унда сажда қилдилар. Бас, қавмдан сажда қилмаган ҳеч ким қолмади. Шунда қавмдан бир киши бир ҳовуч майда тош ёки тупроқ олди-да, уни юзига кўтариб: «Менга мана шу кифоя қилади», деди. Батаҳқиқ кейин мен уни кофир ҳолда қатл этилганини кўрдим».
5. МУСУЛМОНЛАРНИНГ МУШРИКЛАР БИЛАН САЖДА ҚИЛИШЛАРИ ВА МУШРИК НАЖОСАТ БЎЛИБ, УНИНГ ТАҲОРАТИ ЙЎҚЛИГИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо таҳоратли ҳолда сажда қилар эди.
1071. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажмда сажда қилдилар.У зот билан бирга мусулмонлар, мушриклар, жин ва инслар ҳам сажда қилишди».
6. САЖДА (ОЯТИ)НИ ЎҚИБ, САЖДА ҚИЛМАГАН КИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1072. Ато ибн Ясор Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан сўраганида, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ван-нажм», ни ўқиб берганини, бас, шунда У зот унда сажда қилмаганларини айтди.
*Изоҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша пайтда сажда қилмасликлари мутлақо сажда қилмаганликларига далолат қилмайди. Балки, кейинроқ сажда қилган бўлишлари мумкин. (Файзул Борий)
1073. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ван-нажм», ни қироат қилганимда У зот унда сажда қилмадилар».
7. «ИЗАС САМАУН ШАҚҚОТ», НИНГ САЖДАСИ ҲАҚИДАГИ БОБ
1074. Абу Салама айтади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Изас самаун шаққот», ни ўқиб, сажда қилётганини кўрдим. Шунда: «Эй Абу Ҳурайра! Мен сизнинг сажда қилётганинигизни кўрдимми?», дедим. У киши:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сажда қилётганларини кўрмаганимда сажда қилмасдим», деди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев