ЖУМЪА КУНИ ИККИ КИШИ ОРАСИДАН ХАТЛАБ ЎТИЛМАЙДИ
910. Салмон форсий розияллоҳу анҳу айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши Жумъа куни ғусл қилса ва қодир бўлганича покланса, сўнг ёғланса ёки хушбўйликдан суртса, сўнгра (масжидга) чиқиб, икки (киши) орасидан хатлаб ўтмаса, кейин муяссар бўлганича намоз ўқиса, сўнг имом (минбарга) чиққанда сукут қилса, бу билан ўтган Жумъа орасидаги унинг (гуноҳлари) мағфират қилингай», дедилар.
20-БОБ. ЖУМЪА КУНИ КИШИ БИРОДАРИНИ ТУРҒИЗИБ, УНИНГ ЎРНИГА ЎЗИ ЎТИРИБ ОЛМАЙДИ
911. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Киши ўз биродарини ўтирган жойидан турғизиб, ўзи у ерга ўтиришидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳй қилганлар».
21. ЖУМЪА КУНИДАГИ АЗОН ҲАҚИДАГИ БОБ
912. Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг даврларида нидонинг аввалгиси имом минбага ўтирганда бўлар эди. Усмон розияллоҳу анҳу (халифа) бўлиб, одамлар кўпайганда, Завро устида учинчи нидони зиёда қилди».
* Изоҳ: Бу азон аслида иккинчи азон. Лекин, кейинроқ зиёда қилинганлигини эътиборидан учинчи азон деб номланган. (Фатҳул Борий)
22. ЖУМЪА КУНИ БИТТА МУАЗЗИН БЎЛИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ
913. Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамлар кўпайганда Жумъа кунидаги учинчи азонни зиёда қилган киши, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биттадан бошқа муаззинлари бўлмаган. Жумъа куни азон имом ўтирганда бўлар эди. Яъни, минбарга», деди.
23. ИМОМ МИНБАРДА ТУРИБ НИДОНИ ЭШИТГАН ВАҚТИДА АЗОНГА ЖАВОБ БЕРИШИ ҲАҚИДАГИ БОБ
914. Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилинади:
«Муовия ибн Абу Суфёндан эшитдим. У минбарда ўтирганида, муаззин: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деди. Муовия ҳам: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деди. У: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ», деди. Муовия: «Мен ҳам(гувоҳлик бераман)», деди. У: «Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ», деди. Муовия: «Мен ҳам (гувоҳлик бераман)», деди. (Муаззин) азонни тугатганда, (Муовия): «Эй инсонлар! Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу мажлисда, муаззин азон айтганда, мендан эшитганингиздек нарсани айтганларини эшитганман», деди.
24. АЗОН ВАҚТИДА МИНБАРДА ЎТИРИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
915. Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Албатта, масжид аҳли кўпайганида Усмон розияллоҳу анҳу Жумъа кунидаги иккинчи азонга буюрди. Жумъа кунидаги азон, имом (минбарга) ўтирганда бўлар эди».
25. ХУТБА ВАҚТИДА АЗОН АЙТИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
916. Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳу айтади:
«Албатта, Жумъа кунидаги аввалги азон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг даврларида имом Жумъа куни минбарга ўтирганда бўлар эди. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги бўлиб, (одамлар) кўпайганда, Жумъа куни Усмон учинчи азонни (айтишга) буюрди. Бас, Завро устида азон айтилди ва иш мана шунда собит қолди», деди.
26. МИНБАР УСТИДА ХУТБА ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
Анас (ибн Молик) розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида хутба қилдилар», деган.
917. Абу Ҳозим ибн Дийнор айтади:
«Дарҳақиқат, бир гуруҳ кишилар минбарнинг ёғочи нимадан бўлганини ҳақида шубҳа қилиб Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб, ундан шу ҳақда сўрадилар. Бас, у: «Аллоҳга қасамки, албатта, мен уни нимадан бўлганини биламан. Дарҳақиқат, у (масжидга) қўйилган кунни ҳам ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўтирган аввалги кунни ҳам кўрганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалончи аёлга (одам) юбориб: - дарҳақиқат, Саҳл, у аёлнинг исмини айтди - «Дурадгор ғуломингга буюргин, одамларга сўзлаганимда, ўтиришим учун менга ёғочдан (минбар) ясаб берсин», (дедилар). Бас, у (аёл) унга буюрди. У ғобадаги* юлғун (дарахти)дан ясаб берди. Сўнг уни олиб келганда, у (аёл) уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жўнатди. Бас, у зот буюрганларида, у мана бу ерга қўйилди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг устида намоз ўқидилар ва унинг устида туриб такбир айтдилар. Сўнг уни устида туриб рукуъ қилдилар. Кейин тушиб ортларига чекиндилар ва минбарнинг остига сажда қилдилар. Сўнг (минбарга) қайтдилар. (Намоздан) фориғ бўлгач, одамларга юзланиб: «Эй одамлар! Дарҳақиқат, бу ишни менга эргашишингиз учун ва менинг намозимни ўрганишингиз учун қилдим», дедилар.
*Изоҳ* 377-ҳадисга қаранг. Ғоба - луғатда дарахтзор, ўрмон бўлиб, бу ерда Мадинадан тўққиз мил узоқда Шом йўлида жойлашган ўрмон кўзда тутилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг закот туялари шу ерда ўтлар эди.
918. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади:
«Бир хурмо тўнкаси бўлиб, (хутбада) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг устида турар эдилар. У зот учун минбар қўйилгач, хурмо тўнкасининг токи, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб қўлларини унга қўйгунларича ҳомиладор туяга ўхшаш товушини эшитдик.»
919. Солимдан у эса отаси (Абдуллоҳ ибн Умар)дан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда хутба қилиб:
«Ким Жумъага келмоқчи бўлса, бас, ғусл қилсин», деганларини эшитдим».
27. ТИК ҲОЛДА ХУТБА ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ БОБ
Анас (ибн Молик) розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик ҳолларида хутба қилаётганларида...»
920. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди сизлар бугунда қилаётганингиз каби, тик ҳолларида хутба қилар, сўнг ўтирар, сўнгра турар эдилар».
28. ИМОМ ХУТБА ҚИЛГАНДА ОДАМЛАРГА ЮЗЛАНАДИ ВА ОДАМЛАР ҲАМ УНГА ЮЗЛАНИШЛАРИ ҲАҚИДАГИ БОБ
Ибн Умар ва Анас розияллоҳу анҳулар имомга юзланар эдилар.
921. Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтади:
«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни минбарга ўтирдилар ва биз ҳам у зотнинг атрофларида ўтирдик».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1